Home / МАҚОЛАЛАР / АДАШГАН ОҚИМЛАРГА ҚАРШИ КУРАШИШДА КАЛОМ ИЛМИНИНГ АҲАМИЯТИ

АДАШГАН ОҚИМЛАРГА ҚАРШИ КУРАШИШДА КАЛОМ ИЛМИНИНГ АҲАМИЯТИ

Барчамизга маълумки, Ислом дини ҳақида билимларини ошириш мақсадида ўқиб-ўрганаётган, хусусан интернет тармоғидан фойдаланаётган юртдошларимиз, айниқса ёшларнинг сони ортиб бораяпти. Аммо, ана шу сайтларнинг барчасида ҳам ақидавий масалаларда бизнинг диёримизда анъана бўлган Мотуридия ақидасига мувофиқ фикрлар берилмайди. Ақида масалаларида етарли билимга эга бўлмаганлар ўзлари билмаган ҳолда Мотуридия ақидасига хилоф бўлган масалаларда билиб билмай сўз айтиб қўйишлари мусулмонлар ўртасида фитна чиқишига сабаб бўлиб қолиши мумкин.

Соф ва тўғри ақида Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ва саҳобаи киромлардан собит бўлган ақидадир. Бу ақида «аҳли сунна вал жамоа ақидаси» деб аталади. Аҳли сунна вал жамоа ақидаси ашъария ва мотуридия мазҳабларидан иборат. Юртимиз мусулмонлари аҳли сунна вал жамоа ақидасининг мотуридия мазҳабидадирлар.

Турли сабабларга кўра бир пайтлар Ислом оламида ақийдавий фирқаланиш пайдо бўлиб, турли бузуқ ақийдалар тарқалиб кетди. Ҳар бир фирқа ўзи ақийдасини тарқатиш ҳаракатида бўлиб, мусулмонлар оммасининг ақийда бўйича илмлари хавф остида қолди.

Ана шундай оғир бир пайтда соф Ислом ақийдасини сақлаб қолиш учун ҳаракат қиладиган уламолар етишиб чиқдилар.

Уламолар ақоид (калом) илмини турлича таъриф қилганлар. «Фалсафатут тавҳид ав ашрафул мақосид» номли китоб соҳиби Аҳмад Ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Валалий ал-Микносий: «У яқийний — ўта ишончли далиллардан диний ақийдаларни касб қиладиган илмдир», дейди.

«Мавоқиф» китобининг соҳиби Абдурроҳман Аҳмад Абдулғаффор ал-Ийжий: «У, ҳужжатлар келтириш, шубҳаларни рад қилиш йўли билан диний ақийдаларни исбот қилишга қодир бўладиган илмдир», дейди.

Имом Ғаззолий «Иҳёу Улумид дин»да: «Ақоид тавҳид идрок этиладиган, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг зоти ва сифатлари билинадиган илмдир», деган.

Аш-Шариф ал-Журжоний ўзининг «Ал-Мавоқиф»га қилинган шарҳида: «Калом бир илмдирки, унда Ислом қонуни асосида Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатлари ҳақида ҳамда бошланиш ва қайтарилиш каби мумкинотлар аҳволи ҳақида баҳс қилинади», деган. Шунингдек, унда, унда Аллоҳнинг мавжудлиги, Унга қандай сифатларни собит қилиш вожиблиги, нима билан васф қилиниши жоиз эканлиги, У зотдан нимани нафий қилиш вожиблиги, Пайғамбарлар ҳақида, уларнинг қандай бўлишликлари вожиблиги, уларга қандай нисбат бериш жоизлиги, уларга нималарни нисбат бериш ман қилингани ҳақида баҳс юритилади».

Таърифларнинг энг жамловчиси, энг осони қисқаси, аллома Али Қорининг «Ал-Фиқҳул Акбар»га қилинган шарҳининг такмиласида зикр қилинган таърифидир: «У бир илмки, унда эътиқод қилиш лозим бўлган нарсалар ҳақида баҳс қилинади». Яхшироқ эътибор берилса, ушбу таърифлар бир-бирини тўлдириб келади.

Ақида илмининг мақсади — динга бўлган ишончни, диний ақийдаларни қатъий далиллар ила исботлаш ва улар тўғрисидаги шубҳаларни рад қилишдир. Кишини ақийдада тақлидчи бўлишдан далил келтириш ва ишончли бўлиш чўққисига кўтаришдир. Тўғри йўл изловчиларга ҳақни очиқ баён қилиш орқали йўл кўрсатиш, бўйин товловчиларга далил-ҳужжатларни исбот қилиш.

Дин асосларини аҳли ботилнинг шубҳаларидан ва адаштиришларидан муҳофаза қилиш. Хулосаси эса, барча шаръий илмлар каби, икки дунё саодатини ҳосил қилишдир.

Кўриниб турибдики, ақида илм ва унинг мавзуси барча мўмин-мусулмонлар учун ўта муҳим ва зарурдир. Акс ҳолда банданинг қилаётган бирор ибодати, амали мақбул бўлмайди.

Мовароуннаҳрда калом илмининг ривожланишида, шубҳасиз буюк мутакаллим Абу Мансур ал-Мотуридийнинг (в. 333/944 й.) ўрни ниҳоятда катта бўлган. У яшаган даврга келиб (IX асрнинг охири – X асрнинг биринчи ярми) ислом динида пайдо бўла бошлаган турли гуруҳ ва фирқаларнинг сони кўпайиб кетган эди. Бу ҳолат иймон-эътиқод масалаларида кўплаб ихтилофларни келтириб чиқарди. Шундай гуруҳлардан бири муътазилийлар бўлиб, улар ақидавий масалаларни шарҳлашда нақлий далиллардан (Қуръон ва ҳадис) ақлий далилларни устун қўяр эдилар. Натижада салаф ҳамда аҳли ҳадис уламолари орасида калом илмига нисбатан танқидий фикрлар пайдо бўла бошлади. Мана шундай мураккаб шароитда улуғ аллома, мутакаллим Абу Мансур ал-Мотуридий фаолият олиб борган ва вужудга келган муаммоли вазиятни илмий асосда бартараф этишда ўзининг катта ҳиссасини қўшди. Шу тариқа Мотуридий ҳанафий мазҳаби асосчиси Абу  Ҳанифанинг (80-150/699-767 й.) таълимотига суянган ҳолда ўзига хос калом мактабини яратди.

Аҳамиятли жиҳати, Мотуридия ақидаси Қуръон, ҳадис ва ақл-идрок, мантиқ ва ҳақиқатга яқин экани билан бошқа таълимотлардан ажралиб туради. Абу Мансур Мотуридий ўз таълимотида исломда ўта муҳим бўлган бағрикенглик, мўътадиллик ва инсонийликни тарғиб қилади. Ислом оламидаги юксак хизматлари учун Имом Абу Мансур Мотуридийга мусулмонлар томонидан олий унвонлар берилган.  Жумладан, ўрта асрларда турли фирқа ва тоифалар ўзларининг бузғунчилик ҳаракатлари билан аҳли сунна вал жамоа мазҳабига таҳдид солганида Абу Мансур Мотуридий унинг ҳимоясига тургани учун «Мусаҳҳиҳу ақийдата аҳлис-сунна», яъни «аҳли сунна ақидасини тўғриловчи» унвон берилган.

Бундан ташқари, Мотуридийни улуғлаб «Имом ал-ҳуда» ва «Имом ал-мутакаллимин»«Ҳидоят йўли имоми ва мутакаллимлар имоми» каби номлар билан ҳам атаганлар. Дарҳақиқат, Имом Мотуридий нафақат Марказий Осиёда, балки бутун ислом оламида ўз муносиб ўрнига эга бўлган диний арбоблардан ҳисобланади.

Абу Мансур ал-Мотуридий вафотидан кейин бу таълимотнинг мазмун-моҳиятини теран англаган издоши, насафийлар сулоласидан етишиб чиққан йирик мутакаллим Абул Муин ан-Насафий (437/1046-508/1114 й.) Имом Мотуридий таълимотини давом эттириб уни янада ривожлантирди[1].

