Home / МАҚОЛАЛАР / Ҳадисни инкор қилувчиларнинг даъволари ва уларга раддиялар (2-мақола)

Ҳадисни инкор қилувчиларнинг даъволари ва уларга раддиялар (2-мақола)

Иккинчи даъво.

Аллоҳ таоло Қуръон каримни сақлашга кафил бўлганининг хабарини бериб марҳамат қилади:

إِنَّا نَحْنُ نَزَّلْنَا الذِّكْرَ وَإِنَّا لَهُ لَحَافِظُونَ

“Албатта, Зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, биз муҳофаза қилурмиз” (Ҳижр 9-оят).

Оятда суннат ва ҳадисни сақлаши ҳақида гап йўқ. Агар суннат ва ҳадис ҳам далил ва Қуръонга ўхшаб ҳужжат бўлганида Аллоҳ таоло суннат ва ҳадисни ҳам сақлашга кафил бўлар эди”.

Иккинчи даъвога жавоб.

Аллоҳ таоло оятда “Зикр”ни сақлашга кафил бўлди. “Зикр” фақатгина Қуръони карим билан чекланмайди. Балки ундан мақсад Аллоҳ таолонинг шариати ва Расули орқали юборган дини ҳисобланади. Яъни “Зикр” сўзи умумий маънода келгани учун Қуръони карим ҳамда суннат ва ҳадис бўлиши мумкин. Бунга Аллоҳ таолонинг сўзи ҳам далил бўлади:

فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ

“Агар билмайдиган бўлсангиз Зикр аҳлидан сўранглар”  (Наҳл 43-оят). “Зикр аҳли” деганда Аллоҳ таолонинг динини ва шариатини биладиганлар назарда тутилган.

Шубҳасиз, Аллоҳ таоло Ўз Китобини сақлагани каби Расулининг суннатини ҳам сақлади. Бунга ҳадисларни ёдлаш, инсонлар ҳадисни бир-биридан нақл қилиши, дарслар қилиш ва ҳадисларнинг саҳиҳини заифидан ажратиш сабаб бўлди. Уламолар бу йўлда бутун умрларини сарфлаб кўп қийинчилик ва машаққатга дучор бўлдилар. Шу сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан бирон нарса қолиб кетмади ҳамда асосий манба бўлиб келмоқда.

Уламолар айтишади: Суннат барча олимларда бор. Айримларда кўп, айримларда кам шаклда бор. Агар ҳаммаларининг илми тўпланса, ҳамма суннат жамланади. Агар улар ҳар тарафга кетса, суннатдан баъзиси кетади. Шу билан баъзи суннат кетса, бошқада бу суннат бўлади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан бирон нарса йўқ бўлиб кетмаган, деб қатъий айта оламиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган ишлари ёки айтган гапларининг барчаси китобларда жамланган. Ҳадисларни етиб келиш йўллари турлича ва саҳиҳлик даражасида қарама-қарши бўлса ҳам барча ҳадислар тўпланган”.

Ибн Ҳазм айтдилар: “Луғатшунос олимлар ва шариат илмида етук бўлган олимлар “нозил қилинган зикр” деганда Аллоҳ таоло тарафидан нозил бўлган ҳар бир ваҳийни назарда тутишади. Аллоҳ таоло барча ваҳийни сақлаши аниқ. Аллоҳ таоло сақлашга кафил бўлса ундан бирон бир нарса ҳеч қачон йўқ бўлиб кетмайди. Ҳамда ботил бўлиши мумкин эмас. Ҳатто ҳарфлари ҳам абадий сақланади”.

Сўнгра ибн Ҳазм Қуръони карим оятидаги “Зикр” дан мақсад фақатгина Қуръони карим деб ўйлаганларга раддия билдириб айтадилар: “Оятдаги “Зикр”ни Қуръони каримга хослаш далили йўқ ёлғон даъво ҳисобланади. “Зикр” сўзидан мақсад Қуръони карим ва оятларни баён қилувчи ҳадисдан иборат. Қуръони каримни ҳам, ҳадиси шарифни ҳам Аллоҳ нозил қилган. Бу ҳақда Аллоҳ айтди:

وَأَنْزَلْنَا إِلَيْكَ الذِّكْرَ لِتُبَيِّنَ لِلنَّاسِ مَا نُزِّلَ إِلَيْهِمْ وَلَعَلَّهُمْ يَتَفَكَّرُونَ

“…Ва сенга одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришинг учун Зикрни нозил қилдик, шоядки тафаккур қилсалар” (Наҳл 44-оят).

Ҳақиқатдан ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримни баён қилиб беришга буюрилганлар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда сўзи мужмал бўлган, яъни биз нима назарда тутилганини билмайдиган кўп оятлар нозил қилди. Лекин бу мужмал сўзларни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам баён қилиб берганлар. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оятлардаги мужмал сўзларни баён қилиб берган ҳадислари сақланиб қолмаганда нима бўлар эди? Унда ибодатлар қачон мукаммал ва қачон ботил бўлиши ҳақидаги маълумот бўлмас эди. Бундай вазият Қуръони карим матнидан фойда олишни йўққа чиқаради. Бандаларга фарз бўлган кўп амаллар ҳам йўққа чиқади. Аллоҳ таоло ирода қилган ҳақиқий маъноларнинг тўғрисини билмай қолар эдик.

Ойбек Ҳошимов
Ҳадис илми мактаби катта ўқитувчиси

Check Also

АБУ ҲУРАЙРА РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУГА ҚИЛИНГАН ТУҲМАТЛАРНИ БАРТАРАФ ҚИЛИШДА ТАРИХИЙ МАНБАЛАР АСОСИДА ЗАМОНАВИЙ ТАДҚИҚОТЛАР ҚИЁСИЙ ТАҲЛИЛИ

Маҳмуд Абу Раййа (1889-1970) “Маҳмуд Абу Раййа 1889 йили 15 декабрда Мисрнинг Дақҳалия муҳофазасида туғилган. …