Home / МАҚОЛАЛАР / ЎЗБEКИСТОН ВА ТУРКИЯ ЎРТАСИДАГИ АЛОҚАЛАРНИНГ РИВОЖЛАНИШ ТАРИХИ

ЎЗБEКИСТОН ВА ТУРКИЯ ЎРТАСИДАГИ АЛОҚАЛАРНИНГ РИВОЖЛАНИШ ТАРИХИ

ХХ асрнинг 90 йиллари бошида дунёда содир бўлган геосиёсий ўзгаришлар натижасида Марказий Осиё минтақасида бир қатор мустақил давлатлар ташкил топди. Мустақил давлатлар ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий ва маданий соҳалардаги ўзаро ҳамкорлик ҳамда халқаро майдонда Ўзбекистон Республикаси ўз миллий манфаатларини ҳимоя қилишида, энг аввало, Европа ва Осиё минтақасидаги ривожланган давлатлар билан ўзаро манфаатли алоқалар ўрнатишни тақозо этди. Мустақиллик йилларида Ўзбекистоннинг ташкилий ва ҳуқуқий асослари яратилди ҳамда нуфузли халқаро ташкилотлар, дунёнинг турли мамлакатлари билан барча соҳаларда ўзаро манфаатли алоқалар йўлга қўйилиб, қатор ижобий натижаларни қўлга киритилди. Хусусан, Ўзбекистон ва Туркия ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари ҳам икки мамлакат манфаатига хизмат қилди. Таъкидлаш керакки, Туркия ўз тараққиёт йўлига эга бўлган, Осиё ва Европа қитъалари туташган, иқтисодий ва геостратегик қулай жойда жойлашган давлат ҳисобланади. Шунингдек, «биз учун яқин дўст ва иқтисодий шерик бўлган Туркия Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олгани»ни[1:390] ҳам эътироф этиш ўринлидир.

Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашуви, халқаро муносабатлар тизимида муносиб ўрин эгаллаши, ўз манфаатларини сиёсий, иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий-маданий соҳаларда самарали амалга ошириши билан белгиланади. Шунга асосан, Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлигида янги босқич юзага келди, десак муболаға бўлмайди. Ўзаро муносабатлардаги рационал ёндашувлар икки мамлакат ташқи сиёсатида янги саҳифа очилишига замин яратди.  Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 октябрдаги Анқарага расмий ташрифи Туркиянинг Ўзбекистон билан муносабатларида янги поғона очди. Ўзбекистон билан Туркия ҳукумати ўртасида давлатлараро муносабатларнинг асослари ва мақсадлари тўғрисида шартнома, консуллик ваколатхоналари тўғрисида протокол, савдо-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида битим, маданият, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳаларида ўзаро ҳамкорлик ҳақида протоколлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар имзоланди. Шу нуқтайи назардан, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги иқтисодий ва маданий алоқаларни илмий тадқиқ этиш бугунги кунда долзарб масалалардан биридир.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда халқаро муносабатлар тарихи бўйича кўплаб тадқиқотлар олиб борилди. Ўзбекистон-Туркия муносабатлари тарихчилар, сиёсатчилар диққат марказида турган долзарб мавзулардан бири бўлди. Қисқа муддат ичида Ўзбекистонда халқаро муносабатларга оид бир нечта йирик асарлар яратилди. А.Алимов, Э.Нуриддинов, А.Қирғизбоев, Ч.Кўчаров, М.Раҳимов, Қ.Ражабов, Х.Бекмуратов ва бошқа олимларнинг асарлари[2] шулар жумласидандир. Мазкур асарлар орасида Қ.Ражабов ва Х.Бекмуратовнинг ҳаммуаллифликда яратган монографияси мавзу доирасида диққатга сазовордир. Унда Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлигининг узоқ йиллик тарихи, мустақилликнинг дастлабки йилларида бу икки давлат муносабатларининг йўлга қўйилиши ҳамда иқтисодий ва маданий соҳадаги алоқалари таҳлил этилиши билан эътиборлидир.

Туркия ҳам дунё ҳамжамиятида ўз тараққиёт йўлига эга бўлган, ХХ аср сўнгги чорагида демократия, ижтимоий адолат каби тамойиллар асосида ўзининг ташқи сиёсий фаолиятини йўлга қўйган давлатдир. Туркия ўзининг «Турк модели»ни бозор иқтисодиёти шароитида моҳирона қўллаб, ўзига хос тараққиёт йўлини ишлаб чиқди[5:14]. Натижада иқтисодий ислоҳотлар  самара бериб, дунёдаги ривожланган давлатлар қаторидан жой олди.

