Home / МАҚОЛАЛАР / АЛИШEР НАВОИЙ АСАРЛАРИДА ИЛМ-ФАНГА ЗАМОНАВИЙ ЁНДАШУВ

АЛИШEР НАВОИЙ АСАРЛАРИДА ИЛМ-ФАНГА ЗАМОНАВИЙ ЁНДАШУВ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 октябрдаги «Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПФ-6097-сон фармонида ривожланаётган мамлакатлар рақобатбардошликни ошириш ва мустаҳкамлаш бўйича юқори технологияли ишлаб чиқариш ва глобал маркетингни фаол ўзлаштириш, устувор йўналишларда ўз илмий мактабларини ташкил этиш, тажрибали ва малакали мутахассисларни жалб этиш, инновацион салоҳиятга эга истиқболли стартапларни қўллаб-қувватлаш, узоқ муддатли барқарор ривожланишнинг молиявий ва институционал асосларини яратиш асосий масалалардан бири ҳисобланади.

Одамзод илмни ўрганиш орқалигина ҳосил қилади. Ўрганиш эса кишининг тафаккури, нарса ва ҳодисаларга кучи етганича аниқлик киритишдир. Илмни одам боласи яратилгандан бошлаб тўхтовсиз равишда ўрганади. Илм инсон вужудининг хушманзара боғидир ва одамийлик оламининг жавоҳирга бой тоғидир. Юмшоқ кўнгиллилик ҳодисалар тола денгиздаги кишилик кемасининг лангари деса бўлади ва инсоният қадрини ўлчайдиган тарозининг тошига тенглаштирса ҳам бўлади. Илм ахлоқи одамнинг қимматбаҳо либоси ва у кийим турларининг энг чидамли матосидир.

Агар инсон илм нури билан ўз йўлини ёритмаса зулмат ва нодонлик кўчасида қолади. Киши қалбининг нури, илми ва маърифати билан бақувват бўлади. Илмдан ҳали ҳеч ким зарар кўрган эмас. Илмни эгаллаб олиш эса бир санъатдир. Яхши таҳсил кўрган ва илм нури билан хулқини яхшилаган ҳар бир инсон ҳар ерда иззат топади. Илм-инсон учун зийнат. Ақлини нодонликдан қўрқитган ҳар бир аёл эса номус, иззат, аёллик қадрини тушуниб етади.

Муқаддас Ислом динимизни ҳам илмсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Қуръони каримда илм сўзи ва унинг шаклдошлари 811 жойда зикр қилинган. Бу эса Аллоҳ таолонинг наздида илмнинг нақадар муҳимлигини кўрсатади. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон зиммасига фарздир”, дедилар”.

Фарз бажарилиши лозим, шарт бўлган буйруқдир. Демакки, ҳар бир мусулмон илмга эга бўлиб, кишиларни ҳидоятга даъват қилувчи шахс бўлишга уринмоғи лозим. Исломда илм талаб қилиш бешикдан то қабргача фарз қилинган. Илм олишнинг фойдалари беқиёсдир. Шулардан бир нечтасини санаб ўтамиз:

  1. Илм орқали Аллоҳ танилади, унга ибодат қилинади, ва тавҳид асосида яшаш йўлга қўйилади.
  2. Илм эътиқодлар ва ибодатларнинг асосидир.
  3. Илм талаб қилиш ҳам ибодатдир.
  4. Илм пастни баланд, хорни азиз ва цинганни бутун қилади.
  5.  Илм туфайли силаи раҳм қилинади ва ҳақ-ҳуқуқлар адо этилади.

Илм хоҳ диний хоҳ дунёвий бўлсин. Иккисини ҳам ибодатдир. Мусулмон киши ҳар томонлама юксак савияли, кучли, иродали бўлиши зарур. Ташқаридан келадиган хуружларга тайёр турмоғи даркор. Диний ҳам дунёвий томондан тушунарли, аниқ фактлар орқали жавоб қайтариб, хуружларнинг олдини олиши лозим.

Дин таълимотларини яхши тушуниш банда учун катта бахт-саодат бўлиб, бу ҳолат Аллоҳ таоло унга яхшиликни ирода қилганига далолат қилади. Демак, диний илмни бандага Аллоҳ таолонинг Ўзи беради. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам гапларининг давомида: «Албатта, мен тақсимловчиман, холос. Аллоҳ беради», деганлар.

Илм – энг фазилатли амалдир, чунки у икки дунё саодатининг калитидир. Инсон илм ва маърифат билангина чинакам ҳаётдир. Инсоннинг ҳаётини тўғри йўлга солмаган, унинг феъл-атворида, амалида таъсири билинмаган, Аллоҳ ва Унинг Расулининг йўлига етакламаган илмда яхшилик, хайр-барака йўқдир. Шунинг учун ўрганилган эмас, амал қилинган илм ҳақиқий илм саналади. Ўқиган, билганига амал қилмаган одам бу илмнинг ҳаммоли бўлади, холос. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам манфаатсиз илмдан паноҳ сўраганлар. Мавлоно Румий айтганларидек, «Жаҳолат – зулматдир. Қоронғида дарахт дев бўлиб, олма эса тош бўлиб кўринади». Жоҳил одамга оддий нарса қўрқинчли бўлиб, яхши нарса фойдасиз бўлиб кўринади. Бу иллатнинг давоси эса талаби илмдир. Илм ҳақ билан ботилни фарқлашнинг энг муҳим воситаларидан биридир, битмас-туганмас хазинадир. Илмнинг ўзи шу қадар фазилатларга эга экан, уни ўргатган олимлар, устозлар, мураббий ва муаллимларнинг фазли қанчалар улуғ бўлади? Албатта, бизни илм денгизидан, ҳикмат сарчашмаларидан баҳраманд қилган устозларимизнинг даражотлари бениҳоя юксак бўлади. «Устоз отангдан улуғ» дейди доно халқимиз.

Ҳар бир инсонни, у ҳарчанд кўп илмга эга бўлмасин, бир камтар устоз ўқитган, тарбиялаган бўлади. Ҳеч ким ўз-ўзидан олим бўлиб қолмайди. Илм фақат ўқиб-ўрганиш билан ҳосил бўлади. Бу эса толиби илмдан ирода, қатъият, ғайрат-шижоат талаб қилса, устоздан меҳр, талабчанлик ва тоғдек сабр-матонат талаб қилади. Бу фазилатлар билан неъматлантирилган зотлар Аллоҳ таолонинг даргоҳида энг юксак даражотларга эга бўладилар.

Бизнинг аждодларимиз, бобокалонларимиз ана шундай толиби илм бўлганлар, илм ўрганишни ўзларига фарз деб билганлар, илм ўргатишни ўзларига бурч деб билганлар, пок ният билан илм уммонидан дуру жавоҳирлар қидирганлар. Диёримиз, она Ватанимиз Ислом нури ила мунаввар бўлган даврдан бошлаб ўлкамиз илму маърифат масканига айланди, сон-саноқсиз масжиду мадрасалар бино бўлди, улардан минг-минглаб буюк алломалар, улуғ зотлар етишиб чиқди. Халқимизнинг чинакам ифтихори бўлмиш бу олиму уламолар, фозилу фузалолар башариятга мударрис бўлдилар, Ислом нурини бутун оламга таратдилар, бутун дунёни илму маърифатга, кутубхоналарини китобларга тўлдирдилар. Биз ана шундай улуғ аждодларнинг авлодимиз, улар қолдириб кетган битмас-туганмас илмий мероснинг, улкан хазинанинг ворисларимиз. Юртимиз истиқлолга эришганига чорак аср тўлган бугунги дориломон кунларда сизу бизнинг, ёшларнинг вазифаси яна илмга берилиш, бугунги кунда инсон вазифаси фан-техника тараққиёти туфайли эришган барча билимларни эгаллашдир. Зеро, юқорида айтганимиздек, Ислом дини инсоннинг икки дунё саодатига эришиши учун манфаатли бўлган ҳар бир билимни илм деб ҳисоблайди, баъзилар ўйлаганидек, илмни диний ёки дунёвий деб фарқламайди. Ватанимизнинг мустақиллигини мустаҳкамлашнинг энг муҳим вазифаси ҳар бир соҳада ўз мутахассисларимизни, олимларимизни етиштиришдир. Шундай экан, илм-фаннинг қайси йўналиши бўлишидан қатъи назар, ўзлигимизга қайтишимиз, миллий қадриятларимизни тиклашимиз, олим бобокалонларимиз қолдириб кетган қўлёзмаларни ўқиб, ўрганиб, улардан ҳаётнинг бугунги талабларига жавоб бера оладиган билим ва кўникмалар ҳосил қилишимиз лозим.

Ўзбек халқининг улуғ мутафаккири, маърифатпарвари ва буюк шоири Алишер Навоий ёшларни тарбиялаш ишига алоҳида эътибор берди. У болаларни илм-ҳунарни, меҳнатни севишга ундаб, ўрганилган илм ва ҳунарни халқ, ватан йўлида сарф қилиш зарурлигини уқтирди.

Алишер Навоий илм, маърифат ҳақида ажойиб фикрларни олға сурди. У ақл, илм инсоннинг энг гўзал ва зарурий фазилатларидан бири, ҳар бир кишининг энг муҳим бурчи илм олишдир, деб ҳисоблади. Навоийнинг фикрича, илм-фанни эгаллаш учун ёшликдан бошлаб астойдил ўқиш-ўрганиш керак: «Ёшлигингда йиғгил билимни, қаригач сарф қилғил ани», деган шоирнинг ўзи ҳам жуда ёшлигидан таълим олади, ўқишга берилади. У ёшлигиданоқ кўп шеърларни ёд билган. Жумладан, Фаридиддин Атторнинг «Мантиқ ут-тайр» («Қуш нутқи») асарини болалик чоғларидаёқ қайта-қайта ўқиб, ёд олган. Алишер Навоий кейинчалик мактаб ва маориф масалаларига катта аҳамият берди. У меҳнаткаш халқ болаларини ўқитиш ва тарбиялаш учун мактаблар очиш ва мадрасалар қуриш тўғрисида ғамхўрлик қилди. Алишер Навоий Астрободда сургунда юрганида подшоҳ Ҳусайн Бойқарога ёзган хатида ўғил ва қиз болалар учун мактаблар очишни талаб қилгани, шахсан ўзи мадрасалар қуришда ташаббус кўрсатгани бунинг яққол далилидир.

Навоийнинг фикрича, мактаб халққа нур келтиради, унга тўғри йўл кўрсатади, болаларни билимли қилади. У ўзининг «Ихлосия» мадрасаси ёнида мактаб очиб, болаларни ўқитиш ва тарбиялаш учун зарур шароит яратиб, бунинг учун лозим бўлган маблағ ажратади. Навоий дарс берувчини қуёшга ўхшатади ва бу қуёш ўз атрофидаги юлдузларга нур сочади, яъни ҳали илмдан бехабар бўлган толибларга илм нурини сочади, маърифат беради, дейди.

Буюк сўз санъаткори ва мутафаккири ўзининг бир қанча асарларида болалар тарбиясига оид фикрларини айтиш билангина кифояланиб қолмасдан, балки «Ҳайрат ул-аброр», «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун» каби достонларининг айрим бобларини шу масалага бағишлайди. «Ҳайрат ул-аброр» (Яхши кишиларнинг ҳайратланиши) фалсафий-таълимий достондир. Навоий бу асарида ўзининг фалсафий, ижтимоий-сиёсий ҳамда кишиларга таълим ва ўгит бериш масалаларига катта эътибор беради. Достонда золим ҳукмдорларни қоралаб, иккиюзламачи, риёкор руҳонийларнинг сир-асрорларини кескин фош этади. Хусусан, шоир сахийлик, одоб ва камтаринлик, ота-онага ҳурмат, ростгўйлик ва тўғрилик, илмнинг фойдаси ва камбағал ўқувчиларнинг бу йўлда чеккан азоблари ҳақида батафсил тўхталиб ўтади.

«Ҳайрат ул-аброр» асарининг бир неча боблари одоб-ахлоқ ва таълим-тарбия масаласига бағишланган. Навоий бу достоннинг олтинчи мақолотида одоб ва камтарликни улуғлаб, таълим-тарбияга доир қимматли фикр-мулоҳазаларини баён қилиш билан бирга, такаббур ва одобсиз кишиларни қаттиқ қоралайди. Шоир достоннинг бу мақолотида бола тарбияси, уни ўстириш, ўқитиш ва балоғатга етказиш ҳамда бу борада ота-оналарнинг вазифалари ҳақида батафсил фикр юритади. Шоир ёшларни ота-онанинг хизматини бажаришга, уларни ҳурмат қилишга, уларга нисбатан ҳамиша меҳр-муҳаббатли бўлишга чақиради, ота-онани ой ва қуёш деб таърифлайди:

Бошни фидо айла ато қошиға,
Жисмни қил садқа ано бошиға…
Тун-кунунгга айлагали нурпош,
Бирисин ой англа, бирисин қуёш

Навоий илмдан амалда фойдаланиш зарурлигини таъкидлайди:

Илм, Навоий, сенга мақсуд бил,
Эндики илм ўлди амал айлагил.

Навоий ёмон одат ва хулқ-атворларни шафқатсиз қоралаши, олийжаноб инсоний фазилатларни қадрлаши, болаларни ўқиш, ўрганиш ва юксак одобли, аъло хулқли бўлишга чақириши катта аҳамиятга эга бўлиб, болалар адабиётининг шаклланишида жуда муҳимдир. Унинг бир қатор ахлоқий-таълимий қарашлари ҳозирги кунда ҳам ўз қадр-қимматини сақлаб келмоқда.

 «Албатта олимнинг обидга нисбатан фазилати тўлин ойнинг юлдузларга кўра фазлига ўхшайди». Илм талабидаги киши билан ибодатдаги обид ораларидаги фарқ худди тўлин ой ила юлдузлар ўртасидаги фарққа ўхшайди. Бу ўхшатишни англаш учун жуда ҳам чуқур билим шарт эмас, чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматга ўз ўгитларини соддагина қилиб тушунтириб берадилар. Бизга уларни тушуниш учун фақатгина эшитиш ёки озгина мутолаа қилиш кифоя.

Бугун Янги Ўзбекистон ҳаётининг барча соҳалари чуқур ислоҳотлар майдонига айланган. Бу жараёнда ижтимоий соҳанинг асоси ҳисобланган таълим тизимидаги ўзгаришлар ҳақида тўлқинланиб сўзламасликнинг иложи йўқ. Мамлакатимизда сўнгги йилларда таълим тизимининг барча босқичларини замонавий талаблар асосида ташкил этиш бўйича амалий ишлар ҳал қилувчи босқичга кирди.

Президентимиз таъкидлаганидек: «Фарзандларимиз мактабдан қанчалик билимли бўлиб чиқса, юқори технологияларга асосланган иқтисодиёт тармоқлари шунча тез ривожланади, кўплаб ижтимоий муаммоларни ечиш имкони туғилади. Шундай экан, Янги Ўзбекистон остонаси мактабдан бошланади десам, ўйлайманки, бутун халқимиз бу фикрни қўллаб-қувватлайди».

Таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий қисмини, албатта, олий таълим тизимидаги ислоҳотлар ташкил этади. Хусусан, Ўзбекистон Республикасида олий таълимни тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаш, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, олий таълимни модернизация қилиш, илғор таълим технологияларига асосланган ҳолда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 8 октябрдаги фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепцияси соҳадаги янги ислоҳотлар учун дебоча вазифасини бажариб бермоқда Бугунги кунда жаҳондаги нуфузли олий таълим муассасалари илм-фаннинг йирик ўчоқлари ҳисобланиши ҳеч кимга сир эмас. Ҳозирда янги-янги олий ўқув юртлари, дунёдаги етакчи университетларнинг филиаллари ташкил этилмоқда. Мисол учун, сўнгги 5 йилда мамлакатимизда 47 та янги олий таълим муассасаси, жумладан, хорижий университетларнинг филиаллари ташкил этилиб, олий ўқув юртларининг сони 125 тага этди. Олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони камида 25 фоизга оширилганлиги, олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сонини 2 баробарга кўпайтириб, 2 мингтага етказилиши олий таълимга қамраб олиш кўламини янада кенгайтирди.

Таълим тизимидаги энг муҳим янгиликлардан бири олийгоҳлар ва таълим тизимининг қуйи бўғинлари ўртасидаги узвийликни кучайтириш мақсадида 65 та академик лицей олий ўқув юртлари тасарруфига ўтказилиши, шунингдек, 187 та техникум ҳам ўз йўналиши бўйича турдош олийгоҳ ва тармоқ корхоналарига бириктирилиши бўлди.

Яна бир нарсани таъкидлаш лозим бугунги ёшлар қанчалик билимли, тарбияли, дунёқараши кенг, фаол фуқаролик позициясига эга ватанпарвар бўлиб камолга етса, янги Ўзбекистонни қуришга шу қадар камарбаста бўлади.

Хулоса қилиб айтишимиз лозим. Дунёга эндигина келган чақалоқни гўё оппоқ, топ-тоза дафтарга ташбеҳ қилиш мумкин. Энди бу дафтарга у кўрадиган, эшитадиган, сезадиган барча нарсалар ёзила бошлайди. Демак, инсон ҳаётининг илк лаҳзаларидан бошлаб беихтиёр илм ола бошлайди. Аммо «илм» сўзи луғатда «билиш, англаб, тушунча ҳосил қилиш, бир нарсанинг ҳақиқатини, моҳиятини билиш» каби маъноларни англатади. Шунинг учун Ислом уламолари илмга «ҳақиқатни худди воқеъликдагидек идрок қилиш илмдир» деб таъриф беришган. Бунинг маъноси шуки, олинган маълумот бир нарсанинг асл моҳиятини тўғри англатсагина, ундан дунё ва охиратимизга манфаат ҳосил бўлсагина чинакам илм ҳисобланади.

 
Фойдаланган адабиётлар.
  1. Ш. М. Мирзиёев 2020 йил 29 октябрдаги “Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш».
  2. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Олам ва одам, Дин ва илм“ 2019.
  3. Алишер Навоий Маҳбубул қулб.
  4. Ўзбекистон Республикаси таълим вазирлигининг илмий методик журнали Тил ва Адабиёт Талими.
Интернет маълумотлари:
Мудассирахон МУҲАММАДИЕВА,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Исломшунослик факультети
Исломшунослик йўналиши
1-курс талабаси

Check Also

БУЖАЙРИЙ НИСБАЛИ РОВИЙЛАР СИЛСИЛАСИ

IX-XII асрлар ислом оламида илм-фан ривожининг олтин даври сифатида эътироф этилган. Кўплаб манбаларда айни ўша …