Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Тарғиботчилар – Жомбой ва Булунғурда

Тарғиботчилар – Жомбой ва Булунғурда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимларидан иборат тарғибот гуруҳлари 17 август куни Самарқанд вилоятининг Жомбой ва Булунғур туманларида ишлади.

“Жаҳолатга қарши – маърифат” ғояси асосида Жомбойдаги “Қанғли” МФЙда ўтказилган тадбирда туман ҳокими Қаюм Собиров ҳам иштирок этиб, жаҳолатга йўғрилган ахборот хуружлари, улардан кўзланган асосий мақсадлар ва ёшларни бу каби таҳдидлардан асраш борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди:

– Ҳар қандай касалликнинг олдини олиш учун аввало унга қарши иммунитет ҳосил қилиш керак. Шундан келиб чиқиб, биз ҳам ёшларимиз онгу шуурида турли таҳдидларга муносиб жавоб қайтара оладиган мафкуравий истеҳком барпо этишимиз керак, – деди у.

Тадбирда экстремизм ва терроризм, гиёҳвандлик ва бошқа иллатларнинг аянчли оқибатлари, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик масалаларига ҳам алоҳида урғу берилди.

Худди шундай тадбирлар тумандаги “Нўш”, “Аҳмаджон Қурбонов”, “Журият”, “Тошкент”, “Тут” ва “Эски Жомбой” МФЙларида ҳам ўтказилди.

Булунғур туманидаги “Самарқанд”, “Мингчинор”, “Фозил Йўлдош”, “Гулистон”, “Кафтархона”, “Навбаҳор” ва “Улуғбек” МФЙларида тарғиботчилар комил инсон ва ҳар томонлама етук авлодни тарбиялашда ғоявий бўшлиққа йўл қўймаслик, вайронкор мафкура ва ахборот хуружлари таъсирига тушиб қолмаслик учун илм эгаллаш жоизлиги ҳаётий мисоллар асосида тушунтириб берди.

Вилоят туманларида тарғибот тадбирлари давом эттирилмоқда.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Семинар мунозаралар майдонига айланди

Бугун, 2 май куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Самарқанд давлат …