Home / МАҚОЛАЛАР / ТЕМУРИЙЛАР ДАВРИДА ҚУРЪОН ИЛМЛАРИ РИВОЖИ

ТЕМУРИЙЛАР ДАВРИДА ҚУРЪОН ИЛМЛАРИ РИВОЖИ

Қуръони каримга мусулмон уламолари томонидан доимо юксак эътибор бериб келинган. Саҳобалар давридан ҳозирги кунимизга қадар ушбу муқаддас китоб қамраган илмларга доир бир қанча асарлар таълиф этилган. Нафақат мусулмонлар, балки мусулмон бўлмаган халқлар ҳам бир неча асрлардан буён Қуръони каримни эътибор билан ўрганиб келадилар.

Жаҳон тарихида сезиларли из қолдирган темурийлар сулоласи (1370–1507) Мовароуннаҳр диёрида илм-фан ва маданият тараққиёти йўлида салмоқли ишларни амалга оширди. Темурийлар даврида Мовароуннаҳр Ўрта асрлар Шарқ тамаддунининг марказларидан бири эди. Мазкур даврда Қуръон илмларининг муҳим соҳаси ҳисобланган тафсир илмига катта эътибор қаратилди. Қуръони карим илмларига бағишланган асарларнинг аксар қисми ушбу илм соҳасида тасниф этилди. Хусусан, бу даврда XII–XIII асрларда ёзилган Маҳмуд Замахшарийнинг “ал-Кашшоф”, Абу Ҳафс Насафийнинг “Мадорику-т-танзил”, Қози Байзовийнинг “Анвору-т-танзил ва асрору-т-таъвил” каби машҳур тафсир асарларига шарҳ ва ҳошиялар битилди. Мустақил ёзилган тафсирларнинг аксарияти эса ақлий тафсир турлари саналиб, улар орасида тилшунослик ва ишорий йўналишдаги тафсирлар салмоғи юқори. Шунингдек, бу даврга хос хусусиятлардан бири айрим суралар тафсирига бағишланган асарлар ёзилиши бўлди.

Адабиётларда Амир Темур бежизга илм-маърифат ҳомийси сифатида тилга олинмайди. Саркарда қайси юртга бормасин, ўша ердаги кўзга кўринган олимлар, ўз соҳасининг мутахассисларига омонлик берилишини таъкидлар, уларни Самарқандга олиб келиб, устоз мақомига кўтарар эди. Айнан ушбу омил салтанатнинг Амир Темурдан кейинги ҳаётида ҳам шаръий илмлар, адабиёт, астрономия, математика каби соҳаларда салмоқли ишлар амалга оширилиши учун пойдевор бўлди.

Амир Темур даврида Самарқандда яшаб, илмий фаолият олиб борган машҳур олимлардан бири, калом, мантиқ, араб тили қоидалари, ҳандаса, фиқҳ, тафсир каби бир қатор илмларнинг билимдони саналган Саъдуддин Тафтазоний (1322–1389)дир. Олим қирқдан зиёд асарлар ёзган бўлиб, уларнинг аксарияти ҳозирга қадар диний таълим муассасаларида дарслик сифатида ўқитиб келинмоқда. Унинг тафсирга оид “Ҳошия ала-л-Кашшоф” (“Талхис ал-Кашшоф”) асари машҳур. Форс тилида ёзилган мазкур тафсирнинг битта қўлёзма нусхаси 1:№ 10596 рақами остида ЎзР ФА ШИда сақланмоқда[1]. Асар Маҳмуд Замахшарийнинг “Кашшоф” асарига ёзилган ҳошия ҳисобланади. Бу ҳақда Ҳожи Халифа: “Ушбу асар “Кашшоф” шарҳига таълиқ қилиб ёзилган”, деб таъкидлаган. Тафтазоний ушбу асарни 1385 йили Самарқандда ёзишни бошлаган, аммо охирига етказа олмаган. Асар Бақара сурасидан Ҳуд сурасигача ва Зумар сурасидан Талоқ сурасигача бўлган сураларни ўз ичига қамраб олган. Британия музейида асарнинг яна бир қўлёзма нусхаси сақланади[2].

Шунингдек, манбаларда “Кашф ал-асрор ва уддат ал-аброр фи тафсир ал-Қуръон” номли асар ҳам Тафтазонийга нисбат берилади. ЎзР ФА ШИда 1:№ 3742 рақами остида “Кашф ал-асрор ва уддат ал-аброр” номли асар мавжуд бўлиб, у Тафтазонийга тааллуқли дейилган[3]. Ушбу асар Қуръони каримга ёзилган форсча тафсирдир[4].

Амир Темур ҳукмронлик йилларида Самарқандда фаолият олиб борган яна бир забардаст олим Саййид Шариф Журжоний бўлиб, олим 1340 йили Журжон яқинидаги Току қишлоғида таваллуд топган. Олимнинг тўлиқ исми Абул Ҳасан Али ибн Муҳаммад ибн Али бўлиб, саййид нисбати пайғамбар Муҳаммад (алайҳиссалом)га насаб жиҳатидан боғлиқлиги сабабидан берилган. Амир Темур 1387 йили Шерозни ишғол қилгач, олимни Самарқандга олиб келган ва уни барча мударрисларга раис мақомига кўтарган эди. Саййид Шариф Журжоний ва унинг асарлари ҳақида олиб борилган тадқиқотларга кўра, олим диний ва дунёвий илмларга бағишланган юзга яқин асар ёзган. Асарларининг аксар қисмини шарҳ ва ҳошиялар ташкил этади. Саййид Шариф Журжонийнинг араб тили ва адабиётига доир асарлари илм аҳллари доимий мурожаат қилувчи китоблар сифатида наслдан наслга ўтиб келди ва унинг фикрлари мадрасаларда тил ва адабиёт дарсликлари учун асос бўлиб хизмат қилди[5]. Булардан ташқари Журжоний тафсир, ҳадис, усули ҳадис, баҳс ва мунозара, геометрия ва астрономия илмларига оид қимматли асарлар ёзганки, уларнинг барчаси мазкур илм соҳалари мутахассислари тарафидан қабул қилинган ва ушбу соҳаларнинг муҳим манбаларидан ҳисоблаб келинмоқда.

Табақот асарларида олимнинг тафсир илмига оид “Ҳошия ала тафсир ал-Байзовий”, “Тафсир аз-заҳровайн”, “Ҳошия ала-л-Кашшоф”, “Таржумон ал-Қуръон”, “Рисола фи қовлиҳи таала “Санурийҳим аятина фи-л-офоқи ва фи анфусиҳим””, номли асарлари зикр этилади. Ҳозирга қадар олиб борилган тадқиқотлар натижасида олимнинг Қуръон илмларига оид юқорида санаб ўтилган асарларидан ташқари “Шарҳ муфрадот ал-алфоз ал-Қуръон ли-р-Роғиб” номли асар таълиф этгани ҳам аниқланди. Шунингдек, унинг машҳур диний истилоҳлар қомуси ҳисобланган “ат-Таърифот” асарида ҳам Қуръон илмлари ва Қуръони каримда зикр этилган айрим ибораларнинг таърифлари келтирилган. Бундан келиб чиқиб, мазкур асарни олимнинг Қуръон илмларига оид асарлари қаторида тадқиқ этиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Хожа Порсо Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Ҳофизий Бухорий Мовароуннаҳрнинг улуғ олимларидан, нақшбандия тариқатининг машҳур шайхи ва Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг яқин шогирди. 1355 йилда Бухорода туғилган. Алломанинг умумий ҳисобда йигирмага яқин асарлари мавжудлиги манбаларда айтилган. Улардан тафсирга оид “Тафсири Қуръон” номли асари машҳур. Унинг 1:№ 2180 рақами остида бир қўлёзма нусхаси ЎзР ШИда сақланади. Унинг 3 бети Абдураҳмон Жомийга тегишли. Мазкур тафсир Қадр сурасидан Ҳумаза сурасигача бўлган суралар тафсирига бағишланган. Хожа Муҳаммад Порсо тасаввуф пешволаридан бўлгани учун ҳам бошқа асарлари қатори тафсирида ҳам унга эътибор қаратади. Тафсирда Фотиҳа, Қадр, Баййина, Залзала, Адият, Қориа, Такасур, Аср ва Ҳумаза сураларидир.

Умрининг асосий қисмини Мовароуннаҳрда ўтказган ва шу ерда вафот этган Яъқуб Чархий 1363 йилда Афғонистоннинг Ғазна шаҳрига қарашли Чарх қишлоғида туғилган. Олим “Тафсир-и Чархий” номли тафсир китобини ёзган. Унинг бир неча қўлёзма нусхалари ЎзР ФА ШИда сақланмоқда. Мазкур тафсир форс тилида ёзилган бўлиб, у тасаввуфий тафсирлардан саналади. Чунки муфассир бир томондан Нақшбандий тариқатининг пешволаридан бўлса, яна бир томондан ўша пайтда форс тилида асарлар ёзиш анъана тусини олган эди. Шу сабаб ҳам муаллиф ушбу анъанага мувофиқ, форсий тафсир битади.

“Тафсири Чархий” асари Ўрта Осиёда форс тилида ёзилган илк тафсирлардан бири ҳисобланади. Лекин, ушбу тафсир Қуръони Каримнинг тўлиқ тафсири бўлмай, балки Фотиҳа сураси ҳамда охирги икки порани ўз ичига олади. Тафсирининг бу каби қисқа бўлиши ҳақида муаллифнинг ўзи шундай дейди: “Мендан бир гуруҳ дўстлар, биродарлар Фотиҳага ҳамда Мулк сурасидан то китобнинг охиригача катта-кичик фойдалана олишлари учун форс тилида тафсир ёзиб беришимни илтимос қилдилар”[6]. Шу тариқа тафсир ёзишга киришган Мавлоно Чархий ўз асарида жами 49 та сурани тафсир қилди. Лекин тафсирнинг ёзилган санаси эса аниқ эмас.

Мовароуннаҳрлик таниқли муаррих, фақиҳ ва муфассир Камолуддин Султон Муҳаммад Ҳофиз Кўҳакий Фаркандий Тошқандий 1490 йилда Тошкентда туғилган. Мавлоно Али Қушчининг набираси ҳисобланган ушбу олим ёшлигидан илм талабида Миср, Ироқ, Шом, Яман, Ҳижоз, Афғонистон, Эрон, Туркия, Шарқий Туркистонга сафар қилган. Бобур ҳузурига элчи бўлиб борган. Ўз ерининг бир қисмида мадраса ташкил этиб, ўзи ҳам унда дарс берган. 1572 йилда вафот этган, қабри Қаффол Шоший мақбарасига кираверишда жойлашган.

Олимнинг Қуръон шарҳига оид “Ҳошия ала тафсир ал-Байзовий”[7] асари мавжуд бўлиб, машҳур “Тафсир ал-Байзовий”га ёзилган ҳошия-изоҳдир. Шунингдек, Шарқшунослик институти хазинасида 1:№ 9857/4 рақами остида Кўҳакийга мансуб деб берилган “Тафсир оятил Курсий” асари сақланмоқда[8]. Яна худди шу номда ушбу муаллифга тааллуқли 1:№ 5600/26 рақами остида бир асар ҳам бўлиб, унинг кўчирилган санаси 1250/1834 йилда дейилган[9]. Бундан ташқари, 1№ 8160/5 рақами остида бир асар бўлиб, унинг кўчирилган санаси: 1044/1634 йилга тўғри келади[10].

Темурийлар даврида илмий фаолият олиб бориб, Қуръон илмларига оид асарлар битган Муҳаммад ибн Жазарий, Али Қушчи, Алоуддин Али Тусий, Алишер Навоий каби бошқа кўплаб олимларни ҳам санаб ўтиш мумкин.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, бу даврда ёзилган Қуръон илмларига оид асарларнинг аксар қисми тафсир йўналишида бўлиб, улар муқаддам тасниф этилган машҳур тафсирлар шарҳи ёхуд айрим суралар тафсирига бағишлангани билан хусусиятлидир. Уларни ўрганиш ва илмий муомалага киритиш давлатчилигимиз асоси бўлмиш темурийлар даврида Қуръон илмларининг ўрганилиши ва ривожланиш босқичлари бўйича хулоса қилишда муҳим аҳамият касб этади.

 

[1] Бу қўлёзма 437 варақ (437 б – 1 б.)дан иборат; 14х24,5 см; 21 йўл; лавҳали; арабча; насх хатида. Қаранг: Умурзоқов Б. Тафсири баҳр. Қўлёзма китоблар асосида Қуръони карим оятлари маъноларининг илмий-изоҳли таржима ва тафсирлари (29-30 жуз): монография. – Т.: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2010. – Б. 412.
[2] Ў.Палванов. Саъдуддин Тафтазоний ва унинг “Шарҳ ал-ақоид ан-Насафия” асари. – Т.: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2015. – Б. 21.
[3] Масъуд ибн Умар Саъдуддин ат-Тафтазоний. Кашф ал-асрор ва иддатул аброр. Ўлчами: 2х27,  130 варақ, 25 йўл, сулс ёзувида, форс тилида, Юсуф сурасидан бошланади.
[4] Саъдуддин Тафтазоний. Шарҳ ал-Мақосид. – Ж. 1. – Б. 8.
[5] Садриддин Гумуш. Сеййид Шериф Журжани. – Инстанбул: Фатиҳ яйинэви матбааси, 1984.  – Б. 110.
[6] Яъқуб Чархий. “Тафсири Чархий”, ЎзР ФА ШИ хазинаси, Инв. Н 12518, 1б-бет.
[7] Абдуллоҳ Абдулҳамид Саад. Ўрта Осиё олимлари қомуси / З.И.Мунавваров таҳрири остида. – Т.: Имом Бухорий республика илмий-маърифий маркази нашриёти, 2007. – Б. 227-228.
[8]У 6 варақ (79 б – 73 б.); 14х26 см; 17 йўл; арабча; настаълиқ хатида ёзилган.
[9]7 варақ (264 б – 258 б.); 14х24 см; 15 йўл; арабча; настаълиқ хатида; котиби: Муҳаммад Шариф ибн Қулмуҳаммад.
[10] У 5 варақ (169 б – 154 б.)дан иборат; 13,5х21 см; 22 йўл; арабча; настаълиқ хатида; котиби: Бобо ибн Ёдгор.
Достон МУСТАФАЕВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси,
Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш
IСESCO кафедраси таянч докторанти

Check Also

شرح مطالب المصلى (شرح فقه كيدانى)(Шарҳ матолиб ал-мусалли, (= Шарҳ фиқҳ ал-Кайдоний))

№ inv. MR 217|II Муаллиф. Саъдуддин Масъуд ибн Умар Тафтазоний (ваф. 791/1389 й.)  Фиқҳ. Мазкур …