Home / МАҚОЛАЛАР / Ҳадисни инкор қилувчиларнинг даъволари ва уларга раддиялар

Ҳадисни инкор қилувчиларнинг даъволари ва уларга раддиялар

Ҳадисни инкор қилувчилар қуйидаги даъволарни қилади.

Биринчи даъво.

Қуръони карим динга тегишли барча ишлар ва ҳукмларни ҳеч бирини четда қолдирмай ҳаммасини ўзида қамрайди. Аллоҳ таоло айтади:

مَا فَرَّطْنَا فِي الْكِتَابِ مِنْ شَيْء

“Китобда ҳеч нарсани қўймай ёзганмиз” (Анъом, 38-оят).

Барча ҳукмларни мукаммал тарзда баён қилди. Аллоҳ таоло бу ҳақда хабар бериб айтади:

وَنَزَّلْنَا عَلَيْكَ الْكِتَابَ تِبْيَانًا لِكُلِّ شَيْءٍ

“Сенга Китобни ҳар бир нарсани баён қилгувчи этиб, нозил қилдик.” (Наҳл, 89-оят).

Агар ҳадис ва суннат Қуръони каримни баён қилади дейилса Аллоҳнинг сўзига тўғри келмайдиган гап айтилган бўлади. Оятда келган маънога тескари фикр туғилган бўлиб чиқади. Аллоҳ таолонинг каломига эса ҳеч ҳам хилоф қилиб бўлмайди.

Биринчи даъвога жавоб.

Ҳақиқатдан ҳам Қуръони карим дин асосларини ва умумий ҳукмлар қоидаларини ўзида мужассам қилди. Айримларига очиқ далил келтирди. Бошқаларининг баёнини эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қолдирди. Модомики, Аллоҳ таоло инсонларга динларининг ҳукмларини баён қилиш учун пайғамбар юборар экан, ўша пайғамбар ҳукмларни баён қилиши Аллоҳнинг Китобига баён бўлади. Бунда эса Қуръони карим ва ҳадиснинг тармоғи бўлган ижмо ва қиёсдан олинган шаръий ҳукмлар Аллоҳнинг китобидан ҳукм ёки насс (матн) ёки далолат бўлади. Бундай ҳолда ҳадиснинг ҳужжатлиги ва Қуръони каримнинг ҳар бир нарсага баён бўлиб келганида ўзаро зиддият йўқ. Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ: “Бирор кишига дин ишидан бирон нарса келса, албатта, унга Аллоҳнинг китобида кўрсатма бор”, деганлар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло айтди:

وَنَزَّلْنَا عَلَيْكَ الْكِتَابَ تِبْيَانًا لِكُلِّ شَيْءٍ

Сенга Китобни ҳар бир нарсани баён қилгувчи этиб, нозил қилдик. (Наҳл, 89-оят)

Баён  бир неча фаръий қоидалар жамланмасининг маъноларини ўзида қамраган исм. Аллоҳ таоло бандаларга ибодат қилишни баён қилиши ҳар-хил жиҳатлардан бўлган.

Шулардан;

  1. Бандаларга насс тарзда баён қилган. Масалан, бандаларга намоз, закот, рўза ва ҳажнинг фарзлиги, фаҳш ишларнинг зоҳири-ю ботини ҳаромлиги, зино қилиш, ўлимтик ейиш, қон ва чўчқа гўшти ҳақидаги насслар.
  2. Фарзлигини Қуръон карим билан ҳукм қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали кайфиятини баён қилди. Масалан, намозни неча ракаатлиги, намоз вақти, закотнинг ҳукмлари, миқдори. Уларни Қуръони каримда Аллоҳ айтган, бошқа жиҳатларини Набий  соллаллоҳу алайҳи васаллам баён қилдилар.
  3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан суннат бўлиб, унда Аллоҳ таоло тарафидан ҳукмга насс йўқ. Аллоҳ таоло Китобида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишни, ҳукмларда У зотга мурожаат қилишни фарз қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қабул қилган киши Аллоҳ таолонинг фарзи билан қабул қилган бўлади .
  4. Аллоҳ таоло бандаларига ижтиҳод қилиб топишни фарз қилган. Фарз қилинган ишларда бандаларнинг итоат этишини синагани каби ижтиҳоддаги бўйсунишларини ҳам имтиҳон қилди.

Хулоса ўрнида айтганда, банда Қуръони каримдаги фарзларни Аллоҳдан қабул қилади. Аллоҳ таоло ҳар бир инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишни ва ҳукмларига бўйсунишни фарз қилди. Демак инсон Аллоҳ таолонинг ҳукмларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали қабул қилади. Уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қабул қилган киши Аллоҳдан қабул қилган бўлади. Аллоҳ таолонинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳукмларни қабул қилиш юзаки қарагандан икки хил йўл. Лекин ҳукмларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қабул қилиш ҳам Аллоҳ таолодан қабул қилиш билан баробар.

Ойбек Ҳошимов
Ҳадис илми мактаби катта ўқитувчиси

Check Also

АБУ ҲУРАЙРА РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУГА ҚИЛИНГАН ТУҲМАТЛАРНИ БАРТАРАФ ҚИЛИШДА ТАРИХИЙ МАНБАЛАР АСОСИДА ЗАМОНАВИЙ ТАДҚИҚОТЛАР ҚИЁСИЙ ТАҲЛИЛИ

Маҳмуд Абу Раййа (1889-1970) “Маҳмуд Абу Раййа 1889 йили 15 декабрда Мисрнинг Дақҳалия муҳофазасида туғилган. …