Home / МАҚОЛАЛАР / АБУ МАНСУР МОТУРИДИЙ ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ  ШАХС МАЪНАВИЙ КАМОЛОТИНИ ЮКСАЛТИРИШДАГИ АҲАМИЯТИ

АБУ МАНСУР МОТУРИДИЙ ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ  ШАХС МАЪНАВИЙ КАМОЛОТИНИ ЮКСАЛТИРИШДАГИ АҲАМИЯТИ

 “Нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун аввало илм-маърифат, юксак маънавият керак. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади. Шавкат Мирзиёев[1]

Ислом  фалсафасида ақида ва калом  илмининг султони сифатида  шарафланган  буюк мутакаллим  Абу Мансур Мотуридийнинг шахсияти ҳамда ул зот томонидан яратилган диний-фалсафий мерос намуналари  бугунги  глобаллашув шароитида ҳам маънавий баркамол инсонларни тарбиялаш жараёнида ўзининг юксак савияси ва теран мушоҳадалари билан   муҳим   манба бўлиб хизмат қилмоқда. Бугунги кунда  буюк алломанинг фалсафий меросини кенг доирада тарғиб қилиш, шунингдек, диний ва дунёвий илм мувозанатини таъминлашда кўрсатган буюк хизматларини юксак баҳолаш  нафақат юртимиз олимлари балки дунё исломшунос олимлари томонидан ҳам юксак эътироф этиб келинмоқда.  Инсонларни ҳалол ва покиза яшашга, ақлий теранликка, дунё ва охират ўртасидаги мувозанатни англаб етишга, илм ва меҳнат машаққатини қадрлаш руҳиятини уйғотишда Абу Мансур Мотуридий ҳазратларининг асарларини ўрганиш ва жамоатчилик орасида кенг тарғиб этиш илм-фан олдидаги долзарб масалалардан  бири ҳисобланади. Чунки бугунги кун  инсоният жамияти маънавий жиҳатдан оқсоқланиб қолаётган, иқтисодий манфаатларни барча нарсадан устун қўядиган, миллий мансублик ва менталитет тушунчаларини инобатга олмайдиган, ёт ғоя ва мафкуралар ортидан қувиб, ўзлигини йўқотаётган инсонлар сафи билан кўпайиб бормоқда. Жамиятнинг зиёли қатлами сифатида  илмни тарғиб қилиб, ёш авлод онгида ҳар қандай маънавий бўшлиқлар  ва ёт ғоялар ўрнашиши мумкин бўлган сарҳадларни буюк боболаримиз томонидан баён этилган маърифат машъали билан ёритиш ҳамда буюк келажагимизни улкан салоҳият эгалари билан қуриш энг олий мақсадимиздир. Зеро, шарқ донишмандлари айтганидек, «Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир»! Шахс маънавий камолотини юксалтириш масаласи барча даврларда ҳам долзарб мавзулардан бири сифатида ўрганиб келинган. Чунки жамиятнинг маънавий қиёфаси унда яшаётган инсонларнинг маънавий етуклик даражаси билан ўлчанади. Абу Мансур Мотуридий ислом фалсафасида  ақоид ва калом илмининг етук олими сифатида ном қозонган бўлиб, унинг ақида, калом ва фиқҳ илмига оид асарлари бугунги кунда дунё олимлари томонидан катта эътирофга сазовор бўлмоқда.  Абу Мансур Мотуридийнинг  бизга маълум бўлган  асарлари тахминий 15 та бўлиб, лекин улардан  «Таъвилот ал-Қуръон» ва «Китоб ат-тавҳид» асарлари бизгача етиб келган энг ноёб қўлёзмалардан саналади. Aбу Мансур Мотуридий ўз  асарлари орқали инсоният яратилишининг фалсафий моҳияти, тавҳид илми, борлиқнинг инсонга таъсири, руҳият илми, инсон куч-қудратининг маълум чегараси, ирода эркинлиги, дунё ва охиратни англаш каби масалалар тўғрисида Қуръони карим оятларига асосланиб, кўплаб маълумотлар тақдим этган.

Aбу Мансур Мотуридий шахс маънавияти ва унга таъсир этувчи омиллар ҳамда уларнинг диний-фалсафий жиҳатларини бир қанча йўналишларга бўлиб ўрганади.

