Home / ЯНГИЛИКЛАР / АЛЛОМАЛАР МЕРОСИ – АВЛОДЛАР ҚУЁШИ

АЛЛОМАЛАР МЕРОСИ – АВЛОДЛАР ҚУЁШИ

Юртимиз келажаги бўлган ёшларимизни ёт ғоялар таъсиридан асраш, уларнинг оммавий маданият ва дин ниқоби остидаги бузғунчи оқимлар таъсирига берилмаслигининг олдини олиш бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб тус олмоқда. Шу боис Шарқда кузатилган ҳар икки Ренессанс даврида ҳам дунёвий, ҳам диний илмлар бўйича жаҳоннинг энг илғор олимлари қаторида турган, ислом дини ва умумбашарий цивилизация ривожига беназир ҳисса қўшган Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Муин Насафий, Имом Мотуридий каби буюк мутафаккир алломаларимизнинг инсоният равнақига улкан таъсир кўрсатган таълимотлари ўрганилмоқда, тадқиқ қилинаётир. Ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган, жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак эътироф этилган дурдона асарларнинг чоп этилиши ёшлар таълим-тарбиясида катта роль ўйнамоқда.

Куни кеча Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан 2023 йилда нашрга тайёрланган янги китоб ва рисолаларнинг навбатдаги тақдимотида шу хусусда сўз борди.

Тақдимотда дастлаб Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг 2023 йил давомидаги фаолияти ва нашрга тайёрланган Имом Бухорийнинг “Ат-Тариху-с-сағир”, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Хотим Варроқ Бухорийнинг “Шамоили Бухорий”, Абу Азабанинг “Ар-Равзатул баҳийя”, Имом Доримийнинг “Сунани Доримий”, Алоуддин Косонийнинг “Косоний ақидаси”, Саййид Абдулможид Ғаврийнинг “Ҳадис илми истилоҳлари энциклопедияси” асарлари, шунингдек, “Ислом динида тинчлик” ва “Ғулувнинг хатарлари” номли рисолалар тақдим этилди.

Тақдимотда сўзга чиққанлар Имом Бухорий ва аллома аждодларимиз меросини ўрганишнинг аҳамияти, тақдим этилаётган китобларнинг бугунги кундаги илмий қиймати, мутафаккирлар асарларини тадқиқ этишнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболдаги вазифалари, шунингдек, янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил тўхталди.

Ўтган давр мобайнида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан “Жаҳолатга қарши — маърифат” ғояси асосида жами 1400 га яқин маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.

Дин ишлари бўйича қўмита билан ҳамкорликда диний мазмундаги 442 та материал таҳлил қилинди ва 124 та видеоролик шаклида раддия тайёрланиб, шундан 114 таси “YouTube”га жойланди. “Ҳадис маърифати” рукнида 65 та видеодарс, “Бухорийга эҳтиром” рукни остида 40 та видео-инфографика, “Нодир ёзма манбалар” рукни остида 11 та видеолавҳа тайёрланди.

“Алломаларимиз ҳақида 10 ҳақиқат” туркумидаги кўргазмали воситалар ёшларни умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш мақсадида, 20 мингдан ортиқ муассаса ва ташкилотларга, шунингдек, нашр этилган янги асарлар жаҳон илмий ҳамжамиятини буюк аждодларимиз мероси билан яқиндан таништириш мақсадида Ал-Азҳар ислом тадқиқотлари мажмуаси, Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA) ва бошқа турдош халқаро ҳамкор идораларга етказилди.

Тадбирда Ал-Азҳар ислом тадқиқотлари мажмуаси бош котиби, доктор Муҳаммад Назир Айяд ҳамда Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази бош директори, профессор Маҳмуд Эрол Қилич видео шаклида табрик йўллади. Тақдим этилаётган янги нашрларга Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий фаолиятининг ёрқин натижаси сифатида юксак баҳо бериб, ҳамкор муассасаларни, ўзбек халқини ушбу муҳим воқеа билан муборакбод этди. Ходимлар олиб бораётган тадқиқот ва таржималар аллома аждодларимиз меросини тиклашга, замондошларимизни улар қолдирган бой маънавий хазинадан кўпроқ, тўлиқроқ баҳраманд этишга ва пировардида ислом илмларини янада тараққий топтиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

Тақдимотда сўзга чиққанлар буюк аждодларимизнинг ислом илмлари соҳасидаги илмий мероси айни кунгача дунё мусулмонлари ҳаётида муҳим аҳамият касб этиб келаётганини, хусусан, юртимиздан чиққан алломаларнинг ислом илмлари ривожига муносиб ҳисса қўшганини алоҳида эътироф этдилар.

Дарҳақиқат, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан нашрга тайёрланган янги китоб ва рисолалар исломнинг асл қадрият ва тамойилларини ҳамда инсонпарварлик ғояларини тараннум этишда, замонлар оша юксак қадр-қийматга эга бўлиб бораётган асарларнинг туб моҳиятини очиб беришда муҳим дастуриламалдир.

Ўзбек тилида тақдим этилган мазкур асарлар мутафаккирларимиз илмий қарашлари маъносини янада яхшироқ англашга, улар таълимотини чуқурроқ тушунишга асос бўлиб хизмат қилади.

Нуруллоҳ ОСТОНОВ
Манба: «Халқ сўзи» газетаси 2024 йил 3 февраль, №26(8649).

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …