Home / МАҚОЛАЛАР / ИНСОН БЕҲУДА НАРСАЛАРНИ ТАРК ЭТИШИ ДИНИНИНГ ГЎЗАЛЛИГИДАНДИР

ИНСОН БЕҲУДА НАРСАЛАРНИ ТАРК ЭТИШИ ДИНИНИНГ ГЎЗАЛЛИГИДАНДИР

Бир ҳадис шарҳи

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадислари ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олади. Инсон ўзига тўғри келмайдиган, ярашмайдиган, фойда бермайдиган нарсаларни тарк этиши унинг дини гўзаллигининг аломати эканлиги ҳақидаги ҳадислар шулар жумласидандир. Уламолар шундай ҳадиси шарифлардан бирини қандай шарҳлагани ва унда баён этилган одоб-ахлоққа оид масалаларни кўриб чиқсак.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсон беҳуда нарсаларни тарк этиши исломининг гўзаллигидандир”, дедилар” (Имом Термизий ривояти).  

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифда бизга диннинг комиллиги, исломнинг гўзаллиги ва амалнинг тўғрилигига олиб борадиган йўллардан бирини баён қилиб берганлар. Демак, инсон дунё ва охиратига фойда бермайдиган нарсаларни тарк этиши исломининг гўзаллигидан саналар экан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу сўзлари умматни ўзига фойда берадиган ва Парвардигорига яқинлаштирадиган нарсалар билан машғул бўлишга чорлайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзингга фойда берадиган нарсага интилгин”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни вақтни яхшиликлар билан ўтказишга чақирганлар. Ислом бизга бу дунё охиратнинг экинзори, умр жуда қисқа эканини кўп баён этади. У дарахтнинг тезда кетиб қоладиган соясига ўхшайди. Шунинг учун оқил инсон вақтини ғанимат билади.

Киши ўзига фойда келтирадиган нарсалар билан машғул бўлиши керак. Нафсингизни риёзат билан машғул қилмасангиз, у сизни бемаъни ишлар билан овора қилиб қўяди. Ким бошқаларнинг номаъқул ўйлари билан машғул бўлса, ўзини унутиб қўяди ва вақтини зое кетказади.  Бунга риёкорлик, ғийбат, ҳасад, чақимчилик, хўжакўрсинга ҳаракат қилиш, манманлик, мол-дунёга ружу қўйиш, айш-ишратга берилиш каби ишлар киради. Аксинча, инсон ўзига керакли нарсалар билан машғул бўлса, вақтини тежайди ва яхшиликларни кўпайтиради.

Бу ҳадисдаги тарк этиш жуда кўп нарсани қамраб олади, албатта. Шулардан бири ортиқча назардир. Чунки дунё матоҳига меҳр қўйиш қалбни фасод қилади ва фикрни чалғитади.  

Яна бири ортиқча сўз ва беҳуда гаплар бўлиб, бу одамларнинг қалбига азият етказиши мумкин. Бошқа бир ривоятда келган ҳадис буни тасдиқлайди: “Албатта, инсон ўзига тўғри келмайдиган нарсаларда сўзини камайтириши исломининг гўзаллигидандир” (Имом Аҳмад ривояти).

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло мўмин бандаларини “Улар  беҳуда (сўз  ва  ишлар)дан  юз  ўгирувчидирлар” (Муъминун сураси, 3-оят), деган сўзи билан мақтаган. Ким тилини беҳуда нарсалардан сақласа, Аллоҳ суймайдиган ва рози бўлмайдиган ишларни содир этишдан омонда бўлади. Масалан, тилини ғийбат ва чақимчиликдан сақлайди. Шунинг учун ҳам кўп жойларда сукут сақлаш тарғиб этилган. Фақат яхшиликка буюрадиган ва ёмонликдан қайтарадиган ўринларда жим турилмайди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига ярашмайдиган ишларни тарк қилувчи эдилар. Шу билан бирга, насиҳат қилувчи, яхшиликка буюрувчи, ёмонликдан қайтарувчи ва Аллоҳ буюрган ишларни бекаму кўст бажарувчи эдилар. Барчамиз шунга интилиб яшашимиз керак.     

Абдувоси ШОНАЗАРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …