Home / ЯНГИЛИКЛАР / ИЛМУ МАЪРИФАТ — ТИНЧЛИК, ТАРАҚҚИЁТ ВА ИНСОН КАМОЛОТИ АСОСИ

ИЛМУ МАЪРИФАТ — ТИНЧЛИК, ТАРАҚҚИЁТ ВА ИНСОН КАМОЛОТИ АСОСИ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Президентимизнинг 2022 йил 20 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси мамлакатимизни янада ривожлантиришга қаратилган навбатдаги устувор мақсад ва вазифаларни, янги марраларни белгилаб берди.

Давлатимиз раҳбари 2023 йилни “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилиб, айни йўналишларни янада тараққий эттиришга қаратилган истиқболли таклиф ҳамда ташаббусларни илгари сургани юртдошларимизни ниҳоятда хурсанд қилди. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки халқимиз азалдан одамзод наслини ҳазрати инсон дея улуғлайди. Илм-маърифатни барча эзгуликларнинг, бунёдкорликларнинг замини сифатида қадрлайди.

Зотан, ислом дини нозил қилинишининг бош сабаби ҳам, бу муқаддас диннинг асл моҳияти ҳам инсонни улуғлаш, уни илму маърифатга, тинчлик-тотувликка, яратувчанликка тарғиб этишдир. Бу эзгу ғоянинг янги Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанглиги, шубҳасиз, халқимизнинг катта бахтидир.

Муқаддас динимизда таълимга, илм-маърифатга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, Қуръони каримда “илм” сўзи 814 марта зикр этилган. Жумладан, бундай марҳамат қилинади: “Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар” (Зумар сураси, 9-оят).

Ҳадиси шарифларда ҳам илмга тарғиб этилиб, “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, дейилган (Имом Ибн Можа ривояти).

Қуръони карим мўмин-мусулмонларни доимо илмга тарғиб этади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам илм олишга мунтазам даъват қилганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини енгил енгиллаштиради”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Исломда илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон учун бешикдан то қабргача фарз қилинган. Фарз Аллоҳнинг қатъий амри бўлиб, уни бажариш ҳар бир мўмин учун мажбурий. Шу маънода, ҳар бир мусулмон ўзига керакли, ҳаёти учун зарур илмни, дину диёнатни, ҳалол-ҳаромни билиши, бунинг учун зарур бўлган нарсаларни ўрганиши шарт.

Тарихдан яхши биламиз: буюк алломаларимиз доим илм талабида бўлиб, кўплаб соҳалар ривожига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшган. Зеро, бугунгача ҳадис илмида Имом Бухорий, фиқҳда Бурҳониддин Марғиноний, калом илмида Абу Мансур Мотуридий, тафсирда Имом Замахшарийга тенг келадиган аллома топилмаган. Сўз мулкида Алишер Навоий, тиббиётда Ибн Сино, фалакиётда Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек каби олиму фузалоларимизни ҳам бутун жаҳон тан олиб, уларнинг бой илмий меросини ўрганиб, тарғиб этиб келмоқда.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: бугун ёшларимиз буюк аждодларимизга муносиб бўла оляптими?

Президентимиз Мурожаатномада ушбу масалага эътибор қаратиб, бунинг учун навқирон авлод вакилларига янада кенг шароитлар яратилишини таъкидлади. Бу борада, аввало, янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлаш, янада ривожлантириш белгилаб берилди.

Дарҳақиқат, таълим, маънавият ва маърифат жамият тараққиёти, миллат камолоти ва шахс баркамоллигини белгилаб берувчи асосий омил ҳисобланади. Чунки ушбу тизимлар равнақ топгандагина жамиятда иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий барқарорлик вужудга келади. Яъни ҳар қандай тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи маърифатли, билимли, зиёли инсонлардир.

Бу ҳақда улуғ аллома Абу Ҳомид Ғаззолийнинг фикрича, инсонларнинг бутун саодати учун икки нарса шарт: биринчиси — илм, иккинчиси — амал. Мутафаккир таъкидлашича, инсоннинг бахтли бўлиши учун илмнинг ўзигина етмайди, балки киши илми ёрдамида тана ва руҳини тарбия қилишга бурчлидир. Аллома ўз асарида Фатҳ Мусалийнинг қуйидаги мулоҳазаларини келтиради: “Касалга обу таом берилмаса, ўладими?” деб сўрадилар. Атрофдагилар: “Ҳа, ўлади”, дейишди. Айтдилар: “Қалбга ҳам уч кун илм берилмаса, ўлади”.

Улуғ аллома Маҳдуми Аъзам таълимотида ҳам илм ва амал бирлиги тарғиби етакчи ўрин эгаллайди. Айниқса, олим “Улуси нафеъ”, яъни эл-улусга фойдаси тегадиган илмни ўрганиш, касб-ҳунар эгаллаш ва уни шогирдларга ўргатиш илмли инсоннинг бурчи эканини уқтиради. Бинобарин, илм ўрганиш ва унга амал қилиш, касб-корга эга бўлиш ва ҳалол ризқ топиш, фарзандлар тарбиясига масъуллик ва фуқаролик вазифасини ҳис этиб яшаш ўзини маърифатли ҳисоблаган ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчидир.

Афсуски, ҳозирги вақтда кўз ўнгимизда дунёнинг турли жойларида рўй бераётган иқтисодий ва ижтимоий, ахборот-коммуникация манзарасидаги чуқур ўзгаришлар, турли мафкуралар тортишуви кескин тус олаётган бир вазиятда, фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар қачонгидан кўра муҳим аҳамият касб этмоқда. Чунки унга қарши куч ишлатилса, зўравонлик воситасида кураш олиб борилса, жаҳолат аввалгидан ҳам баттарроқ кучайиб кетиши аниқ. Шу ўринда Имом Бухорий ҳазратларининг “Илмдан бошқа нажот йўқ, бўлмайди ҳам”, деган таъкиди айни ҳақиқатдир.

Президентимиз кейинги йилларда тобора кучайиб бораётган, дунё аҳлини ташвишга солаётган терроризм ва экстремизм таҳдидлари моҳиятини жаҳолат ва муросасизлик ташкил қилишини қайд этиб, бундай ўта хавфли иллатга қарши куч ишлатиш йўли билан эмас, балки “Жаҳолатга қарши — маърифат” билан курашишни, бунда буюк аждодларимизнинг бой маънавий мероси ўзига хос нажот қалъаси ва ҳимоя қўрғони бўлишини таъкидлади.

Дарҳақиқат, бугун уларнинг маънавий меросини ўрганиш, тадқиқ этиш учун юртимизда кўплаб саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Хусусан, Марказий Осиёда ягона бўлган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази барпо этилиши ҳам бу йўлдаги энг самарали лойиҳалардан саналади. Шу билан бирга, Самарқандда Имом Бухорий, Сурхондарёда Имом Термизий, Тошкентда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, шунингдек, турли ҳудудларда ҳадис, калом, ақида, тасаввуф, фиқҳ илмий мактаблари фаолият юритаётгани келгусида юртимиздан бобокалонларимизга муносиб авлодлар етишиб чиқишига умид уйғотади.

Албатта, мана шундай улкан неъматларнинг бардавом бўлиши Яратган Парвардигорнинг улуғ инояти ва ҳукм сураётган тинчлик-хотиржамликнинг маҳсулидир. Аммо бу билан биз хотиржамликка берилмаслигимиз, халқ орасида тинчлик, барқарорликнинг улуғ неъмат эканлигини такрорлашдан чарчамаслигимиз керак.

“Тинч элнинг боғи гуллар” деган нақл халқимизда асрлар оша яшаб келмоқда. Бугун ана шу пурмаъно ҳикматнинг ҳаётий рўёбига барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Мурожаатномада баён этилган режа ва лойиҳалар, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиз тараққиётини, халқимиз фаровонлигини янада оширишга хизмат қилади. Зеро, давлатимиз раҳбари қайд этганидек, шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг тинч ва бахтли ҳаёт кечириши, унинг соғлиғи жойида бўлиши, яхши таълим олиши, оиласини тебратиши учун қандай шароит керак бўлса, ҳаммасини яратиб беришга ҳаракат қилинмоқда ва бу йўлда асло тўхтаб қолинмайди.

Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
Манба: “Халқ сўзи” газетаси 2023 йил 31 январь, № 20 (8363)

Check Also

Имом Бухорийнинг ислом тарихига оид нодир асари тақдимоти

Жорий йилнинг 27 март куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида буюк муҳаддис …