Home / МАҚОЛАЛАР / НАҚШБАНДИЯ-МУЖАДДИДИЯ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШНИНГ МУҲИМ МАНБАСИ

НАҚШБАНДИЯ-МУЖАДДИДИЯ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШНИНГ МУҲИМ МАНБАСИ

XVIII-XIX асрларда Марказий Осиёда нақшбандия-мужаддидия тариқати тарихига оид манбаларни ўрганиш бугунги кунда тасаввуфшунослик тадқиқотларида муҳим аҳамият касб этади. Бу борада юртимиз олимлари[1] ва хорижлик тадқиқотчилар[2] кўплаб изланишлар олиб борган. Тадқиқотларда талай манбалар[3] илмий муомалага жалб этилган. Шундай бўлса-да, ўша давр тарихига доир қатор манбалар ҳали-ҳануз ўз тадқиқотчиларини кутиб турибди.

Шундай манбалардан бири Мирзо Мақсуд Даҳбедий (Бухорий)нинг “Миръотус соликин” (Соликлар ойнаси) асаридир. У ҳақда дастлаб Носируддин Бухорийнинг “Туҳфатуз зойирин” асари орқали хабар топган бўлсак, кейинчалик Мақсуд Даҳбедийнинг бошқа бир асари – “Равойиҳул қудс” орқали маълумот олинди. Сўнгра А.Т.Тагирджанованинг изланишлари[4] воситасида мазкур асардан воқиф бўлдик.

Таниқли тасаввушунос, туркиялик олим Неждат Тосун Мадина шаҳридаги Ориф Хикмат кутубхонаси фонди (инв. №261/44 рақам ости)да сақланаётган “Миръотус соликин” асарининг қўлёзма нусхасини бизга тақдим этди. Ушбу қўлёзма настаълиқ хатида, форс тилида ёзилган бўлиб, ўлчами – 15х27 см., матни – ҳар бир саҳифада 11 қатордан. Асар Аллоҳга ҳамд ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат билан бошланган.

Матннинг ўзида қора сиёҳ, сарлавҳа ва машҳур шахслар номларини, “Эй дарвеш”, “назм”, “муножот”, “рубоий”, “маснавий” каби сўзларни ёзишда қизил, кўк ва оч яшил (сариқ қўшилган ҳолда) рангли бўёқлардан фойдаланилган.

Асар сариқ, пишиқ ишланган шиқилдоқ қоғозга ёзилган бўлиб, б-а саҳифаларининг тўрт томонига бир хил ўлчамда ҳошия ташланиб, қизил сиёҳда рамкага олинган. Рамка ичида алоҳида қизил, кўк, яшил, қизил ранглардаги чизиқлар билан рамка ҳосил қилиниб, ичига асосий матн ёзилган. Кўпгина саҳифаларга нозик дид билан тилла суви югуртирилгани унинг нодир нусхалардан эканини англатади.

Муаллиф ўзини таништириб, “Аҳмадия-сиддиқия-алия-нақшбандия-аҳрория-мужаддидия-даҳбедия” тариқатининг ходими Мирзо Мақсуд Даҳбедий[5], деб қайд этган. Асарида Абдураҳмон Жомийнинг “Нафаҳотул унс”, Али ибн Усмон Ғазнавийнинг “Кашфул маҳжуб”, Абу Тоҳир хожанинг “Рисолаи тариқаи Даҳбедия”, Жалолиддин Ҳўқандийнинг “Мукошафатул асрор” асарларидан, Жумақули Ургутийнинг ёзишмаларидан иқтибослар келтирган. Шунингдек, таниқли давлат арбоблари ва нақшбандия силсиласи вакиллари номидан турли воқеаларни баён этган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан Муҳаммад Амин Даҳбедийга (1152/1739-1229/1814) қадар етиб борган мазкур силсила вакиллари, муршидлари ҳақида батафсил маълумотлар бериб ўтган.

Асарда ҳукмдорлардан Муҳаммад Раҳимхон (ваф. 1758), Амир Шоҳмурод (ваф. 1800), Амир Ҳайдар (ваф. 1826), Амир Насруллоҳ (ваф. 1860) ҳақида, шунингдек, Муҳаммад Сафар, Шукурбекбий иноқ каби ҳоким ва давлат арбоблари тўғрисида сўз юритилган.

Мақсуд Даҳбедий нақшбандия силсиласининг Марказий Осиёда ёйилиши, тараққий этиши ҳақида: “Хожа Имканагий Туркистонда туриб Ҳиндистонга тариқат нурини таратган бўлса, Мусохонхожа уни Ҳиндистондан яна ўз юртига қайта олиб келиб, Туронзаминни мунаввар қилди”[6], деб таъкидлаб ўтган.

“Миръотус соликин”да бир неча мактуб ҳақида ҳам айтиб ўтилган. Жумладан, Ҳиндистондан Даҳбедга иккита мактуб келган[7]. Уларнинг бири нақшбандия-мужаддидия силсиласи муршиди Мирзо (Жони Жонон) Ҳабибуллоҳ (1113/1701-1195/1780) томонидан Мусохонхожа Даҳбедийга (ваф. 1190/1776) ёзилган. Иккинчиси Миён Али Шоҳ Соҳибдан Муҳаммад Амин Даҳбедий номига келган.

Муаллиф асар бошида уни 1256/1839 йилда[8] ёза бошлаганини айтади. 283б-284а саҳифаларида эса “бу рисола 1259/1841 йил муҳаррам ойининг 15 куни, жума(га ўтар) оқшом пайти” ниҳоясига етганини қайд этади. Шундан келиб чиқиб, “Миръотус соликин” асарининг ушбу нусхаси муаллифнинг ўзи томонидан ёзил (кўчирил)ган, деб хулоса қилиш мумкин.

Яна қўлёзма асарнинг 284а, 283б, 275б-276а, 182б-183а, 105а, 39б, 3б саҳифаларининг ҳошиясида матнга айрим тузатишлар киритилганининг белгилари бор. Тузатишлар ва асосий матн (бир хаттот томонидан) бир хил хатда ёзилгани яққол кўриниб турибди. Бу ҳам қўлёзма муаллиф Мақсуд Даҳбедий томонидан кўчирилганини англатади.

Китобда ҳозирги кунда Самарқанд вилояти Оқдарё тумани Даҳбед шаҳарчасидаги “Махдуми Аъзам зиёратгоҳи”нинг жойлашган ўрни, у ердаги бино, ҳовуз ва бошқа иншоотлар, дов-дарахт расм-харита чизмаси чиройли тарзда ишланган (1-расм). Унда мажмуанинг дарвозаси шарқ томонда турибди. Ҳовлининг чап томонида икки хонали “ҳужраи хос”, унинг жануб тарафидан ғарбга қараб яна уч хонали ҳужра, кейин катта эшик, ундан кейин хонақоҳ, айвон ва унинг ҳовли томонида минора тасвири туширилган. Хонақоҳнинг ғарб томонида яна эшик ва ҳужра кўрсатилган. Мажмуанинг ғарбий томонида иккита катта “ҳужраи хос” ва уларнинг шимолий томонида ғарбга қараб солинган кичик йўл тасвирланган.

Ҳовлининг ғарб томонида ҳовузни кўриш мумкин.

Дарвозадан киргач, ўнг томонда “ҳужурот” (хоналар) борлиги ва ғарбга қараб юрганда, ҳовлининг шимолий девори яқинида катта чинор тургани айтилиб, унинг ғарбий томонида Муҳаммад Амин Даҳбедий қабри мавжудлиги айтилган. Қабрнинг уч томонига учта катта чинор тасвири туширилган.

Ғарбий қисмга қараб сал ўтганда, ўнг (шимол)да тўрт томони девор билан ўралган (Махдуми Аъзам ва унинг авлодлари дафн этилган) алоҳида суфа тасвири бор. Суфанинг шарқ томонида тут дарахти, ғарбида азим чинор мавжудлигини ҳам кўриш мумкин.

Мажмуа тасвирини ишлашда асосан кўк, қора, қизил, яшил, сариқ ранглардан фойдаланилган ва тилла суви ҳам ишлатилган.

Шу ўринда нақшбандия-мужаддидия тариқатининг муршидларидан бири, “Миръотус соликин” асари ёзилишига сабаб бўлган Муҳаммад Амин Даҳбедий қабрининг ўрни ҳақида Абу Тоҳир хожа маълумот бериб ўтган.

Абулбаракот Муҳаммад Амин Даҳбедийнинг қабри Даҳбеддаги Махдуми Аъзам қабристони деворининг ташқариси, шарқ томонига яқин жанубий буржидаги кичик бир суфада[9] экани ҳам таъкидлаб ўтилган.

“Самария” ва “Тариқати Даҳбедия” асари билан яқиндан таниш бўлган Мақсуд Даҳбедий кўрган ва ўқиган маълумотлари асосида ушбу мажмуа чизмасини ажойиб тарзда кўрсатиб, тасвирлаб берган. У асарни ёзишда Самарқанд қозиси Абу Тоҳир хожанинг “Тариқати даҳбедия” рисоласига кўп бор мурожаат қилган.

“Миръотус соликин” асари давомини ўқиган киши нақшбандия-мужаддидия тариқати билан боғлиқ бўлган силсила марказлари ва уларда фаолият олиб борган муршидлар ҳақида қимматли маълумотларга эга бўлади.

Мажмуа тасвири давомидан Абу Тоҳир хожа “Маснавий маънавий”га ёзган мухаммас орқали бу муқаддас марказга таъриф бериб ўтилган.

«Тингла найдин чун ҳикоят айлагай,
Айрилиқдин шикоят айлагай.

Мен қамиш эрдим, кесиб келтирдилар,
Нола чексам, эл ҳам оҳ урдилар.

Найни ёндирган ўшал ишқ оташи,
Майни ёндирган ўшал ишқ оташи.

Даҳбедийлар оташга шуъла бўлди,
Унга боғланганлар мисли ўт бўлди.

Бу Даҳбед эмас, муҳаббат ўчоғидир,
Балки най бу хонақоҳни куйлаётгандир.

Бу Даҳбед эмас, жаннат боғларидан биридир,
Тўрт томондан келган суфийлар учун роҳатдир.

Бу Даҳбед эмас, бу қалбларнинг нуридир,
Суфий қалблар дилидаги иймонидир.

Мусо (хонхожа)нинг табаррук хоки осудадир,
Яратганнинг асрорида у масрурдир.

Унинг шогирди Сиддиқ эди,
Бу йўлда мункирларга зиндиқ эди.

Эй Худо, амр этиб, Даҳбедни маъмур қилгин,
У ердаги азизлар (қабр ва жойлар)ни бахтга ва нурга тўлдиргин.

– Деди Имом ўзининг Маснавийсида,
Аммо нутқни қисқа, вассалом қилгин”[10].

Абу Тоҳир хожанинг “Наво”[11] тахаллуси билан қилган ижод намуналари унинг назмдаги етуклигини кўрсатади.

Айрим манбаларда “Миръотус соликин” 1256/1840-1264/1848 йилларда ёзилгани[12] айтилади. Аммо ушбу нусхасида муаллифнинг ўзи маълум қилганидек, асар 1259/1841 йилда ёзиб тугатилган.

У шартли равишда 11 бобга ажратилган. Асардан нақшбандия-мужаддидия-даҳбедия силсиласи муршидлари, шогирдлари, авлодлари ва Бухоро амирлари ҳақида ҳам маълумот олиш мумкин.

А.Т.Тагирджанова таништирган дастлабки нусханинг охирида у муаллиф томонидан Мирзо Муҳаммад Али Дарбандий ибн Мирзо Козимбекка “ҳазору ду саду шасту панж”, яъни 1265/1849 йилда ҳадя этилгани қайд қилинган. Шунга кўра айтиш мумкинки, асарнинг у нусхаси ҳам муаллиф яшаган даврда кўчирилган.

Ҳозирга қадар олиб борилган тадқиқотлар натижасида “Миръотус соликин” асарининг икки нусхаси Ориф Ҳикмат кутубхонаси ва Санкт-Петербург давлат университети фондида сақланаётгани маълум бўлди.

Битта нусха қай тариқа Санкт-Петербургга бориб қолгани маълум. Аммо яна бир нусха қандай қилиб Мадина шаҳридаги Ориф Хикмат кутубхонаси фондига тушиб қолди, деган савол очиқ турибди.

Китоб ҳақида берилган тавсифга кўра, ушбу нусха нозик дид билан ишлангани, бу қўлёзма айнан муаллиф томонидан кўчирилгани каби воқеалардан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, китоб муаллиф Мақсуд Даҳбедий томонидан ҳадя этилган бўлиши керак, деган тахмин юзага чиқади.

Китобнинг 1а, 284а-б варақларига тўртта муҳр урилган. 1а ва 284б варақларига урилган нисбатан катта, доира шаклдаги муҳрда (ёзувлари хиралашиб кетгани ўқиш имкони бўлмади) 1266/1849 санаси кўрсатилган.

1а ва 284а варақларида иккита бир хил: “Шукруллоҳ толеи масъуд, Хоки Муҳаммад байти Мақсуд”, деб ёзилган тўртбурчак шаклдаги муҳрлар урилган.

284а варақдаги тўртинчи муҳрда эса: “Аллоҳумма авсално ила мақсудано. 1257”, яъни “Аллоҳим, бизни мақсадимизга етиштиргин, 1257”(1840 йил), деган сўзлар қайд этилган.

Бундан кўринадики, муҳрларнинг иккитаси Мирзо Мақсуд Даҳебдийга тегишли экан. Бу эса асарнинг Мадинадаги нусхаси айнан муаллиф томонидан мазкур кутубхона фондига ҳадя қилинганини тасдиқлаш учун асос бўлади.

Шундай қилиб, комил ишонч билан айтиш мумкинки, Мақсуд Даҳбедийнинг “Миръотус соликин” асари нақшбандия-мужаддидия тариқати тарихи ва манбашунослигига оид нодир қўлёзма асарлардан биридир.

Келгусида “Миръотус соликин” бўйича тадқиқотлар давом эттирилиб, унинг мазмун-моҳияти, асарда баён этилган воқеалар, географик жойлар номлари, машҳур тарихий шахслар ҳаёти ва фаолияти юзасидан изланишлар олиб борилади.


1-расм.

ФОЙДАЛАНИЛГАН МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ

  1. Абу Тоҳирхожа. Самария. Қўлёзма, настаълиқ, форс тилида. Ўлчами: 16 х 25 см. 90 саҳифа. 1835 йилда муаллиф томонидан кўчирилган. Комилхон Каттаев шахсий кутубхонасида инв. № 27.
  2. Абу Тоҳирхожа. Самария. Таҳрир ҳайъати: Б.Аҳмедов ва бошқ./. – Т.: Камалак, 1991. – Б. 57
  3. Мақсуд Даҳбедий. Миръотус соликин. Қўлёзма. Мадина шаҳридаги Ориф Хикмат кутубхонаси. инв. №261/44
  4. Мақсуд Бухорий. Равойиҳул қудс. Қўлёзма, настаълиқ, форс тилида. Комилхон Каттаев шахсий кутубхонасида.
  5. Абдусаттор Ж. Вахшувор. – Т.: Akademnashr, 2015.
  6. Абдусаттор Ж. Машраб. – Т.: Akademnashr, 2015.
  7. Anke von Kugelgen. Die entfaltung der nagshbandiya mugaddidiya im mittleren transoxanien vom 18. Bis zum begiwn des 19. Jahrhunderts: Ein stuck detektivarbait // Muslim Culture in Russia and Central Asia from the 18th to the Early 20th Centuries vol. 2. Berlin. Klaus schiwars Verlag. 1998.
  8. Амонов М.У. XIII-XIX асрларда Марказий Осиёда нақшбандия-мужаддидия таълимоти ва тарихига оид манбалар ҳамда уларнинг таснифи. “Имом Бухорий сабоқлари” журнали. 2020 йил 2-сон. – Б. 43-46.
  9. Каттаев К. Махдуми Аъзам Даҳбедий ва унинг машҳур авлодларидан мерос қолган қадимий ва нодир китоблар каталоги. Рангли, фото-иллиюстрацион илмий альбом-нашр. Биринчи китоб. – Т.: Tafakkur bo`stoni, 2015. – Б. 52.
  10. Носируддин Бухорий. Туҳфатуз зойирин. Тошбосма. Форс тилида. Бухоро. 1328/1909.
  11. Суханварони сайқали рўйи замин. – Душанбе: Ирфон, 1973.
  12. Тагирджанова А.Т. Описание таджикских и персидских рукописей восточного отдела библиотеки ЛГУ. Т.1: История, биография, география. – Л.: 1962.
  13. Юлдашходжаев Х.Х. Мусохон Даҳбедийнинг нақшбандийа-мужаддидийа тариқати ривожида тутган ўрни (XVIII аср). Тарих фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертация. – Т.: 2008.
Меҳрожиддин АМОНОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
_________________________________________________________________
[1] Юлдашходжаев Х.Х. Мусохон Даҳбедийнинг нақшбандийа-мужаддидийа тариқати ривожида тутган ўрни (XVIII аср). Тарих фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертацияси. – Т.: 2008.; Абдусаттор Ж. Вахшувор. – Т.: Akademnashr, 2015.; Абдусаттор Ж. Машраб. – Т.: Akademnashr, 2015.;
[2] Anke von Kugelgen. Die entfaltung der nagshbandiya mugaddidiya im mittleren transoxanien vom 18. Bis zum begiwn des 19. Jahrhunderts: Ein stuck detektivarbait // Muslim Culture in Russia and Central Asia from the 18th to the Early 20th Centuries vol. 2. Berlin. Klaus schiwars Verlag. 1998.
[3] Жумақули Ургутий. Тарихи Хумулий. ЎзР ФА ШИ. №2785; Мир Ҳусайн. Маҳозинут тақво. ЎзР ФА ШИ. №2773; Мир Саодатуллоҳ. Лутфи Бузург. Россия Фанлар академияси Шарқшунослик институти Санкт-Петербург филиали қўлёзмалар фонди №В/1932; Саййид Муҳаммад ибн Охунд қози Камол. Туҳфатул аҳбоб. ЎзР ФА ШИ. №4400; Абдураҳим Ҳисорий. Туҳфатул ансоб. ЎзР ФА ШИ. №1459; Бадриддин ибн Иброҳим Сирҳиндий. Ҳазоротул қудс. ЎзР ФА ШИ. №76; Абдулазиз Мажзуб Намангоний. Тазкираи Мажзуб. ЎзР ФА ШИ. №2662; Абу Абдураҳмон Абдулло. Тарихи Бухоро ва таржиматул уламо. ЎзР ФА ШИ. №1595; Муҳаммад Ҳошим Кишимий. Насиматул қудс мин ҳадоиқул унс. ЎзР ФА ШИ. №635; Мақсуд Бухорий. Равойиҳул қудс. (Каттаев К. шахсий кутубхонасида) каби кўплаб манбалар тадқиқотлар доирасида жалб этилган.
[4] Тагирджанова А.Т. Описание таджикских и персидских рукописей восточного отдела библиотеки ЛГУ. Т.1: История, биография, география. – Л.: 1962.
[5] 1б варақ.
[6] Мақсуд Даҳбедий. Миръотус соликин. Ориф Хикмат кутубхонаси. инв. №261/44. – 122а варақ.
[7] Ушбу асар: – 243б-246а варақ.
[8] Ўша жойда: 6б варақ.
[9] Абу Тоҳирхожа. Самария. Таҳрир ҳайъати: Б. Аҳмедов ва бошқ./.– Т.: Камалак, 1991. – Б. 57
[10] Мақсуд Даҳбедий. Миръотус соликин. Қўлёзма. Мадина шаҳридаги Ориф Хикмат кутубхонаси. инв №261/44. 255а-255б варақ.
[11] Абу Тоҳир хожа. Самария. Комилхон Каттаев шахсий кутубхонасида инв № 27. 1-саҳифа; Суханварони сайқали рўйи замин. – Душанбе: Ирфон, 1973. – 210-212 саҳифа.
[12] Тагирджанова А.Т. Описание таджикских и персидских рукописей восточного отдела библиотеки ЛГУ. Т.1: История, биография, география. – Л.: 1962. – Стр. 335-356.

Check Also

МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИНИНГ ТАДҚИҚ ЭТИЛИШИ

Мустақилликнинг илк йилларида ислом динига қўйилган бир асрлик чеклов [4:252] барҳам топиб, эътиқод эркинлиги учун …