Home / ЯНГИЛИКЛАР / Ўзбекистон-Миср: ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш сари янги қадамлар

Ўзбекистон-Миср: ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш сари янги қадамлар

Кеча, 19 февраль куни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси, Халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров ва бошқа масъуллардан иборат делегация Миср Араб Республикасига жўнаб кетган эди.

Делегация вакиллари, шу куннинг ўзида, Мисрнинг “Ал-Азҳар” мажмуаси раҳбарининг ўринбосари шайх Муҳаммад ад-Дувайний билан учрашдилар.

Мулоқот аввалида, соҳа масъуллари томонидан юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, аждодлар ва дунё олимларининг бой илмий меросини ўрганиш бўйича олиб борилаётган сермаҳсул фаолият, бу борада, халқаро илмий-тадқиқот марказларининг ўрни ва аҳамияти ва бошқа бир қатор муҳим соҳавий янгиликлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Ўз навбатида, Ал-Азҳар университети бутун дунёда ислом асосларини пухта ўзлаштирган, замонавий билимларга эга етук кадрларни етиштириб берувчи таълим муассасаси сифатида шуҳрат қозонгани, мусулмон умматига исломнинг асл инсонпарвар ғояларини тушунтириш, жаҳолат билан маърифат ўртасидаги фарқни очиб беришга эҳтиёж кучайган бугунги кунда мазкур таълим даргоҳининг аҳамияти юқори экани алоҳида таъкидланди.

Томонлар ўзаро мулоқотда, бугунги кунда инсон онги ва дунёқараши учун ғоявий кураш кечаётгани, бу жараёнда, дунёқараши тўлиқ шаклланмаган баъзи ёшларнинг сохта диний шиорлар таъсирида бузғунчи оқимлар таъсирига тушиб қолаётгани дунё жамоатчилигини ташвиш ва хавотирга солаётгани айтилди, бу борада, тизимли ишларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.

Шу куни, Ўзбекистон делегацияси Ал-Азҳар мажмуаси таркибидаги Экстремизмга қарши кураш Обсерваторияси (Марсад) фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.

Маълумот учун, мазкур Обсерватория томонидан ижтимоий тармоқларда чиқаётган материаллар мунтазам таҳлил қилиб борилади ҳамда экстремистик гуруҳларнинг маълумотлари чуқур ўрганилади ва уларга муносиб илмий раддия ва муносабатлар берилади.

Учрашув давомида томонлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, мутахассислар малакасини ошириш ва мавжуд ҳамкорликни янада кенгайтириш масаласи ғоят аҳамиятли экани алоҳида қайд этилди.

Куннинг иккинчи ярмида, Ўзбекистон делегацияси Миср муфтийси, Миср фатво маркази (Дорул Ифто) раҳбари Шавқий Аллом билан учрашди.

Учрашувда Миср фатво маркази фаолияти ва бугунги кунда амалга оширилаётган ишлар ҳақида делегациямиз вакилларига маълумот берилди.

Ўз навбатида, ўзаро ҳамкорлик алоқаларининг истиқболлари ҳақида сўз юритилди.

Ўзбекистон делегациясининг Мисрдаги турдош ташкилот ва муассасаларда бўлиб ўтган мулоқотлари ўзаро самимий ва дўстона руҳда ўтди.

Ўзбекистон делегациясининг Миср Араб Республикасига сафари давом этмоқда.

Ахборот хизмати

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …