Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / МАРКАЗ ФАОЛИЯТИ ТАҲЛИЛИ – ЖОНЛИ ЭФИРДА

МАРКАЗ ФАОЛИЯТИ ТАҲЛИЛИ – ЖОНЛИ ЭФИРДА

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг жорий йил 6 ойлик фаолияти якунлари ва II ярмидаги режаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва Миллий матбуот маркази ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбарияти ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Директор Шовосил Зиёдов Марказнинг 2023 йил I ярмида халқаро алоқалар ва қўлёзмаларни ўрганиш соҳасидаги ишлари юзасидан маълумот берди.

Таъкидланганидек, йилнинг 6 ойи давомида халқаро илмий-маърифий алоқаларни ривожлантиришга қаратилган анжуман, семинар ва давра суҳбатлари, Марказда нашрга тайёрланган китобларнинг хориждаги тақдимотлари, чет эллардаги турдош муассасалар билан имзоланган ҳамкорлик меморандумлари, хорижга илмий сафарлар каби жами элликка яқин амалий тадбирлар ташкил этилди. Имом Бухорий номидаги халқаро стипендиянинг чет эллик 3 нафар совриндори Марказда илмий малака оширди.

Ўтган вақт давомида Туркия, Саудия Арабистони, Ҳиндистон кутубхона фондларида сақланаётган буюк аждодларимиз қаламига мансуб 260 қўлёзма асарнинг рўйхати шакллантирилди. Туркия, Япония ва Германиядаги 340 қўлёзма асар номи, муаллифи, тури, сақланаётган кутубхоналари аниқланди ва реестри тузилди. Марказ қўлёзмалар фондида сақланаётган 24 китоб (36 асар, жами 3504 варақ)нинг электрон нусхаси тайёрланди.

Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Шукурилло Умаров Марказдаги илмий-тадқиқот ва маънавий-маърифий ишлар таҳлилини келтирди. Унинг сўзларига кўра, улуғ мутафаккирларимиз қаламига мансуб 17 асар таржима ва таҳрир қилиниб, нашрга тайёрланган. Илмий ходимлар томонидан 161 илмий мақола чоп этилган. 4 илмий ходим мақолалари Scopus номли халқаро рецензияли илмий адабиётларнинг ягона библиографик ва рефератив базасига киритилган.

Шунингдек, 2023 йилнинг биринчи ярмида Марказ илмий ходимлари 60 дан зиёд маънавий-маърифий тадбирда маъруза қилиб, турли рукнларда 40 дан ортиқ видеодарс ўтказди. Ҳадислар нотўғри талқин қилинишининг олдини олиш ва асл мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказиш бўйича 211, раддия шаклида 123 ва Ўзбекистонда фаолияти таъқиқланган диний оқимлар вакилларининг турли диний маърузаларига қарши 301 материал эълон қилинди.

Фалсафа фанлари доктори, профессор Бахтиёр Тўраев Марказнинг жорий йил иккинчи ярмига мўлжалланган истиқболли режа ва йирик лойиҳаларни тавсифлаб берди.

Матбуот анжумани UzReport TV телеканали ва унинг Youtube ва Facebookдаги саҳифалари орқали тўғридан-тўғри намойиш қилинди. Бу билан интернет фойдаланувчилари тадбирда онлайн иштирок этиш ва савол, мурожаат, ариза ёки шикоятлар билан мурожаат қилиш имконига эга бўлди.

Анжуман давомида онлайн кузатувчилар, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ва матбуот соҳаси вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олди.

 

Имом Бухорий халқаро илмийтадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Янги лойиҳа бошланди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) …