Home / МАҚОЛАЛАР / МУҲАДДИСЛАР ФАЗИЛАТИ

МУҲАДДИСЛАР ФАЗИЛАТИ

“Муҳаддис” деган ном Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларини ёд олиб, бошқаларга тўлиқ етказиб берувчига нисбатан қўлланишининг ўзи ҳам бу тоифага мансуб одам юксак фазилат эгаси эканини кўрсатиб туради. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари шунчаки оддий сўзлар эмас, балки инсониятни куфр зулматидан имон нурига олиб чиқиш, улуғ хулқларни камолга етказиш ва дин аҳкомларини мукаммал ўргатиш учун янграган муборак ҳадислар эди.

 Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай дейди:

﴿كَمَا أَرْسَلْنَا فِيكُمْ رَسُولًا مِّنكُمْ يَتْلُو عَلَيْكُمْ آيَاتِنَا وَيُزَكِّيكُمْ وَيُعَلِّمُكُمُ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَيُعَلِّمُكُم مَّا لَمْ تَكُونُوا تَعْلَمُونَ﴾

“Биз сизларга ўзингиздан бўлган бир элчини юбордик. У сизларга Бизнинг оятларимизни тиловат қилиб беради, сизларни (маънавий) поклайди ҳамда сизларга китоб ва ҳикматни яна билмаган нарсаларингизни ҳам таълим беради”[1]. Ушбу ояти каримада одамларга динларини ўргатадиган пайғамбарни юбориш катта неъмат экани ва улар бу неъматга шукрона келтириши лозим экани уқтирилмоқда.

Аллоҳ таоло бошқа бир оятда бундай деган:

﴿وَما آتاكُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَما نَهاكُمْ عَنْهُ فَانْتَهُوا﴾

“Расул сизларга нимани келтирган бўлса, уни олинг, сизларни нимадан қайтарган бўлса, ундан тийилинг!”[2] Ушбу оятда мўмин-мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган таълимотларга амал қилиши лозимлиги очиқ баён қилинган. У зотнинг фарз амаллар тўғрисидаги таълимотларига амал қилиш фарз, вожиб амалларга тегишлисига амал қилиш вожиб, суннат амалларга тааллуқли бўлганига амал қилиш суннат ва мустаҳаб амалларга оидига амал қилиш мустаҳабдир. Бундан ташқари у зот қайтарган амаллар ҳам асосан икки турга: ҳаром ва макруҳ амалларга бўлинади. Инсониятнинг нажоти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган таълимотларга боғлиқ экан, уларни сақлаб қолиш ўта муҳимлиги ўз-ўзидан маълум бўлади.

Аллоҳ таоло бандаларга марҳаматли Зот бўлгани учун, уларга фойдали бўлган таълимотларни сақлаб қолишда ҳикмати илоҳийсини ишга солиб, одамлар орасидан “Муҳаддис” деган шарафли номга лойиқ инсонларни тарбиялаб вояга етказди. Улар саҳиҳ ҳадисларни тўқима гаплардан ажратиш учун бор имкониятини ишга солиб, ўзига юклатилган вазифани аъло даражада уддалади. Бу масъулиятли ишда уларга Аллоҳ таолонинг Ўзи мададкор бўлди.

Муҳаддислар саҳиҳ ҳадисларни тўплаш мақсадида минглаб километр масофаларни босиб ўтди. Ҳадисларни энг ишончли ровийлардан эшитиб, пухта таҳлил қилгандан кейингина ўз китобига киритди. Бу билан Қуръондан кейинги энг асосий манбани мусаффо тарзда сақланиб қолишига катта ҳисса қўшди. Агар улар шундай қилмаганида, одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларни қаердан биларди ва қандай қилиб саҳиҳ ҳадисларни тўқима гаплардан ажрата оларди?! Йўқ, албатта. Муҳаддисларнинг саҳиҳ тўпламларисиз ҳеч ким ҳадис борасида чуқур билимга эга бўла олмас эди.

 Муҳаддислар ҳадис борасида кейингиларга устоз бўлганлик жиҳатидан ҳам юксак фазилат эгасидир. Зеро, устознинг мартабаси улуғ экани ҳаммага бирдек маълум.

 Ҳадис имомларининг энг фазилатлилари “олти саҳиҳ” тўплами соҳиблари бўлиб, уларнинг орасида энг шарафлиси бутун дунё мусулмонлари эътироф этган ватандошимиз Имом Бухорий ҳазратларидир. Бундай улуғ инсоннинг юртимиздан етишиб чиқиши, шу юрт фарзандларининг ифтихори саналади. Умид қиламизки, келажакда Имом Бухорий каби юртнинг обрўсини кўкларга кўтарадиган ҳадис олимлари етишиб чиқади.

[1] Бақара сураси, 151-оят
[2] Ҳашр сураси, 7-оят
Обид ХУРСАНДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ХАЛИФАЛИКМИ ЁКИ ПОДШОҲЛИК? (Маҳмуд Абдулмўмин  (Ҳизбуттаҳрир)нинг халифалик даъволарига раддия)

Маълумки, Ислом дини аввалида мусулмонлар жамиятининг бошқаруви бевосита пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқарувларида …