Home / АЛЛОМАЛАР / МАҲМУД ЗАМАХШАРИЙ “КАШШОФ” АСАРИНИНГ ТАФСИРШУНОСЛИК РИВОЖИДАГИ ЎРНИ

МАҲМУД ЗАМАХШАРИЙ “КАШШОФ” АСАРИНИНГ ТАФСИРШУНОСЛИК РИВОЖИДАГИ ЎРНИ

Маҳмуд Замахшарийнинг ислом дунёсида қисқача “Кашшоф” номи машҳур бўлган “Кашшоф ан-ҳақоиқи-т-танзил ва уйуни-л-ақовил фи вужуҳи-т-таъвил” “Қуръоннинг берк ҳақиқатларини ва уни шарҳлаш орқали ривоятлар кўзларини очгич” номли тафсири олим илмий меросининг гултожи ҳисобланади. Ушбу асар ислом дунёсида ўзининг илмий аҳамияти билан умумэътироф этилган филологик тафсир сифатида баҳоланган.

Манбалардаги маълумотларга қараганда аллома бу нодир асарини икки босқичда ёзади. Дастлаб йигитлик йилларида Арабистонга ҳаж зиёрати учун борганида Қуръони каримнинг “Бақара” сурасини шарҳлай бошлайди ва уни Макка амирига тақдим этади. Маҳмуд Замахшарийдаги Қуръоннинг мўъжизалигини кўрсата олиш, назмининг гўзаллиги, балоғатининг юксаклиги очиб бериш маҳорати уни ҳайратга солади. Олимдаги юксак салоҳиятни кўрган амир уни шу ерда қолишга ундайди. Замахшарий бу таклифга кўнмайди ва она юртига қайтиб кетади. Ўз юрти Хоразмда Замахшарий араб тили билан боғлиқ кўплаб илм соҳаларини, жумладан, адаб илмларини тинимсиз мукаммаллаштиради. Олимдаги юксак салоҳият оятлардаги жозибани илғаб олиш имконини берган. Мана шу фазилат тафсир муқаддимасида шундай баён қилинади: “Илмларнинг энг нозиги, ҳар қандай ақлни ҳайрон қиладигани тафсир илми бўлиб, унга ҳар қандай олим журъат қилавермайди. Жоҳиз “Назму-л-Қуръон” китобида ёзганидек, фақиҳ агар ҳукм ва фатвода барча тенгдошларидан ғолиб бўлса ҳам, мутакаллим гарчи калом санъатида дунё аҳлини лол этса ҳам, тарихчи ва ҳофиз Қирриянинг ўғлидан зеҳни ўткирроқ, воиз агар Ҳасан Басрийдан гапдонроқ, наҳвий агар Сийбавайҳдан билимдонроқ бўлса ҳам, луғат олими луғатларни сақичдек чайнаб ташласа ҳам, аммо улар Қуръон йўли олдида ҳақиқатни идрок этишдан ожиздир. Қуръонга хос бўлган маъоний ва баён илмларида пешқадам бўлганларгина бу ишни уддасидан чиқиши мумкин”.

Маҳмуд Замахшарий тафсир илмига қўйилган барча талабларни мукаммал ўзлаштиргандан сўнггина тафсир ишини давом эттиради ва уни  Маккага иккинчи марта қилган сафари мобайнида, яъни 1130-1134 йиллар орасида муваффақиятли якунлайди. Аллома Маккага сафар қилганида шаҳар амири Ибн Ваҳҳос унга: “Яхши ҳамки, ўзингиз диёримизга қадам ранжида қилдингиз, сизнинг “Бақара” сурасига қилган тафсирингиз донғини эшитиб, ғоят мамнун бўлдим. Ҳаттоки, юртингизга элчи юбориб, олиб келмоқчи бўлдим”, дейди. Амирнинг бундай илтифотли сўзларини эшитган аллома давр илм аҳли, шогирдлари, ҳаттоки,  амирлар ва юксак мансаб эгалари учун мана шундай тафсир асари зарурлигини англади ва уни ёзишга қаттиқ киришди.

Айнан шу вақтда Замахшарий олтмишдан ошган ва турли соҳаларга оид кўплаб асарлар ёзган эди. Умрнинг ғаниматлигини англаган олим ўзи севган, ҳаётининг асосий мазмунига айланган Қуръони карим тафсири билан шуғулланишга астойдил бел боғлади. Муҳими, Байтуллоҳ ёнида, Расулуллоҳ (с.а.в)нинг таваллуд топган жойида туриб, бундай шарафли ишни амалга ошириш алломага кучли илҳом бағишлайди. Аллома ёшининг катталигини ҳисобга олиб, вақтдан ютиш мақсадида тафсир ёзиш услубини ўзгартирди, “Кашшоф” асарининг қолган қисмини дастлаб ёзган  “Бақара” сураси тафсирига нисбатан ихчамроқ қилиб ёзди. У ихчамроқ бўлишига қарамасдан, аллома унда барча эҳтимолларни ҳисобга олган ҳолда, савол-жавоб тариқасида “Ундай десанг, бундай дейман” деган услубида ёзган.

Маҳмуд Замахшарий ўз тафсирининг кириш қисмида ушбу асарни Абу Бакр халифалиги муддатида яъни, Каъбатуллоҳ ёнидаги Сулаймония даҳлизида ҳижрий 528 йили, рабиъул аввал ойининг 23-куни, 21 январ 1134 йил душанба тонгида ёзиб тугатган.

“Кашшоф”  дунёнинг кўплаб илмий ва ўқув даргоҳларида жумладан, Мисрдаги Азҳар университетида ҳам тафсир бўйича асосий манба сифатида ўқитилмоқда. Асар бошқа тафсирларда бўлмаган кўп афзалликлари билан ажралиб туради. Бу ўринда алломанинг Қуръони каримдаги балоғат, фасоҳат, баён илмларига доир  томонларини очиб бериши муҳим аҳамият касб этади.

Тафсир манбаларида “Кашшоф” ва унинг муаллифига юксак баҳо берилган. Асарнинг тили, услуби, балоғати ва фасоҳати тўғрисида қимматли фикрлар билдирилган. Асарнинг юқори илмий савияси унинг замондош ва кейинги давр олимлари томонидан кенг ўрганилишига сабаб бўлган.

Маҳмуд Замахшарий “Кашшоф” асари турли даврларда йирик олимлар томонидан ўрганилган мухтасар қилинган, шарҳлар битилган. Дунё фондларида асарнинг, унинг мухтасар ва шарҳларининг жуда нодир қўлёзмалари сақланади. “Кашшоф” тафсирини монографик  ўрганишда унга ёзилган шарҳларнинг аҳамияти жуда катта.

Имом Аҳмад ибн Мунир Моликий Искандарий (ваф. 683/1284) “Кашшоф” га бағишлаб “Интисоб” – “Тикланиш” номли асарини ёзган. Муаллиф асардаги мўътазила ақидасига тааллуқли ўринларга танқидий муносабатда ёндашади. Асарнинг тили,  балоғати, фасоҳатига жуда юқори баҳо беради[1].

 Аламуддин Ироқийнинг (ваф. 704/ 1305) “Инсоб” – “Тиклаш” номли шарҳи. Мазкур шарҳда Аламуддин Ироқий Маҳмуд Замахшарийнинг “Кашшоф” ва Имом Аҳмад ибн Мунир Моликий  Искандарийнинг “Интисоб”  асарларини қиёсий таҳлил қилади ва мазкур икки манбага нисбатан ўз фикрларини баён қилади[2].

 Абу Али Умар Суккуний Мағрибийнинг (ваф. 717/ 1317) “Тамйиз” – “ Ажратиш” номли шарҳи. Муаллиф “Кашшоф” асарининг илмий, филологик жиҳатларига ижобий баҳо беради, лекин ундаги муътазила ақидасига тааллуқли бўлган томонларини танқид қилади. Шарҳнинг нодир нусхаси Қоҳирадаги Дорул-кутуби-л-мисриййа кутубхонасида сақланади[3].

Валийюддин Аҳмад ибн Зайнуддин Ироқий (ваф. 826/1423)нинг “Инсоф ала-л-Кашшоф” раддия шарҳи. Муаллиф Ибн Мунирнинг “Илму-д-дин”, Абу Ҳайённинг “Тафсиру-л-баҳр”, Ибн Ҳишомнинг “Муғний” асарларига таяниб “Кашшоф”даги ҳадисларини тахриж қилган. Валийюддин Ироқий асарни 826/1423 йилда ёзиб тугатган. Асарнинг бир нусхаси “Дару-л-кутубил-мисриййа” қўлёзмалар фондида сақланмоқда.[4]

 Бурҳониддин Ҳайдар Ҳиравий (ваф. 830/ 1427) устози шайх Саъднинг “Кашшоф”га ёзган ҳошиясига ёзилган ҳошия. Унда устозининг “Кашшоф”га бўлган салбий фикрларига раддия ёзган. Ушбу асар “Дару-л-кутубил-мисриййа”  қўлёзма фондида сақланмоқда.[5]

Аҳмад ибн Исмоил Куроний (ваф. 893/ 1488) “Ғояту-л–амоний фи тафсири-л-каломи-р-раббоний” – “Аллоҳнинг каломини тафсир қилишдаги энг сўнгги ғоя” асарини ёзган. Олим  ҳошияда Маҳмуд Замахшарийнинг “Кашшоф” ва Қози Байдовийнинг “Тафсир” асарларига танқидий муносабат билдирган. Асар “Дару-л-кутубил-мисриййа”  қўлёзма фондида сақланмоқда[6].

Абу Саъд Имодий (ваф. 982/1574) нинг “Маъақиду-т-тараф фи аввали тафсир сурати-л-Фатҳ мина-л-Кашшоф” – “Кашшоф”даги Фатҳ сураси тафсирига изоҳ” номли ҳошияси.

Имом Ҳофиз Шаҳобиддин Абу-л-Фазл ибн Али ибн Ҳажарнинг “Кофийу-ш-шофий фи тахрижи-л-аҳадиси-л-Кашшоф” – “Кашшоф” даги ҳадисларни тахрижи бўйича етарли“ номли асари.

     Муҳйиддин Афандининг “Танзилу-л-оёт ала шаваҳид мина-л-абят” – “Оят маъносини қувватлайдиган байтлар” номли асари. Унда Маҳмуд Замахшарийнинг “Кашшоф” тафсирига киритган байтлари шарҳланган, уларнинг муаллифлари кўрсатилган.

 Хидр ибн Атоуллоҳнинг “Исъаф би шарҳи абяти-л-Қозий ва-л-Кашшоф” – “ Қозий” ва “Кашшоф” байтларини шарҳлашга ёрдам”номли асари. Асар икки жилддан иборат, 994/ 1586 йили ёзилган.

Шайх Муҳаммад ибн Али Ансорий (ваф. 662/ 1264) шарҳи. Замахшарийнинг “Кашшоф” асаридаги муътазила ақидасига доир фикрларни чиқариб ташлаб, аҳли сунна вал жамоа мазҳабига мос келадиган жиҳатларини қолдирган[7].

Носириддин Қозий Байдовийнинг (ваф. 692/ 1293) “Анвору-т-танзил” -“Қуръон нурлари” номли асари. Унда  “Кашшоф” асарига раддиялар билдирган ва муътазила ақидасига доир жиҳатларига танқидий ёндашилган[8].

 Шайх Тақиййиддин Саббокий (ваф. 765/ 1364) “Сабабу-л-инкифоф ан иқрои-л-Кашшоф” – “Кашшоф”ни ўқишдан юз ўгириш сабаблари” номли мухтасар асарини ёзган[9].

Абу-с-Саодат Муборак ибн Муҳаммад ибн Асир Ҳизрийнинг “Инсоф фи-л-жамъи байна-с-Саълабий ва-л-Кашшоф” – “Кашшоф” ва Саълабий тафсирини инсоф билан жамлаш” номли асари[10].

Бадриддин Муҳаммад Муқрий Ҳалабий (ваф. 705/1306) “Мухтасару-р-рошиф мин зулали-л-“Кашшоф” мина-т-тафосир” – “Кашшоф”нинг зилол сувларидан ичиш” номли асарида Абу-л-Аббос Аҳмад Маҳдий, Абу Лайс Самарқандий ва Саълабий фикрларини “Кашшоф” асари билан қиёсий таҳлил  қилган. Олимлар ушбу асарни “Кашшоф”нинг муҳим мухтасарларидан бири сифатида баҳолаганлар [11].

 Имод Канадийнинг (ваф. 720/1320) “Кафил би маъании-т-танзил” – “Қуръон маъноларининг кафолати” номли 23 жилддан иборат асари. Бунда ҳар бир оятнинг тафсиридан сўнг Маҳмуд Замахшарийнинг бу ҳақдаги фикрини келтириб ўтилади. Имод Канадий наҳв илми борасида машҳур  олимлардан бўлганлиги  сабабли “Кашшоф”нинг балоғат, грамматик жиҳатларига алоҳида эътибор беради ва алломанинг фикрларини айнан келтиради[12].

Низомиддин Қумий Нисобурий (ваф.728/1328) “Кашшоф”га бағишланган мухтасар муаллифи. Олим ўз мухтасарида Имом Розийнинг “Тафсири кабир” ва Маҳмуд Замахшарийнинг “Кашшоф” тафсирини қиёсий таҳлил қилади[13].

Шамсуддин Абу-с-СаноШофеъий  (ваф. 749/ 1348). У  Имом Розийнинг “Мафотиҳу-л-ғайб” – “Ғайб калитлари” асари  ва Замахшарийнинг “Кашшоф” тафсирини қиёсий ўрганган[14].

Абу-с-Саъид Уммадийнинг (ваф. 982/1574) “Иршоду-л-ақли-с-салим ила мазая-л-китаби-л-карим” – “Соғлом ақлни Қуръон ҳидоятидан баҳраманд қилиш” номли мухтасар асари. Мазкур асар “Тафсири Абу-с-Саъид” номи билан машҳур бўлган[15].

Имом Яҳё ибн Ҳамза Алавий Яманий (ваф. 749/ 1348) . “ Олим “Тироз” – “Намуна” номли китобини “Кашшоф” асари таъсирида ёзган. Асар муқаддимасида олим кўплаб тафсирларни ўрганганлиги аммо уларнинг бирортасида ҳам Маҳмуд Замахшарийнинг “Кашшоф” тафсиридаги каби  баён ва маъоний илмларини қамраб олган, Қуръони карим лафзи ҳамда маъносидаги мўъжизавий маъноларини ёритиб берадиган мукаммал тафсир кўрмаганлигини ёзади ва шогирдларининг илтимосига кўра юқоридаги тафсирнинг балоғати ва фасоҳатига бағишланган ушбу асарини ёзганлигини таъкидлайди[16].

Маҳмуд Замахшарийнинг “Кашшоф” тафсири билан боғлиқ манбаларни ўрганиш асарга ўзи яратилган даврдан ҳозирга қадар саксондан ортиқ шарҳ, ҳошия, мухтасарлар ёзилганлигини кўрсатмоқда. Улар сирасига Қутбуддин Шерозий (ваф. 710/ 1311) “Кашшоф” асарига икки жилдли ҳошияси[17], Қутбуддин Шаққор (ваф. 698/ 1299) “Тақрибу-т-тафосир” -“Тафсирларнинг қиёси” номли шарҳи[18], Али Тусий (ваф. 561/ 1166)  “Жавомиъу-л-жавомиъ” – “Жамларнинг жами” шарҳи[19], Фозил Юсуф ибн Ҳусайн Ҳилвоний (ваф. 854/ 1450 )  ҳошияси[20],Тожиддин Аҳмад ибн Мактумнинг “Дурру-л-лақит мина-л-баҳри-л-муҳит” – “Уммондан топилган дур” деб номлаган  Абу Ҳаённинг “Кашшоф”га ёзилган  мухтасари, Шарофуддин Тибий (ваф. 743/ 1343) “Кашшоф” асарига 6 жилдлик “Футуҳу-л-ғайб фи кашф ан қаннаъи-р-райб” – “Шак-шубҳаларни кетказиш, ғайбни очиш” номли ҳошияси, Шайху-л-Ислом Баҳро Яҳё Ҳаравий (ваф. 906/ 1501) “Кашшоф”нинг Фотиҳа сурасидан Бақара сурасининг ўртасигача бўлган қисми шарҳи[21] каби асарлар киради.

Демак, Маҳмуд Замахшарийнинг“Кашшоф ан-ҳақоиқи-т-танзил ва уйуни-л-ақовил фи вужуҳи-т-таъвил” “Қуръоннинг берк ҳақиқатларини ва уни шарҳлаш орқали ривоятлар кўзларини очгич” номли тафсири муфассирлар орасида эътиборли илмий манба сифатида эътироф этилган. Асарга ёзилган шарҳ, ҳошия, мухтасар ва таълиқотларни ўрганиш мусулмон дунёсининг жуда кўплаб олимлари унга мурожаат этганлигини кўрсатади. Бу асарларнинг қўлёзмалари давримизга қадар етиб келган. Уларда Маҳмуд Замахшарий тафсирининг филология соҳасидаги аҳамиятига алоҳида урғу берилган айниқса, балоғат ва фасоҳат соҳасидаги ўрни юқори баҳоланган.

[1]Хожи Халифа. Кашф аз Зунун. Дор Саодат. –Ж.2. –Б. 147; Доктор Мустафо ас Ас-Совий ал-Жувайний. Манҳажу аз-Замахшарий фи тафсир ал-Қуръан ва байани иъжазиҳи. –Миср: Дор ал-Маориф, 1984. -Б. 272.
[2] Қаранг: Ўша манба. -Б. 271.
[3] Ўша асар. –Б. 272.
[4] Доктор Мустафо ас-Совий ал-Жувайний. Манҳажу аз-Замаҳшарий фи тафир ал Қуръан ва байани иъжазиҳи. Дор ал Маориф. Миср. Б. 274. 1984
[5] Ўша асар. -Б. 274.
[6] Ўша асар, –Б. 275.
[7]Доктор Мустафо ас-Совий ал-Жувайний. Манҳажу аз-Замаҳшарий фи тафир ал Қуръан ва байани иъжазиҳи. Дор ал Маориф. Миср.1984. –Б. 276.
[8]Ўша асар, –Б. 276.
[9]Ўша асар, -Б. 276.
[10]Ўша асар, –Б. 277.
[11]. Ўша асар. –Б. 277.
[12].Доктор Мустафо ас-Совий ал-Жувайний. Манҳажу аз-Замаҳшарий фи тафир ал Қуръан ва байани иъжазиҳи. Дор ал Маориф. Миср.1984. –Б. 277.
[13]Ўша асар, -Б. 277.
[14]Ўша асар, –Б. 277.
[15] Ўша асар.–Б. 277.
[16] Ўша асар, –Б. 278.
[17] Кашф аз Зунун. -Ж.2. -Б. 147;  Доктор Мустафо ас-Совий ал-Жувайний. Манҳажу аз-Замахшарий фи тафсир ал Қуръан ва байани иъжазиҳи. –Миср: Дор ал-Маориф, 1984. -Б. 272.
[18]Ўша асар, –Б. 276.
[19] Ўша асар, –Б. 277.
[20] Ўша асар, –Б. 278.
[21] Доктор Мустафо ас-Совий ал-Жувайний. Манҳажу аз-Замаҳшарий фи тафир ал Қуръан ва байани иъжазиҳи. Дор ал Маориф. Миср. –Б. 275. 1984.
Зоҳид ИСЛОМОВ,
фил.ф.д., професор ЎзХИА Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор

Check Also

МАВЛОНО ЮСУФ – БОБУР МИРЗОНИНГ ХОС ТАБИБИ

Мавлоно Юсуф Хуросоннинг Ҳирот яқинидаги Ҳавоф (Ҳаф) шаҳрида табиб оиласида туғилган. Тўлиқ исми – Юсуф …