Шунинг учун алломанинг қолдириб кетган улкан илмий-маънавий меросини ўрганиш жамиятимизда ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Туркиялик каломшунос олим профессор Ҳ.Отай: “Мотуридия таълимотининг энг машҳур мутакаллим олими Абул Муин ан-Насафийдан кейин унинг йўлида ва тизимида у каби шахс ҳали етишиб чиқмаган”[1], – деб алломанинг илмий меросига юксак баҳо беради. Мотуридийнинг “Тавҳид” асарини нашрга тайёрлаган тадқиқотчи Фатҳуллоҳ Хулайф ҳам, мотуридия калом мактабининг ривожида ҳеч ким Абул Муин ан-Насафийдек катта хизмат кўрсатмаган, ашъария мактабини Боқилоний ва Ғаззолийсиз тасаввур қилиб бўлмаганидек, мотуридияни ҳам Абул Муинсиз асло тасаввур қилиб бўлмайди[2], – деб унинг илмий меросини алоҳида қадрлаган. Алломанинг шаънига ва у қолдирган бой илмий меросига бундай мақтовларни билдирган яна кўплаб тадқиқотчи олимларни мисол қилиб келтириш мумкин.

Мовароуннаҳр тарихи, унда яшаб ижод этган мутакаллимларнинг ҳаёти ва фаолияти, хусусан, Абул Муин ан-Насафийнинг илмий-маънавий меросига оид Шарқ мамлакатларига мансуб бир қанча олимлар ўз асарларида маълумотлар бериб ўтганлар. Уларнинг асарлари асосан табақот услубида ёзилган бўлиб, бундай олимлардан Абу Саъд ас-Самъоний[3],  Ибн Қутлубуғо[4], ал-Лакнавий[5], ал-Қураший[6] ва Ҳожи Халифа[7] ҳамда Хайруддин аз-Зириклийни[8] кўрсатиш  мумкин. Лекин мазкур олимларнинг асарларида Абул Муин ан-Насафий ҳаёти ва унинг илмий-маънавий мероси ҳақида мухтасар маълумотлар  берилган, холос.

Абул Муин ан-Насафийнинг калом илмига бағишланган учта буюк асарлари (“Табсирату-л-адилла”, “Баҳру-л-калом”, “ат-Тамҳид ли қовоиди-т-тавҳид”) бизгача етиб келган ва замонамиз тадқиқотчилари томонидан тадқиқ этилиб нашр қилинган. Тарихда яшаб ижод қилган юртимиздан чиққан кўплаб алломаларимизнинг илмий мерослари каби Абул Муин ан-Насафийнинг илмий-маънавий мероси ҳам халқимизнинг  маънавий юксалишига хизмат қилиши шубҳасиздир.

Бугунги кунда баъзи бир эътироф этилмаган шахслар ёки оқимлар томонидан қўштирноқ ичидаги “фатволар” инсонларни ислом маърифатидан узоқлаштиришга сабаб бўлмоқда. Айниқса, уларнинг “жиҳод”, “байъат”, “такфир”, “бемазҳаблик”, “ҳижрат” каби масалалардаги асоссиз “фатволари” ноҳақ қон тўкилишига олиб бормоқда ва инсонларнинг кафолатланган ҳуқуқларига рахна солинишига сабаб бўлмоқда.

Бунга биргина мисол қилиб “такфир” масаласини келтиришимиз мумкин.

Жумҳур калом ва фиқҳ уламолари иттифоқига кўра бирор-бир аҳли қибла бўлган мусулмонни кофирга чиқармаслик лозимдир.

Абу Ҳанифа (р.а) ҳам қибла аҳлларидан бўлганларнинг бирортасини кофирга ҳукм қилмаган экан. Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ эса фақатгина бидъат аҳлларидан бўлган хаттобийларнигина очиқ суратда ҳаромни ҳалол деганлари учун кофирга ҳукм қилган.

Ақида китоблари, жумладан, “Таҳовий ақидаси”да: “Қибла аҳлидан бўлган бирор бир мусулмонни гуноҳи туфайли кофир санамаймиз”, – дейилади[9]. Шунингдек, бошқа ақида ва уларга ёзилган шарҳларда катта гуноҳ қилган кишилар гарчи уни содир этиш пайтида вафот этса ҳам, қилган ишини ҳалол санамаса, кофир бўлмаслиги, агар ўз уқубатларини дунёда олса катта гуноҳи учун каффорат бўлиши, мабодо вафот этса, бу – Аллоҳнинг хоҳиши: хоҳласа азоблаши, хоҳласа кечиши баён қилинган.

Ақида илмининг етук билимдони Абул Ҳасан Ашаърий айтади: “Мен аҳли қибладан бирортасини кофирга чиқармайман. Чунки уларнинг барчалари ёлғиз маъбудга ибодат қиладилар”.

Бироқ баъзи адашган фирқалар эса мўмин-мусулмон бўлган шахсни гуноҳи туфайли кофирга чиқариб юбораверишади. Уларнинг бу сўзлари Аҳли сунна эътиқодига зид эканлиги очиқдан очиқ намоёндир.

Тарихдан маълумки, қайси халқ ёки жамиятда ихтилоф ва ўзаро низолар авж олса, улар катта фитналарни келтириб чиқарган ҳамда ушбу ўлка заифлашиб, охир-оқибат муқаррар таназзулга йўл тутган. Аксинча, ошкора ва ботиний фитна ва ихтилофларга қарши илм, адолат ва бирдамлик билан қарши турган юртлар барқарор ривожланиб, дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаган.

Бугун униб-ўсаётган фарзандларимиз тафаккурини ақоид масаласида Насафийлар каби улуғ алломаларимиз маънавий мероси негизида тўғри шакллантириш – ёшлар, таъбир жоиз бўлса, бутун жамиятнинг ҳаёти ва келажагини мафкуравий таҳдид таъсиридан сақлаб қолишда энг оқилона маърифий йўлдир.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Калом илми бугунги кун учун ҳам катта амалий аҳамият касб этиб, ҳидоят йўлидан адашган баъзи бузғунчи гуруҳларни фош этишда муносиб ҳиссасини қўшиши шубҳасиздир.

[1] Оқилов. С. Абул муин ан-Насафий илмий мероси ва  мотуридийа таълимоти. Монография. –Тошкент.: Муҳаррир,  2008. – Б.  4.
[2] Мотуридий Абу Мансур. Китобу-т-тавҳид / Фатҳуллоҳ Хулайф нашрга тайёрлаган. – Истанбул: ал-Мактабату-л-исломийа, 1979. – Б. 5.                     
[3] Самъоний Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад ибн Мансур ат-Тамимий. Ал-Ансоб. V жилдли.  Абдуллоҳ мар ал-Борудий таҳрири  остида. – Байрут: Дору-л-фикр, 1419/1998.
[4] Ибн Қутлубуғо ал-Қосим ибн Абдиллоҳ. Тожу-т-тарожим фи табақоти-л-ҳанафийа. – Leipzig: Flugel, 1862.
[5] Лакнавий Муҳаммад Абдулҳай ал-Ҳиндий. Ал-Фавоиду-л-баҳийа фи тарожими-л-ҳанафийа. II жилдли. – Қоҳира: 1324/1906.  
[6] Қураший Абу Муҳаммад Абдулқодир ибн Абилвафо Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Мисрий. Ал-Жавоҳиру-л-мудийа фи табақоти-л-ҳанафийа. II жилдли. – Хайдаробод: 1332/1913.
[7] Ҳожи Халифа. Кашфу-з-зунун ан асамиъи-л-кутуб ва-л-фунун. II жилдли. – Истанбул: 1360-62/1941-43.
[8] Зириклий Хайруддин. Ал-Аълом. VIII жилдли. – Байрут: Дору-л-илм ли-л-малайин, 1998.                                   
[9] (Ал-Манҳажуссаҳиҳ фи фаҳми ақидати аҳли сунна вал жамааъ. Ҳасан Али Саққоф,703-бет).
Сирожиддин ЖАҲОНОВ,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

Check Also

ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙНИНГ УСУЛУЛ ФИҚҲГА ОИД ҚАРАШЛАРИ

Ҳаким Термизий тасаввуф соҳасида яхши танилган олим, усулул фиқҳ ва мақосидуш шариа бўйича асарлар муаллифидир. …