Home / МАҚОЛАЛАР / МОТУРИДИЙ МАЪРИФАТИ ЁҒДУСИ (ЁКИ САМАРҚАНД МАКТАБИ)

МОТУРИДИЙ МАЪРИФАТИ ЁҒДУСИ (ЁКИ САМАРҚАНД МАКТАБИ)

                                        Самарқанд сайқали рўйи замин аст…
“Мусулмонлик – тўғриликдир, мусулмон – ҳақдир” (Асқар Маҳкам)

          Абу Мансур Мотуридий ҳақида ушбу манзумани ёзишга журъат қилганимизда, аввалига, бул табаррук зотга берилган баҳолар – зукко замондошлари, шогирдлари томонидан айтилган таърифлар бир муддат ҳайратлантирди, асир қилди, лол этди, рости…

  1. “Тўғри йўлга бошловчи имом!” –деб айтганлар.
  2. “Сунна ва ҳидоят аҳлига ибрат зот!” –дейишган.
  3. “Пайғамбар алайҳиссалом йўлидаги улуғ имомлар байроқдори!” –деб ном берганлар.
  4. “Барча мутакаллимлар имоми!” –дедилар.
  5. “Барча мусулмонларнинг ақидаларини тузувчиси!” –деб ёзганлар.
  6. “Хурофот ва бидъатлар қўпорувчиси!” –дея атадилар.

Маълумки, ўша замонларда, бугун инсоният “Шарқ Ислом ренессанси” – уйғониш деб атаган, IX-XII асрларда дунёнинг уч ерида Ислом дини асосларидан таълим бера бошлаганлар.

Мисрда Жаъфар Тавохий, Боғдодда Абул Ҳасан Ашъорий ва Самарқандда  Абу Мансур Мотуридий номлари билан аталган мактаблар донғи чиққан. Муҳаммад ибн Муҳаммад Абу Мансур Мотуридий дастлаб отасидан, сўнг Самарқандда “Дорул Жузжония” номли илм даргоҳида ўқиган. Кейинроқ шу ерда минглаб  шогирдларга таълим беради. Бу уч мактаб сардорлари номларининг ўзиёқ, уларнинг уларнинг ёзган асарлари каби узоқ вақт- асрлар давомида, аҳли мусулмон ақл-хушини банд этган. Сабаби, улар бу уч мактабнинг қайси бири энг асосли, тўғри йўлда эканидан кечаю-кундуз ташвишда эдилар.

Тўғри йўл-калом илми-ақоид (қоидалар) қай бир олим-мутакаллим-шайх ёки имом томонидан манзур, илоҳий асосланиши ўша замонлардаёқ ўта заруриятга айланган эди.

Ваҳоланки, бу масала, чуқур ўйлаб кўрсак, барча замонларда, бугун ҳам заррача ўз аҳамиятини йўқотган эмас.

Орадан беш юз йил ўтиб, иккинчи ренессанс(уйғониш)нинг улуғ вакили ҳазрат Алишер Навоийнинг ҳам худди шу масала фикру ҳаёлини банд этган. Натижада, у барча асарларида инсон эътиқоди, ахлоқи борасида қайғурган. Умрининг охирида ҳам “Маҳбуб ул-қулуб” (“Қалбга маҳбуб ҳикматлар ва ҳикоялар”) асарини битади. “Насоим ул-маҳаббат фи шамоим ул-футтуват” (“Мардлар  шамойилидан  эсган муҳаббат шабадалари”) асарларида эса  

Абу  Мансур Мотуридийни “Султон у-муаззин” (“Азизлар султони”) “Имом ул-худа” (“Ҳидоятига бошловчи имом”) деб атаганлар.

Кўриниб турибдики, ҳазрат Навоий “Сунна вал Жамоат” асосчиси Абу Ҳанифа асарларидан ҳам кўпроқ Абу Мансур Мотуридийнинг “Тавилот ал-Қуръон ал-Карим”, “Шарх ал-Фиқҳ ал-Акбар ал-Мансуб имом Абу Ханифа” ва “Китоб ул-тавҳид” асарларини севиб  мутоала қилганлар.

Бунинг исботи ўлароқ шоирнинг 1469 йилгача, бир неча йил, Самарқандда яшаши, олим Фазлуллоҳ Абулайсдан сабоқ олиши, Чокардиза қабристонида бўлгани шайх Абу Мансур Мотуридий мозорини зиёрат қилганини кўрсатади.

Зеро, ҳазрат Навоий бутун умри давомида иймон, адолат, инсоф қайғуси билан яшаган: Адл айлаки, ул халқ   ҳаёти бўлмиш,

                             Хуш ул кишики, адл сифоти бўлмиш.
                             Ҳам мулк била адл жиҳоти бўлмиш,
                             Ҳам адл билан мулк сафоти бўлмиш.

         Биз бунинг мисолини ўзимиз тез-тез, кундалик ҳаётда, такрорлаб турадиган ҳазрат байтларида ҳам кўришимиз мумкин:

         “Одами эрсанг демагил одами,
       Ониким йўқ халқ ғами, дин ғами.”

Дин – бу эътиқод, тушунча дунёқараш қайғуси. Зеро, чин инсон нафақат махлуқот, табиат ва коинот ташвишини қилади, балки ўз эътиқоди хусусида ҳам қайғурмоғи лозим ва шарт. Ҳар кун эрта тонгдан 5 вақт, намозда ўқийдурган “фотиҳа” сураси охирги оятлар: “Эҳдинос сиротал мустақийм, ал-амта айлайҳим ғойрул мағзуби алаҳим  валаззолин ” (“Бизни тўғри йўлга бошла, адашганлар йўлидан ўзинг асра)” – дея Оллоҳдан сўрашимизнинг сири ҳам шунда, шубҳасиз. Шундай қилиб ҳижрий сана 256 (милодий 869) охирида Абу Абдуллоҳ, яъни имом Ислом Бухорий Самарқандда вафот этадилар. Бул зотдан 9082 адад, муҳаррирлари туширилгач, 2602 адад ҳадис яьни “Саҳиҳ Бухорий”дан бошқа, 22 та китоб қолдирди.

Фалакнинг гардиши, яратганнинг изни билан ўша йили Самарқандда яна бир фарзанд дунёга келди. Кейинроқ у Муҳаммад Ибн Муҳаммад Абу Мансур Мотуридий номи билан оламга танилди. Унинг асарлари илми тафсир, илми калом, илми ҳикмат, фиқҳ ва илми ваҳдат яъни тавҳидда янги уфқларни очди.

Бу номни Ўзбекистон Мустақилликка эришган йилда, шоир Хуршид Даврон сўзбошиси билан 100 минг нусҳа, муқовасида “Мерос” ёзилган китобда ўқидик, ўқиганмиз. Бу китоб Абу Тохирxожанинг “Самария”, Наршахийнинг “Бухоро тарихи”, Баёнийнинг “Шажараи Хоразмшохий”, Ибратнинг “Фарғона тарихи”, асарлари асл матндан олинган жамланма эди.  “Самария”ни ўқир эканмиз, Абу Мансур Мотуридий ҳақидаги ўринга келгунга қадар, “Чордахум мозори” ёдимга муҳрланди. Кўчирма: “Қутби Чордахум мозори”. Бу кишининг оти шайх Нуриддин Басирдир. Ундан “Сизнинг замонангизда қутб кимдир?” деб сўраганларида, у: биродарим Абдуллоҳ ўн учинчи қутбдир, биз ўн тўртинчимиз” – деб жавоб берибдур. Шунинг учун “Қутби Чордахум” деб донг чиқарган. “Басир” шунинг учун деганларким, у киши онадан сўқир туғилган бўлса ҳам валийлик нури билан барча кўргуликларни кўрар эди”.

Давоми: Амир Темур Кўрагон ҳазрати  шайх Бурхониддин Сағарчидан ўз ишлари олдинга бориши учун руҳоний ёрдам сўраганида, шайх унга: Нуриддин (Қутби Чордахум) қабрини зиёрат қилишга буюрибди. Шу шайхнинг истаги Амир Темурни “Қутби Чордахум” мозорини Самарқанд аркига киргизиб, қабри устига гўзал ва юксак бино солдиришга ва гумбазнинг устига олтиндан бир қубба ясаб ўрнатишига сабаб экан. Амир Темур кечалари шул мозорнинг теварагида айланиб юрар экан, хаёлига шу байт келган: “Кор на ни гумбази кардон кунад”,

            Ҳарчи кунад химмати Мардон Кунад”

(Мазмуни: Ишни қиладиган гумбаз (яъни фалак) эмас, балки нима қилса, эранлар (мардлар)нинг ҳиммати қилади).

         Бу илоҳий сўзларнинг исботи ўша асар охирида, изоҳдан ўқиганмиз. Изоҳ: Чор Россияси қўшинлари томонидан ҳижрий 1297(милодий 1868) -йилда Самарқанд босиб олинади. 1297(1881) йилда Рус аскарлари Амир Темур бунёд эттирган Қутби Чордахум кошинлик гўзал ва юксак бино- мақбарани милтиқ дориси билан тубидан учириб бузадилар ва ўз истеҳкомларига қўшиб юборганлар.

         Изоҳдан яна маълум бўлдики, гувоҳ Самарқанд қозиси мулла Мир Низомиддин Қутби Чордахум гавдасини вилоят ҳокимига илтимос ва илтижо қилиб (сўраб олиб) мозорнинг хизматчилари, супурувчилари ёрдами билан кўчириб кўмадилар. Ўша 1881 йили Қутбнинг бош суягини ўз қўли билан олиб, ўз кўзи билан кўрганича шаҳодат бериб дейдики, “Ушбу қутлуғ бошнинг суягини бурун устигача бир бўлак бўлиб кўз ўрни кўринмас эди” (1904 йилда   (Петербург)да босилган “Сомария”дан парча).

         Айтмоқчимизки, донолар ҳикмати ила бунёд бўлган нарсалар асрлар давомида гоҳо нодонлар қўли билан оёқ ости қилинади. Бироқ ҳар бир эзгу иш ҳикматини ҳеч кимса  йўқотишга қодир эмас…

         “Улуғлар руҳоният  билан суҳбат қурадиган, кайхону фалак асроридан мужда келтирадиган, илоҳий ахлоқ соҳиблари, эзгулик йўлида жонни фидо қилгувчилардир, улар борлик ва йўқлик, замон ва макондан хориж азалу абадни бирлаштирган мукаррам зотлардир”. (Нажмиддин Комилов. Тасаввуф.Тош. 2009)

         Шундай қилиб, “Сомария”да Абу Тохирхожа 18 рақами остида Мотуридий ҳақида, таълимоти ҳақида “Ҳайрат ул-Фуқахо” китобида ўзи ўқиганларини шундай ҳикоя қилган. “Бир куни шайх Абу Мансурнинг хизматчиси кетмон чопар, шайхнинг ўзи ток ўтқазар, шу чоқ муаззин азон айта қолди. Шайх ишини тўхтатиб, масжидга бормоқчи бўлди, лекин ток ўтқазишга ошиқиб бора олмади. Бир йилдан кейин подшоҳ  ҳар бир боғга бир неча (кўза) ичимлик бидъат солиқ солди. Ҳазрат шайх “Ушбу бидъат менинг ток ўтқазишимга машғул бўлиб, намоз ишини кейинга қолдиришим шумлигидан юзага чиқди” –деб муборак салласини ерга уриб йиғларди. (37-бет)

Шу ўринда, ёдга  келди–ки, 7-8 йил бурун “Ҳидоят” журналининг 1 сонида шу каби зот ва воқеани ўқиганмиз. Ахтариб топдик: 2013 йил 1-сон экан. Васлий Самарқандининг “Имоми Аъзамнинг ибодатлари…” китобидан олинган  эди. Парчада: “Агар бирор масала ҳал бўлавермаса имом Абу Ҳанифа шогирдларига “Бу менинг қилган гуноҳларимдандир” –дер эканлар” сўнгра истиғфор айтиб, янги таҳорат билан икки ракат намоз ўқиганларидан сўнг ўша масала ечими топилар экан” –деб ёзган эди.

Баёнга аён – англашиладики, устоз Абу Ҳанифа таълимоти давомчиси: “Шарҳ  ал-Фиқх ал-Акбар мансутлил имом “Абу Ҳанифа” китобини ёзган Абу Мансур Мотуридий, илм борасида устоз маърифатидан шу қадар мукаммал баҳра топганларки устоз фазилатлари унда бенуқсон шаклланган.

Ихлос ва сидқ борасида жидду-жаҳд қилиш маломатия тариқати (йўли), демак, минг йил аввал Абу Мансур Мотуридийдан бошлангани маълум бўлади. Улар сурункали тоату-ибодатни ҳам риёга қўшганлар. Тоат-ибодатни эл назаридан махфий тутиш лозим, эзгу ният, эзгу амалингни биров билмагани яхши, одамларга яхшилик мурувват кўрсатгину қайта гапирма, деб уқтирганлар ва ўзлари амал қилганлар.

         Уларнинг шиори: “Аввал ўзингга боқ, сўнг ноғора қоқ!” бўлганини кўрсатади. Маълумки, коинот “Осмон” қонуниятларига ердаги қонуниятлар мос келади.

         Яъни, қонуниятлар соҳиби, “Тўғри йўл эгаси” бошқа, уларга бошловчи ва тўғри йўлни кўриб билиб ундан юрадиган банда бутунлай бошқа. Бу ҳақда ушбу иккинчи нақлда ҳикоя қилинади: “Айтадиларким, шайх бир куни боғда эди. Боғдод халифаси томонидан бир масала сўрагани Самарқандга юборган элчи келиб боғ эшигини қоқди. Шайх йиртиқ кийим кийган ҳолда чиқди. Элчи: Мавлоно қайдадир?- деб сўради

Шайх : Мавлоно тангридир-деб жавоб берди.

Тағинг элчи: Хожа қайдадур? –деб сўради

Шайх: Хожа Мустафодир! –деб жавоб қайтарди

Яна элчи: “Абу Мансур қайдадур?” –деб сўради

Абу Мансур: “Ушбу тиланчи кекса”, деб ўзини кўрсатди”. (38-бет)      

“Самария”да Абу Тоҳирхожа келтирган  учинчи нақл : Унинг ёронлари дарс таьлим олиш учун(шайхнинг) боғига келар эдилар. Иттифоқо, ҳамал ойи эди. Шайх ёронлари учун бир ўрик дарахтини шохини қоқди.Унинг каромати билан ер ўрик меваси билан тўлди. Ёронлар еб тўйдилар’’(38- бет)

Бу рамзий (мажозий) воқеа Абу Мансур Мотуридий китоблари (таълимоти) узоқ асрлар давомида аста-секин даврлар ўтиши билан одамлар онгида қабул бўла боргани, ёронлари нисбатан эрта баҳраманд  бўлганларига ишора.

      Аслида, кўпчиликка маълум, ислом маърифати(олий нуқтаси) у қабилачилик хурофотларига қарама-қарши, илоҳий биродарлик жамоаси –тавҳид эътиқоди асосида “уммат” тушунчасини пайдо қилади. Натижада, жамиятда аёлларга хотин-қизларга нисбатан ҳам инсоний муносабат  шаклланишига йўл очди. Китобдаги 4-нақл: “Ҳазрат Абу Мансурнинг хотини дағал ва бадфеъл хотин эди. Бир куни шайх тандирга ўт қўяётган эди, хотини жаҳл қилиб, шайхнинг муборак орқасида беш бор тепди. Шайх умрининг охирида “Ўша беш тепки” билан беш парда ўртадан кўтарилди ва 32 йил рўза тутиб, кечалари тик туришни бажо келтирдим, токи икки ҳижоб (ҳам) ўртадан кўтарилсин деб. Қани энди (ўшанда) икки тепки ҳам тепганда, бунчалик машаққат чекмаган бўлур эдим”  -деди.

Ҳозирда ҳам “аёл-эрининг чап қовурғасидан яралган’’ибораси ва унга амал қилишимиз, мусулмончилик шарти этиб жорий қилинганига  сабаб шу.

Бешинчи нақл шуки: “Ҳазрат шайхда ажойиб (бир) ҳолат (ҳам бор эди). У гоҳо яҳудийлар маҳалласига бориб “ибодат қилинглар, ёҳуд ўлинглар!” деб хитоб қилар эди. Бу сўзни эшитсалар иймон келтирмасалар ўша чоғдаёқ ўлардилар”. Бугунги кун кишиларига тушунарсиз бу нақл “илмга амал қилиш борасида бўлиб, амал қилинмаган илм – бефойда бўлиб қолмай, конизарар”. Китобда олтинчи нақл: “Фатвои барахна” китобида ўқидимки, шайх Абу Мансур дунёдан кетар кечаси етмиш марта ҳожатга чиқиб, ҳар бор таҳорат қилган ва деган: Бу кеча мен дунёдан ўтаман, Расул алайҳиссалом: “Дунёдан таҳорат билан кетган киши шаҳид ҳисобланади”. “У зотнинг вафотидан кейин бир киши етмиш буроқ унинг ёнида турганини кўрган (шайх унга): Бу ўша қилган етмиш таҳоратим” деган.

Таҳорат – покланиш бу ўринда озодаликни кенгроқ пок виждон, пок кўнгил маъносида қабул қилсак ҳам бўлади. Унда “Ҳаромдан хазар” ибораси мусулмончиликда аллақачон жорий бўлган, кўпчилик амал қиладиган одатларимиздан. Қолаверса, Ислом – энг пок, тозаликка чорловчи дин.

Сўнгги еттинчи нақл: “У кишининг замонида бир золим подшоҳ бўлиб, халқ унинг зулмидан шайхга илтижо қилганлар, шайх тубдан бир камон ясаб ўша золим томонга қаратиб отдилар. Ўша куни у золим подшоҳ хароб  бўлди. Ҳазрат шайхнинг руҳониятларидан мақсадларининг ҳосил бўлиши очиқ кўриниб турарди”.

Бу нақл ўз маъносида имондан сўнг “Адолат”га ишора

    Шундай қилиб, сиз Абу Мансур Мотуридийнинг “Сомария”дан топсангиз мабодо, жуда қизиқ ҳолга рўбарў бўласиз. Китоб 1844-1848 йилларда ёзилган бўлса ҳам 1991 йилгача кўп бор кўчирилган, турли муаллифлар томонидан ўзгартиришлар киритилганидан ҳайратга тушасиз.

Муаллиф Абу Тоҳирхожа 1874 йилда Бухорода Карманада раис “Мухтасиб” лавозимида ишлаб, вафот топган. Отаси Абу Саид Абдулҳай ўғли (1849 йил вафот этган) илмли киши бўлиб, фиқҳ, калом соҳасида китоблар ёзган. Бобоси Мир Абдулҳай  (1725-1827) 40 йил Самарқанд қозиси бўлган.

Асарни 1925 йили Абдулмўмин Сатторий томонидан форс тилидан ўзбек тилига таржима қилинган. Шарқшунос олим Иван Вяткин томонидан 1898 йил Самарқандда, 1904 йил Петербургда чоп этилган.

