Home / МАҚОЛА / СУННАТНИ ИНКОР ЭТУВЧИ ҚУРЪОНИЙЛАРНИНГ ШАРЪИЙ ҲУКМИ

СУННАТНИ ИНКОР ЭТУВЧИ ҚУРЪОНИЙЛАРНИНГ ШАРЪИЙ ҲУКМИ

Ҳали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қабрлари совумай туриб, бу динда турли-туман фирқалар пайдо бўлгани, афсуски, айни ҳақиқат. Улар совуннинг кўпиги каби бир пайдо бўлиб, сўнг йўқолиб кетган бўлса-да, бузуқ ғоялари қисман ёки тўлиғича сақланиб қолди. Ҳатто бугунги кунда ҳам уларнинг янгидан янгилари ўртага чиқиб, ўзининг бузуқ ғоя ва ботил даъволарини илгари сурмоқда. Ана шундай фирқалардан бири – бу суннатни тарк этиб, фақат Қуръонга амал қилиш даъвоси билан ўртага чиққан “қуръонийлар”дир. Ислом уламолари ўз даврида бошқа ҳар қандай фирқага кескин раддиялар бергани каби уларни ҳам эътибордан соқит қилган эмас. Бу борада аллақачон бир талай китоблар ёзилгани ва илмий анжуманлар ўтказилгани бунинг ёрқин далилидир.

Хўш, аҳли сунна уламолари наздида қуръонийларнинг шаръий ҳукми қандай? Қуйида ана шу мавзуда фикр юритамиз.   

Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларини рад этаётган ва фақат Қуръон асосида амал қилиш ғояси билан ўртага чиқаётган кимсаларни қаттиқ огоҳлантириб, қуйидагиларни айтган:

(Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш тутадиган кимсалар ўзларига бирор кулфат етиб қолишидан ёки аламли азоб етиб қолишидан сақлансинлар!” (Нур сураси, 63-оят);

“Бас, агар улар Сизга жавоб бера олмасалар, бас, билингки, улар фақат ҳавойи нафсларигагина эргашурлар. Аллоҳ (томони)дан ҳидоят қилинмаган ҳолда ўз ҳавойи нафсига эргашган кимсадан кўра ким ҳам адашганроқдир?! Албатта, Аллоҳ (ширк аҳлидан иборат) золимлар қавмини ҳидоят этмас” (Қасас сураси, 50-оят);

“Кимга ҳидоят аниқ бўлгандан кейин Пайғамбарга мухолифлик қилса ва мўминлар йўлидан ўзгасига эргашса, Биз уни ўзи кетаётган йўлига қўйиб берамиз ва (охиратда) уни жаҳаннамда куйдирамиз. Нақадар нохуш жой у!” (Нисо сураси, 115-оят);

“Бас, Раббингиз ҳаққи, улар ўрталаридан чиққан низоларга Сизни ҳакам қилмагунларича ва сўнгра чиқарган ҳукмингиздан дилларида танглик сезмай, тўла таслим бўлмагунларича, зинҳор иймон келтирмагайлар” (Нисо сураси, 65-оят);

“Кимда-ким Пайғамбарга итоат этса, демак, у Аллоҳга итоат этибди. Кимда-ким бош тортса, Сизни улар устидан қўриқловчи қилиб юборганимиз йўқ” (Нисо сураси, 80-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида уни инкор этишнинг аламли оқибатлари қуйидагича баён қилинган:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимнинг бош тортганларидан ташқари ҳаммаси жаннатга киради”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг расули, бош тортганлар кимлар?” деб сўради. “Ким менга итоат қилса, жаннатга киради. Ким менга итоатсизлик қилса, бош тортган бўлади”, дедилар Пайғамбар алайҳиссалом” (Имом Бухорий ривояти).

Суннатни инкор қилувчи кимсаларнинг шаръий ҳукми қандай бўлиши ҳақида динимизнинг забардаст уламолари ҳам ўз фикрларини билдириб ўтган. Жумладан, Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳ бундай деган:

“Агар бир киши: “Биз фақат Қуръонда кўрган нарсамизга амал қиламиз”, деса, бутун уммат ижмоси ила кофирдир. Чунки у (суннатни тарк қилиб, фақат Қуръон асосида иш тутиладиган бўлса,) қуёш оғишидан то тун қоронғусигача фақат бир ракат, бомдод вақти ҳам фақат бир ракат намоз ўқишига тўғри келар эди. Негаки, намоз деган номга мос келадиган тушунчанинг энг ози ана шудир. Унинг кўпига ҳеч қандай чегара йўқ.

Бу гапни айтган одам кофир ва мушрикдир. Бу фикр (яъни суннатни тарк қилиб, фақат Қуръон асосида иш кўриш) бутун уммат якдиллик билан куфрга ҳукм қилган рофизийларнинг динда чуқур кетганлари томонидан илгари сурилган” (“Ал-Иҳком фи усулил аҳком”).

Суютий раҳимаҳуллоҳ айтади:

“Шуни билингки, Аллоҳ сизга раҳм қилсин, ҳадиснинг хоҳ қавлий, хоҳ амалийсини бўлсин, маълум шартларга кўра диннинг асосий масалаларида ҳужжат бўлишини инкор этган киши кофирдир. Ислом доирасидан чиқиб, яҳудий ва насронийлар ёки кофир фирқалардан ўзи хоҳлаганига бориб қўшилган кимсадир” (“Мифтоҳул жанна фил иҳтижожи бис сунна”).

Шавконий раҳимаҳуллоҳдан: “Хуллас, шаръий ҳукмлар ишлаб чиқариш борасида покиза суннат ҳам алоҳида бир ҳужжат экани аниқлиги диний заруратдир. Исломдан насибаси йўқ кимсаларгина бу фикрга қарши чиқади”, деган (“Иршодул фуҳул”).

Ҳумайдий раҳимаҳуллоҳ бундай деган:

“Бир киши Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳдан бир масала ҳақида сўраганида, унга фатво бериб: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар”, деди. Ҳалиги киши: “Сиз шунга қараб фатво берасизми?” деди. Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ: “Белимда зуннор (мусулмонлар жамиятида истиқомат қиладиган ғайридинлар тақиб юрадиган камар) кўраяпсанми?! Ёки черковдан чиқиб келганимни кўрдингми?! Мен сенга “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар”, десам, менга: “Сиз шунга қараб фатво берасизми?” дейсан! Мен унга қараб фатво бермаяпман, Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилиб айтаяпман!!!” деди” (“Сияру аъломин нубало”; “Ҳулятул авлиё”; “Иъломул муваққиийн”).

Рабиъ ибн Сулаймон раҳимаҳуллоҳ бундай ҳикоя қилади:

“Бир киши Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳдан бир масала ҳақида сўраганида: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам казо-казоларни айтганлари ривоят қилинган”, деб айтаётганини эшитдим. Шунда савол эгаси унга: “Эй Абу Абдуллоҳ, сиз шунга қараб фатво берасизми?” деди. Бу гапдан Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳнинг жаҳли чиқиб кетди ва: “Шўринг қурсин сенинг! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис ривоят қилсам-у, унга қараб фатво бермасам, қайси ер мени устида кўтариб юради ва қайси осмон ўз соясига олади?! Ҳа (мен ҳадис асосида фатво бераман), бошу қош устига”, деди” (“Иъломул муваққиийн”).

Абу Қилоба раҳимаҳуллоҳ: “Агар бир кишига ҳадисдан сўз очган чоғинг у: “Ҳадисни қўя тур, бизга Аллоҳнинг Китобидан гапир” деса, билгинки, у залолатга кетган кимсадир”, деган (“Ат-Табақотул кубро”).

Имом Заҳабий раҳимаҳуллоҳ унинг гапига бундай қўшимча қилган: “Агар бидъатчи мутакаллим одам: “Қуръон ва ҳадисни қўйиб, бизга ақлдан гапир”, деб айтаётганини кўрсангиз, билингки, у Абу Жаҳлдир” (“Сияру аъломин нубало”).

Исҳоқ ибн Роҳавайҳ раҳимаҳуллоҳ: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳиҳ ҳадисларидан бирини эшитиб, хотиржамгина уни рад қилган киши кофирдир”, деган (“Ал-Иҳком”).

Абу Ҳусайн Табасий раҳимаҳуллоҳ бундай нақл қилган:
“Бир одам Абу Саид Истахрий раҳимаҳуллоҳнинг олдига келиб:
– Суяк билан истинжо қилса бўладими? – деди.
У:
– Йўқ, – деди.
– Нима учун?
– Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У жинлардан бўлган биродарларингиз озуқасидир”, деганлар.
– Инсон яхшироқми ё жин?
– Албатта, инсон.
– Ундай бўлса, нима учун инсоннинг озуқаси бўлган сув билан истинжо қилиш мумкин?

Шунда Абу Саид раҳимаҳуллоҳ ўрнидан сакраб туриб, унинг рўпарасига келди-да, ҳалқумидан тутиб: “Эй зиндиқ! Сен ҳали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши чиқаяпсанми?!” деб уни бўға бошлади. Агар мен уни тутиб қолмаганимда, ҳалиги одамни ўлдириб қўйган бўлар эди (“Мадорижус соликин”)”.

Шайх Аҳмад Шокир раҳимаҳуллоҳ бундай деган:

“Барча саҳиҳ ҳадисларни таъна қилиш, улар ҳақиқатдан ҳам Пайғамбар алайҳиссаломга мансублиги хусусида шубҳага боришга келсак, бу иш илм-маърифат берилган ёки бошқаларга тақлид қилиб, ўз ишининг оқибатини билмайдиган жоҳил ва ақли калта кимсалар томонидан мусулмонларга нисбатан душманлик эълон қилишдир. Чунки шубҳаланиш ва таъна қилишнинг маъноси шуки, бу иш салафи солиҳлардан иборат ўта ишончли ровийларнинг ҳаммаси устидан улар ёлғончи, алдамчи ва алданган зотлар бўлган, деб ҳукм қилишдир. Уларни бўҳтон қилганлик ва уйдирма тўқиганликда айблаш ёки жоҳил ва ғофил кимсага чиқаришдир. Ваҳоланки, Аллоҳ уларни бу ишлардан асраган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менинг номимдан ёлғон гапирса ўзининг дўзахдаги жойига ҳозирлик кўраверсин!”, “Кимки бир сўз ёлғон эканини била туриб, менинг ҳадисим сифатида ривоят қилса, унинг ўзи ёлғончилардан биридир”, деганларини улар яхши билган.

Бинобарин, ўша ишончли ровийларни ёлғончига чиқарган кимса улар дўзахга маҳкум кишилар бўлган, уларда ҳеч қандай ахлоқ ҳам, дин ҳам бўлмаган, дея ҳукм чиқарган бўлади” (“Ал-Боисул ҳасис”).

Юқорида ўтганлардан аён бўладики, суннатни тарк қилиб, фақат Қуръонга амал қилиш даъвоси билан чиқаётганлар шариат ҳукмига кўра кофирдир. Чунки улар Пайғамбар алайҳиссаломга итоат қилишни Аллоҳ таолога итоат қилиш билан бир даражада қўйган Қуръони каримнинг ўзига ҳам, унинг ҳар бир оятини бевосита Жаброил алайҳиссаломдан қабул қилиб олган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига ҳам, диннинг Қуръон ва ҳадисдан кейинги учинчи манбаси бўлмиш мусулмонлар ижмосига ҳам қарши чиққан кимсалардир.

Алоуддин НЕМАТОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

МАЪРИФАТЛИ АЁЛНИНГ ТАЪСИРИ АСРЛАРГА ТАТИЙДИ!

Ҳаётда инсоннинг беғараз ёрдамчилари жуда кўп бўлади. Масалан, жазирама иссиқда дарахтнинг сояси ё зилол чашманинг …