Сўнги йилларда содир бўлаётган дин билан боғлиқ бўлган воқеалар соҳа мутахассисларини мутаассиблик, радикализм ва ақидапарастлик каби замонавий дунё тартибини издан чиқариши билан ажралиб турадиган диний-ижтимоий ҳодисалар устида изланишлар олиб боришга мажбур қилмоқда.
Мутаассиблик ҳодисаси турли шаклларда жамият ҳаётининг барча жабҳаларида намоён бўлиб келганлиги сабабли ҳар доим файласуфлар, диний мутафаккирлар, социологлар, сиёсатчилар ва маданият арбоблари орасида қизиқиш уйғотиб келган.
Хусусан, диний мутаассиблик тарихан фанатизмнинг бир шакли сифатида унинг бошқа турлари орасида алоҳида ўрин тутади. У потенциал жиҳатдан ҳар қандай динлар атрофида мавжуд бўлиб, муайян тарихий шароитларда ривожланиши ҳамда турли диний ва сиёсий гуруҳларнинг ўз мақсадларига эришиш воситаси сифатида фойдаланиши мумкин.
Дин ижтимоий ва индивидуал хатти-ҳаракатларнинг энг муҳим маънавий регуляторларидан бири ҳисобланади. Диний соҳадаги энг кичик ўзгаришлар ҳам мутаассиб одамларнинг фикрлари, ҳис-туйғулари ва ҳаракатларига катта таъсир кўрсатади.
Шарқда инсонларнинг мутаассибона хатти-ҳаракатлари мутаассиблик деб айтилган бўлса, Ғарбда бу ҳодисага фанатизм термини қўлланиб келинган.
Мутаассиблик – (арабча – التعصب) – маълум бир мафкура ва қарашларга, айниқса, диний-фалсафий, миллий ва сиёсий соҳаларда ҳаддан зиёд, кўр-кўрона ва ҳиссиётларга берилиб эргашиш ва уларга амал қилиш, қандайдир тушунчалар, эътиқод ёки дунёқарашга кўр-кўрона содиқлик сифатида таърифланган[1].
Фанатизм ва фанат атамалари лотинча fanaticе (жаҳл, ғазаб билан) ва ёки fanaticus (ғайратли, ҳаяжонли; ғазабланган, ақидапараст, ғазабли) сифатдошларидан келиб чиққан бўлиб, fanum (худога бағишланган жой, муқаддас жой, ибодатхона) сифат отига асосланади[2].
Fanum ва fanaticus исми сифатлари бирлаштирганда, мутаассиб атамаси, ҳаяжонли, илҳомланган, қувноқ ёки жазавали ва ибодатхонасига сиғинувчи каби маънолар келиб чиқади[3].
“Фуқаролик жамияти ва мутаассиблик: қўшилган тарих (Civil Society and Fanaticism: Conjoined Histories)” номли китоб муаллифи Доминик Коласнинг мазкур асарида мутаассиблик атамасининг тарихий нуқтаи назардан қўлланилиши ҳақида умумий маълумот берган.
Жумладан, китобда Цицерон (милоддан аввалги 106\43) ва Ювенал (60\140) fÿnÿticusдан ғазабнинг синоними сифатида фойдалангани кўрсатилган. ХVII асрга келиб келиб мазкур термин Англияда диний хурофот, мутаассиб ва иштиёқли атамалари билан дин ҳамда сиёсатда ҳаддан ташқари танқидий иштиёқ ёки ғайрат маъносида қўллана бошланган[4].
Христиан черкови руҳонийлари эса мазкур терминни XIX асрдан диний ибодат ва маросимларни бажариш билан чегараланмаган тақводор диндорларга нисбатан асрий анъаналардан юз ўгирган динсиз ёки либерал фикрли христианлар томонидан фаол қўлланила бошланганлигини таъкидлашган[5].
ХХ асрда келиб, бу атама атеистик луғатларда энг кенг тарқалган тушунчалардан бирига айланди.
Таъкидлаш жоизки, турли хил одамлар учун бир хил тушунчалар баъзида бутунлай бошқача маъноларни англатади. Масалан, диний мутаассиблик нима? Деган саволга динга ишонмайдиган одам диндорликнинг ҳар қандай кўриниши деб жавоб беради. У учун диндорнинг иссиқ кунда рўза тутиши, тарки дунё қилиш ва бошқа диний ибодатларни амалга оширилиши – мутаассиблик ёки ақидапарастлик бўлиб туйилади.
Шу сабабли, динга ишонмайдиган одам учун “диндор” ва “ақидапараст” тушунчалари деярли бир хил аҳамиятга эга бўлади.
Дарҳақиқат, барча халқларда ҳар доим ўз халқи, мамлакати учун жонини фидо қилганлар улуғланган. Шу ўринда бир савол туғилади: инсон ўз эътиқоди учун ўлишга тайёрми ёки бошқа одамларни ўлдиришга? Мана шу ерда тақводор диндор ва мутаассиб шахс ўртасидаги чегара кўринади. Ҳақиқий диндор одам ўз манфаатлари учун бошқаларнинг эркинлигига тажовуз қилиш ғоясини қўллаб-қуватламайди.
Аксарият динларнинг Худо тўғрисидаги таълимотида Яратган одамларга нисбатан ҳеч қандай зўравонликка йўл қўймаслиги ва бандалар ҳам ўз эркинлигини ҳимоя қилиши лекин бошқанинг эркинлигига тажовуз қилмаслиги баён қилинади.
Шу билан бирга, диссидент[6]лар ва мутаассиблар ёки шунга ўхшаш атамаларни маълум бир тарафга нисбатан қўллайдиганлар аксарият ҳолларда ўзларининг нотўғри қарашларига кучли боғлиқ бўладилар.
Мисол учун, партизан душманлари назарида террорчи бўлиб кўриниши мумкин, лекин у ўз тарафдорлари назарида озодлик учун курашувчидир.
Бундан ташқари, муайян гуруҳларни мутаассиб деб белгилайдиган кишининг ўзи ҳам бир вақтнинг ўзида мутаассиб бўлиши мумкин.
Масалан, протестантлик ҳаракатини бошлаб берган Мартин Лютер иконокласт[7]лар ва деҳқонлар уруши фаолларини (1524\25) мутаассиблар деб ҳисобларди, шунга қарамай у ўз асарларида католик черковини йўқ қилишга, деҳқонлар қўзғолонини қонли бостиришга ҳамда яҳудий синагогалари ва мактабларига ўт қўйишга чақиргани унинг ўзи ҳам фанатик дунёқараш эга бўлганидан далолат беради[8].
Эътиқодлари ва амалиётлари турлича бўлганларни мутаассиб деб ҳисоблаш тенденцияси бизни бу атамани ишлатишдан қайтармаслиги керак. Ўз жонига қасд қилган ҳудкуш террорчи ўз душманлари тинч фуқаролар билан бирга портлатиб юборганда, унинг нияти ўзи учун жуда яхши бўлади. Аммо бу бизни террорист атамасидан воз кечишимиз ва уни шаҳид ёки озодлик курашчиси каби ижобий атамалар билан алмаштиришимиз керак дегани эмас.
Таъкидлаш жоизки, мутаассиб атамасидан баъзан умумий фойдаланишда ва илмий адабиётларда жуда кенг маънода қўлланилганлиги сабабли баъзилар мазкур атамадан фойдаланиш жараёнларнинг тўлиқ моҳиятини очиб бермаслигини таъкидлаб, бу терминдан илмий луғатларни чиқариб ташлашни даъво қиладилар[9].
Масалан, Тону Лехтсаар диний фундаментализмни хариталашда шунга ўхшаш муаммоларга дуч келган. У мутаассибликни яхшироқ тушуниш учун бу атамага аниқроқ таъриф бериш кераклигини айтган[10].
Ҳозирги кунда барча динлар доирасида диний мутаассиблик намуналарини топиш ва унинг таъсири зўравонликсиз ҳам ҳалокатли бўлиши мумкинлиги маълум бўлмоқда.
Мутаассиб ота-оналар ўз фарзандларини замонавий инсон тараққиёти ва ижтимоийлашув қонунларига зид равишда тарбиялашлари, замонавий оилаларда қиз болаларга ўқиш ва ёзишни ўргатиш нотўғри деб ҳисоблайдиган мутаассиб оила бошлиқларининг ҳаракатлари натижасида болалар саводсиз бўлиб улғайиши мумкин.
Шунингдек, баъзан одамларнинг ҳаддан ташқари чидамлилиги ҳеч кимга эмас, балки ўзларига ҳам зиён этказади.
Масалан, тақводор буддистлар ўз эътиқодларини бошқаларга юкламайдилар, баҳслашмайдилар ва ўзларининг ҳақ эканликларини исботламайдилар. Уларнинг мутаассиблиги асосан чуқур контсентрацияда, узоқ давом этадиган руҳий амалиётларда намоён бўлади, улар дуч келадиган синовлар кўпинча ақлга сиғмайди ва баъзида одамларни ақлдан озишига олиб келади.
Шу ўринда, турли соҳа вакиллари томонидан мутаассиблик атамасига берилган таърифларни кўриб чиқиш бизга мазкур терминни теранроқ тушуниш имконини беради.
Мисол учун, Америкалик файласуф Жорж Сантаяна[11] “Ақл ҳаёти: Инсон тараққиёти босқичлари” номли китобида “Фанатизм мақсад унутилганда саъй-ҳаракатларни икки баравар оширишдан иборат” дея таъриф берган.
Уинстон Черчиллнинг таъкидлашича, “Фанатик шахс – ўз фикрини ўзгартиришга қодир бўлмаган ва мавзуни ҳеч қачон ўзгартирмайдиган кишидир” дея таъкидлаган.
Дин психологи Тону Лехтсаар fanatizm атамасини одатдагидан ташқарига чиқадиган ҳаддан ташқари ва эҳтиросли тарзда бирор нарсага интилиш ёки ҳимоя қилиш деб таърифлаган.[12].
Инглиз файласуфи Жон Локк (1632\1704) мутаассиб атамасини кимгадир тоқат қилмайдиган одам деб тушунган бўлиб, бу бугунги кунда атаманинг асосий маъноларидан бири ҳисобланади.
Словениялик ёзувчи, сценарийнавис, режиссёр ва афорист Жарко Петан эса бу тоифа инсонларни “Мутаассиблар – яшашдан кўра кўпроқ интенсив ўладиган одамлардир” дея таърифлаган.
Маданиятшунос, филолог ва замонавий фалсафага катта таъсир кўрсатган немис файласуфи Фридрих Ницше “Албатта, мутаассиблик ирода кучининг ягона шаклидир, унга ҳатто заиф ва ўзига ишончи йўқ одамлар ҳам эриша оладилар” дея мутаассиблик ҳақидаги ўз қарашларини баён қилган.
Православ эътиқоди бўйича мақолалар чоп этиладиган “Фома” номли журналда мутаассиб шахсга “Ҳамма ҳалок бўлади, ёлғиз мен қутуламан деб ўйлайдиган одамдир”[13] дея таъриф берилган.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, фанда мутаассиблик атамаси турли соҳа вакиллари томонидан турлича таърифланган бўлса-да, диний ғояларга мутаассибона берилиб кетганлик бутун халқларга ҳалокатли таъсир кўрсатади ва уларнинг таназзулга юз тутишига олиб келади.
Диний фанатизм бир гуруҳ одамларни белгиланган қоидаларга мувофиқ яшайдиган подага айлантириб, ҳар бир кишини ўзига хослик
ва ички эркинликдан маҳрум бўлишига олиб келади.