Home / МАҚОЛАЛАР / Қуръони каримни тафсир қилиш шартлари ва муфассирнинг одоблари

Қуръони каримни тафсир қилиш шартлари ва муфассирнинг одоблари

Қуръони карим – Аллоҳ таоло тарафидан ислом уммати учун қонун-қоида қилиб берилган илоҳий дастуруламалдир. Қуръони карим  маъноларини тушуниш,  унинг сир-асрорларини ва ундаги ҳукмларга амал қилиш абадий бахтга олиб боришлигини билиш лозим ишдур. Аммо инсонларнинг ҳаммаси ҳам Қуръони карим лафзларини ва унинг ибораларини очиқ ойдин тушинишда ва оятларнинг тафсилотларини билишда баробар бўлмайди.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони каримни ёдлаш ва уни баён қилиб бериш вазифасини юклади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Бас, қачон Биз (Жаброил тилида) уни ўқисак, Сиз ҳам уни ўқишга эргашинг! Сўнгра уни (Қуръонни) баён қилиб бериш ҳам, албатта, Бизнинг зиммамиздадир» (Қиёмат сараси 18-19оят). Зеро, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримни батафсил ҳаммасини тушунганлиги сабабли, уни саҳобаи киромларга очиқ ойдин баён қилиб берар эдилар. Қуръони карим араб луғати билан ва араб балоғатининг услубига кўра нозил бўлгани учун саҳобаларнинг ҳаммаси Қуръони карим маъноларини тушуниб етар эди.

Кейинги даврларда ислом диёри кенгайгач, мусулмонларга Қуръони карим маъноларини тушуниш машаққати пайдо бўлди. Шу вақтда ислом оламидаги уламоларга Қуръон  маъноларини тафсир қилиб очиб бериш  эҳтиёжи пайдо бўлди. Аммо, уламолар муфассирга бир неча шартларни ва одобларни шарт қилиб қўйди. Жумладан:

  1. Муфассирнинг исломий эътиқоди тўғри бўлишлиги. Чунки, кишидаги эътиқод тўғри бўлмаслиги, ўз соҳибининг нафсидаги нарсага таъсир ўтказиб, кўпинча ҳукмларни бузиб кўрсатишга ва хабарларни нақл қилишда хиёнатга йўл қўйишга олиб боради. Натижада эътиқоди бузилган киши Аллоҳ таолонинг каломини тафсир қилиб, китоб тасниф қилса, ўзининг эътиқодига тескари келадиган оятларни таъвил қилиб, одамларни салаф уламоларга эргашишдан ва ҳидоят йўлини маҳкам ушлашдан тўсиш учун оятларни ўзларининг ботил мазҳабларига бурадилар.
  2. Ҳавои нафсдан холи бўлишлик. Зеро, ҳавои нафс ўз эгаларини бузуқ эътиқодларининг ёйилишига ундаб, инсонларни мулойим сўзлар ва мазмун-моҳияти чиройли бўлган гаплар билан йўлдан оздирадилар. Худди қадарийлар, рофизийлар, муътазилийлар ва бошқа адашган оқимларнинг инсонларни йўлдан оздиришдаги одати каби йўл тутадилар.
  3. Муфассир авваломбор Қуръонни Қуръон билан тафсир қилишга эътибор бериши. Зеро, Қуръондаги оятлар бир ўринда жуда қисқа келган, бошқа ўринда кенг очиқ баён қилинган.
  4. Қуръони каримни Пайғамбаримиз саллаллуҳу алайҳи васаллам сўзлари билан тафсир қилиш. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сўзлари Қуръони каримни тушунтириб, маъноларини очиб беради. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ шундай дедилар: “Огоҳ бўлинглар, менга Қуръон ва у билан бирга унинг ўхшаши (яъни “Суннат”) берилди. Имом Шофеъий: “Пайғамбаримиз чиқарган ҳар бир ҳукм, у Қуръондандур», деган.
  5. Агар муфассир оятнинг тафсирини Пайғамбаримизнинг суннатларидан топмаса, саҳобаларнинг сўзларига юзланади. Чунки саҳобалар Қуръони карим нозил бўлган вақтдаги ҳолатларга тирик гувоҳ бўлиб, уларда тўлиқ фикрлаш, саҳиҳ илм ва солиҳ амаллари бор эди.
  6. Агар муфассир оятнинг тафсирини Қуръони каримдан ҳам, суннатдан ҳам, саҳобаларнинг сўзларидан ҳам топмаса тобеъинларнинг сўзларига мурожат қилади. Мужоҳид ибн Жабр, Саъийд ибн Жубайр, Ибну Аббоснинг мавлоси Икрима, Ато ибн Аби Рабоҳ, Ҳасанул Басрий ва Қотада ва тобеъинлардан бошқалар шулар жумласидандур. Чунки тобеъинлар тафсир илмларининг ҳаммасини саҳобалардан олганлар.
  7. Араб тилини мукаммал билиш. Албатта Қуръони карим араб тилида нозил бўлган бўлиб, уни тушуниш лафзларининг бирликларини ва далолат қилаётган ўринларини очиб бериш билан бўлади. Мужоҳид айтади: “Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган киши араб тилини билмасдан туриб, Аллоҳнинг каломи тўғрисида бир гапни гапиришлиги ҳалол бўлмайди”.
  8. Қуръонга таъаллуқли бўлган илмларнинг аслларини билиш. Қироатлар илмини, тавҳид илмини, усул илмини ва сабаби нузул, носих ва мансух ва шунга ўхшаш тафсир илмига оид илмларни билишлик зарурдир.

Муфассирга лозим бўлган одобларнинг энг муҳимлари:

  1. Ниятни чиройли қилиб, мақсадни тўғри қилиш.

Зеро, амаллар ниятга боғлиқдур. Шаръий илмлар умумий яхшиликлардан иборат соҳибининг мақсади, нияти билан бўлишлиги афзалдур.

2.Ҳулқининг чиройли бўлиши. Муфассир бошқаларга ҳулқда, одобда

ва фазилатда ўрнак оладиган даражада намуна бўлмоқлигидир.

3.Тўғри сўзлиликни ва нақл қилишликда мутлақо аниқликни қасд қилиш.

  1. Атрофдагиларга тавозели ва юмшоқ муомалада бўлиш.
  2. Бемаънилик ишлардан ўзини тиймоқлик.
  3. Ҳақ гапни очиқ-ойдин юзага чиқаришлик.
  4. Муфассир такаллуфсиз юриш-туришда виқор ва ҳайбатни касб қилишлиги.
  5. Ўзидан пешқадам кишини ҳурмат қилиш ва афзал деб билиш.

Уламоларимиз юқоридаги шарт ва оятларни ўзларида мужассам қилган ҳолда тафсир илмида юқори чўққиларга эришганлар.

О.Баҳриев:
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази Қуръоншунослик шўъбаси илмий ходими

Check Also

ЁШЛАРДА ВАТАНПАРВАРЛИК ТУЙҒУСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШДА ДИНШУНОСЛИККА ОИД ФАНЛАРНИ ЎҚИТИШНИНГ АҲАМИЯТИ

Жаҳонда содир бўлаётган глобаллашув жараёнлари­да дин омилининг ўрни тобора ортиб бормоқда. Дунёга хавф солаётган экстремистик …