1991 йилда Туркия президенти Тургут Ўзалнинг СССРга дипломатик ташрифи нафақат Москвани, балки Озарбайжон, Қозоғистон ва бошқа иттифоқ республикаларнинг диққат марказида бўлди[9:134]. Ушбу ташрифлар собиқ Совет Иттифоқи жанубида янги пайдо бўлган республикаларга нисбатан Туркиянинг қизиқиши ортиб бораётганини кўрсатди. 1991 йил 8 декабрда МДҲ (Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги) тузилди ва Туркия янги мустақил республикаларни тан олган биринчи давлат бўлди[3:45]. Бу эса ўз навбатида Марказий Осиё давлатларининг Туркия орқали Европа мамлакатлари билан алоқа ўрнатиши учун кенг имконият очди.

Ўзбекистон ва Туркия давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларнинг ривожланишини уч босқичга бўлиб таҳлил қилиш мумкин: 1-босқич: 1991–1999 йиллар, 2-босқич: 2000-2016 йиллар, 3-босқич: 2016 йилдан бошланади.

Биринчи босқич. 1991–1999 йилларда икки мамлакат ўртасида турли соҳаларда ҳамкорлик йўлга қўйилди ва икки томонлама ўзаро манфаатли шартнома ва битимлар имзоланди. Аммо Туркиянинг баъзи тижорат ширкатлари шартнома шартларини бажармаганликлари ҳамда Ўзбекистонда фаолият юритган ўзбек-турк лицейларининг диний-сиёсий террорчилик ташкилотларга алоқадорлиги каби сабаблар туфайли икки давлат муносабатлари сустлашди.

Иккинчи босқич. 2000–2016 йилларда Ўзбекистон ва Туркия муносабатлари турли кўринишларда намоён бўлди. Масалан, ушбу йилларда Туркия ҳукумат раҳбарлари томонидан расмий ташрифлар амалга оширилган бўлсада, асосан халқаро доирадаги анжуманларда учрашдилар. Бу даврда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги дипломатик ва сиёсий муносабатларда чекиниш кўзга ташланади. Савдо, транзит ва бошқа иқтисодий муносабатлар сақланган бўлсада, бошқа соҳалардаги алоқалар пасайгани ҳамда тизимли бўлмаганини кўрсатди.

Учинчи босқич. 2016 ва ундан кейинги йилларда икки давлат раҳбарлари ўртасидаги мунтазам учрашувлар ва амалга оширилган давлат ташрифлари натижасида барча соҳаларда янги «стратегик ҳамкорлик» юқори даражага кўтарилди. Ўзбекистон ва Туркия Президентларининг давлатлараро расмий учрашувлари ва давлат ташрифлари 1991 йилнинг охирларидан бошланди. Мазкур йилнинг 16–19 декабрь кунлари Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти И.Каримовнинг Туркияга расмий ташрифи давомида «Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасидаги алоқаларнинг асослари ва мақсадлари тўғрисида шартнома», «Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасида иқтисодий ва савдо ҳамкорлиги тўғрисида битим», «аҳдлашув протоколи» каби ҳужжатларни[4] имзоланиши бу борадаги илк қадам бўлди.

1992 йил 28 апрелда Туркия Бош вазири С.Демирелнинг Ўзбекистонга ташриф буюриши икки давлат ўртасида муносабатларнинг ривожланишида катта воқеа бўлди. 1992 йил 28 апрелда Тошкент шаҳрида Туркия Республикасининг элчихонаси очилди[11]. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Анқарадаги элчихонаси 1993 йил январдан ўз фаолиятини бошлади[8]. Икки давлат элчихоналарининг очилиши ўзаро сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий алоқаларни жадаллаштиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

1992 йил 29 июнь – 1 июль кунлари Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.Каримов Туркияга ташриф буюрди[12]. Шунингдек, И.Каримов 1994 йил июнь ва 1997- йил ноябрь ойларида ҳам Туркияга расмий ташриф буюрди ва 1998 йил октябрда Туркия Республикасининг 75 йиллигига бағишланган тантаналарда иштирок этди[16] . Шу тариқа икки давлат ўртасида катта тантаналар, фестиваль ва илмий анжуманларни ҳамкорликда ўтказиш анъанага айланди.

Ўз навбатида Туркия Президенти С.Демирел эса 1996 йили 7 майда Ўзбекистонга расмий ташриф буюрди[6] . Мазкур йилнинг октябрь ойида Президент С.Демирел Ўзбекистонда ўтказилган туркий тилли давлатлар раҳбарларининг олий даражадаги ИВ учрашувида ва Амир Темурнинг 660 йиллигига бағишланган тадбирларда иштирок этди[21].

Умуман, икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий асосини икки давлат ўртасида 1996 йилда тузилган «Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида»ги шартнома ҳамда сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, терроризмга ва гиёҳванд моддалар билан ноқонуний савдо қилишга қарши кураш, соғлиқни сақлаш, транспорт, туризм, маданият ва бошқа соҳаларда имзоланган 70 дан ортиқ ҳужжатлар ташкил этди[17].

Туркия давлат раҳбарлари Ўзбекистонга тез-тез ташриф буюриб, давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириб борди. Туркия Президенти С.Демирел 1999 йил 15 мартда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келди[20]. Ташриф давомида Самарқанд шаҳридаги буюк ҳадисшунос Имом ал-Бухорий мажмуасини зиёрат қилар экан, ўтган йили алломанинг 1225 йиллиги муносабати билан амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишиб, Имом ал-Бухорий ва Баҳоуддин Нақшбандий мажмуаларига 5 минг АҚШ доллари­дан маблағ тақдим қилди. Шунингдек, Туркия Президенти С.Демирел ва Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов Самарқанддаги “СамКочавто” қўшма корхонасининг очилиш маросимида иштирок этди[19]. Ушбу заводни ишга туширилиши Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти ошишига ҳамда автобус ва юк автомобиллари ишлаб чиқарувчи давлатлар қаторидан ўрин олишига хизмат қилди.

Ўзбекистон ва Туркия Республикалари ҳамкорлик алоқалари ривожланишининг иккинчи босқичида (2000-2016 й.) Туркия ҳукумати раҳбарлари томонидан расмий ташрифлар амалга оширилган бўлсада, асосан икки мамлакат раҳбарлари халқаро доирадаги анжуманларда учрашиб турди.

Аммо турли омиллар туфайли Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги сиёсий ҳамкорликда чекиниш кўзга ташланди. Икки давлат ўртасидаги суст алоқалар 2008-2013 йилларга тўғри келади. Савдо, транзит ва бошқа иқтисодий муносабатлар барқарор сақланган бўлсада, дипломатик ва сиёсий алоқалар тўхтаб қолган эди. Бунга сабаб қилиб қуйидаги омилларни келтиришимиз мумкин:

1). Ўзбекистонда валюта конвертациясида муаммоларнинг мавжудлиги. Ўзбекистон-Туркия қўшма корхоналар ишчилари ҳамда ўзбек-турк лицейлари ўқитувчилари ойлик маошларини тўлашдаги муаммолар, виза олиш, авиачипталар, тиббий хизмат кўрсатиш каби муаммолар.

2). Баъзи Турк ширкатларининг халқаро диний-сиёсий террорчилик ташкилотларга алоқадорлиги, хусусан, «Нурчилар» (Туркияда ХХ аср биринчи ярмида пайдо бўлган ва асосан Туркия ва бошқа давлатлар ички бошқарув тизимига жойлашиб олиб, давлатни қайта тузишни мақсад қилиб қўйган, махфийлик ва товламачилик устига қурилган янги авлод террорчи ташкилот ҳисобланган. Етакчиси Фатҳуллаҳ Гулен бўлиб, 1970 йилдан хусусий мактаблар очиб, ёшлар­нинг онгига ўзининг салбий ғоялари билан таъсир ўтказишга ҳаракат қилган. Бугунги кунда фаолияти тўхтатилган) билан алоқадорликда гумон қилиниши, уларнинг  Ўзбекистонга тақиқланган адабиётларни олиб киришга бўлган уринишлари икки давлат муносабатларига  салбий таъсирини кўрсатди.

3) Ўзбекистонда бунёд этилган қатор ўзбек-турк қўшма корхоналар фаолиятини йўлга қўйишда туркиялик ишбилармонлар тузилган шартнома шартларига амал қилмаган. Масалан, 2008 йилда Тошкентдаги “Туркуаз”[15] савдо марказлари ёпилишига ҳамда қўшма корхонага Туркиядан келтирилган техник жиҳозларнинг эскирганлиги ва сифатсизлиги каби омиллар сабаб бўлди.

Икки давлат раҳбарларининг халқаро анжуманлар доирасидаги учрашувлари икки давлат муносабатларининг қайта тикланишига асос бўлди. 2014 йил 7 февраль куни Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов Сочи (Россия) шаҳрида ХХИИ қишки Олимпия ўйинларининг очилиш маросимига ташрифи доирасида Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан учрашуви бўлиб ўтди[18]. Шунингдек, Ислом Каримов ва Режеп Таййип Эрдоған бир йилда бир марта ташқи ишлар вазирлиги даражасида ҳамда давлат раҳбарлари даражасида учрашувлар ўтказиб туришга келишиб олинди.

Ўзбекистон ва Туркия Республикалари ҳамкорлик алоқаларининг учинчи босқичи 2016 ва ундан кейинги йилларга тўғри келиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ва Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған ўртасидаги мунтазам учрашувлар икки давлат муносабатларини янги даражага олиб чиқди. «Ўртамизда ишончсизлик ва совуқчилик даврлари бўлган эди, лекин биз бирлашиб, ушбу музларни эритдик ва бу совуқчилик энди ҳеч қачон қайтмайди»[7], деб таъкидлади Ш.Мирзиёев.

Хусусан, икки давлат раҳбарлари 2016 йил ноябрь ойида Режеп Таййип Эрдоғаннинг Самарқандга ташрифи чоғида ва 2017 йил май ойида Пекинда бўлиб ўтган «Бир макон, бир йўл» анжумани, шунингдек, сентябрь ойида Қозоғистонда ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фан ва технологиялар бўйича биринчи саммити доирасида ҳам учрашди[10].

Туркия Республикаси Президенти Р.Эрдоған 2016 йил 17-18 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрига ташриф буюриб, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.Каримов қабрини зиёрат қилди. Самарқанд шаҳридаги форумлар мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш.Мирзиёев билан Туркия Республикаси Президенти Р.Эрдоған ўртасида музокаралар бўлиб ўтди [14:4]. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалалари ҳақида келишиб олинди. 2015 йил якунида ўзаро савдо ҳажми 1,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.

Жаҳон оммавий ахборот воситаларида икки давлат ўртасидаги алоқалар доимий равишда юқори баҳоланиб келинди. Масалан, Туркиядаги нуфузли “Турcомоней” нашрининг йиллик рейтингида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев «Йилнинг хорижий давлат арбоби» дея эътироф этилди. Бу ҳақда Истанбул шаҳрида Туркия Буюк миллат Мажлиси раиси Бинали Йилдирим, Истанбул шаҳри ҳокими Мевлют Уйсал, мамлакат ҳукумати парламенти, жамоатчилик ва ишбилармон доира вакиллари иштирокида ўтказилган тантанали маросимда эълон қилинди [13].

Умуман олганда, Ўзбекистоннинг Туркия томонидан тан олиниши давлатлар ҳамкорлигини янги поғонага кўтарди. Турли даврларда Ўзбекистон ва Туркия давлат раҳбарларининг учрашувларида давлат ва жамият ҳаётининг энг долзарб йўналишлари бўйича масалалар муҳокама этилиб, аниқ стратегик мақсадлар асосида битим ва шартномалар имзоланиб, амалиётга жорий этилди. Айниқса, Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлиги Марказий Осиёда сиёсий ва иқтисодий барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Хулосалар:

Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ўзаро дипломатик алоқаларни ўрганиш асосида қуйидаги хулосаларни билдириш мумкин:

– Туркия дунёда ривожланган давлатлардан бири сифатида Ўзбекистон мустақиллигини тан олган илк давлатлардан бири сифатида амалий ва конструктив мулоқотни йўлга қўйди;

– Ўзбекистон ва Туркия алоқаларини ўрнатишда аввало ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини шакллантиришга аҳамият қаратилди. Икки давлат Президентларининг давлатлараро расмий учрашувлари, давлат ташрифлари ва юқори даражадаги сиёсий мулоқотларида барча соҳаларда битимлар имзоланди ва ушбу ҳужжатлар асосида унинг ҳуқуқий асослари шакллантирилди.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Мирзиёев Ш. Миллий тараққиёт йўлимизни қатъият билан давом эттириб, янги босқичга кўтарамиз. – Т.: Ўзбекистон, 2017.
  2. Алимов А. Внешне экономическая деятельность Республики Узбекистан: взгляд в будущее. – Т.: Ўзбекистон, 1992. – Б. 72.; Нуриддинов Э. Международное сотрудничество Республики Узбекистан со странами Европы. – Т.: Чўлпон, 2002. – Б. 213.; Қирғизбоев А. Ўзбекистон Республикасининг Осиё мамлакатлари билан халқаро ҳамкорлиги. – Т.: Фан, 2004. – Б. 280.; Кўчаров Ч. Марказий Осиёнинг минтақавий интеграцион жараён муаммолари (геосиёсий таҳлил тажрибаси). – Т.: Фан, 2007. – Б. 200.; Рахимов М.А. Современная история взаимоотношений Узбекистана и стран Центральной Азии с ведущими государствами мира. – Т.: Адабиёт учқунлари, 2016. – Б. 224.; Ражабов Қ., Бекмуратов Х. Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги иқтисодий ва маданий ҳамкорлик тарихидан. – Т.: Тафаккур, 2017. – Б. 168.
  3. Бüлент Арас. Туркейъс полиcй ин тҳе формер Совиэт Соутҳ: ассетс анд оптионс. Туркиш студиэс. Вол. 1, Но. 1, (Спринг 2000).
  4. Документы, подписанные в Турции // Народное слово. 21 декабря 1991 г.
  5. Жалолов Ж. Бозор иқтисодиёти: Туркия моделини сири. – Т.: Адолат, 1994.
  6. Крепнут вековые узы братства // Народное слово. 8 мая 1996 г.
  7. Қуронов М. Қардошлик ва ҳамкорлик тантанаси // Ўзбекистон овози. 2018 йил 3 май.
  8. Муҳаммадиев Н. Ҳамкорликнинг янги босқичи // Халқ сўзи. 2000 йил 14 октябрь.
  9. Муҳиттин Атаман. Леадершип Чанге: Озал Леадершип анд Реструcтуринг ин Туркиш Фореигн Полиcй. Альтернативес Жоурнал, Вол. 1, Но. 1 (Спринг 2002). – П. 134.
  10. Ортиқов Ш. Ўзбекистон – Туркия: буюк тарих бунёд этган икки улуғ халқ // Халқ сўзи. 2018 йил 27 апрель.
  11. Открытие посольства Турецкой Республики // Правда Востока. 30 апреля 1992 г.
  12. Президент Республики Узбекистан в Турции // Народное слово. 1 июля 1992 г.
  13. Президент Шавкат Мирзиёев Туркияда «Йилнинг хорижий давлат арбоби» деб топилди // Халқ сўзи. 2018 йил 28 декабрь.
  14. Ражабов Қ., Бекмуратов Х. Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги иқтисодий ва маданий ҳамкорлик тарихидан. – Т.: Тафаккур, 2017.
  15. Туркия—Ўзбекистон иқтисодий ва сиёсий ало­қаларида «эримаётган музлар». ҳттпс://www.ббc.cом/узбек/ узбекистан /2011/04/110401_cй_туркей_узбекистан 1.04 2011.
  16. Туркия заминидаги тантаналар // Халқ сўзи. 1998 йил 30 октябрь.
  17. Узбекистан—Турция: открываются новые гори­зонты сотрудничества // Народное слово. 11 мая 1996 г.
  18. Ўзбекистон – Туркия: Қуёш яна шарқдан чиқди ҳттп://ватандош.уз/2017/03//ўзбекистон-32туркия-қуёш-яна-шарқдан/ 2.05. 2017.
  19. Ўзбекистоннинг яна бир автомобиль заводи иш бошлади // Халқ сўзи. 1999 йил 17 март.
  20. Ўзбекистон–Туркия: абадий дўст ва ишончли ҳамкор// Халқ сўзи. 1999 йил 16 март.
  21. ЎзМА, М-7-фонд, 1-рўйхат, 331-иш, 36-варақ.
СИРОЖИДДИН АБДУВОИТОВ,
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети мустақил изланувчиси

Check Also

ШАМСУЛ АИММА ҲАЛВОНИЙ ҚАЛАМИГА МАНСУБ АСАРЛАР

Абдулазиз ибн Аҳмад ибн Наср ибн Солиҳ Ҳанафий Бухорий ал-Ҳалвоний (ваф. 448/1056-1057) ижтимоий-сиёсий фаолияти учун …