У ислом дини босиб ўтган йўлни ёдингизга солади. Асли ислом ҳам моҳиятан инсон ҳаёти янглиқ муаззам, уйғун ҳодиса эканини англай бошлайсиз. У нур каби аввал Зардушт, сўнг Иброҳим алайҳиссалом ақлини ва қалбини ёритган. Сўнг ҳазрат Мусо ва Исо Масиҳ алайҳиссалом лафзида инсониятга туҳфа бўлди. Милодий асрлар бошлангач, ўша тавҳид нури Муҳаммад алайҳиссаломга ваҳий тарзида нозил бўлди. Абу Мансур Мотуридий Самарқандда ҳидоятнинг сунна аҳлини тўғри йўлга бошловчи имом бўлиб дунёга танилди. Инсониятга ўз асарларини туҳфа этади.

 Бугунга келиб, Ўзбекистонда Ислом академияси қошида имом Мотуридий   Халқаро тадқиқот маркази жорий қилинди.

Мотуридий ҳақида сўнги маълумот берган (Туркистонда) Абу Тоҳирхожа шайх ҳақида ўз билганлари якунида шундай дейди: “Ножия фирқасиким, уларни сунна вал жамоат аҳли дерлар, эътиқод масаласида икки бўлакка бўлиндилар. Шайх Абулҳасан Ашъарийга қарайдиганларни “Ашора” ва ҳазрати Абу Мансур Мотуридийга қарашлиларни “Мотуридия” деб атайдилар. Рум, Бухоро, Балх, Хоразм, Самарқанд, Фарғона ва Ҳиндистондек катта мусулмон ўлкаларининг барча халқи ва Туркистон ҳамда Қашқар каби мамлакатларда яшовчи эллар ҳаммаси Мотуридия масҳабидадирлар”

Манзумага сўнги нуқта қўйишдан олдин, Абу Мансур Мотуридийга нисбатан берилган ҳикматли сўзлар яна ёдимизга келди. Улар оддий, содда бўлса ҳам, бугунги XXI аср, учинчи минг йиллик остонасида жаҳон халқлари учун дастурамал бўлишга арзийди:

“Халқ билан бир тан бир жон бўл”, “Тўғри йўл калити-илмдир”, “Нифоқ-илмсизлик белгиси”, “динни илм билан асра!”

Мустақилликдан кейин Ўзбек олимлари Абу Мансур Мотуридийга, унинг таълимотига эътиборни қаратганлар.

  1. Адабиётшунос Муҳаммаджон Имомназаров “Миллий маънавиятимиз” номли китобида “Мотуридия оқимининг инсонни соҳиб ихтиёр деб ҳисоблаши ва инсон аҳли яхшилик ва ёмонлик (хайру шарр)ни бир-биридан ажрата олади дейиши ўтган асрда Исмоил Гаспирали, Махмудхўжа Бехбудий каби ислом уламоларига йўл очган” деб ҳисоблайди.
  2. “Тасаввуф” китоби муаллифи Нажмиддин Комилов: шайх Абу Мансур Мотуридий ўзидан кейин ўтган Нажмиддин Кубро, Абулқодир Гелоний, Хожи Ахрор Валий каби дуолари мустажоб бўлган азиз инсонлардан. Парвардигорнинг ўзи  бало-қазони  юборувчи  ва уни қайтарувчи  ҳам. Бироқ суйган бандалари авлиёлар туфайли балоларни даф этади. Тақдирда не бўлса содир бўлади, – деб ёзади.
  3. Саидмухтор Одилов “Мотуридий” монографиясида: “Китоб ут-тавхид” каби китоблар чуқур ўрганилса, келажакка тўғри йўл очилади – деб ҳисоблайди.

          Шу ўринда хаёлимизга Васлий Самарқандий китобида дарж этилган қуйидаги сўзлар жилва қилади:

         “Бир фиқҳ ва муҳаққиқ олим ёзишича, “Дур ул-мухтор” китоби ҳошиясида “Раддул Мухтор”да ёзилишича Самарқандда, Чокардиза қабристонида, бир мозор бор. Унда турт юз нафар Муҳаммад исмли ҳанафий мазҳабининг улуғ уламолари ётибдилар. Уларнинг ҳар қайсиси фатво беришга лаёқатли, бир қанча шогирд етиштирган,асарлар битган зотлар бўлишган. Уларнинг издошлари ҳам улуғ илм эгалари бўлиб, кўпгина  мусулмон халқларига илму ирфон ўргатишган.”

         Ирфон нима, ихлос нима?

         Ирфон – ҳикматдир! “Илмсиз маърифат йўқ, маърифатсиз илм зиёндир” – деб дурлар. Абдураҳмон Жилоний ҳазратлари “Ихлос – холос!” –дейди. XXI аср Ўзбек мутафаккирларидан бири Нажмиддин Комилов. Афсус, бугун компютер, ижтимоий тармоқлар замонида, одамизодда ихлос тақчиллиги кузатилмоқда. Ихлос эса Ҳақ асрорларининг сирларидан бири. Уни ҳаё десак, ҳаё – виждон ва иймон белгиси.

         Шу кунларда, ижтимоий тармоқларда, буюк немис шоири Гётенинг бир сўзини бот-бот ёдга олишмоқда:

         “Мен дунё тарихини ўқиб, шундай хулосага келдим: Дунё подшоҳларининг тўплаган жами салтанати бойлик, қасрлару, саройлар Муҳаммад(Алайҳиссалом)нинг ямоқ яктакларига ҳам арзимас экан… Биз Оврўпа миллатлари маданий имконимиз юқори бўлишига қарамай, ҳазрати Муҳаммад(Алайҳиссалом) эришган, сўнгги поғонасига қадар чиқа олган зинанинг биринчи пиллапоясидамиз, холос. Ҳеч шубҳа йўқки, бирон кимса у зотдан юқорироққа ўта олмайди”.

 

 Адабиётда янги сўз бўлмайди, рост сўз бўлади – деб ёзади XXI аср шоири Асқар Маҳкам  ўзининг “Вахдат куйи” китобида.  Ушбу ёзганларимизни ҳам шу китобга кирган битта шеър билан якунлаймиз:

         …Осмон ўша …
Қадимий осмон…
Юлдузлар ҳам ёнар тўкилмай…
Одам бўлмас ҳеч ким, ҳеч қачон
Буюк Қуръон сўзин ўқимай!….
Гарчи каждир чарх-бордир омон,
У айланар азал шу йўсин…
Одам бўлмас ҳеч ким, ҳеч қачон
Навоийни ўқимай сўзин!…
Ер айланиб турар ҳарқалай,
Кўтарганча инсон зотини.
Одам бўлмас ҳеч ким ўқимай
Мавлононинг куллётини!…
Ва пайғамбар раҳмат тоғида
Тингламоқда илоҳий ваҳий.
Бутун олам аҳлин оғзида
“Иқро бисми Раббикал-лазий!…”
Қиёматга қадар шу хуллас
Ғов бўлолмас ҳеч ким йўлида.
Сўз ўлмайди!
Ўлдириб бўлмас!…
Сўз жони ҳам Оллоҳ қўлида!…
Пирназар Пирнафас,
Ўзбекистон журналистлари
ижодий уюшмаси аъзоси

Check Also

ХIХ АСР ОХИРИ ВА ХХ АСР БОШЛАРИДАГИ САМАРҚАНД МАЪРИФАТПАРВАРЛИК АДАБИЁТИ НАМОЯНДАЛАРИДАН БИРИ САБРИЙ МУФТАҚИРИЙ МЕРОСИ

Сабрий нақшбандия тариқати вориси, ХХ аср бошлари адабий жараёнига ўзига хос ҳисса қўшган, шоир, шайх …