Home / МАҚОЛАЛАР / Миссионерлар тузоғига алданманг

Миссионерлар тузоғига алданманг

Дин миллий маънавиятнинг таркибий қисми, миллатни бирлаштириб турувчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Миссионерлик айнан шундай диний қарашларга ўз таъсирини ўтказиб халқнинг барқарорлигини бузади. Ҳозирги даврда бир қанча ғарбий Осиё мамлакатларида низоли вазиятлар ва фуқаролар уришининг келиб чиқишига замин яратаётгани ва мамлакатлар ўз тараққиётида ўнлаб йилларга орқада қолиб кетаётгани ҳам шундай хулоса чиқариш имконини беради.

Мамлакатимизда миссионерлик ҳаракатларнинг мавжудлиги бизни ранжитади. Маҳалла кўйларда “фалончи христианлик динини қабул қилибди” деган гапларни эшитиб қоламиз. Бундай ҳолатлар ота-онанининг юзини ерга қаратиб, қариндошлар ва маҳалла-кўйни, қолаверса, жамиятимизнинг барқарорлигини бузади. Бундан келиб чиқадиган салбий оқибатлар ҳақида айтиб ўтиш шарт эмас.

Бу Миссионерлар ўз олдиларига қўйган мақсадларига эришадиган бўлсалар, улар фаолият олиб бораётган мамлакатда ҳам халқнинг парокандаликка юз тутиши ва маънавий таназзулнинг келиб чиқиши мумкинлиги ҳақида хулоса чиқариш имконини беради.

Миссионерларнинг бугунги кундаги фаолияти ҳеч бир минтақа, ҳеч бир давлат бундай таҳдиддан холи эмаслигини кўрсатади. Бундай холатларнинг олдини олиш учун эса миссионерликнинг моҳиятини тўғри ва чуқурроқ англаш, уни бартараф этиш йўлида мақсадли, тизимли ва тадрижий фаолият олиб бориш зарур бўлади.

Миссионерларнинг асосий мақсади христианликни тарғиб қилиш йўли билан жамиятда хайри хоҳ бўлган гуруҳларни шакллантириш ва тарафдорлар сонини кўпайтириш орқали муайян мамлакат ва ҳудуд устидан назорат ўрнатишдир.

Ислом дини бутун инсониятга нозил қилинган мукаммал дин ҳисобланади. Шундай гўзал, одамларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадиган, дунёю охиратни обод қилишга буюрадиган соф диндан бошқа динга ўтиб кетишни Ислом шариати қаттиқ қоралайди ва огоҳликка даъват қилади: “Эй мўминлар, агар китоб берилган кимсаларнинг баъзи бир гуруҳларига бўйинсунсангиз, улар сизларни иймонга келганингиздан кейин яна кофирликка қайтарадилар”1.

“… Сизлардан кимда-ким ўз (Ислом) динидан қайтиб, кофир холида ўлса, ундай кимсаларнинг қилган амаллари (тоат-ибодатлари) дунё-ю, охиратда бехуда кетар. Улар дўзах аҳлидирлар ва унда мангу қолурлар” 2.

Шариатимизда адашган кимсаларнинг ҳидоятга қайтмаслиги, уларга охиратда лаънат ва дўзах азоби борлиги, шунингдек, чин дилдан қилган тавбаларини қабул қилиниши баён қилинган: “Иймон келтириб, пайғамбарнинг барҳақлигига гувоҳлик берганларидан ва уларга ҳужжат келганидан кейин кофир бўлганларни Аллоҳ қандай (қилиб) ҳидоятга йўлласин?! Аллоҳ золимлар қавмини ҳидоятга йўлламагай. Ана ўшаларнинг жазоси — Аллоҳ, фаришталар ва барча одамларнинг уларга нисбатан (айтадиган) лаънатларидир. Улар унда (лаънат ёки дўзахда) абадий қолгувчилардир, уларнинг азоблари енгиллаштирилмас ва кечга ҳам сурилмас. Илло, шундай (куфрдан) кейин тавба қилиб, (хатоларини) тузатсалар, албатта, Аллоҳ кечиримли ва раҳмдил зотдир. Албатта, иймон келтирганларидан кейин (яна) куфрга қайтган, сўнгра куфрларини зиёда қилган кимсаларнинг тавбалари сира қабул қилинмас. Ана ўшалар адашган (гумроҳ)лардир” 3.

Бу йўлга адашиб кириб қолганлар тавба қилиб қайтсалар, шариатимизда бунга монийлик йўқ. Ота-онаси, яқинлари ва халқ ичида қарама-қаршиликлар ва норозиликлар бўлмайди. Шундагина халқ ва жамият тинч бўлади.

Миссионерликни олдини олиш учун ота-оналар, имом хатиблар, маҳалла оқсоқоллари ва ўқув даргоҳларида кенг кўламда тушунтириш ишларини олиб боришлари мақсадга мувофиқ. Шунингдек, ота-боболаримиз минг йиллардан буён чин дин деб эътиқод қилаётган, халқимизни тўлиқ шаклланишида қон-қонига сингиб кетган динимизни маъно-моҳияти, фазилати ва икки дунёнинг саодатга элтувчи дин эканлигини ёшларимиз онгига етказишда фаол бўлишлари керак. Бу маънавий хавфсизлигимизга таҳдидларнинг олдини олиш учун ҳам муҳим восита бўлади.

 

Улуғбек Бекязов
Ҳазорасп тумани “Абдукарим шайх бобо” масжиди имом-хатиби

 

[1] Оли Имрон сураси: 100-оят мазмуни.

 [2] Бақара сураси 217-оят мазмуни.

 [3] Оли Имрон сураси: 86-90-оятлар мазмуни.

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …