Home / ЯНГИЛИКЛАР / ДУНЁ БИРДИР муаммо ва ечимлар умумий

ДУНЁ БИРДИР муаммо ва ечимлар умумий

Ўзбекистон инсон қадрини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли демократик ислоҳотларни амалга ошириш, очиқ ва конструктив ташқи сиёсат асосида жаҳон ҳамжамияти билан ўзаро манфаатли ҳамда дўстона муносабатларни ривожлантиришда сезиларли ютуқларга эришмоқда. Бунинг натижасида мамлакатнинг халқаро майдондаги обрў ва нуфузи тобора юксалиб бораётир. 

Бугунги кунга келиб, Ўзбекистоннинг ривожланган мамлакатлар билан сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги шериклик муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Мамлакатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Жаҳон банки ва Ислом тараққиёт банки каби кўплаб нуфузли халқаро ва минтақавий тузилмалар таркибида муҳим ташаббуслар билан фаол иштирок этмоқда.

Президентимиз жорий йил 19-сентябр куни БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлаб, халқаро ҳамжамиятга глобал хавфсизлик ҳамда унга хавф солаётган таҳдидлар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини янада такомиллаштириш, Марказий Осиё минтақасида барқарорлик, ўзаро ҳамкорликни таъминлаш, гендер тенглиги, иқлим ўзгаришлари, экстремизм ва терроризм иллатлари юзасидан ўз нуқтаи назарини билдирди ҳамда қатор муҳим таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида сўнгги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида эришилган эътиборга лойиқ натижаларга алоҳида тўхталиб ўтди. Яқин йилларгача ўқитувчи ва шифокорлар, мактаб ўқувчилари ҳамда талабаларнинг пахта даласидаги мажбурий меҳнатига оддий ҳолат сифатида қараб келинарди. Натижада Ўзбекистон пахтаси “қора рўйхат”ларга киритилиб, бойкотлар эълон қилинган эди. Бироқ сўнгги йилларда катта сиёсий ирода билан мамлакатда мажбурий меҳнатни чеклаш мақсадида амалга оширилган чора-тадбирлар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар ҳамда хорижий мамлакатларнинг эътирофига сазовор бўлди. 

Жумладан, АҚШнинг нуфузли нашри – “Forbes” журнали далаларда мажбурий ва болалар меҳнатига чек қўйилгани, теримчиларга тўланадиган ҳақ оширилгани, пахтага давлат буюртмаси йўқ қилинганини улкан ютуқлар сифатида қайд этди.

Буюк Британиянинг “The Economist” журнали эса 2019 йилда Ўзбекистонни йил мамлакати, дея эълон қилди. Албатта, бу эътирофлар бежиз эмас, уларнинг негизида ҳукумат томонидан инсон қадрини юксалтириш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш йўлида амалга оширилган улкан саъй-ҳаракатлар ётади. Энг муҳими, Конституциямизда мажбурий меҳнат тақиқланиши кафолатлаб қўйилди, бунинг учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

Шуни тўлиқ ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотлари ривожланган давлатлар билан ҳамкорлик ўрнатиш имкониятлари кенгайишига, мамлакатга кенг инвесторлар оқими кириб келишига, пировардида, юртимизнинг нафақат Марказий Осиё минтақаси, балки глобал иқтисодиётнинг интеграциялашган марказларидан бирига айланишига замин яратади.

Бугунги кунда дунёда кескин экологик инқироз ҳолати кузатилмоқда. Иқлим ўзгариши, атроф-муҳит ифлосланиши, сув ресурслари захираси камайиб кетиши натижасида инсоният илгари дуч келмаган ғайриоддий табиат ҳодисалари, юқумли касалликларнинг янги турлари ва бошқа офатлар билан тўқнаш келмоқда.

Президентимиз бу муаммолар ҳақида тўхталиб, ижтимоий-иқтисодий барқарорликка жиддий путур етказадиган таҳдид эканини таъкидлади. Хусусан, Марказий Осиё минтақаси асосий сув ресурсларини ташкил қилувчи Амударё ва Сирдарё оқимининг келгусида янада қисқариши эҳтимолини инобатга олиб, минтақада сувни тежайдиган технологиялар платформасини яратиш орқали “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – сув ресурслари” механизмини амалиётга татбиқ этиш, иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ таҳдидларнинг олдини олиш юзасидан “Марказий Осиё иқлим мулоқоти”ни жорий этиш, БМТ Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: умумий фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик” резолюциясини қабул қилиш ҳамда Самарқанд шаҳрида халқаро иқлим форумини ўтказиш ташаббусларини илгари сурди.

Экологик муаммолар инсоният тараққиёти ва фаровонлигига тўсқинлик қилиши мумкин бўлган асосий таҳдид бўлиб турган бугунги шароитда бундай ташаббусларни рўёбга чиқариш глобал миқёсда иқтисодий-ижтимоий инқирозларнинг олдини олишга, атроф-муҳит ҳамда биохилма-хилликни сақлаб қолишга хизмат қилади, энг муҳими, келажакда инсониятнинг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлайди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида экстремизм ва терроризм таҳдидларига ҳам алоҳида эътибор қаратиб, БМТга аъзо давлатларни халқаро терроризмга қарши курашда ҳамкорликни янада кучайтиришга чақирди. Шу билан бирга, Ўзбекистонда экстремизм ва терроризм таҳдидларининг олдини олиш, мутаассиб ғоялар таъсирига тушиб қолган шахсларни соғлом ҳаётга қайтариш ва ижтимоий реабилитация қилиш, низоли ҳудудларда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини ортга қайтариш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. 

Дарҳақиқат, экстремизм ва терроризм XXI асрда инсоният олдида турган энг долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Айрим мамлакатларда кўзга ташланаётган диний тоқатсизлик ва исломофобия каби ҳолатлар ҳам ушбу муаммолар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Шу боис, Президентимиз жаҳон миқёсида динлараро бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистонда ЮНЕСКО шафелигида Динлараро мулоқот ва бағрикенглик халқаро марказини ташкил этиш, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида эса 2024 йилда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказиш ҳақидаги ташаббусларни илгари сурди. Шуни таъкидлаш керакки, ушбу ташаббуслар ислом динининг инсонпарварлик ва тинчликка қаратилган моҳиятини кенг тарғиб қилиш, экстремизм ва терроризмга қарши курашнинг самарали механизмларини ишлаб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистон халқаро муносабатлар субъекти сифатида БМТ минбаридан муҳим халқаро ва минтақавий ташаббусларни илгари суриш орқали жаҳон ҳамжамиятида ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлиб бормоқда. Боиси, дунё бирдир, муаммо ва ечимлар ҳам умумий. 

Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган таклиф ва ташаббуслар ўта долзарблиги ҳамда муҳим ҳаётий аҳамиятга эгалиги билан диққатга сазовор. Шу сабабли, бу таклиф ва ташаббуслар барча аъзо давлатлар томонидан инсоният олдида турган глобал муаммоларнинг ечимини кўрсатиб берувчи ғоялар сифатида эътироф этилиб, БМТ Бош Ассамблеяси фаолияти якунида имзоланадиган асосий ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам ўз аксини топиши кутилмоқда. Бу Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятнинг ўз сўзига эга бўлган фаол иштирокчисига айланиб бораётганидан далолат беради.

Жамолиддин КАРИМОВ,
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2023 йил 28 сентябрь, №198(987)

Check Also

Семинар мунозаралар майдонига айланди

Бугун, 2 май куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Самарқанд давлат …