Home / МАҚОЛАЛАР / СИЛАИ РАҲМ ВА ЯХШИЛИК

СИЛАИ РАҲМ ВА ЯХШИЛИК

Бир ҳадис шарҳи

Силаи раҳм ва яхшилик исломнинг гўзал ахлоқларидан бўлиб, уни одамлар қалбига сингдирган ва шу хислат устида тарбиялаб келган. Бу муносабат ва эзгулик фақат мусулмонлар билан чегараланиб қолмай, ғайри мусулмонни ҳам, айниқса, қариндошлик алоқаси борларни ҳам қамраб олган.

عَنْ أَسْمَاءَ بِنْتِ أَبِي بَكْرٍ رضى الله عنهما قَالَتْ قَدِمَتْ عَلَىَّ أُمِّي وَهْىَ مُشْرِكَةٌ، فِي عَهْدِ رَسُولِ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم، فَاسْتَفْتَيْتُ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم قُلْتُ ‏‏إِنَّ أُمِّي قَدِمَتْ‏‏ وَهْىَ رَاغِبَةٌ، أَفَأَصِلُ أُمِّي قَالَ ‏ «‏ نَعَمْ صِلِي أُمَّكِ ‏»‏‏.‏

Асмо бинт Абу Бакр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

“Ҳузуримга онам келди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида мушрика эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан фатво сўраб: “Ҳузуримга онам рағбат қилиб келибди. Онамга силаи раҳм қилаверайми?” дедим. У зот: “Ҳа, онангга силаи раҳм қил”, дедилар” (Бухорий ривояти).

Бу ҳадиси шарифда Асмо бинт Абу Бакр розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида мушрика бўлган онаси Қутайла бинт Абдулуззонинг ўз ҳузурига келганини айтмоқда. Имом Бухорий ва Муслимнинг бошқа ривоятида “Қурайш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан аҳдлашган муддат ичида онам мушрика ҳолида отаси билан бирга олдимга келди”, деб келган. Бу билан Асмо бинт Абу Бакр розияллоҳу анҳо Ҳудайбия сулҳи ва Макканинг фатҳи орасида келганини назарда тутган.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бу аёлни жоҳилият даврида талоқ қилган. Қутайла кейинроқ мусулмон бўлган.

Асмо Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг аёли бўлган. Асмо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга онасининг яхшилик қилгани, яқинлик ва меҳрибонликни хоҳлаб келганини маълум қилиб, куфрда бўлишига қарамасдан унга силаи раҳм қилсам бўладими, деб сўраган. Чунки онаси Асмога ҳадя беришни бошлаган ва ундан мукофот хоҳлаган. Ёки қизи Асмодан бирор нарса олишни истаган, ёхуд исломни қабул қилмаган бўлса-да, унга қизиқиш билдириб келган. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа, онангга силаи раҳм қил”, деганлар.

Имом Бухорийнинг бошқа бир ривоятида: “Ибн Уяйна айтади: “Аллоҳ таоло у ҳақда:

﴿لَا يَنْهَاكُمُ اللَّهُ عَنِ الَّذِينَ لَمْ يُقَاتِلُوكُمْ فِي الدِّينِ وَلَمْ يُخْرِجُوكُمْ مِنْ دِيَارِكُمْ أَنْ تَبَرُّوهُمْ وَتُقْسِطُوا إِلَيْهِمْ﴾

“Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас” (Мумтаҳана сураси, 8-оят)ни нозил қилди”, деб келган.

Демак, эътиқодига қаршилик қилмаган ғайри динларга яхшилик ва адолатли бўлиш динимизнинг ҳукми экан.

Ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

– Мусулмоннинг мўмин бўлмаган яқин қариндошларига инфоқ-эҳсон қилиши жоизлиги;

– Ғайри муслим бўлган яқинларига қариндошлик ҳуқуқи сабабли силаи раҳмнинг жоизлиги;

– Дин кўрсатмаларига амал қилиш.

Динимизда ота-онага уларнинг эътиқоди қанақа бўлишидан қатъий назар яхши муомалада бўлишга буюрилган. Шунинг учун ҳам ислом тинчлик ва бағрикенглик динидир.

Қодирхон МАҲМУДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИНИНГ ТАДҚИҚ ЭТИЛИШИ

Мустақилликнинг илк йилларида ислом динига қўйилган бир асрлик чеклов [4:252] барҳам топиб, эътиқод эркинлиги учун …