Инсон эркинлиги масаласи. Aбу Мансур Мотуридий, энг аввало, инсонларнинг хатти-ҳаракатларини онтологик жиҳатдан аниқ ҳақиқат сифатида қабул қилади ва бу фикрни асослашга ҳаракат қилади. Унинг фикрича, ҳар бир инсон ўз ҳаракатларининг ҳақиқий эгасидир. Инсоннинг ўз хатти-ҳаракатларининг мутлақ соҳиби эканлиги, ҳам ақлан, ҳам руҳан эркинлиги Қуръон оятлари билан очиқ-ойдин маълум қилингандир. Шу ҳақиқатдан келиб чиқиб, Aллоҳ таоло инсонларга ўзининг имкониятлари доирасида маълум бир вазифа ва масъулиятларни юклаган. Бунинг натижаси ўлароқ, бажарилган ёки тарк этилган хатти-ҳаракатлар эвазига жазо ва ажрларни марҳамат этган. Инсон муайян ҳаракат ва фаолиятни амалга ошириши учун унга ҳаракатдан олдин амалда маълум бир куч ва қудрат берилган. Инсоннинг ҳаракатлари унга берилган шу куч-қудрат ва уни амалга оширишга ундовчи шахс иродасининг натижасидир. Бу жараён инсон ҳаракатларининг асоси ва унинг зиммасига юклатилган масъулиятларининг мажмуидир. Булар билан инсон маълум бир ҳаракатга юзланиб, ўз ихтиёри билан уни танлайди ва амалга оширади. “Банданинг барча яхши ёки ёмон амалларини яратиш Aллоҳ таолонинг қудрати билан бўлади. Демак, инсоннинг хатти-ҳаракатларида икки жиҳат бор: инсоннинг роли ва Aллоҳнинг қудрати.”[2] Aбу Мансур Мотуридий, бу масалада ўз даврига қадар илгари сурилган тақдирни инкор етиш ва мажбурлаш ғоясини қабул қилганларнинг қарашларини буткул рад етиб, амаллар ҳам инсонга, ҳам Aллоҳга тегишли эканлигини таъкидлайди. Мазкур масаланинг йечими сифатида у янгича бир фикрни илгари суради. Aбу Мансур Мотуридийнинг қарашларига кўра, маълум бир ҳаракатга мурожаат қилиш, уни танлаш ҳамда ўз хоҳиш ва иродаси доирасида бажариш инсоннинг шахсий иши. Ҳар бир нарсанинг яратувчиси бўлган Aллоҳ, инсоннинг ҳаракатини ҳам яратувчисидир. Демак, ижод нуқтаи назаридан ҳаракатга таъсир этувчи куч Aллоҳга тегишлидир. Бошқача қилиб айтганда, ҳаракат амалга оширилиш жиҳати бўйича инсонга, яратилиш хусусияти бўйича Aллоҳга тегишлидир. Инсон руҳиятидаги бу шериклик алоҳида хусусиятларга эга бўлган ҳамда масъулиятни бартараф етмайдиган ҳамкорликдир.

Шахс этикаси таҳлили. “Нарсаларнинг гўзаллиги ёки хунуклигини шунингдек, фойдали ёки зарар эканлигини умуман ақл тамойиллари билан тушуниш мумкин. Бироқ, ақл уларни барча жиҳатлари ва тафсилотлари билан аниқлай олмайди. Чуқур изланиш ва тафаккурдан сўнг билиши ёки пайғамбарнинг хабари орқали билиши мумкин.”[3] Шариатнинг бу борадаги баёноти таъкид ва тасдиқдир. Шариат ҳам бирор нарсани яхшилиги учун буюриб, ёмон ва зарарли бўлгани учун уни ҳаром қилади. Дин бу борада ақл билан бирлашган. Қолаверса, ахлоқий туйғу инсонга хос бо`либ, инсон табиатан ахлоқий мавжудотдир. Баъзи нарсаларнинг гўзаллиги ва баъзи нарсаларнинг хунуклиги табиатан ақлда аниқ намоён бўлганлиги сабабли, ақл уларни идрок этади, таҳлил қилади, муайян ҳаракатга ундайди ёки қайтаради. “Масалан, мавжуд неъматларга шукр қилишнинг ҳақиқати, адолатнинг гўзаллиги, ношукурликнинг хунуклиги, зулм ва ёлғоннинг чиркин иллат эканлиги ва ҳоказо.”[4] Фақат ақл охиратда мукофот ёки жазоланадиган ҳалол ёки ҳаром амал қилиш ҳуқуқига эга эмас, бу ҳокимият Aллоҳникидир. Демак, ақл илми охират учун жазо ва ажр миқдорини белгилай олмайди. Дин эса амр қилинганларни бажарганларга ажр ваъда қилган, ман этилганларни эса жазо билан таҳдид қилган. Aбу Мансур Мотуридийнинг одоб-ахлоқ тушунчасида яна бир таъкидлаш лозим бўлган жиҳат шундаки, у амалдан кўра ғоя, эътиқод ва тўғри билимни биринчи ўринга қўйиб, амални тақлиддан кўра соғлом билимга йўналтириб асослайди. Aбу Мансур Мотуридийнинг фикрича, Aллоҳни таниш ва унинг гўзал сифатларини билиш ҳар бир инсон учун ахлоқий фарздир. Чунки борлиқни ва унинг яратувчиси ҳақидаги билимларни англашнинг ягона йўли ақлдир.

Aбу Мансур Мотуридий ўз асарларида одамларни ўз имкониятларига жавобгар қилиш каби масала борасида ҳам кўплаб фикрлар билдирган. Хусусан, алломанинг фикр-мулоҳазаларига кўра, динда одамлар ҳеч қачон қодир бўлмаган хатти-ҳаракат учун жавобгар бўлмайдилар. Ислом динида ҳар қандай хатти-ҳаракат учун жавобгар бўлишнинг асосий шарти шундаки, буюрилган ёки таъқиқланган нарса инсон қила оладиган даражада бўлиши керак. Шунга кўра, юклатиладиган вазифалар одамларнинг имконияти сиғдира оладиган ва имконияти етмайдиган хатти-ҳаракатлар мажмуига бўлинади. Инсонни ўзи бажара олмайдиган ибодат ёки муайян мажбуриятга йўллаш ва натижада улар томонидан хатти-ҳаракатнинг лозим даражада бажарилмаслиги ҳамда ҳаракат субъектларининг қўлидан келмайдиган ишлар учун оғирроқ жазолаш диннинг масъулият мантиғига мутлақо зиддир. Aллоҳ таоло инсонларга ақл билан ёки ваҳий орқали нимани буюрган бўлса, уларни тушуниш учун имконият эшикларини очиб қўйган. Буни тушуна олмайдиган илоҳий амрга мурожаат қилиб бўлмайди. Бу амрларнинг барчасини билиш усуллари ҳар хил. Бироқ унинг йўлларини ақл ва хулоса билан билиш мумкин.[5]

Борлиқнинг яратилиш қоидасига кўра, Aллоҳ ҳеч бир ҳаракат ёки ҳолатни бекордан-бекор яратмаган. Aбадият қонунларига мувофиқ ҳар бир воқеа, ҳодиса ва жараёнлар ўзининг муайян сабаблари асосида содир бўлади. Мотуридийнинг фикрича, оламдаги ҳеч нарса бекорга яратилмаган. Ҳамма нарсанинг сабаби, мақсади ва ҳикмати бор. Шунинг учун ҳам Aллоҳ таолонинг ижодлари борлиқ қонунлари ва ақл асосларидан ташқарига чиқмайди. У ҳамма нарсани энг яхши кўринишда ва мустаҳкам тарзда яратади. Унинг фикрича, ҳикматнинг икки хили бор: Биринчиси – адолат, иккинчиси – иноят. Aдолат ҳамма нарсани ўз ўрнига қўяди. Худонинг инояти эса, чексиз ва охири йўқ марҳаматдир.  

“Имом Мотуридийнинг буюкликлари, сийратларини англашдаги энг катта манба ‒ у кишининг асарларидир. Бу зотнинг ихлосу тақволари, парҳезкорликлари, соғлом ақл ва эътиқоддаги даражалари, ақлий етукликлари, фикрий илғорликларини у кишининг асарларини ўрганган одам дарҳол фаҳмлаб олади.” [6] Барча даврларда ҳам дин инсонларни маънавий бирлашувини, мақсад-муддаолари муштараклигини, орзу-умидлар якдиллигини таъминлаб берувчи руҳий восита ҳисобланган. Мана шу восита даврлар ўтсада, қанчадан-қанча сиёсий тўқнашувлар бўлсада, ўзининг руҳий таъсир етиш кучини йўқотмаган. «Aбу Мансур Мотуридий нафақат қардош ўзбек халқининг, балки уммат ривожига, муқаддас исломнинг гуманистик ва рационал асосларини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшган барча туркий халқларнинг фахридир»[7] . Дарҳақиқат, буюк алломанинг фалсафий мероси, бутун илмий фаолияти ва меҳнатларининг самараси бугунги кунда ҳам жамият ва унда яшовчи инсонларнинг маънавий қиёфасини яхшилашга, руҳий баркамолликка ва юксак фалсафий тафаккур эгаси бўлишига катта ёрдам беради. Aбу Мансур Мотуридийнинг фалсафий мероси ёшлар онгининг турли кўринишдаги бузғунчи ғоялар билан заҳарланишига қарши туришда ҳамда уларга қарши курашишда ўта долзарб ва муҳим манба ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтганда, Абу Мансур Мотуридий ўз даврининг исломий илмлари соҳасида энг етук билим соҳиби ҳисобланиб, мусулмон дунёси олимлари томонидан тан олинган ва ҳозирда ҳам турли диний асарларда зўр эҳтиром билан тилга олинади.  Буюк алломанинг маънавий мероси билан танишар эканмиз,  унинг бундан қарийб ўн икки аср муқаддам илгари сурган ҳаётбахш ғояларини  бугунги кун учун ҳам тўлиқ амалда кўллашга муносиб деб эътироф этсак муболаға бўлмайди.

Фойдаланилган  адабиётлар рўйхати:
  1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатномасидан. (2020 йил 24 январь)
  2. Kitabu’t-Tevhid, 228-229. Ayrıca geniş bilgi için bkz. Yazıcıoğlu, M. Sait,  Mâtüridî ve Nesefî’ye Göre İnsan Hürriyeti Kavramı, Ankara 1988, 28-34.
  3. Geniş bilgi için bkz. el-Mâturîdî, Te’vîlât, Topkapı Sarayı  Müzesi Ktp.,   Medine Bölümü, Nu: 180, 796a; el-Mâturîdî, Te’vîlât, Hacı Selim Ağa Ktp., Nu: 40,  v. 888b.
  4. el-Mâturîdî, Kitâbu’t-Tevhîd, 178, 181, 223-224. el-Mâturîdî ‘nin bu konudaki görüşlerinin tahlili için bkz. Bardakoğlu, Ali, «Hüsn ve Kubh konusunda Aklın Rolü ve  İmâm Mâturîdî», Ebu Mansur Semerkandi Maturidi adlı kitap içerisinde, 33-49.
  5. Hasanxon Yahyo Abdulmajid «Tavhid» risolasi ahli sunna aqiydasi bo‘yicha muhim manba (birinchi maqola). T.; 15.03.2020
  6. Sonmez Kutlu. International Conference in Samarkand, dedicated to Imam Maturudi is important and useful. 04/03/2020.
[1] Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатномасидан. (2020 йил 24 январь)
[2] Kitabu’t-Tevhid, 228-229. Ayrıca geniş bilgi için bkz. Yazıcıoğlu, M. Sait,  Mâtüridî ve Nesefî’ye Göre İnsan Hürriyeti Kavramı, Ankara 1988, 28-34.
[3] Geniş bilgi için bkz. el-Mâturîdî, Te’vîlât, Topkapı Sarayı  Müzesi Ktp.,   Medine Bölümü, Nu: 180, 796a; el-Mâturîdî, Te’vîlât, Hacı Selim Ağa Ktp., Nu: 40,  v. 888b.
[4] el-Mâturîdî, Kitâbu’t-Tevhîd, 178, 181, 223-224. el-Mâturîdî ‘nin bu konudaki görüşlerinin tahlili için bkz. Bardakoğlu, Ali, «Hüsn ve Kubh konusunda Aklın Rolü ve  İmâm Mâturîdî», Ebu Mansur Semerkandi Maturidi adlı kitap içerisinde, 33-49.
[5] el-Mâturîdî, Kitâbu’t-Tevhîd, 137.
[6] Hasanxon Yahyo Abdulmajid «Tavhid» risolasi ahli sunna aqiydasi bo‘yicha muhim manba (birinchi maqola). T.; 15.03.2020
[7] Sonmez Kutlu. International Conference in Samarkand, dedicated to Imam Maturudi is important and useful. 04/03/2020
Махсума АДАШОВА,
 Тошкент Давлат иқтисодиёт университети
“Ижтимоий-гуманитар фанлар” кафедраси таянч докторанти

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …