Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Тарғибот тадбирлари – Тошкент шаҳрида

Тарғибот тадбирлари – Тошкент шаҳрида

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари раҳбар ходимларидан иборат тарғибот гуруҳи 4 март куни Тошкент шаҳрида иш бошлади.

Олмазор туманида ижтимоий соҳа ходимлари учун ўтказилган тадбирда туман ҳокими ўринбосарлари, давлат ташкилотларининг тумандаги бўлимлари мутасаддилари, оилавий поликлиникалар раҳбарлари, маҳалла раислари, ҳудудлардаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, маҳалла еттилиги ва хотин-қизлар фаоллари, диний соҳа вакиллари, умумтаълим мактаблари директорлари ва уларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари иштирок этди.

Тошкент шаҳридаги “Маърифий тарғибот маркази” директорининг ўринбосари Мирзоҳид Хидиров тадбирнинг моҳияти ҳақида гапирар экан, бугунги кунда юртимизда иқтисодий-ижтимоий соҳалар билан бир қаторда маънавий-маърифий жабҳада ҳам сифат жиҳатидан туб ва кенг кўламли ўзгаришлар қилиш даври келганини, турли ғоявий курашлар кескинлашаётган ҳозирги шароитда жаҳолатга қарши илм ва маърифат билан курашиш заруратини алоҳида таъкидлади.

Учрашувда мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг пировард мақсади, аллома аждодларимизнинг ибратмонанд ҳаёти ва бой илмий-маънавий мероси, илм олишнинг фазилати, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик ҳамда ватанпарварлик туйғуларини юксалтириш мавзуларида суҳбат ўтказилди.

Иштирокчилар учун “Жаҳолатга қарши маърифат – асосий мақсадимиз” номли фильм намойиш қилиниб, марказлар томонидан нашр этилган янги китоб ва рисолалар тақдимоти ташкил этилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …