Home / МАҚОЛАЛАР / ИСЛОМ ДИНИ МАНБАЛАРИДА ДИНИЙ БАҒРИКEНГЛИК ВА МИЛЛАТЛАРАРО ТОТУВЛИК МАСАЛАСИ

ИСЛОМ ДИНИ МАНБАЛАРИДА ДИНИЙ БАҒРИКEНГЛИК ВА МИЛЛАТЛАРАРО ТОТУВЛИК МАСАЛАСИ

Юртимиз қадим асрлардан турли маданият, тил, урф-одат, турмуш тарзига эга бўлган, хилма-хил динларга эътиқод қилувчи ва бир-бирига ўхшаш бўлмаган турли халқлар, миллатлар яшаб келаётган заминдир. Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ юртимизда турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлашга, барча фуқароларга ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиб беришга, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга, улар ўртасида қадимий муштарак анъаналарни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Конституциямизда «Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқейидан қатъий назар қонун олдида тенгдирлар», – деб белгилаб қўйилганлиги, кўпмиллатли халқимиз ўртасидаги тотувлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш учун яратилган заминдир.

Муқаддас ислом динимизда ҳам бағрикенглик тушунчаси диний истилоҳда «мурувват» деган маънони англатиб, кенг маънода чиркин нарсалар ва воқеалар қаршисида гўзалликни устун қўйиб, меҳрибонлик қилиш ҳамда ҳар бир воқеликка гўзаллик нуқтаи назаридан ёндашиш, эътиқод, маданият, анъаналарга нисбатан ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлиш демакдир.

Бошқа динлар сингари ислом дини ҳам азалдан инсониятга асл мурувватни, диндошларига, ҳатто, ғайридинлар (исломдан бошқа динга эътиқод қилувчилар)га ҳам эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган ва келмоқда. Маълумки, ислом ўзидан аввалги самовий динлар (яҳудийлик, насронийлик)ни шунчаки ҳурмат қилиш билан чекланмай, ўша дин вакилларига чексиз мурувватлар кўрсатган. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини шариат қонунлари билан мустаҳкамлаб қўйган. Маданият ва анъаналарига эҳтиром билан қараган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мусулмонлар бир-бирларига ва ҳатто, ораларида яшайдиган ғайридин (бошқа диндаги)ларга, аҳли зиммага ҳам мурувватнинг мислсиз намуналарини кўрсатиб, бутун инсониятга ибрат бўлишди. Чунки, бу Аллоҳ таолонинг амри ҳамда Расулининг умматга берган кўрсатмаси эди. Аллоҳ таоло «Моида» сурасида шундай марҳамат қилади: «Эй мўминлар, бирон қавмни ёмон кўришингиз ҳаддингиздан ошишингизга олиб келмасин!». Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ривоят қилинган ҳадисда эса: «Ким аҳли зиммага бирор заҳмат етказса, қиёмат куни мени ўзининг душмани сифатида кўради» – деб марҳамат қилганлар. Айнан ана шу ҳадисни эътиборга олган ҳолда ҳазрати Умар (р.а.) Амр ибн Ос (р.а.)ни Мисрни фатҳ қилишга юбораётиб: «Эҳтиёт бўлинг! Яна Расулуллоҳ (с.а.в.)ни ўзингизга душман қилиб қўйманг» – деб огоҳлантиргандилар.

Қуръони каримнинг бир неча оятларида миллатлараро тотувлик, ҳамжиҳатлик, диний бағрикенглик масалалари кенг ёритилган. Жумладан, «Оли Имрон» сурасида: “Айтинг (Эй, Муҳаммад!): «Аллоҳга, бизга нозил қилинган нарса (Қуръон)га ва Иброҳим, Исмоил, Исъҳоқ, Ёқуб ва (унинг) авлодларига нозил қилинган нарсаларга, Мусо ва Исо ҳамда барча пайғамбарларга Парвардигорлари томонидан берилган нарса (ваҳий)га имон келтирдик. Уларнинг орасида бирортасини (тасдиқлашда) фарқ қилмаймиз ва биз Унинг ўзигагина бўйин синувчилармиз». Шу суранинг давомида эса: «Эй, иймон келтирганлар! Сабр қилингиз, бағрикенг бўлингиз ва (Аллоҳ йўлига) тахт бўлиб турингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, зора (охиратда) нажот топсангиз!» – деб амр қилинган.

Аллоҳ таоло «Моида» сурасида шундай марҳамат қилади: «Эй мўминлар, бирон қавмни ёмон кўришингиз ҳаддингиздан ошишингизга олиб келмасин!». Бошқа дин (миллат)даги кишиларнинг ҳурматини жойига қўйишда ҳам  Расулуллоҳ (с.а.в.) бизга ўрнак бўлганлар: “Бир куни Расулуллоҳ (с.а.в.) саҳобалар билан бирга ўтирган эдилар. Одамлар бир жанозани кўтариб ўтишди. Пайғамбаримиз (с.а.в.) маййит ҳурматига ўринларидан турдилар. Саҳобалар: «Эй Расулуллоҳ (с.а.в.) бу вафот қилган киши яҳудийку» – дейишди. Пайғамбаримиз (с.а.в.) «Яҳудий одам эмасми» – дедилар. Бу гаплари билан саҳобалардан ранжиганликларини билдирдилар ҳамда бошқа диндаги кишиларга нисбатан қандай муомала қилиш кераклиги борасида амалий кўрсатма бердилар.

Мамлакатимиз азал-азалдан қадимий динлар ривож топган макон сифатида дунё тарихида алоҳида мавқега эга. Бу муборак заминда аждодларимиз бошқа дин вакилларига доимо ҳурмат билан қарагани, мана шу юрт озодлиги йўлида улар билан бирга кураш олиб боргани, елкадош бўлиб меҳнат қилганини ҳеч ким инкор эта олмайди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев бу ҳақда шундай дейдилар: «Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз».[1]

Маънавиятимизнинг улкан бўғинини ташкил этувчи исломий қадриятларни тиклаш, ислом маданияти ва ахлоқи билан боғлиқ илмий муаммоларни атрофлича ва чуқур тадқиқ этиш бугунги кун мавзусининг долзарб масалаларидан ҳисобланади. Ислом таълимоти кибр, манманлик, ўғриликдан қайтариш, бировнинг ҳаққини емаслик, бировнинг молига кўз олайтирмаслик, оиласига, номусига тегмаслик, бировлар обрўсига ҳасад қилмаслик, бировларнинг жонига қасд қилиш, жамиятга ва инсонларга зарар етказиш, элига, юртига, Ватанига хиёнат каби инсонга зарар келтирувчи жамики нарсадан эҳтиёт бўлишни,  ҳамда, ота-онага яхшилик қилиш, қўни-қўшнилар ўртасида ўзаро бир-бирларига ҳурмат, аёлларни эъзозлаш, силаи раҳм, бева-бечораларга ёрдам қўлини чўзиш, жаҳолатдан қутилиш, Ватанни севиш, чиройли хулқли бўлиш, ёмонлик қилган одамга ҳам яхшилик қилиш, соғликка эътибор бериш, ҳалол мол топиш, уни яхшиликка сарфлаш, ўзга дин вакиллари билан аҳилликда яшаш каби инсонга фойда келтирувчи фазилатларни, одобларни мужассам этувчи диндир.

«Бағрикенглик тамойиллари Декларацияси»да таъкидланганидек «Бағрикенглик бўлмаса тинчлик бўлмайди, тинчликсиз эса тараққиёт ва демократия бўлмайди».[2]

Ушбу масалаларнинг ислом дини манбаларида қандай ёритилганлигини ўрганиш учун, албатта, эътиборимизни Қуръони карим ва Ҳадиси шарифларга қаратмоқ лозим бўлади. Негаки, Қуръони карим оятлари ва Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳадисларининг барчасида олам-олам маънолар бор. Қуръон оятлари ва ҳадислардаги ҳикматларни асрлар оша мусулмон олимлари тадқиқ қилиб келмоқдалар. Ислом динининг қандай дин эканини бутун дунёнинг ақлли кишилари англаб етмоқдалар. Масалан, ХХ асрда яшаган  машҳур англиялик ёзувчи Герберт Уэллс шундай деган экан: «Ислом – тўлалигича юмшоқлик, нафосат ва биродарлик туйғусидир».[3]

Қуръони каримнинг бир неча оятларида миллатлараро тотувлик, ҳамжиҳатлик, диний бағрикенглик масалалари кенг ёритилган. Жумладан, «Анбиё» сурасининг 92– оятида: «(Эй, инсонлар!) Сизларнинг ушбу динингиз (аслида) бир дин (яъни Ислом)дир. Мен эса (барчангизнинг) Раббингиздирман. Бас, Менга ибодат қилингиз!».[4] Рум сурасининг 22– оятида: «Унинг белгиларидан (яна бири) – осмонлар ва Ерни яратиши ва сизларнинг тилларингиз ва рангларингизни хилма–хиллигидир. Албатта, бунда барча оламлар учун аломатлар бордир».[5] «Ҳужурот» сурасининг 13– оятида: «Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир–бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли–туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир».[6] Шу ва бошқа яна бир қанча оятларни мисол қилиб келтиришимиз мумкин.

Демак, Қуръонда инсон қадр-қийматини пастлатиш учун унинг насли, танасининг ранги, тили каби омиллар дастак қилинмайди. Чунки, бу омилларни ҳеч ким ўз ихтиёри билан танлаб олмайди, аксинча уларни ҳар бандага Аллоҳ беради. Бу сийратларни барчаси илоҳий неъмат ва инсоний қадр-қиймат ҳисобланади.

Демак, юқоридагилардан маълум бўладики, жамиятнинг ривожланиши, тинч ва осойишта бўлиши, тотувлик ва ҳамжиҳатлик қарор топиши учун инсонлар ўзаро меҳрли, оқибатли бўлиши, доимо яхшилик қилишлари, бир–бирларини кўрганда салом бериш, катталарни ҳурмат, кичикларни иззат қилиш, қариндошчилик ва қўшничилик ҳақларига риоя этиш, ўзга дин вакилларига бағрикенг бўлиш каби инсоний фазилатларда намоён бўлади.

[1] Мирзиёев Ш.М. БМТнинг 72-сессиясида сўзлаган нутқидан. 2017 йил 20-центабр
[2] Бағрикенглик тамойиллари Декларатсияси.//ЙУНEСКО Халқаро меъёрий ҳужжатлари. –Тошкент:Адолат, 2004. –Б. 92.
[3] Рисқиев Т. Миллий истиқлол ғояси. –Тошкент:Янги аср авлоди. 2001. –Б.135.
[4] Қуръони карим. –Б. 330.
[5] Қуръони карим. –Б. 406.
[6] Қуръони карим. –Б. 517.
Муҳаммаджон БОЛТАБОЕВ,
Фарғона давлат университети, тарих факультети ўқитувчиси

Check Also

БУЖАЙРИЙ НИСБАЛИ РОВИЙЛАР СИЛСИЛАСИ

IX-XII асрлар ислом оламида илм-фан ривожининг олтин даври сифатида эътироф этилган. Кўплаб манбаларда айни ўша …