Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / БУЗҒУНЧИ ОҚИМЛАРНИНГ ҒОЯЛАРИГА ҚАРШИ МУСТАҲКАМ ИЛМИЙ МАНБА

БУЗҒУНЧИ ОҚИМЛАРНИНГ ҒОЯЛАРИГА ҚАРШИ МУСТАҲКАМ ИЛМИЙ МАНБА

Имом Бухорий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамкорлигида 17 октябрь куни “Имом Мотуридий – адашган фирқаларга ижтиҳодий раддиялар асосчиси” мавзуида халқаро онлайн семинар бўлиб ўтди.

Анжуманда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими, илоҳиёт фанлари доктори Аҳмад Саъд Даманҳурий маъруза қилди.

Имом Мотуридий (ваф. 332/944) бошқа йирик асарлар қаторида, “Таъвилотул Қуръон” асарини ҳам ёзган. У Қуръони каримнинг ижтиҳод асосидаги тафсирига оид бўлиб, илмнинг бу йўналишидаги нодир асар ҳисобланади. Тўғри, бошқа алломалар, жумладан, Имом Розий (ваф. 106/724) бир неча аср аввал “Тафсирур Розий”ни ёзган. Лекин Имом Мотуридийнинг тафсири ундан афзалроқ саналади. Чунки, унинг асарида Қуръон Мусҳафи шарифнинг ўзи билан, суннат билан, саҳоба ва тобеинларнинг сўзлари билан тафсир қилинади. Бу аҳли сунна тафсир уламоларининг қоидасидир.

Имом Мотуридий тафсирда ҳам ақл, ҳам нақлга суянган. Ҳар бир фикрни ҳужжат ва далиллар билан асослаган. Дейлик, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёки саҳоба ва тобеинларнинг сўзларини англатадиган бўлса, аввало, иснодга эътибор қаратган.

Имом Мотуридий усули дин ва усули фиқҳ соҳаларининг ҳам катта билимдони бўлган. Барча уламолар бу икки илмдан хабардор бўлмаган олим Мусҳафи шарифни фаҳмлаши мушкул, деган якдил фикрни билдирган.

Имом Мотуридий муфтий даражасидаги олим сифатида ўша замон воқелигини яхши англаган ва ҳис қилган. Шунинг учун ҳам фатвонинг рукни учта эканини айтганда, мутлақо ҳақ бўлган. Унинг фикрича, булар инсонларни, воқелик ва одамларнинг воқеликка муносабатини билишдан иборат эди.

Аллома Қуръони каримни тафсир қилар экан, бу машаққатли меҳнатга ўша замонда инсонларнинг турмуши ва ижтимоий жараёнлардан келиб чиқиб ёндашган. Барча нозик жиҳатларни чуқур идрок этгани учун ҳам унинг адашган кимсаларни Қуръон, суннат ва ижтиҳод билан тўғри йўлга солиш борасидаги маҳорати ниҳоятда юксак бўлган. Ҳатто келажакда инсонлар яна қандай қилиб чалғиши, яна қанақа саволларни ўртага ташлаши мумкинлигини ҳам эҳтимол тутиб, кейинги асрлар авлодларига ҳам хизмат қиладиган мустаҳкам илмий пойдеворни барпо этган.

Имом Мотуридий яшаган замондаги мўътазила, муржиа, хавориж каби фирқаларга раддия бўлган “Таъвилотул Қуръон” асари ҳозирги кунда учраётган қуръонийлар ёки сохта салафийлар каби оқимларнинг ғоялари ботил эканини очиб беришда бугунги авлодга ҳам муҳим илмий манба бўлиб хизмат қилади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …