Home / ЯНГИЛИКЛАР / МИЛЛИЙ ТАРИХИМИЗНИНГ ЯНГИ ТИМСОЛИ ёхуд Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси тарихи музейини шакллантиришга оид мулоҳаза ва тавсиялар янграган анжуман

МИЛЛИЙ ТАРИХИМИЗНИНГ ЯНГИ ТИМСОЛИ ёхуд Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси тарихи музейини шакллантиришга оид мулоҳаза ва тавсиялар янграган анжуман

Пойтахтимизда “Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси тарихи музейини шакллантиришга оид долзарб масалалар” республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Конференция ишида Фанлар академияси вицепрезиденти Баҳром Абдуҳалимов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, шунингдек, тарихчи, археолог, шарқшунос, музейшунос олимлар, соҳа мутахассислари, тадқиқотчилар иштирок этди.

Анжуманда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳузуридаги музей концепциясини такомиллаштириш, унинг олдига қўйилган вазифаларни изчил ва сифатли бажариш мавзулари муҳокама қилинди. Мазкур кўп тармоқли илмий-маърифий муассасанинг серқирра фаолиятини самарали ташкил этишга қаратилган амалий таклиф ва тавсиялар ўртага ташланди.

Давлатимиз раҳбари марказга ташрифларидан бирида “Ислом цивилизацияси маркази миллат мулкига айланади”, деб таъкидлаган эди. Бу сўзлар замирида мазкур муассаса кўп минг йиллик бой тарихимиз, ҳар қандай миллат ҳавас қилса арзийдиган маданиятимиз, дунё илм-фани ривожига ҳисса қўшган буюк алломаларимиз, энг муҳими, бунёдкор ва бағрикенг халқимизнинг сийрати-ю сурати, яъни ички дунёси ва ташқи қиёфасини жамулжам этган кўзгу бўлиб қолиши ҳақидаги эзгу ният ҳамда сиёсий ирода ётади.

Марказ Марказий Осиёда бетакрор, ҳам илмий-маданий, ҳам маънавий-маърифий муассаса шаклида бунёд этилмоқда. Бинобарин, у кенг қамровли фаолият билан шуғулланади. Унда қадим тарихимиз ва маданиятимиз сарчашмалари бўлган асл манбалар ўрганилади, аллома аждодларимиз томонидан яратилган бой илмий ва маънавий мерос тадқиқ этилади. Хўш, мазкур муассасада шакллантирилаётган Ислом цивилизацияси тарихи музейи қайси мезон ва манбалар асосида фаолият олиб боради?

Тупроққа кўмилган қўлёзмалар “тилга кириши” кутилмоқда

Цивилизация маркази қурилиши би­лан деярли бир вақтда унинг илмий-маданий, маънавий-маърифий фаолияти мазмун-моҳиятини аниқлаштириш ишлари ҳам бошлаб юборилган. Бундай фаолиятга жалб этилган мутахассислар, турли илмий йўналиш вакиллари Президентимизнинг концептуал қарашларини ҳаётга татбиқ этиш билан шуғулланмоқда.

— Барпо этилаётган марказ фаолиятининг асосий йўналиши ҳам маҳаллий, ҳам хорижий жамоатчилик билан бевосита мулоқотда бўлишни тақозо қилади, — дейди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров.

— Бундай мулоқотнинг аниқ ижро механизмлари мавжуд бўлиб, Ислом цивилизацияси тарихи музейи уларнинг энг муҳими дейилса, хато бўлмайди. Бой маданий-маънавий тарихимиз ва унинг серқирралиги ҳақида кўп гапирамиз. Лекин бундай қирраларнинг барчасини ўзида қамраб олган мукаммал илмий-маънавий тузилма мамлакатимизда ҳали йўқ эди. Шу маънода, шаклланаётган Ислом цивилизацияси музейи тарихий ҳақиқатни ҳам мумтоз илмий услублар, ҳам замонавий технологиялар орқали жонлантириб берадиган кўп қиррали муассасага айланмоқда.

Ўзбекистон мусулмон илм-фани ва маданияти дунёдаги энг бой хазиналардан биридир. Мутахассислар фикрига кўра, мамлакатимизда сақланаётган турли илмий йўналишларга оид нодир қўлёзмалар сони 100 мингдан ошади. Шу далилнинг ўзиёқ мазкур фикрни тасдиқлаб турибди. Боз устига бу рақам, асосан, давлат ва айрим нодавлат ҳамда жамоат ташкилотлари тасарруфидаги манбаларнигина назарда тутади. Бундан ташқари, собиқ советлар сиёсатидан чўчиган халқ томонидан кўмилиб, яшириб келинган минглаб қимматли ёзма манбалар мавжуд. Уларнинг энг нодирларини “тилга киритиш”, музей экспозицияларида намойиш этиш ҳам муҳим вазифалар қаторига киритилгани эътиборга молик.

Интерактив инсталляциялар, машғулотли ўйинлар…

Турли йўналишлар бўйича шакллантирилган экспозиция залларида зиёратчилар ислом оламининг бебаҳо меросига оид ноёб экспонатларни, маърифий медиа маҳсулотларни то­моша қилиши, интерактив инсталляциялар ва машғулотли ўйинлар орқали мавзу билан яқиндан танишиши, ўрганиши мумкин.

— Музей тарҳи Франциянинг “Wilmotte & Associes” ва “Avesta Group” компаниялари билан ҳамкорликда режалаштирилган бўлиб, мазмуни ва концепциясига кўра бетакрор ҳисобланади, — дейди Марказнинг халқаро алоқалар ва далолатнома бўлими бошлиғи Саидкомил Холхўжаев.

— Экспозицияни шакллантиришда музейшуносликдаги энг замонавий технологиялар ҳамда усуллардан фойдаланилади.

Шунингдек, ушбу масканнинг мамлакатимизга турли давлатлардан келган саёҳатчилар учун ҳам муҳим туристик объект бўлишини инобатга олган ҳолда, маълумотларнинг кенг қамровли, турли ёш вакиллари учун тушунарли ҳамда халқчил усулда тайёрланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

“Ислом санъати” қандай тамойилларни рад этиб келган?

Дунёда ислом тарихи, унинг санъати ва маданиятини акс эттирувчи муассасалар сифатида Википедия рўйхатига киритилган юзга яқин музей мавжуд. Уларнинг йигирмадан ортиғи ислом санъати музейлари деб юритилади. Чунки уларда экспонатларнинг аксарияти ислом дунёси амалий санъат асарлари, миниатюралар ва меъморий безак намуналари билан бойитилган. Ислом санъати музейлари Австралия, Афғонистон, Буюк Британия, Герма­ния, Канада, Миср, Жазоир, Эрон, Иор­дания, Индонезия, Ливия, Малайзия, Қатар, АҚШ, Тунис, Туркия, Франция, Филиппин ва бошқа мамлакатларда ҳам мавжуд.

— Ислом санъати бадиий ифоданинг энг муҳим воситаси сифатида безакни танлаб, мажозий, фигуратив санъат тамойилини рад этган, — дейди санъатшунослик фанлари доктори, про­фессор Акбар Ҳакимов.

— Бу XIX асрда Европа олимлари томонидан ислом эстетикаси салбий, санъатга алоқаси йўқ дин фалсафасининг ўзига хос кўриниши сифатида баҳоланган. Шунинг учун узоқ вақт давомида Ғарб тадқиқотчиларининг фикрича, мусулмон бадиий маданияти жаҳон цивилизациясининг приферик (чекка, ажралган) зонасини ташкил этган. Кейинчалик ғарблик олим О.Грабар биринчилардан бўлиб “Ислом санъати” атамасининг назарий масаласини кўтариб чиққан. Унинг илмий ишлари туфайли “Ислом санъати»” тушунчаси жаҳон маданиятининг ўзига хос мустақил феномени сифатини касб этди.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейининг залларидан бири махсус санъат ва ҳунармандчиликка бағишланган бўлиб, ушбу бўлимга тасвирий ва амалий санъат билан бир қаторда кино, мусиқа, театр ва бошқалар ҳам киради. Бу эса музейнинг алоҳида хусусиятларидан бири.

Мутахассислар мазкур музей учун ашё ва экспонатлар рўйхатини тузишда миллий санъатимизнинг ноёб дур-доналарини цивилизациянинг барча босқичларида аниқлаб, ушбу экспонатларга алоҳида эътибор қаратмоқда. Уларни “Санъат ва ҳунармандчилик” кўргазма зали учун тайёрланган асарларнинг умумий рўйхатидан ажратиб, тарихий, маданий ва бадиий аҳамиятини асослаб беришга ҳаракат қилмоқда.

Ноёб муҳрлар экспозициясини ташкил этиш зарур

Муҳр давлатчилик тимсоли бўлиб, унинг ёрдамида ҳужжат муаллифи аниқланади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, араб ёзувидаги муҳрлар бунинг акси — муҳр шундай тарихий манбалардан бирики, тарихчилар уни тўлиқ баҳолай олмаган, бу ҳали “очилмаган қўриқ”дир. Ўзбекистон ҳудудида сақланаётган нафақат юз минглаб тарихий ҳужжатларда, балки қўлёзмаларда ҳам муҳр излари мавжуд.

— Бугунги кунда араб ёзувидаги мусулмон сфратгистикаси (муҳршунослиги) алоҳида соҳа сифатида шаклланмоқда ва сўнгги йилларда бу борада қатор тадқиқотлар ёзилди, — дейди тарих фанлари доктори, профессор Шовосил Зиёдов.

— Жумладан, соҳага оид амалга оширилган тадқиқотлар шарқшунос олим А.Иванов томонидан ўрганилиб, унинг истиқболига оид мулоҳазалар билдирилди. Мусулмон сфрагистикасига оид тадқиқотлар орасида каталоглар ҳам муҳим ўрин тутади. Жумладан, Честер Битти (Дублин) кутубхонасининг махсус сайтида мусулмон муҳршунослигига оид маълумотлар базаси яратилган. 2011 йили Турин университетида нашр этилган Кале қўлёзмалар хазинаси каталогида муҳрлар тавсифи учун махсус боб ажратилган. Бу каталог айни дамгача яратилган каталоглар орасида пешқадами ҳисобланади. Шунингдек, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан тайёрланган “Имом Бухорий халқаро маркази манбалар хазинаси қўлёзмалар каталоги”да ана шундай муҳрларга эътибор қаратилгани алоҳида аҳамиятга молик.

Дарҳақиқат, Шовосил Зиёдов таъкидлаганидек, муҳрлар бирор-бир даврдаги тарихий воқеликни комплекс ўрганишда қимматли манба ҳисобланади. Ўзбекистон муҳршунослиги бўйича бажарилган фундаментал тадқиқотлардан бири Ғ.Қурбоновнинг “Марказий Осиё сфрагистикасига оид маълумотлар: XIX аср охири — XX аср бошларига оид Бухоро муҳрлари мисолида” китобидир. Олим томонидан аввалроқ “XVIII аср боши — XX асрларга оид Бухоро муҳрлари” номли каталог ҳам чоп этилган бўлиб, у Ўзбекистон тарихида сфрагистика бўйича нашр этилган биринчи каталогдир.

Қўлёзмалардаги муҳрларни ўрганиш асосида тадқиқотларда муайян илмий натижаларга эришилади. Масалан, Муҳаммад Порсо кутубхонасини тадқиқ этиш натижасида нақшбандия тариқатининг давомчилари — назариётчи шайхлар ҳақида муҳим маълумотга эга бўлинди. Шунингдек, Дукчи Эшон хонақоҳида фаолият олиб борган вақф кутубхонасини муҳрлар ёрдамида ўрганиш ҳам муҳим маълумотлар берди: кутубхонада мавжуд бўлган асарлар Дукчи Эшон дунёқараши ва маънавий меросини ўрганишда алоҳида аҳамият касб этади.

Конференция давомида тарих фанлари доктори, профессор Шовосил Зиёдов шундай таклиф билан чиқди:

— Ўзбекистон тарихи ва миллий қадриятларини ўрганиш эҳтиёжидан келиб чиқиб, аждодлардан мерос қолган турли қўлёзма, тарихий ҳужжатлар ва тошбосмаларни тадқиқ этиш ишларини қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қошида жамоат фонди ташкил этилса, нур устига нур бўлар эди. Шунингдек, марказда барпо этилаётган музейда ҳукмдорлар ва ноёб муҳрлар экспозицияси намойиш этилса, тарихимизнинг “очилмаган қўриқлари”га йўл очиб беради, деб ўйлайман.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Фанлар академияси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасининг қадимий ёзма манбаларининг Миллий реестрини тузишда муҳрлар тавсифига ҳам алоҳида эътибор қаратилиши зарур деб биламиз. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамкорлигида тарихимизга оид муҳрлар электрон базаси платформасини яратиш ва ундан музейда фойдаланишни ҳам таклиф қиламан.

Миниатюра ривожи экспонатларда қандай акс этади?

Тасвирий санъатнинг мўъжаз тури — миниатюра санъати ўзининг бетакрорлиги билан дунёга машҳур бўлиб, дастлабки кўринишларидан то бугунги кунгача кишилар маънавий оламини бойитишга, бадиий эстетик дидининг шаклланишига, руҳиятининг тарбияланишига ҳисса қўшиб келмоқда. Мумтоз миниатюра санъати X-XIX асрларда Яқин ва Ўрта Шарқдаги турли маданий марказларда гоҳ ривожланиб, гоҳ сусайиб борган. Жумладан, миниатю­ра тараққиёти тарихида бу санъатнинг XIII-XIV асрларда Бағдодда, XIV-XVI асрларда Табризда ва Марказий Осиё-да, XV асрда Ҳиротда, XVI-XVII асрлар-да Ҳиндистонда ривож топгани, кўплаб қўлёзма асарларга гўзал миниатюралар чизилгани маълум. Афсуски, бу қўлёзмаларнинг баъзилари вақт ўтиши билан изсиз йўқолиб кетган. Шу сабабли халқимизнинг маданий мероси бўлмиш бундай обидаларни қидириб топиш, ўрганиш, нашр этиш, музей экспозицияларида оммага намойиш этиш Марказий Осиё халқлари маданияти ва тасвирий санъатининг номаълум саҳифаларини очишга имкон яратади.

— Ислом цивилизацияси марказида Марказий Осиёда миниатюра санъати ривожини музей экспонатларида намойиш этишга оид таклиф ва тавсияларимиз бор, — дейди тарих фанлари доктори, профессор Абдумажид Мадраимов.

— Яқин ва Ўрта Шарқ, Марказий Осиё миниатюра санъати ривожланиши учун асос бўлган XIV асрдаги “Рангтасвир усталари рисоласи”, Султон Али Машҳадийнинг “Хаттотлик ҳақида рисола”, Дўст Муҳаммад Ҳиравийнинг “Ҳолоти ҳунарварон”, Қози Аҳмад Қумийнинг “Гулистони ҳунар”, Содиқбек Ашфарнинг “Қонун ас-совар” ва бошқа манбалар тўғрисида маълумот берувчи стендлар яратиш зарур, деб ўйлаймиз. Шунингдек, Яқин ва Ўрта Шарқ, жумладан, Марказий Осиё миниатюра санъати ривожланиши тўғрисида шу кунгача юртимизда ва хорижда нашр этилган адабиётларни имкон даражасида асли ёки электрон вариантларини топиб, улар тўғрисида электрон маълумотнома ҳамда энг муҳимлари аслиятини намойиш этиш мумкин.

Муҳокамалар чоғида тарихчилар Марказий Осиёда миниатюра санъати ва унинг ноёб намуналари ҳақида ҳикоя қилувчи қандай буклет, рисола, факсимиле, монография, альбом ва китоблар яратиш борасида келишиб олди.

Жадидларни ташвишга солган яна бир жоҳиллик нимада эди?

Туркистон миллий тараққийпарварлари диний бағрикенгликнинг ҳақиқий ифодачилари бўлган. Улар ўзларининг диний таълими, дунёқараши ва интилишлари билан бунга тамомила ҳақли эди. Жадидларнинг атоқли намояндалари нафақат мадрасаларни тугатган, шу билан бирга, диний мансабга ҳам эга бўлган. Масалан, Маҳмудхўжа Беҳбудий ота-боболари каби муфтий бўлган ва ўз даврида Самарқанд вилоятида шу мансабни эгаллаб турган. Мунавварқори ҳам мадраса таҳсилидан сўнг Тошкентдаги Дархон масжидида имом, Исҳоқхон Ибрат эса Тўрақўрғонда қози бўлиб ишлаган.

— Жадидлар Европа ва Шарқ мамлакатларига саёҳат қилиш, шунингдек, ривожланган мусулмон давлатларининг саноат ва маданий ютуқлари билан, зиёли инсонлар ва турли ижтимоий ҳаракатлар намояндалари билан танишиш имкониятига эга бўлгани туфайли Туркистондаги ҳаёт тараққиётдан нақадар ортда қолганини яхши англаган, — дейди тарих фанлари доктори, профессор Дилором Алимова.

— Жадидлар Ўрта Осиёнинг мусулмонча маданий анъаналарини янгилаш тарафдори бўлган. Улар ўз ислоҳотларини ислом таълимотини англашдан бошлаган эди.

Абдурауф Фитрат Форобий, Ибн Сино, Беруний анъаналарига эргашган ҳолда ўзининг “Нажот йўли” асарида барча дунёвий фанларни ислом билан уйғунлаштиришга ҳаракат қилади. Бу китобда Фитрат диний тоқатсизликка қарши шундай фикр билдиради: “Ҳеч қандай шубҳа йўқки, гарчи одамлар турли динларга эътиқод қилсалар-да ва турли мамлакатларда яшасалар-да, уларнинг бари бир отанинг болаларидирлар, одамнинг битта уруғига мансубдирлар. Шундай экан, уларнинг бари шафқатли бўлишлари, бир-бирларини севишлари керак”. Мусулмон ренессанси даврида Европа Ўрта Осиёнинг зироатчилик, ҳунармандчилик, санъат, илм-фандаги ютуқларини ўзлаштириб олгани ҳақидаги фикр унинг “Мунозара” асарида ҳам кўзга ташланади. Энди улардан ўзлаштириш вақти келганини англаб, Абдурауф Фитрат шундай ёзади: “Бизнинг бахтимизга қарши бой берилган маданиятимиз, тамаддунимизни ортга қайтариш учун биттагина ҳаракатни амалга оширсак, бизнинг уламоларимиз ўша заҳоти: “Сен кофир бўлдинг”, дейишади ва бизга халақит бера бошлашади”.

Жадидларни, айниқса, бу жоҳиллик тиббиёт соҳасида пайдо бўлгани ташвишга солган. Кўплаб мусулмонлар руҳонийлардан қўрқиб, рус шифокорларга мурожаат қила олмаган.

Ўз миллий тарихи, маданиятига, дунёда энг катта бойлик бўлган интеллектуал ва маънавий салоҳиятга чуқур ҳурмат билан ёндашиш, уни асраб-авайлаш ва бойитиш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш ҳар бир давлат ва жамиятнинг тараққиётида ҳал қилувчи роль ўйнайди. Ушбу музей юртимиз ўтмиши, халқимиз маданияти ва турмуш тарзи, илм-фани ва санъати ривожига дахлдор қимматли маълумотларни ўзида жамлаган, уларни ўрганишга қаратилган фундаментал тадқиқотларни амалга оширадиган йирик илмий-маданий ўчоқлардан бирига айланишига ишонамиз.

Зеро, конференцияда иштирок этган олим ва тадқиқотчилар таъкидлаганидек, миллий тарихимизнинг янги сиймоси, яъни Ислом цивилизацияси тарихи музейи жадид боболаримиз таърифлаган “бурунғи тарих” чизгиларидан бутунлай фарқланиши, асрлар қаърида чанг босиб ётган кўплаб ҳақиқатларни ўзида акс эттириши муҳимдир.

Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2023 йил 23 февраль, 37(826) сон

Check Also

«ЗАРАФШОН ВОҲАСИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ТАРИХИ: НАҚШБАНДИЯ, ЯССАВИЯ, КУБРОВИЯ (XV-XIX АСРЛАР)»

ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари …