Home / МАҚОЛАЛАР / ИМОМ БУХОРИЙ ЎЗИ БИЛАН АЛЛОҲ ЎРТАСИДА ҲУЖЖАТ ҚИЛГАН КИТОБ

ИМОМ БУХОРИЙ ЎЗИ БИЛАН АЛЛОҲ ЎРТАСИДА ҲУЖЖАТ ҚИЛГАН КИТОБ

Мақола мавзусига кўз тушар экан, беихтиёр ўқувчи зеҳнида Имом Бухорийнинг Ислом оламида Аллоҳ таолонинг китобидан сўнг асосий манба саналган “Ал Жомеъ ас Саҳиҳ” китоблари келади. Зеро ислом уммати минг йиллар оша бу мўътабар китобни Қуръони Каримдан кейинги асосий манба сифатида қабул қилиб келмоқда.

Мазкур мақолада “Ал Жомеъ ас Саҳиҳ” китобини ёзилишига сабаб бўлган омиллар ва унга нисбатан билдирилган фикрлар ҳамда бугунлик кунда китобнинг сақланиб қолган нусҳалари ҳақида бақадри имкон маълумот бериб ўтмоқчимиз.

Иброҳим ибн Маъқал ан Насафийдан ривоят қилинади: Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий шундай дедилар: “Биз, Исҳоқ ибн Роҳивайҳнинг ҳузурида эканимизда, у: “Агар сизлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан саҳиҳларини ихчам ҳолда жамласанглар эди”—деди. Шунда қалбимга буни амалга ошириш фикри тушди ва “Ал Жомеъ ас Саҳиҳни” тўплашга киришдим.[1]

Абу Али Ғассоний, Бухорийдан қилган ривоятида шундай дейди: “Мен уни (яъни “Ал Жомеъ ас Саҳиҳ” китобидаги саҳиҳ ҳадисларни) олти юз минг ҳадис ичидан танлаб олдим”. [2]

Исмоилий эса, Бухорийдан қилган ривоятида шундай дейди: “Мен бу китоб (яъни, “Ал Жомеъ ас Саҳиҳ”)га фақат саҳиҳ бўлган ривоятларнигина киритдим. Аммо саҳиҳ ривоятлардан китобга киритмай тарк қилганларим, киритганларимдан кўра кўпроқ бўлди”.[3]

Яна Исмоилий: “Агар Бухорий ўзи билган барча саҳиҳларни бунга (яъни “Ал Жомеъ ас Саҳиҳ”) киритганида, биргина бобнинг ўзида саҳобалардан (шу бобга доир бўлган) кўплаб ривоятлар ва уларнинг ривоят йўналишларидан кўпини жамлаган бўларди. Бас шунда китоб, жуда катта бўлиб кетарди” деди.

Бу ҳақида Иброҳим ибн Маъқал ан Насафий, Имом Бухорийдан ривоят қилиб шундай дейди: “Мен “Жомеъ” китобимга фақат саҳиҳларнигина киритдим. Китоб узайиб кетмаслиги учун (кўплаб) саҳиҳларни ҳам тарк этдим”.[4]

Фирабрий, Муҳаммад ибн Абу Ҳотам Бухорийдан ривоят қилиб дейди: “Тушимда Муҳаммад ибн Исмоилни кўрдим. У, Наби саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидан юриб борарди. Қачонки Наби саллаллоҳу алайҳи васаллам қадамларини кўтарсалар, ўша жойга Бухорий қадамини қўяр эди”.

Фирабрий, Нажм ибн Фузайл ҳам шунга ўхшаш туш кўрганларини ривоят қилиб келтирган.[5]

Таъкидлаб ўтганимиздек бу китоб барча аср уламолари томонидан энг тўғри ва мўътабар манба деб эътироф этилган. Баъзи кишиларнинг “Ал Жомеъ ас Саҳиҳ” ҳақида юзага келган нотўғри тасаввурларининг негизи—ровийларнинг ихтилофлар сабаблидир.[6]

Бу баъзилар ўйлаганидек “Ал Жомеъ ас Саҳиҳ”га нисбатан салбий ёндашувни келтириб чиқармайди. Балки бу табиий ҳол бўлиб, муҳаддис уламолар ўз мусаннифотларини ёзишда илмий жиҳатига қанчалик диққат билан ёндашганликларини, ўз шайхларидан олган ҳадисларни қайта кўриб чиқиб, хатоларини тўғрилашда бардавом бўлганларини, манбаларга қайта-қайта мурожаат қилишга ўта талабчан бўлганликлари ва уни пухта билганликларини фикр қилиш имконини беради.

Бу каби эътиборни нафақат “Ал Жомеъ ас Саҳиҳ” ҳақида, балки Имом Моликнинг “Муватто” китоблари ҳақида ҳам айтишимиз мумкин. Бу китобда ҳам ровийларга қайта-қайта мурожаат қилингани учун ҳадис ривоятлари бир нечта бўлганини кўришимиз мумкин. Бундан ташқари бошқа ҳадис китобларида ҳам ровий ва ривоятларнинг кўплиги, мусулмонлар далилларнинг ишончли ва аниқлигига беҳад эътиборли бўлганликларига далолат қилади.

Имом Бухорий ўз мусаннифотларига катта эътибор қаратганлар. Бу ҳақида у кишининг ўзлари шундай дейдилар: “Барча китобларимни уч мартадан тасниф қилиб чиқдим”, яъни қайта-қайта кўриб сўнг вараққа туширганлар.[7] 

“Ал Жомеъ ас Саҳиҳ” хусусида Ҳофиз ибн Ҳажар шундай дейдилар: “Имом Бухорий ундаги ҳадисларни шаҳарлардан тўплаган бўлсалар-да, уларни тартибга солиш ва бобларга ажратиб ёзишни Масжид Ҳаромда бошлаганлар. Ўн олти йил мобайнида уларни қоғозга туширганлар. Аммо бу муддатни тўлиқлигича Маккада ўтказмаганлар”.

Ибн Адийнинг бир қанча ҳадис шайхларидан қилган ривоятида: “Имом Бухорий “Ал Жомеъ ас Саҳиҳ” китобларини Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ва минбарлари ўртасида ёзганлар. Ҳар бир ҳадисни ёзишдан олдин икки ракаат намоз ўқирдилар” дейди.

Бу ҳақида Имом Бухорийнинг ўзлари шундай дейдилар: “Саҳиҳ” китобига ғусл қилмасдан ва икки ракаат намоз ўқимасдан олдин бирор бир ҳадисни киритмадим”.[8]

Яна: “Ал Жомеъ ас Саҳиҳ“ни 16 йил давомида тўплаган 600 минг ҳадислардан тасниф қилдим. Уни ўзим билан Аллоҳ ўртасида ҳужжат қилдим”.[9]

Яна: “Ал Жомеъ ас Саҳиҳ“ китобимни масжидул Ҳаромда тасниф қилдим. Унга, икки ракаат намоз ўқиб Аллоҳ таолодан истихора қилиб, саҳиҳлигига ишонч ҳосил қилмагунимча, бирор бир ҳадисни киритмадим”—дедилар.[10]

Абу Жаъфар ал Уқайлий: “Бухорий ўзининг “Ал Жомеъ ас Саҳиҳ” китобини тасниф қилгач, уни Ибн ал Мадиний, Аҳмад ибн Ҳанбал, Яҳё ибн Муъийн ва бошқаларга кўрсатди. Улар китоб ҳақида яхши фикр билдириб китобдаги тўртта ҳадисдан бошқа, барча ҳадисларнинг саҳиҳлигига гувоҳлик беришди”—деди. Уқайлий: “Сўз, имом Бухорий айтганидек. У саҳиҳдир” —деди.[11]

Имом Бухорий ҳадисларни ва “Ал Жомеъ ас Саҳиҳ” китобларини ёзиб олишлари учун илмий мажлис ташкил этган эдилар. Фирабрийнинг айтишича, Имом Бухорийнинг ўзидан тўқсон минг киши ҳадис эшитган. У кишидан охирги ҳадис эшитган одам Бағдодда Қози Ҳусайн ал Маҳомилий бўлган.[12]

