Home / МАҚОЛАЛАР / АБДУЛҲАЙ ЛАКНАВИЙНИНГ ИЛМИЙ ФАОЛИЯТИ

АБДУЛҲАЙ ЛАКНАВИЙНИНГ ИЛМИЙ ФАОЛИЯТИ

Ҳар бир олимнинг қадри асосан унинг илмий мероси билан баҳоланади. Уламолар бутун умрини бағишлаган бу қадрлилик довони икки қиррада намоён бўлади. Улар машаққат ва қадр-қийматда бири иккинчисидан оз эмас. Биринчиси инсонлар асрлар оша фойдаланиши учун ёзилган асарлар бўлса, иккинчиси ислом одоблари билан тарбияланган, илм пухта ўргатилган, олимнинг шахсий ҳаётида чуқур из қолдирган ва меросини авлодларга етказишда кўп хизматлар қилган шогирдлардир.

Абдулҳай Лакнавийнинг фикр ва ғоялари ўз замонасида қандай қабул қилинган, асарлари ва теран маъно-мазмунли тадқиқотларидан қанчалар манфаат олинган бўлса, бу гўзал анъанани ҳозирги кунда ҳам барча аҳли илм ва фазилат соҳиблари шундай давом эттирмоқда. Муҳаммад Абдулбоқий айтади: “Аллоҳ таоло алломани яхши қабул бўлиш билан сийлади ва маҳорат билан бажарган тадқиқотларини манфаатли қилди. Унинг асарлари туфайли шогирдлари динимизнинг иқтидорли хизматчиларига айланди. Аллома илмий мунозара қилган пайтлар муҳаққиқ олимлар сукут сақлар эди. Фатво сўровчилар бошқалардан бехожат бўларди. Қисқаси, аллома мутааххир уламолар орасидан Аллоҳнинг белгиларидан бир белги, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизаларидан бир мўъжиза бўлиб юзага чиқди. Шоядки, Абдулҳай Лакнавий ҳижрий ўн учинчи юз йилликнинг бошидаги мужаддид бўлишини дуо қилган бўлса-ю Аллоҳ уни ижобат айлаган бўлса”[1].

Аллома таълимга ғоят аҳамиятли эзгу иш сифатида қараган ва китоб ёзишга жуда қаттиқ эътибор берган. Турли илмларга оид асарлари ўз даврида катта шуҳрат қозониб, ислом динини ғуборлардан тозалашга хизмат қилган. Лакнавийнинг юксак ижод намуналари бугунги кунда ҳам ўз аҳамияти ва долзарблигини сақлаб келмоқда.

Абдуфаттоҳ Абу Ғудда айтади: “Имом Лакнавий ғайриоддий, ажойиб, ўта ноёб инсон бўлиб, унга ҳаётлигида ҳам, вафот этганидан кейин ҳам ёзган асарлари қабул бўлиш неъмати ато этилган эди. Кимки китобларидан бирини ўқиса ё ҳикматли сўзлари билан танишса, албатта, катта фойда олади. Аллома замонасининг ёлғиз тадқиқ қилувчиси, пухта ва тўкис етказувчиси бўлиб, одиллиги ва камтарлиги билан бошқалардан яққол фарқланар эди”[2].

Аллоҳ таоло мана шундай қабул неъмати ва шарафини бериб қўйгани боис аллома таълиф этган асарлар машриқу мағриб бўйлаб кенг ёйилди. Биргина “Шарҳул виқоя” китобига ғошия қилиб ёзилган “Умдатур риоя ала Шарҳил виқоя” асарини мисол қилиб оладиган бўлсак, уни жуда кўп фақиҳлар, муҳаддислар, ақоид уламолари ва қозиюл қуззотлар истифода этган ва ундан ҳозир ҳам кенг фойдаланилади. Бундан ташқари, “Фавоидул баҳийя фи тарожумил ҳанафийя”, “Туҳфатул ахёр фи иҳяи суннати саййидил аброр”, “Осорул марфуъа фи ахборил мавзуъа” каби асарлари ҳам ислом илмларини ўрганиш учун муҳим манба ҳисобланади.

Одамлар Имом Лакнавийнинг китобларини ўқиб-ўрганишга қаттиқ иштиёқманд бўлган ва уларни йўқолиб кетишдан сақлаган. Алломанинг ўзи айтади: “Эй Аллоҳим! Мени ҳақ ва ботилни фарқловчи уламолардан ва шарафли фозиллардан қилиб қўйганинг учун қайси тилим билан Сенга ҳамд айтай, қайси қалбим билан Сенга шукр қилай?! Ёзган асарларимни оламда машҳур қилдинг ва уламолар ҳузурида шуҳратимни юксалтирдинг. Мени очиқ ҳақиқатни юзага чиқаришга тайин этдинг. Шубҳали, ботил нарсаларни кетказувчи мақомига кўтардинг. Жамиятдаги хатоларни бартараф этиб, тўғрисини кўрсатишга муваффақ қилдинг. Шарқу ғарбда таниқли бўлган фатволарим ҳамма ерда қабул қилинди. Рисола ва насиҳатларимни узоқ-узоқ шаҳарларга етказдинг”[3].

Абдулҳай Лакнавий умрини илмга бағишлаган аллома бўлиб, ижодининг асосий йўналиши ҳанафий мазҳабига мансубдир. Шу сабабли унинг бой илмий меросини чуқур ўрганиб, мазмун-моҳиятини халқимизга етказиш муҳим аҳамият касб этади.

[1] Туҳфатул ахёр. – Б. 37.
[2] Иқоматул ҳужжат. – Б. 7.
[3] Тазкиротур рошид. – Б. 2.
Отабек БАХРИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

ОЯТЛАР БИЛАН ҲУКМ ҚИЛМАГАНЛАРНИ КОФИРГА ЧИҚАРИШ МАСАЛАСИДА УЛАМОЛАРНИНГ ҚАРАШЛАРИ

Ислом дини инсонларни илм, ҳамжиҳатлик ва аҳилликка чорлайди. Улар орасида жоҳиллик, фирқаланиш ва ўзаро келишмовчилик …