Home / МАҚОЛАЛАР / МУҲАММАД ШАЙБОНИЙ АСАРЛАРИДА ХАЛҚАРО МУНОСАБАТЛАР ТАРТИБГА СОЛИНИШИНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

МУҲАММАД ШАЙБОНИЙ АСАРЛАРИДА ХАЛҚАРО МУНОСАБАТЛАР ТАРТИБГА СОЛИНИШИНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

Ислом оламида кенг тарқалган ва кўпчилик мусулмонлар эргашувчи фиқҳий мактаблардан бўлган ҳанафий мазҳабининг яхлит мазҳаб сифатида шаклланиши, мазҳабга доир фатволарни жамлаб сараланиши ва бугунги кунгача етиб келишида Имоми Аъзамнинг хос шогирди Муҳаммад Шайбонийнинг хизмат катта. Имом Муҳаммад ҳанафий мазҳабининг забардаст фақиҳларидан бири бўлиб, ўз асарлари билан ҳанафийликни тизимлаштириш ва ёйишда катта таъсир кўрсатди. 

Муҳаммад Шайбоний ўз даврида юзага келган турли ҳуқуқий масалаларнинг ечимини топишда муваффақият қозонди. У ўзининг икки устози Абу Ҳанифа ва Абу Юсуфдан фарқли равишда илмий мунозаралар, амалий фаолият билан бирга китоб ёзишга ҳам жиддий эътибор берди ва мана бир неча асрлардан бери ҳанафийлик фиқҳининг классик манбалари, методологиясини тадқиқ этишда айнан унинг асарлари, хусусан, “Зоҳир ар­ривоя” китоблари нодир манба бўлиб келмоқда.

“Зоҳир ар­ривоя” асарлари ҳанафийлик фиқҳида мурожаат қилинадиган асосий манбалардир. Мазкур асар таркибига кирувчи китоблар орасида халқаро муносабатларни тартибга солишга қаратилган “ас-Сияр ал-кабир”, “ас-Сияр ас­сағир” ҳам мавжуд. Ушбу китоблар ислом халқаро ҳуқуқига оид муҳим манбалар бўлиб, халқаро муносабатларнинг турли объектларига оид нормалар жам бўлган.

Муҳаммад ибн Ҳасан ушбу асарида ислом тамойилларидан келиб чиқиб халқаро шартномаларнинг тузилиши, урушларни олиб бориш, элчилик муносабатларининг ҳуқуқий жиҳатларини ёритиб беради. Манбаларга кўра, китобни ёзиб бўлгач, Муҳаммад ибн Ҳасан уни етмишта дафтарга кўчиришни ва аравага ортиб, халифанинг саройига олиб боришни айтади. Муҳаммад ибн Ҳасаннинг китоб ёзганлиги ва бу китобни аравага ортибгина келтира олганлари айтилганда, халифа ҳайратга тушади. Уни кўрганда халифанинг ҳайрати янада ошади. Сўнг фарзандларини ушбу китобни ўрганишлари учун Муҳаммад ибн Ҳасаннинг дарсларига юборади. Китобнинг  ривоят қилиниши ва бизгача етиб келишидаги қизиқ жиҳат шундаки, халифа фарзандларининг тарбиячиси Исмойил ибн Тавба Қазвиний болаларни назорат қилиш учун улар билан дарсга келар ва китобни эшитарди. Китобни ривоят қилганларнинг бири Абу Сулаймон Жўзжоний бўлса, иккинчиси шаҳзодаларнинг тарбиячиси бўлганига иттифоқ қилинган[1].

Муҳаммад Шайбонийнинг ислом халқаро муносабатлари ривожидаги муҳим ҳиссаларидан бири унинг ҳудуд тушунчаси, яъни давлатларнинг эътиқодий қарашаларидан қатъий назар улар билан тинчлик муносабатига киришиш йўлларини кўрсатиб бергани билан боғлиқ. Маълумки, дастлаб ислом халқаро ҳуқуқига кўра дунёнинг икки ҳудудий қисмга “дорул ислом” ва “дорул ҳарб”га бўлиниши қабул қилинган эди. “Дорул ислом” бу ислом ҳукмлари зоҳир бўлган ҳудудлар[2]. Имом Муҳаммаднинг фикрича, “дорул ислом” мусулмонлар ихтиёридаги юрт бўлиб, ундаги  мусулмонлар ҳар қандай хавф-хатардан холи бўладилар. Бундай ҳудудда истиқомат қилаётган барча аҳоли, хусусан, мусулмонлар ёки ўзга дин вакиллари (зиммийлар) ўзаро тенг ҳисобланади.

“Дорул ҳарб” эса ислом таълимотини поймол қилишга қаратилган, мусулмонларнинг мусулмон бўлгани учун зуғум остига олишга қаратилган қоидалар амал қиладиган ҳудудлар ҳисобланган[3].

Муҳаммад Шайбоний халқаро ҳудудга оид юқоридаги қарашларни янада кенгайтирди. У ўз асарларида ҳудуд категориясига “дорул аҳд” тушунчани киритган илк фақиҳ ҳисобланади[4]. “Дорул ислом”, “дорул ҳарб” ва “дорул аҳд” тушунчаларини замонавий халқаро ҳуқуқдаги давлат ҳудудлари билан ҳам солиштириш мумкин. “Дорул ислом” – мусулмонлар истиқомат қиладиган мамлакатлар ҳудуди бўлса, “Дорул ҳарб” мусулмон бўлмаган ва мусулмонларга қарши сиёсат олиб борувчи давлатларнинг ҳудуди, “Дорул аҳд” эса ўзга дин вакиллари раҳбарлигидаги ҳамда мусулмон мамлакатлари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган давлатлар суверенитети остидаги ҳудудлардир.

Шайбонийга кўра, дастлаб “дорул ҳарб” бўлган ва мусулмонлар билан шартнома тузган мамлакатларнинг ҳудудлари “дорул аҳд”га айланади. Натижада, ислом дини вакиллари билан тинчлик шартномаларига эга бўлган ғайридин ўлкаларга ҳам беҳуда ҳужум қилишдан қайтарилади. Бу эса тинчликни асрашдаги муҳим қадам саналади. 

Халқаро муносабатларда бир ҳудудни бошқа бир давлат томонидан тан олиш уни эътироф этиш ҳисобланади. Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг “дорул ҳарб” билан шартнома тузиш орқали уларнинг “дорул аҳд”га айланиши борасидаги фикрлари ислом халқаро ҳуқуқидаги ўзига хос содда бўлса­да, тан олиш институтининг вужудга келишига асос бўлганини айтиш керак. Шу асосда ислом халқаро ҳуқуқида ҳудудлар масаласида яна бир янги тушунча шартнома тузилган давлатлар ҳақидаги қарашлар вужудга келди. Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг бу хизмати эвазига ислом халқаро ҳуқуқида ҳудудлар уч турга таснифланадиган бўлди.

Европалик ҳуқуқшунос олим Холид Рамазон Башир ўзининг “Ислом халқаро ҳуқуқининг тарихий асослари ва Муҳаммад Шайбонийнинг Сияри” номли асарида Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг халқаро муносабатларни тартибга солишдаги ўринига алоҳида эътибор қаратган. Хусусан, асарда Муҳаммад Шайбонийнинг халқаро ҳуқуққа оид қарашларини Европа мутафаккирлари – Аврелией Августин, Грациан, Фома Аквинский, Витория, Гуго Гроцийларнинг халқаро ҳуқуқнинг шаклланиши ва ривожланишига қўшган ҳиссалари билан қиёслаб таҳлил қилишга алоҳида ўрин ажратилган.

Муаллифнинг алоҳида таъкидлашича, Муҳаммад Шайбоний шу вақтгача Европаликлар учун маьлум бўлмаган халқаро ҳуқуқ назариясига аниқлик киритишга эришган, унинг “ас-Сияр ал-кабир” асари ислом цивилизациясининг маҳсули бўлмиш ислом халқаро ҳуқуқига оид энг мукаммал тадқиқотдир. Унинг буюк хизматларидан бири халқаро ҳуқуқнинг бошқа соҳаларидан фарқли жиҳатларини кўрсатиб берганидир. Муҳаммад Шайбонийнинг ушбу асарини халқаро ҳуқуқ масалаларининг қамрови жиҳатидан Гуго Гроцийнинг “Уруш ва тинчлик ҳуқуқи” асари билангина қиёслаш мумкин”, – деб алоҳида таъкидлайди Холид Рамазон Башир[5].

Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг “ас-Сияр ас-сағир” ва “ас-Сияр ал-кабир” каби асарларида халқаро ҳуқуқ соҳаларига оид тушунчалар мавжуд. Жумладан, элчиларнинг дахлсизлиги, халқаро шартномаларга сўзсиз амал қилиниши, тинч аҳоли ва жангчиларни ажратиш, инсонпарварлик ҳуқуқидаги аёллар, қариялар ва болаларнинг алоҳида мавқеи, атроф­муҳитга зарар етказмаслик, бузғунчиликдан тийилиш каби тамойилларни мисол қилиш мумкин.

Муҳаммад Шайбоний томонидан ёзилган халқаро муносабатларга доир асарларда ҳам тинчлик, бағрикенглик ҳамда турли халқлар билан ўзаро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликда турмуш кечириш ислом ҳуқуқида халқаро муносабатларнинг бош ғояси бўлганини гувоҳи бўлиш мумкин. Хулоса қилиб айтганда, ислом тарихида халқаро муносабатларнинг шаклланиши ва ривожланишида ўзига хос тарихий шароит ва муҳит билан бирга мусулмон олимлари томонидан ёзилган асарларнинг ҳам ўрни беқиёс бўлган. Ўз навбатида, халқаро муносабатларга оид ёзилган бу асарлар мусулмон оламида тинчликни барқарор бўлишида ҳам улкан хизмат қилган.

[1]Қаранг: Муҳаммад ибн Аҳмад Сарахсий.  “Шарҳ ас-сияр ал-кабир”. Ал-жузъ ал-аввал.−Байрут: “Дор ал-кутуб ал-илмийя”, 1997. Б. 4.
[2]Қаранг: Мавсуаътил фиқҳия. − ал­Кувайт: Визарат ал­авқаф ва аш­шуъун ал­исламийя. 1990. Ж.20 – Б. 201.
[3]Қаранг: Муҳаммад ибн Аҳмад Сарахсий. Шарҳ ас-сияр ал-кабир. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмийя. 1997. Ж.1. – Б. 250
[4]Дасуқий М. Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний ва унинг ислом фиқҳидаги ўрни.−Доҳа: “Дор ас­сақофа”, 1987. Б. 330.
[5] Khalid Ramadan Bashir. Islamic International Law Historical Foundations and Al-Shaybani’s Siyar. The University of Aberdeen, UK. 2018. –320 p.
Шукрулло ЖЎРАЕВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси,
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

Тарозидан уриб қолувчиларга вайл бўлсин

(Абу Ҳафс Насафийнинг “Ат-Тайсир фит тафсир” асари асосида) Ижтимоий ҳаётда одамлар бир-бири билан олди-сотди қилиб, …