Ибн Рушайд “Ал Жомеъ ас Саҳиҳ” китоби ҳақида шундай дейди: “Сўнг бу китоб Фирабрийдан мутавотир бўлди. Бас мусулмонлар уни маржон қилиб тақиб олдилар ва унга ижмоъ бўлдилар”.[13]

Муҳаддислар Имом Бухорийнинг “Ал Жомеъ ас Саҳиҳ” китобларига бениҳоя эътибор билан ёндашдилар. Имом Бухорийнинг шогирди Фирабрий: “Ал Жомеъ ас Саҳиҳ” китобини, Бухорийнинг ўзидан 90 минг киши эшитганини айтиб ўтади.[14]

Уни ёд олиш ва келгуси авлодларга етказишда ҳам муҳаддислар томонидан қўйилган қоидаларга амал қилиб, эътиборли бўлишгани, ундаги ривоятлардан ҳам билинади.

“Ҳозирги кунда “Ал Жомеъ ас Саҳиҳ”нинг қўлёзма нусҳалари сақланиб қолганми ёки йўқми?” деган савол барчамиз учун долзарб савол саналади. Ғарб ва шарқдаги мусулмонлар “Ал Жомеъ ас Саҳиҳ”нинг нусхаларига эга бўлиб, уларни масжидлар, хос ва умумий кутубхоналарга қўйишга, улардан барча бирдек фойдаланишига талабчан бўлганлар. Кейинчалик мусулмон мамлакатлари душманлар томонидан босиб олингач, у китоб ва қўлёзмалар ўғирлаб кетилган ва талон тарож қилиниб турли давлатлардаги кутубхоналарга олиб кетилган. Имом Бухорийнинг “Ал Жомеъ ас Саҳиҳ” асарларининг қўлёзма нусхалари энг кўп ёзилган асар сифатида эътироф этилади.

Ҳозирда “Ал Жомеъ ас Саҳиҳ”нинг тўлиқ бўлаклари ёки баъзи қисмлардан иборат қўлёзма нусхаси дунёнинг 2327 та кутубхоналарида сақланмоқда, жумладан: Мадинаи Мунавварадаги “Малик Абдулазиз” кутубхонасида ушбу китобнинг 226 та асл нусхаси мавжуд. Уларнинг баъзиси тўлиқ ва баъзиси бўлаклардан иборат ҳолда сақланмоқда.[15]

Аллоҳ таоло улуғ аждодларимиз қолдирган бебаҳо илмий меросга ҳақиқий меросхўр бўлишлик, уни ўқиб ўрганиб келгуси авлодларга етказишлигимизни барча илм аҳлларига насиб қилсин!

Фойдаланилган адабиётлар
  1. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Одоблар хазийнаси” китоби. Тошкент шаҳри. “Шарқ” нашриёти. 2011 йил.
  2. Доктор Муҳаммад ибн Абдулкарим ибн Убайд. “Ривоят ва нусах ал Ал Жомеъ ас Саҳиҳ” китоби. Маккаи Мукаррама шаҳри. 2006 йил.
  3. Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон аз Заҳабий “Тарих ал Ислам ва вафиййот ал Машаҳир вал Аълам” китоби. Байрут шаҳри. “Дорул кутуб ал Арабий” нашриёти. 1987 йил.
  4. Ибн Ҳажар Асқалоний. “Фатҳул Борий” “Дорул Маърифа” нашриёти. Байрут 1379ҳижрий сана.
  5. Имом Абу Бакр Аҳмад ибн Али Хатиб ал Бағдодий. “Тарих Бағдод” китоби “Дорул кутуб ал илмия” нашриёти. Байрут-Лубнон.
  6. Шамсиддин Заҳабий. “Сияр Аълам Нубала” “Муассаса ар Рисала” нашриёти. Байрут. 1993 йил.
Олимхон Исахон ўғли,
Ҳадис илми мактаби  ректори

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …