Home / МАҚОЛАЛАР / ИСЛОМ ДИНИНИНГ ДИНИЙ МУТААССИБЛИККА МУНОСАБАТИ

ИСЛОМ ДИНИНИНГ ДИНИЙ МУТААССИБЛИККА МУНОСАБАТИ

Бутун дунё мамлакатларини экстремизм ва терроризм ташвишга солиб келмоқда. Ҳозирда экстремизм ва терроризм дунё мамлакатлари учун нафақат ташқи, балки ички хавфсизликка ҳам дахлдор масалага айланди. Шу билан бирга ҳозирда кўплаб шахсларнинг экстремистик ва террористик ташкилотлар таъсирига тушиб қолаётганликлари турли хил ижтимоий муаммолар, давлат ва жамият хавфсизлигига путур етказувчи таҳдидларни юзага келтириб чиқармоқда.

Ислом дини бирор шахс, гуруҳ, мол-дунёга нисбатан ва обрў-эътибор топиш учун қилинадиган ҳар қандай мутаассиблик ва фирқаларга бўлинишни қоралайди, тарафкашликни жоҳилият ҳолатига ўхшатади.

Мутаассиблик луғатда бир нарсага қаттиқ боғланиб, кўр-кўрона эргашиш, ашаддий тарафкашлик, бир фикрда қаттиқ туриб олиш каби маъноларни англатади. “Кашшофу истилоҳотил фунун” китобида “мутаассиблик, гарчи далил кўриниб турган бўлса ҳам, бир томонга мойиллик туфайли ҳақни рад этишдир” деб таърифланган.

Бугунги кунга келиб бутун жаҳонга хавф солаётган диний экстремизм ва халқаро терроризмни келтириб чиқарувчи омиллардан бири диний мутаассибликдир. Ушбу муаммо Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти каби кўплаб халқаро, минтақавий, хусусан, ҳар бир давлатнинг қонунчилик, ижроия ва ҳуқуқ-тартибот идоралари, шунингдек, нодавлат ва жамоатчилик ташкилотлари учун ўта муҳим вазифага айланди.

Бу йўналишда психология фани диний мутаассиб шахс, унинг тузилиши, фаолияти, шаклланиш қонуниятлари ва унга таъсир этувчи социопсихологик таъсирларни татбиқ этади. Биз тарихимиз давомида айнан диний мутаассиб шахслар томонидан инсониятга турли даражада зиёнлар етказилганлигини кўрдик. Энди эса ўрганилган қатор тадқиқотлар мутаассиб шахсини психологик чуқур таҳлил этиш лозимлиги масаласини кун тартибига қўймоқда. Маълумки, хар бир шахс индивидуал (ўзига хос хусусиятларга эга яъни такрорланмас)дир. Унинг характери, дунёни акс эттириши, темпераменти, эмоциялари ҳам беқиёсдир. Диний мутаассиб шахс ҳам шу қаторда ўзига хос дунёқарашга, ижтимоий статус (мавқе, ўрин)га эгадир.

Диний мутаассиб шахсини алоҳида ва яхлит психологик феномен (ҳодиса) сифатида психологик талқин қиладиган бўлсак, мутаассиб шахсини психологияси, этимологияси (сабаблари) кабилар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтиш лозим. Психологиядаги яққол феноменлардан бири бу-шахсдир. Шахс ҳақида турли психолог олимлар ўз қарашларини билдириб ўтганлар.

Фанлар тизимида диний мутаассиблик муаммоси кенг қамровли илмий тадқиқотларни талаб этувчи жиҳатлари, муаммолари етарлидир. Бирор бир фан диний мутаассиб шахс масаласига оид илмий қарашларни, шахснинг психологик портрети (қиёфаси), уни диагностика қилиш ва коррексиялаш масаласида тўлиқ манба учрамайди. Қолаверса, диний мутаассиблик ҳақида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И.А.Каримов “Ўзбекистонда ислом ақидапарастлиги хавфи бор ва у тобора ортиб бормоқда”, деганларида диний мутаассиблик ва уни инсоният олдидаги хавфини айтиб ўтган эдилар. [1;52]

Бугунги кунда диний мутаассиблик масаласига бағишланган тадқиқотларни умумий ҳолда 3 гуруҳга ажратиш мумкин:

1-гуруҳ: Қадимги ислом манбалари (Савосил ал-Искандарий (ваф.861), Ибн Жабир Ат Табарий (ваф.923)., Муҳаммад ал-Таховий (ваф.933) каби ислом олимлари турли фирқаларнинг қараш ва фаолият усулларини тадқиқ қилиб, анъанавий суннийлик ақидаларини ҳимоя қилганлар.

2-гуруҳ: ХХ аср охири ва ХХI аср бошларида ғарб, рус ва араб тилларидаги адабиётлар (О.Болшаков, А. Игнатенко, Ю.Антонян, С.Прозоров, К.С.Грей, И.Бермен, Г.Глеасон)да диний мутаассибликнинг моҳияти, тарихи, замонавий кўринишлари ва унинг хусусиятлари ҳамда диний экстремизм ва халқаро терроризм билан ўзаро алоқадорлик жиҳатлари атрофлича ёритиб берилган.

3-гуруҳ: Мустақиллик йилларида мамлакатимизда чоп этилган илмий тадқиқот ва бошқа адабиётлар (Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И.А.Каримов асарлари, А.Ҳасанов, М.Раджабова, З.Хусниддинов, З.Мунавваров, А.Жузжоний, А.Ачилдиев, А.Закруллаев)да ҳам диний мутаассиблик, унинг ўзига хос хусусиятлари ва инсоният олдидаги хавфи ҳақида қатор қарашлар илмий асосда изоҳланган.

Мавжуд тадқиқотлар таҳлили, диний мутаассиб шахсининг психологик портрети (қиёфаси), ўзига хос хусусиятлари ва психологиясига оид комплекс тадқиқотлар амалга оширилмаганлигини кўрсатади. Бунда асосий ёндашувлар диншунослик ва психология фанлари кесишувида амалга оширилмаган. Бу эса диний мутаассиб шахс алоҳида психологик феномен (ҳодиса) сифатида комплекс тадқиқ этилмаган ва бу соҳа мутахассислари олдига яна қатор тадқиқотлар амалга ошириш зарурлигини кўрсатади.

Азалдан ислом мўтадиллик, тинчлик динидир. Исломнинг бош манбаси бўлган Қуръони Каримда бу ҳақида: “шунингдек, сизларни одамлар устидан гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингиздан гувоҳ бўлиши учун ўрта уммат қилдик” (Бақара: 143), дейилади. Юқорида ҳам “ўрта уммат” дейилганда айнан диндаги барча буйруқ ва аҳкомларга ортиқча ғулув (чуқур, ҳаддан ошиш)ларсиз амал қиладиган умматлар нажот топишлиги таъкидланади. Бугунда ўзларини мутлақо ҳақ ва “бошқалар (бошқача эътиқод қилувчилар ва бошқача фикрловчилар)”ни эса адашган оми оломон ҳисобловчи диний мутаассиблар фаолияти, тинч, фаровон ҳаётимизга рахна солишга уринишлари бизни уларни психологик хусусиятлари ва шахс сифатидаги ижтимоий портрет (қиёфа)ларини билиш, улардан хабардор бўлишни бугунги кун талабига айлантирмоқда.

Қолаверса, динга мутаассиб бўлишни олдини олишда кенг жамоатчилик орасида давра суҳбати ва турли тадбирларни ташкил этиш, Ислом динининг асл моҳиятини, унинг инсонпарварлик ғояларини тушунтириш ишлари ҳам самарали саналади. Чунки, Қуръони Каримни қатор оятларида бағрикенглик, мўтадилликка чақирилади. Масалан, Бақара сураси 156-оятида “Динда мажбурлаш йўқдир”, Анъом сураси 152-оятда: “Ҳеч бир жонни тоқатидан ташқарисига таклиф (амр) қилмаймиз…” дейилган. Муҳаммад (а.с) ҳадисларида динда мўтадил (ўртача) бўлишга чақирилган”. [2;180]

Шунингдек, ҳадисларда динда чуқур кетиш, таассубга берилиш қораланади. Имом Бухорийдан ривоят қилинган ҳадисда мусулмонлар фитнадан огоҳлантирилиб, айтилади: “Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай дедилар: Фитналар содир бўлганда тик тургандан кўра ўтирган афзалдир, тик турган эса, юриб кетаётгандан, юриб кетаётган эса югуриб кетаётгандан афзалдир, кимки фитнага аралашиб қолса, ҳалокатга учрайди ва кимки фитнадан паноҳ топса, дарҳол яширинсин!”. [3;543] Уламолар ушбу ҳадисни мусулмон одам жамиятда беқарорлик келтириб чиқарувчи фитналардан қанчалик узоқда бўлса, ўзи ва мусулмон жамияти учун шунчалик фойдали бўлади, деб шарҳлайдилар.

Машҳур ҳанафий уламо Имом Таҳовий (858–933)нинг “Ал-Ақида ат Таҳовия” асарида ёзилишича: “Подшоҳларимиз, раҳбар амалдорларимизга қарши, гарчи зулм қилсалар ҳам хуруж қилмаймиз, уларни дуои бад ҳам этмаймиз. Итоатдан бош тортмаймиз. Уларга итоат этишни Аллоҳга итоат этиш жумласидан, яъни фарз деб биламиз. Уларнинг ҳаққига дуои хайр этиб турамиз”. [4;37]

Ислом динининг асл моҳиятини мусулмон аҳолига тушунтириш натижасида уларни диний мутаассибликдан асраш мумкин бўлади.

Шундай экан, бугунги кундаги кўплаб муаммоларнинг илдизи мутаассиблик ва ҳаддан ошиш эканлигини ҳаммамиз чуқур англашимиз лозим.

Хулоса ўрнида бу каби муаммоларнинг ечими сифатида Фақиҳ доктор Ваҳба Мустафо Зуҳайлий жанобларининг ушбу сўзларини келтириш лозим: “Ислом мўътадил дин бўлиб ҳақиқатлардан бирортасида четга чиқишга ёки ҳаддан ошишга йўл қўймаслигини англатади. Исломда ва бошқа динларда динда ҳаддан ошиш ҳам, эътиқодда бир тарафлама ва ғайритабиий бўлиш ҳам, ҳаддан ташқари қаттиқ олиш ҳам, жуда бўш қўйиб юбориш ҳам йўқ…”.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Каримов. И.А. “Ўзбекистоннинг келажаги буюклигига ишончим комил”. – Тошкент: Ўзбекистон, 1996. – Б. 52.
  2. Раҳимжонов Д. Исломов З. “Маърифат-тинчлик асоси” ТИУ. – Тошкент-2007. – Б. 180.
  3. Бухорий, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил. Саҳиҳи Бухорий: Ал-жомеъ ас-саҳиҳ. 2-китоб. 7081-7082-ҳадислар. – Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2008. – Б. 543.
  4. Имом Таҳовий. Ал-Ақидатут-таҳовия // Ақоид матнлари. А.Мансуров таржимаси. – Т.: Тошкент ислом университети, 2011. – Б. 37.
 Сарвар ҚАХХОРОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси таянч доктаранти

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …