Home / ЯНГИЛИКЛАР / Муфтий ҳазрат дин ва қардош халқлар равнақи йўлида муҳим таклифларни илгари сурдилар

Муфтий ҳазрат дин ва қардош халқлар равнақи йўлида муҳим таклифларни илгари сурдилар

Шу йил 19 октябрь куни Озарбайжоннинг Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийларининг III-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Оллоҳшукур Пошозода, Туркия диёнат ишлари бошқармаси раиси, доктор Али Эрбош, Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, бош муфтий Наврўзбой ҳожи Тағанули, Туркманистон муфтийси Ялқоб ҳожи Хўжакелдиев ва Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Бағдод Амреев ҳамда бир қатор мутасаддилар иштирок этди. 

Анжуманда Муфтий ҳазратлари Туркий дунёнинг диний идоралари ўртасидаги алоқаларини мустаҳкамлаш, глобал муаммоларга биргаликда ечим топиш ва Ислом дини софлигини асраш борасидаги имкониятларни бирлаштириш бугунги кунда жуда ҳам муҳим эканини таъкидладилар. Шунингдек, бугунги фитналар, бузғунчи ғоялар ва ахборот хуружлари авж олган бир пайтда глобал таҳдидлар қаршисида Туркий дунё халқлари бирдамликда муаммоларни бартараф қилишга жидду жаҳд қилишлари кераклигини урғуладилар. 

Муфтий ҳазрат сўзлари якунида Имом Мотуридий таълимотини чуқур тадқиқ этиш ва кенг ёйишга бағишланган Туркий давлатлар уламолари Форумини 2023 йилда Ўзбекистоннинг қадим Самарқанд шаҳрида ўтказиш таклифини тақдим этди.

Йиғин давомида Туркий давлатлар диний идоралари раҳбарлари сўз олиб, айни кунда ечимини кутаётган муаммолар, уларни ҳал этишда ҳамкорлик қилиш ва ҳозирги даврдаги таҳдидларга қарши биргаликда курашиш зарурлиги тўғрисида сўз юритдилар.

Йиғилишда билдирилган таклиф ва мулоҳазаларни инобатга олиб, тегишли қарорлар қабул қилинди

Манба: muslim.uz

Check Also

Ҳашар уюшқоқлик билан ўтди

Халқимизга хос гўзал урф-одат, анъана ва қадриятларимиз орасида ҳашар бирдамлик, ҳамжиҳатлик рамзини ифодалайди. У туфайли …