Home / МАҚОЛАЛАР / “САҲИҲУЛ БУХОРИЙ”НИ МИСРГА ОЛИБ КИРГАН ДАСТЛАБКИ ИНСОН (4-қисм)

“САҲИҲУЛ БУХОРИЙ”НИ МИСРГА ОЛИБ КИРГАН ДАСТЛАБКИ ИНСОН (4-қисм)

“Саҳиҳул Бухорий”ни Абдуллоҳ ибн Асад Жуҳаний орқали Ибн Сакандан ривоят қилиш билан танилган ровийларнинг энг машҳурлари иккитадир

 Биринчиси: Абу Умар Юсуф ибн Абдулбар (ваф. 463/1071).

Иккинчиси: Абу Умар Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Яҳё Ҳаззо.

 “Саҳиҳул Бухорий”ни мазкур икки ровийдан Абу Али Жайёний (ваф. 498/1104), Абу Абдуллоҳ ибн Исо Қози ривоят қилган. Қози Иёз ҳам ана шу икки ровийдан олган.

Ибн Авнуллоҳ (ваф. 378/988) ва Ибн Муфарраж (380/990)ларнинг ривояти ҳақида сўз юритадиган бўлсак, у ҳам Андалус шаҳрида машҳур бўлган ривоят ҳисобланади. Ҳофиз Абу Абдуллоҳ ибн Наббот “Саҳиҳул Бухорий”ни Ибн Сакан ривояти орқали юқорида номлари ўтган икки ровийнинг санади билан ривоят қилган.

Ундан Муҳаммад ибн Аттоб, ундан фарзанди Абу Муҳаммад Абдураҳмон ибн Муҳаммад ва ундан Қози Иёз (ваф. 544/1149) ривоят қилган.

Ибн Саканнинг мазкур ривояти Андалусдан сўнг яна Шарқ ўлкаларига қайтиб, IX ва ундан кейинги асрларда машҳур бўлиб кетган. Зеро, Ибн Ҳажар Асқалоний (ваф. 852/1448) Ибн Саканнинг ривоятини Абу Али Жайёний (ваф. 498/1104) орқали икки ҳофиз – Ибн Абдулбар ва Абу Амр Ҳаззодан, улар эса Абу Муҳаммад Жуҳаний орқали унинг ўзидан ривоят қилишган.

Яъни, Ибн Ҳажар Асқалоний “Саҳиҳул Бухорий”ни Абу Али Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Али ибн Абдул Азиздан, у Яҳё ибн Муҳаммад ибн Саъддан, у Жаъфар ибн Али Ҳамадонийдан, у Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Дебожийдан, у Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Батҳалийдан, у Абу Али Жайёнийдан, у Ибн Абдулбар Қуртубийдан ривоят қилган. Абу Умар Ҳаззо эса Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Яҳёдан, у Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Асад Жуҳанийдан, у Абу Саид ибн Сакандан, у Муҳаммад ибн Юсуф Фираб-рий, у эса Имом Бухорийдан ривоят қилган.

 

Ибн Сакан ривояти билан танишиш ҳақида сўз юритар экан, доктор Жумъа Фатҳий Абдулҳалим қуйидагиларни ёзади:

 «Ким “Саҳиҳул Бухорий”нинг Ибн Сакандан қилинган ривояти билан танишмоқчи бўлса, бу борада бир оз қийинчиликларга рўбарў келади. Бунинг сабаби, биринчи навбатда, дунёнинг турли кутубхоналарида “Саҳиҳ”нинг қўлёзма нусхаларини каталоглаштириш ишлари билан шуғулланган кишилар эътибор билан ёндошмаганлар. Бу ҳолат биргина Ибн Саканнинг ривоятига тегишли эмас. Йўқса, ундан кейин машҳур бўлиб кетган Абу Зар Ҳаравий ва бошқаларнинг ривоятларида ҳам бу каби камчиликлар учрамаган бўлар эди…

Устоз Муҳаммад Манунийнинг [6] зикр қилишича, Ибн Сакан ривоят қилган “Саҳиҳул Бухорий”нинг биринчи жилди Тоза шаҳрида жойлашган “ал-Жомиъ ал-Аъзам”даги вақфлар хазинасида мавжуд. Бу нусха Абдул Муҳаймин ибн Али ибн Али ибн Ҳирзуллоҳ Тамимий тарафидан ҳижрий олти юз тўқсон саккизинчи йилда кўчирилган. У Абу Умар Талманакий қўли билан ёзилган Абул Ҳасан ибн Муғисдаги асл нусха билан солиштириб кўрилган ва нақл қилинган нусхадир».[7]

 

Ибн Сакандан ривоят қилинган нусханинг аҳамияти ва қиймати

 “Саҳиҳул Бухорий”нинг Ибн Сакандан ривоят қилинган нусхаси Имом Бухорийнинг шайхлари (ҳадисдаги устозлари)ни таништиришда ўзига хос жуда катта аҳамиятга эгадир. Ана шу шайхлар жуда машҳур бўлганликлари боис уларнинг насаблари ҳақида кўп ҳолларда сўз юритилмаган.

– Ровийлар тарафидан санадлар ичига тушиб қолган айрим хатоликларни аниқлаштириш жараёнида ривоятлар ўртасидан энг тўғрисини танлаб олишда Ибн Сакандан ривоят қилинган нусханинг аҳамияти жуда каттадир.

Абу Али Жайёний ўзининг “Тақйидул муҳмал” номли асарида ровийлар тарафидан “Саҳиҳул Бухорий”нинг санадларида йўл қўйилган хатоликларни ёритиб бериш мақсадида алоҳида бир бўлим ажратган. У ўзининг мазкур асарида Ибн Сакандан кўплаб ривоятларни келтириб, айрим ўринларда унинг фикрларига қўшилган бўлса, айрим ўринларда унга қарши фикрларни илгари сурган, ҳатто унга қўшимча қилган жойлари ҳам мавжуд.[8]

“Саҳиҳул Бухорий”нинг Ибн Сакандан қилинган ривоятида бошқа ровийларда мавжуд бўлмаган айрим фарқлар учрайди. Абу Али Жайёний мазкур асарида Ибн Саканнинг ривоятида келган матнлар ҳақида сўз юритар экан унинг ривоятида бошқа ровийларнинг манбаларида келмаган баъзи зиёдаликлар мавжудлигини зикр қилиб ўтган. Улар санадларда ҳам, матнлар ичида ҳам, уламолар уни саҳиҳ деб баҳо берганликлари ва бошқаларда намоён бўлган.

Бошқа ривоятларда исмлари зикр қилинган айрим ровийлар Ибн Саканнинг ривоятида тушиб қолган ёки айрим хатоликларга йўл қўйилган ўринлар ҳам мавжуд.[9]

[6] Одоб факультети ва дор ал ҳадис ал ҳасаниядаги олий таълим ўқитувчисининг мазкур сўзлари унинг “Саҳиҳул Бухорий фид диросотил мағрибия” номли илмий мақоласида келган.

[7] Доктор Жумъа Фатҳи Абдул Ҳалим. Ривоётул-жомиъис-саҳиҳ ва нусахуҳ, 1-жилд, 227-бет.
[8] Ўша манба, 1-жилд, 233-бет.
[9] Ўша манба, 1-жилд, 238-бет.
Отабек МУҲАММАДИЕВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари

Check Also

ОЯТЛАР БИЛАН ҲУКМ ҚИЛМАГАНЛАРНИ КОФИРГА ЧИҚАРИШ МАСАЛАСИДА УЛАМОЛАРНИНГ ҚАРАШЛАРИ

Ислом дини инсонларни илм, ҳамжиҳатлик ва аҳилликка чорлайди. Улар орасида жоҳиллик, фирқаланиш ва ўзаро келишмовчилик …