Home / ЯНГИЛИКЛАР / Эзгу ташаббусни дунё тан олган мамлакат таклиф қила олади

Эзгу ташаббусни дунё тан олган мамлакат таклиф қила олади

Ўзбекистон Республикаси Президенти БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида сўзлаган нутқида мамлакатимиз, минтақамиз ва бутун дунё миқёсидаги долзарб муаммоларни, тезкор ечимини кутаётган масалаларни тилга олар экан, диний бағрикенглик масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

Мамлакатимиз раҳбари жаҳон миқёсида динлараро бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистонда ЮНЕСКО шафелигида Динлараро мулоқот ва бағрикенглик халқаро марказини ташкил этиш таклифини илгари сурди.

Бу ҳозирги вақтда энг фаол тарзда муҳокама қилиб келинаётган мавзулардан биридир. Инсониятнинг ярмидан зиёди ўзини қайсидир динга мансуб ҳисоблайдиган ҳозирги шароитда бу табиийдир. Зеро, жамиятларнинг, давлатлараро муносабатларнинг барқарорлиги кўп жиҳатдан шу масалага бориб тақалмоқда.

Диний бағрикенгликни таъминлаш учун, аввало, мамлакат, минтақа ва умуман жаҳон жамоатчилигида бошқа инсонлар ўзга динга эътиқод қилиши мумкинлигини, маҳаллий халқларнинг анъаналарига ўхшаш бўлмаган қадриятларга дуч келишининг ёмон жойи йўқлигини англаб, инсоният ўта ранг-баранглигига, одамлар турфа хиллигига кўникиб яшашга қаратилган муайян дунёқараш, ўзига хос ижтимоий ва ахлоқий меъёрларни жорий этиш, омма онгига сингдириш зарур бўлади.

Дунёда кенг тарқалган динларни кўпчилик яхши билади. Лекин ҳаммасини биладиганлар кам. Агар конфессияларни, яъни ҳар бир диндаги турли мазҳаб ва йўналишларни ҳам қўшиб айтадиган бўлсак, уларнинг умумий миқдори 20 мингдан ошади. Шу боис ҳам диний бағрикенгликни ҳар бир индивиднинг – алоҳида олинган шахснинг хатти-ҳаракатлари каби қабул қилиш мақсадга мувофиқдир. Бошқача айтганда, ёмғир ёққанда ҳамма ҳам ёмғирпўш киймайди, шамсиядан фойдаланмайди, бундай тоифаларга кўп эътибор берилмайди. Бу ўша шахснинг ўз хоҳиши ёки шароитдан келиб чиқиб, тутган йўриғидир. Конфессия борасида ҳам шундай – кимдир бошқа нарсага эътиқод қиляптими, демак, ўз танлови, ўз ихтиёрига кўра қилаётган бўлади ва бунинг учун уни айблаш, камситиш шарт эмас.

Мана шу меъёрга ҳаётда ҳамма риоя қилса, диний бағрикенглик жамиятнинг яна бир олий қадриятига айланади ва ижтимоий барқарорликка путур етишига йўл қўйилмайди. Зотан, фуқаролик жамияти мана шундай бағрикенглик билан қарор топади – унинг аъзолари ўзи ихтиёр этган динга эътиқод қилади, қайси конфессияга мансуб бўлишидан қатъи назар, бехавотир яшайди.

Энди шу фикрлардан келиб чиқиб, бугунги Ўзбекистонга назар ташлайдиган бўлсак, аввало, шуни айтиш керакки, бу заминда асрлар давомида кўплаб динлар вакиллари тинч-осуда истиқомат қилиб келмоқда. Бир неча йиллар олдин ўша кезлари АҚШ Давлат котиби бўлган Жон Керрининг Самарқанд таассуроти ҳақида айтган мана сўзларини ҳамма яхши эслайди: “Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 70 йил аввал Нью-Йоркда ташкил топган, деб ўйлаймиз. Йўқ, аслида у бундан бир неча юз йил олдин Самарқандда мавжуд бўлган. Самарқанд – маданият, санъат, савдо ва ғоялар чорраҳаси бўлиб, бу ерда туркийлар, араблар, мусулмонлар, яҳудийлар, юнонлар, арманилар, насронийлар, католиклар ва бошқалар истиқомат қилган”.

Ўзбек халқи асрлар давомида ислом динига эътиқод қилиб келади. Айни пайтда Ўзбекистон заминида яшовчи славянларнинг ота-боболари минг йил олдин, балки ундан ҳам аввал насронийликни қабул қилган. Буддизм эса, узоқ Кушонлар даврида кенг ёйилган эди. Барча динлар бир хил фазилатларни – тинчликпарварлик, бунёдкорлик, меҳр-оқибат, меҳнатсеварлик, ҳалоллик ва поклик, каттага ҳурмат, кичикка иззат ва бошқа гўзал хулқ-атвор намуналарини тарғиб қилади ва тараннум этади. Шулар қаторида диний бағрикенгликни ҳам.

Ўзбекистонда бугунги авлод аждодларнинг ана шу асрий анъанасини муносиб тарзда давом эттирмоқда. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас.

Абу Мансур Мотуридийга мурожаат қиламиз, у бундай ёзади: “Черков ва синагогаларни барбод қилиш тақиқланади, уламолар бу борада ҳамфикрдир, шу важдан мусулмон ўлкаларида уларга зиён-заха етмайди”. Абу Лайс Самарқандий бундай дейди: “Аллоҳ мусулмонларга дини туфайли улар билан уруш қилмаган ва диёридан қувмаган қавмларга нисбатан яхши ва одилона муомалада бўлишни ман этмайди”. Бурҳониддин Марғиноний бу фикрни яна ҳам сал бошқача ифода этади: “Мусулмон ўлкаларида черков ва ибодатхоналар бузилган бўлса, уларни тиклашга изн берилади”. Махдуми Аъзам эса, диний асосда келиб чиқиши мумкин бўлган ҳар қандай зиддият ва низонинг илдизини қуйидаги фикр билан буткул юлиб ташлайди: “Дунёда ҳар хил динга эътиқод қиладиган, турли миллатга мансуб инсонлар яшайди. Кимни мукофотлаш, кимни жазолашни Аллоҳнинг Ўзи билади. Шунинг учун бошқа одамларнинг урф-одатлари, анъаналари, эътиқодига бардошли бўлинг”.

Мана шу ўгитлар асосида яшаб келган халқимиз бугунги шароитда ҳам бағрикенглик анъаналарига содиқликни сақлаб турибди. Юртимизда 16 диний конфессияга мансуб 2274 диний ташкилот фаолият кўрсатаётгани бу фикрнинг ёрқин далилидир. Бу заминда 130дан зиёд миллат ва элат вакиллари бақамти яшаб келяпти. Ҳаммасининг эътиқоди ҳар хил. Масжид ва мадрасалар, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази билан бир қаторда, православ ва протестантлик семинариялари, 165 насроний ташкилот, 8 яҳудийлик, 6 баҳоийлик, битта кришнаитлик жамоаси, бир буддавийлик ибодатхонаси фаолият кўрсатмоқда. Улар ўртасида турли даражада алоқалар ўрнатилган, пешволар диний байрамларда бир-бирини табриклаши гўзал анъанага айланган.

Ўзбекистон дунёда диний экстремизм, терроризм ва миллатчилик туфайли келиб чиқаётган низо ва зиддиятларни ҳисобга олган ҳолда, жамиятда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик ғояларини қарор топтириш ва мустаҳкамлаш йўлидан бормоқда. Бу тинч ва осуда ҳаётни таъминлашга, дини ва миллатидан қатъи назар, ҳар бир фуқаронинг ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини оширишга хизмат қилмоқда. Аслида тараққиётнинг асоси ҳам жамиятнинг осойишидир. Бунга эса биринчи навбатда бағрикенглик орқали эришилади.

Юртимизда бу соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар дунё миқёсида муносиб эътироф этилиб, диний бағрикенгликнинг намунали модели сифатида баҳоланаётгани Ўзбекистонда ЮНЕСКО шафелигида Динлараро мулоқот ва бағрикенглик халқаро марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклиф ҳар томонлама ҳақли ва асосли эканини кўрсатади, албатта. Қолаверса, шуни ҳам эсга олиш керакки, БМТ Бош ассамблеясининг 2017 йил 19 сентябрдаги ялпи мажлисида Президентимиз томонидан таклиф этилган “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси бир овоздан қабул қилинган эди. Яъни, юртимизни дунё давлатларига ўзига хос гўзал ўрнак ва ибрат қилиб кўрсатган бу ҳужжат шундай нуфузли тузилма қароргоҳига мезбонлик қилишга энг ҳақли мамлакат биринчи ўринда Ўзбекистон эканини ҳам намоён қилади.

БМТ Бош ассамблеясининг бу галги сессиясида Ш.Мирзиёев буюк олимларнинг бой меросини ўрганиш, исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида 2024 йили Ўзбекистонда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказиш ташаббусини илгари сурди.

Моҳиятан олиб қараганда, бу дастлабки таклифнинг мантиқий давомидир.

Бу хусусда сўз борар экан, аввало, кейинги йилларда Ўзбекистонда виждон эркинлигини мустаҳкамлаш, конфессиялараро бағрикенгликни янада барқарорлаштириш йўлидаги ишлар билан бир қаторда, динни ўрганиш борасида ҳам катта ўзгаришлар кузатилаётганини таъкидлаш керак. Айниқса, ислом илмлари ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ аждодларимиз меросини она тилимизга таржима қилиш, ўрганиш ва кенг тарғиб этиш йўналишига эътибор ниҳоятда кучли бўляпти.

Бизга ғурур бағишлайдиган жиҳат шуки, бобокалонларимизнинг ҳам дунёвий, ҳам диний илмлар равнақи йўлидаги буюк хизматларини жаҳон илмий ҳамжамияти ҳамиша кенг эътироф этиб келган. Хоразмий, Форобий, Замахшарий, Беруний, Ибн Сино, Фарғоний, Улуғбек каби алломалар амалга оширган кашфиётларнинг инъикосини бугун ҳам яққол кўриш мумкин. Айни пайтда бугун ҳар бир мусулмон жамиятида Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғиноний сингари улуғларимизнинг меҳнати самарасидан фойдаланилмоқда.

Масалан, Хоразмийни эслаганда, алгоритм ёдга келади. Аниқроғи, “алгоритм” сўзини тилга олган киши Хоразмийни ёдга келтирган бўлади. Ёки Мирзо Улуғбекни хотирласак, замонавий астрономия бешак уни ўз “ота”ларидан деб билишини кўрамиз.

Диний соҳани оладиган бўлсак, бугун турли бузғунчи гуруҳларга айнан бизнинг бир неча асрлар аввал яшаб ўтган Мотуридий бобомиз ижоди билан муносиб тарзда илмий раддия берилади. Ёки исломда Қуръондан кейин турадиган энг мўътабар манба ҳақида сўралса, ҳар қандай ҳурфикр мусулмон “Саҳиҳул Бухорий” асарини тилга олади.

Юқорида Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий илмий-тадқиқот марказлари, Халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилгани таъкидланди. Уларнинг барчаси муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда. Шу тариқа халқимиз илмий даҳосининг юксалишида исломнинг ўрни ҳар томонлама очиб берила бошлади. Чунки, барча алломаларимиз Қуръони каримни тўғри тушуниб, илҳомлангани, ҳадислар асосида камолотнинг олий чўққисига кўтарилгани инкор этиб бўлмас ҳақиқатдир.

Жаҳолатга қарши маърифат билан курашишни шиор қилиб олган Ўзбекистон вакуум ҳолидаги онгларни зарарли эмас, фойдали ахборот билан тўлдириш, исломни ниқоб қилиб олган тўдалар “мафкураси”га қарши мустаҳкам иммунитет яратиш, айниқса, ёшларни соғлом фикрлайдиган қилиб тарбиялаш каби эзгу мақсадлар бош вазифалардан этиб белгилаган. Буни халқаро миқёсга олиб чиқиш яна ҳам хайрли бўлади. “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусидаги халқаро конференция халқимизнинг ана шундай интилишларига ҳамоҳанг анжумандир.

Кўплаб мамлакатларда ислом цивилизацияси учун муҳим илмий аҳамиятга эга бўлган, лекин ҳали-ҳануз чуқур ўрганилмаган, жаҳон тилларига таржима қилинмаган қўлёзма ва тошбосма асарлар бисёр. Уларнинг нусхалари ё электрон нусхаларини тўплаш, тарқатиш, тарғиб қилиш, келажак авлодга етказиш – якка ҳолда амалга ошириладиган иш эмас. Юқори мақомдаги мазкур конференция бунинг учун халқаро миқёсдаги мустаҳкам платформага пойдевор бўлиши шубҳасиздир.

Шовосил ЗИЁДОВ,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори

Манба: ЎзА

Check Also

Семинар мунозаралар майдонига айланди

Бугун, 2 май куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Самарқанд давлат …