Home / МАҚОЛАЛАР / МИЛЛАТЛАРАРО МУНОСАБАТЛАРДА ТОТУВЛИК ВА ҲАМЖИҲАТЛИКНИ ЮКСАЛТИРИШ ЗАРУРАТИ

МИЛЛАТЛАРАРО МУНОСАБАТЛАРДА ТОТУВЛИК ВА ҲАМЖИҲАТЛИКНИ ЮКСАЛТИРИШ ЗАРУРАТИ

Бугун миллат тушунчаси, миллат омили барча ижтимоий ва сиёсий муносабатлар тизимида етакчи омиллардан бири даражасига айланиб бормоқда. Миллат бугун инсоннинг ўзини-ўзи англаши ва ривожланишининг юксак мезонлари даражасига, шунингдек, давлатлараро ижтимоий ва сиёсий муносабатларга ўзининг кучли таъсирини ўтказмоқда.

Барчамизга маълумки, дунёда қанча миллат, халқ бўлса, ҳар бирининг ўзига хос феъли, урф-одат ва фазилатлари бор. Асрлар давомида турли-туман дин, маданият ва турмуш тарзига эга бўлган халқлар биргаликда яшаб келаётган Ўзбекистон ҳам бунинг ёрқин тасдиғидир. Қадим замонлардан бери юртимизда зардуштийлик, буддавийлик, яҳудийлик, насронийлик каби турли дин ва миллат вакиллари мавжуд бўлган. Айнан шу заминда юз йиллар давомида дунё маданиятларининг катта миқёсдаги бир-бирини бойитиш жараёни рўй берган.

Кейинги пайтларда «миллатлараро тотувлик» ва «миллатлараро муносабатлар» мавзуларида деярли ҳар куни матбуотда гапирилмоқда, кўрсатувлар олиб борилмоқда. Бунинг сабабларидан бири, миллатлараро муносабатлар моҳият ва мазмун жиҳатдан жуда серқирра ва теран мазмунга эга эканлигидадир.

Шу нарсани эʼтиборда тутиш керакки, миллатлараро тотувлик — умумбашарий қадрият бўлиб, турли халқлар биргаликда истиқомат қиладиган минтақа ва давлатлар миллий тараққиётида муҳим омилдир [1]. Муайян мамлакатга ном берган (титул) миллат билан унда яшайдиган бошқа халқлар ўртасида ҳамжиҳатлик бўлиши ижтимоий тараққиётнинг энг муҳим омилларидан биридир. Инсоният бино бўлгандан буён бу масалалар билан шуғулланиб келади. Ҳозирги даврда миллатлараро тотувлик ва муносабатлар тушунчасининг фалсафий мазмуни тўғрисида кўплаб файласуф, тарихчи, социолог ва шу каби бошқа соҳа вакиллари томонидан таъриф берилган бўлиб, шулардан баъзи бирларини таҳлил қилиб ўтмоқчимиз.

Жумладан, «Маънавият асосий тушунчалар изоҳли луғати»да «миллатлараро тотувлик» тушунчасига қуйидагича таъриф берилган: «Миллатлараро тотувлик – миллатлараро аҳиллик, халқаро дўстлик, миллий ғоянинг асосий ғояларидан бири, муайян ҳудуд, давлатда турли миллат вакилларининг баҳамжиҳат яшаши, ҳамкорликда фаолият юритишини ифодаловчи тушунча» [2].

Хорижий сўзлар луғатида эса, миллатлараро муносабатлар тушунчасининг маъноларидан бирини сабр-тоқат, кимгадир, нимагадир ҳурмат-эҳтиромда бўлиш деб талқин этилган. Шунингдек, Оксфорд луғатида миллатлараро тотувлик (толерантлик)ни «шахс ёки буюмни норозиликсиз ёки аралашувсиз қабул қилишга тайёрлик ва қобиллик» деб таърифланади [3].

Россияда нашр этилган сосиологик луғатда эса, миллатлараро тотувликка қуйидагича таъриф берилган:

  • Ёт одамнинг турмуш тарзи, хулқи, урф-одати, ҳиссиёти, фикри, ғояси, эътиқодига чидамлилик билан ёндашув;
  • ноқулай омилларни сезмай қолиш натижасида содир бўлган ҳодисаларга бағрикенглик билан ёндашув;
  • ноқулай, номақбул ҳиссий омиллар таъсирига ҳам чидам билан ёндашув [4].

Яна бир таниқли олим Марк Ноттурно бу тушунчани қуйидагича изоҳлайди: «миллатлараро тотувлик — ўзга ҳаёт тарзи, нуқтаи назар, ғоялар ва эътиқодларга тоқатлилик, бағрикенгликдир» [5].

Айтиш жоизки, миллатлараро муносабатлар турли зиддиятлар шароитида атрофдагиларга зарар етказмаган ҳолда ўзини-ўзи қарор топтиришдир. Миллатлараро ҳамжиҳатлик ҳис-туйғуларни жиловлайдиган онгли сергак нуқтаи назардир.

“Миллатлараро тотувлик, деб хулоса қилади, А.Капто, шундай бир қадриятдирки у “ўзгалар билан қарама-қарши туришга эмас, балки тинч-тотув яшашга, «ўзгалар»ни инкор қилишга эмас, балки тан олишга, зўравонликка итоаткорона сабр-тоқат билан қарашга эмас, балки уни бартараф этишга асосланади. Фаол сабр-тоқат тоқатсизлик, бошбошдоқлик ва ҳар қандай қилмишларни кечириб юборишнинг ҳаддан ташқари ҳукмли шаклларини қабул қилмасликдир” [6].

Кўриниб турибдики, миллатлараро муносабатларнинг мазмун-моҳиятини ҳар ким ҳар хил тушунади, баъзилар уни асосан сабр-тоқат деб тушунса, бошқалар инсониятнинг бирлиги, бошқалар ҳуқуқини ҳурмат қилиш ва бошқача бўлиш ҳуқуқи деб тушунади, яна бошқалар эса уни жазаваларга, номуайянлик вазиятига, можаро вазиятига чидамлилик деб тушунадилар.

Миллатлараро тотувлик мавзуси билан анчадан буён шуғулланиб келаётган олима Эъзоз Каримова мазкур масалага бағишланган «Ўзбек толерантлигининг ўзига хос хусусиятлари» номли китобида “миллатлараро тотувлик — одамларга меҳр-муҳаббат билан қараш, уларни ҳурмат қилиш, инсоннинг моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондириш, унинг шахс сифатида эркинлиги ва ҳуқуқларини таъминлаш каби ғоялар билан суғорилган диний, фалсафий, ҳуқуқий, ахлоқий ва шулар каби барча инсоний қарашлардан иборат прогрессив дунёқарашнинг асоси бўлиб хизмат қилади” [7], — деб таърифлайди. Шундан кўриниб турибдики, ҳар бир муаллиф миллатлараро тотувликни таърифлашга турлича ёндашадики, бу ҳам миллатлараро тотувликнинг кўп қамровли тушунча эканлигини кўрсатади.

Бизнинг фикримизча, миллатлараро муносабатлар бошқаларнинг фикри, диний эътиқоди, дунёқараши, миллий ва этник хусусияти ҳамда анъана-маросимларига ҳурмат-эҳтиромда бўлиш, инсонийликни устун ҳисоблашни билдиради. Бу сўзнинг қисқача маъно ва мазмуни бу ҳар бир жамиятнинг, унинг ҳар бир қатлами ҳамда шахснинг маънавияти билан чамбарчас боғлиқлигини унутмаслигимиз лозим. Нимага деганда, ҳар бир инсоннинг бағрикенглик даражасига унинг маънавий дунёси, таълим-тарбияси, қолаверса, улғайган муҳитининг таъсир кучи бўлишини инкор этиб бўлмайди. Умуминсоний қадриятларни қадрлайдиган, юксак маънавиятли инсон ҳеч қачон диний ва миллий айирмачилик йўлидан бормайди, балки барчага баробар муносабатда бўлади [8].

Демак, миллатлараро муносабатлар – муайян ҳудуд, давлатда турли миллат вакилларининг баҳамжиҳат яшашлари, ҳамкорликда фаолият юритишларини, мамлакатимиздаги турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатликни ифода этувчи тушунча.

Назаримизда, миллатлараро ҳамжиҳатлик, ҳар бир миллат ва элатнинг ўз вазифа ва бурчини англаб етишни назарда тутади. Бу вазифалар ва бурч кўп миллатли муҳитда ҳаёт кечириш, шу жумладан, ўзининг муносабатларига, малака ва кўникмаларига, мулоқот олиб бориш эҳтиёжига талабчанлик билан қараш зарурлиги, яъни бир-бирини тинглаш, тушуниш, шунингдек, кўп йиллар мобайнида тўпланиб қолган муаммоларни сабр-тоқат билан ўзаро маслаҳатлашиб, ҳар қайси томонлар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда босқичма-босқич ижобий ҳал қилишга интилишни тақазо қилади.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ

  1. Мамадалиев Ш.О. Миллий истиқлол ғояси ва миллий хавфсизлик. –Т.: «Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси», 2008. –Б.63.
  2. Маънавият асосий тушунчалар изоҳли луғати. -Т.: «Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи», 2009. –Б.379.
  3. Тишков В.А. О толерантности. //Толерантность и согласие. Материалы международной конференции «Толерантность, взаимопонимание и согласие». Якутск, июнь, 1995. М ., 1997. -C.19.
  4. Российская социологическая энциклопедия. –М.: «Наука», 1998. –С.278.
  5. Марк Ноттурно. Толерантность, свобода и истина: фаллибализм и открытие «закрытых обществ». //“Ижтимоий фикр” журнали. №2, 1998 йил.
  6. Капто А. От культуры войны и культуре мира. М.: «Наука», –C.153.
  7. Каримова Э. Оʼзбек толерантлигининг оʼзига хос хусусиятлари. -Т.: “Оʼзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Адабиёт жамгʼармаси нашриёти”, 2006. –Б.17-18.
  8. Ражапова М. Коʼп миллатли аҳил оила. //”Жамият ва бошқарув” илмий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маʼнавий-тарихий журнал. №3, 2007 йил.

Лазизжон ХОЛИҚОВ
Бухоро давлат университети изланувчиси

Check Also

ХIХ АСР ОХИРИ ВА ХХ АСР БОШЛАРИДАГИ САМАРҚАНД МАЪРИФАТПАРВАРЛИК АДАБИЁТИ НАМОЯНДАЛАРИДАН БИРИ САБРИЙ МУФТАҚИРИЙ МЕРОСИ

Сабрий нақшбандия тариқати вориси, ХХ аср бошлари адабий жараёнига ўзига хос ҳисса қўшган, шоир, шайх …