Home / МАҚОЛАЛАР / ФУТУВВАТ ТАЪЛИМОТИ ҒАРБ ВА ШАРҚ ОЛИМЛАРИНИНГ ТАЛҚИНИДА

ФУТУВВАТ ТАЪЛИМОТИ ҒАРБ ВА ШАРҚ ОЛИМЛАРИНИНГ ТАЛҚИНИДА

Ҳақиқатнинг мухлислари – унинг дўстларидир.

Маънавий қадриятларимизнинг тикланиши билан тарих саҳифасидаги бизга номаълум бўлган кўплаб муаммоларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва илмий жиҳатдан асослаб бериш бугунги кунда муҳим масалага айланди. Миллий маданиятимизнинг ривожланиши табиий равишда унинг асосий манбаи бўлмиш маданий меросимизни чуқур ва илмий асосда изчил ўрганишимизни тақозо этади.

Араблар Мовароуннаҳрни истило қилгач ўлкамиздаги маънавий, маданий меросни йўққа чиқариб, ўз сиёсатини олиб борди. Бу борада уларга ислом дини, Қуръони карим дастур вазифасини ўтади. Натижада араб тилини, ислом динини, Қуръони каримни ўрганган кишиларнинг сони кўпайиб уларнинг жамиятдаги нуфузи ҳам ошиб борди. Бу ўз навбатида Мовароуннаҳрда IX-XII асрларда ижтимоий-иқтисодий ҳаёт билан биргаликда маънавий, маданий ҳаётнинг ҳам ривожланишини – “Шарқ ренессанси”ни келтириб чиқарди. IX-XII асрларда ўлкамизни бошқарган маҳаллий ҳукмдорлар маданият ва маънавиятнинг ривожи учун қулай муҳит яратдики, натижада юртимиздан чиққан буюк даҳолар ўз қобилияти, ижоди билан жаҳон маданияти дурдоналарининг хазинасини бойитди. Бу даврда дунёвий билимлар билан биргаликда ислом маданияти ҳам ривожланди.

Марказий Осиё халқлари маданиятининг юксалишида ислом дини ва унинг инсонпарварлик ғоялари, шунингдек, турли тариқат йўлларининг аҳамияти катта роль ўйнаган. Мусулмон оламида тасаввуф тариқатининг ҳам салмоқли ўрни бор. Жумладан, Х асрдан бошлаб Мовароуннаҳрнинг шаҳарларида юзага келган футувват таълимоти ва ислом оламидаги ижтимоий-сиёсий ҳаёт ғарб ва шарқ адибларининг эътиборини ўзига жалб этиб келди. Исломга доир барча масалалар ва атамаларни, мусулмон мамлакатларига оид маълумотларни ўзида жамлаган “Ислом энциклопедияси”нинг яратилиши бу эътиборнинг натижасидир.

Энциклопедия ХХ асрнинг бошида нашр этилган. Немис, голланд, француз ва инглиз шарқшунослари унинг асосий ташаббускорлари бўлган. Бу тўрт жилдли китоб 1908-1938 йилларда бир вақтда немис, инглиз ва француз  тилида Лейдунда нашр этилган. Энциклопедия 1933-1965 йилларда араб тилига таржима қилинган ва 1950 йилда Истанбулда турк тилида қайта  ишланган ва тўлдирилган ҳолда чоп этилган. 1954 йилдан бери Европа ва Американинг йирик шарқшунослари ”Ислом энциклопедияси”ни қайта нашр қилиш устида иш олиб бормоқда.

1965 йил Лондонда (B.Lewis, Ch.Pellat va J.Schachtлар томонидан) ”Ислом энсиклопедияси”нинг янги нашри чоп этилди. Бу қомусий асарда футувват тариқатига оид қизиқарли маълумотлар мавжуд бўлиб, шу мавзудаги библиография ҳам қайд этилган. Футувват таълимоти ўрта асрларда ҳунармандчилик устахоналарида кенг тарқалган. Мовароуннаҳрдаги бундай устахоналарга оид маълумотлар қуйидаги асарларда ҳам учрайди: М.Хаrtмаn ”Die Ostturkishin Handschiriften der Sammlung” (1904 йил, Msos), М.Гаврилов “Lef korps de métiers en Asie Controle et leur status” (1928 йил, Москва),  А.К.Бoровков “К истории братство “Ахи” в Средней Азии” (1953 йил, Москва).

Шунингдек, биз тадқиқ этаётган мавзуга оид қимматли маълумотлар олмониялик йирик исломшунос олим Франс Тешнер (Franz Taeshner)нинг “Zunfte und Bruderschaftten in islam” (1979 йил, Munchen) номли асарида мавжуд. Араб, турк, форс манбаларидан олинган қимматли маълумотларни жамлаган бу асарни китоб шаклида кўриш Франс Тешнерга насиб этмади (муаллиф 1967 йил 11 ноябрда вафот этади). Ишни шогирди Густав Э.фон Гренбаум (Gustav E.Fon Grenbaum) давом эттиради, лекин Гренбаумнинг ҳам вафот этиши китоб чоп этилишини яна орқага сурган [1:9]. Асар футувват борасидаги билимнинг батафсил ёритишга ҳаракат қилингани, манбаларнинг таржимаси изоҳсиз айнан келтирилгани билан қимматлидир.

Олмониялик шарқшунослардан олима Аннамари Шиммел ўзининг (“Mustische Dimensionen des Islam” 1995 йил, Munchen) китобида [3:348-350] футувват ҳақида маълумот беради. Унда Сухравордия таълимотининг футувватга анча ижобий таъсири бўлгани қайд этилган. Моҳсин Зокери ҳам (Mohsen Zakeri “The Origins of’ Ayyaran and Futuwwa”) ўз асарида бизни қизиқтирган мавзу ҳақида фикр билдирар экан, юз эллик йилдан буён футувват борасида ғарб олимлари тадқиқотлар олиб бораётганини баён этади. Асарнинг кириш қисмида футувват таълимоти турли ижтимоий фан соҳаси вакилларининг, жумладан, диний фанлар тадқиқотчиларининг, иқтисодчиларнинг, адабиёт тарихи мутахассисларининг ва файласуфларнинг диққатини ўзига жалб этгани ва бу соҳада кўплаб адабиётлар  яратилгани қайд этилади. ХIХ асрнинг бошида яшаган Жозеф фон Ҳоммер (Jozef fon Hammer) гуманизмнинг олтин даврида Ўрта асрлардаги Европа рицарларининг маҳорати ва жасоратини илк марта “Исломий жасорат тарзига” ўхшатади. Албатта, Жозеф фон Ҳоммер футувват ҳақидаги фикрида ҳақли эди. У футувватни халифа Ан-Наср қайта ташкил этганини ҳам эътироф этган. Айнан шу халифа даврида сарой футуввати ривожланиб, уни талқин  қилувчи бир қанча китоблар яратилган.

Жосеф фон Ҳоммернинг шогирди Ҳерман Топ (Herman Top) 1913 йили ўз асарини нашр эттирди. У тарихда биринчи бўлиб савдогарлар ва ҳунармандлар ташкилотининг анъаналари ва уларда футувватнинг ўрни масаласини ёритиб берди. Ҳерман Топ халифа Ан-Наср учун Ибн Меъмор ёзган ХII асрга оид “Футувват пайғоми” асарини таржима қилди. Бу таржиманинг нашр этилиши футувват борасидаги изланишларнинг жонланишига сабаб бўлди. Жозеф фон Ҳоммер Европа рицарлари ва савдогарларининг ички тартиб-қоидасини мусулмонлар биродарлигининг ғояларига ўхшатган ва бу ғояларни ўз тадқиқотига асос қилиб олган.

Европа анъаналарини ислом маданияти билан таққослаш футувват қўлёзмаларидаги илк маълумотларнинг асл мазмунидан четлашишга олиб келди. Фақат Ҳерман Топнинг талабаси ва дўсти Франс Тешнер илмий ҳаётининг асосий қисмини футувватнинг келиб чиқишини ўрганишга сарфлади ва футувват таълимоти талқинида тўғри йўлни танлади. Унинг изланишлари шуни кўрсатдики, футувват халифа Ан-Насргача мавжуд бўлган ва уни жамиятнинг юқори қатлами ва подшоҳлар қўллаб-қувватлаб турган [1:23]. Ан-Наср футувватни қабул қилишидан бир аср олдин биёрийлар шаҳзодаси Қобус Искандар 1082-1083 йилларда (ҳ.475 й.) ўзининг “Қобуснома” асарини ёзган. У ўз асарининг каттагина қисмини сосонийларнинг йўқолган китобларидан бири “Жавонмардлик қоидалари”га бағишлайди. Бу қоидаларнинг айримлари сосонийлар даврида ишлаб чиқилган “Шаҳзодалар ойнаси” бўлиб, бу китобда Қобус Искандар ўғли ва шаҳзодаларга Жавонмардликнинг ижтимоий қоидаларини ўрганишни насиҳат қилади [5:158]. Бу асарни моҳиятан инсонпарварлик қоидалари деб аташ мумкин.

Франс Тешнернинг издошлари шуни таъкидлайдики, Қобусдан анча олдин футувватнинг идеал фикрлари жамланиб, “Футувватнома”, “Рисола ал-футувва” ёки “Қобуснома” номи билан аталган. Бу асарлардаги фикрларнинг таъсирини сўфий мусулмонларнинг таълимотида ҳам учратиш мумкин. Жумладан, “Рисола фи ал-футувва” (Сулами, 1021 йил) ёки Душайрининг рисоласини (1045 йил) мисол тариқасида кўрсатиш мумкин. Суфийлар ўз асарларида футувватни Иброҳим пайғамбар (уни “Абу ал-фитиян”, яъни қаҳрамонлар отаси деб аташган) даври билан боғлайди. Улар футувватни ислом динининг ажралмас қисми ҳисоблаб, унинг ижтимоий илдизини  эътироф этмайди.

IХ асрнинг иккинчи ярмида шарқий Эронда яшаган маломатия мактабининг намояндаси Солиҳ бин Ҳамдул бин Аҳмад ал-Қасар (ҳ.884 й.) шундай дейди: “Кунлардан бир кун мен Нишопурдаги Хиро дарёсини ёқалаб сайр қилаётганимда ўзининг инсоний футуввати билан машҳур Нуҳни учратиб қолдим, у бутун Нишопур аҳли жавонмардларининг раҳбари эди. Сўрадим: Эй Нуҳ, сенинг футувватинг нима? Деди: Сенинг футувватингми ёки меникими? Иккаласини ҳам англат, дедим. Менинг футувватим мен ўз кийимимни чиқариб, ямоқ солинган кийим кийиб, сўфий бўлиш ва худо олдида уялиб қолмаслик учун гуноҳлардан тозаланишга уринаман, бироқ сен ямалган кийимни чиқариб ташлайсанки, на сен бошқаларни алдайсан, на бошқалар сени алдай олсин: Шу тарзда менинг футувватим диний ва расмий қоидаларда, сеники бўлса ҳақиқатнинг маънавий кўринишида намоёндир”. Бу каби ҳикматлар футувватнинг дастлабки тарихини билиб олиш учун озлик қилади, бироқ бу қимматли фикрлар футувват таълимотининг ахлоқий жиҳатларини англашга ёрдам беради. Суфийлар яратган манбаларда Хуросон шаҳзодаси Ал-Сулами Шайх Шижо ал-Карманий (тахаллуси Абу ал-Фавариз музаффарийлардан) футувват вакили сифатида  қадрланган.

Араб адибларининг ёзишича Халифа ал-Амин даврида (809-813 й.) ҳозирги милиция вазифасини бажарувчи бўлинмаларга ўхшаш гуруҳлар тузилган. Бу халифаликнинг босиб олган ҳудудларида ташкил этган бўлинмалари эди. Араб манбаларида аббосийлар билан ҳам футувват таълимотининг боғлиқлик томонлари мавжуд эканини учратиш мумкин. Жафар бин Яҳё ал-Варман (вафоти 805 й.)нинг фикрича, Хорун ар-Рашид футувватга эга шахс, у яхши хусусиятлар, адаб маданиятига эга халифа сифатида футувват меъёрларига жавоб бера олади. Ал-Суламининг ёзишича, Маъруф бин Фирир ал-Керҳи ҳам издошлари орасида энг кўзга кўринган шахслардандир. Маъруф бин Фирир ал-Керҳи ҳақида қимматли маълумотлар берган Фаридиддин Аттор ўзининг “Тазкират ул-авлиё” асарида у зотни “Футувват ва тақвода бир ҳирқа эди” деб таърифлаган. Фаридиддин Атторнинг ёзишича, Маъруф бин Фирир ал-Керҳи Абу Муса қўлида мусулмон бўлиб, Дабуд Той қўлида тарбия топади, машҳур “Ихлос халос“ ибораси у кишининг ҳикматларидандир [6:29].

Франс Тешнернинг фикрича, араблар шарқий Европани босиб олар экан, улар олийжаноб кишиларининг орасида шаклланган ва фата деб номланган хусусиятларини ҳам олиб келган. Натижада турмуш тарзи маданийлашган олийжаноблик ва жасорат каби тушунчаларни ўзида бирлаштирувчи ижтимоий гуруҳлар шаклланган. Франс Тешнернинг айтишича, Эронда антик маданият давридан буён сақланиб келаётган инсонийлик мезонлари ҳақидаги фикрлар исломга футувват термини орқали кириб келган. Унинг фикрини Cлауде Cоҳил ҳам тасдиқлаб: “Сосонийлар давлатининг чегараларида ўзларининг айёрунлари, яъни жасорат тимсоли бўлган ижтимоий гуруҳлари мавжуд бўлган ва улар исломгача бўлган Эрон маданиятидаги футувват мезонларини ўзида жамлаган талабларга амал қилган” [1:50], дейди.

Ўрта Осиёга ва мусулмон мамлакатларининг ҳаётига бўлган қизиқиш россиялик шарқшунос олимларни ҳам кўплаб тадқиқотлар олиб боришга ундайди. Л.Массинон, Э.Е Бертолс, А.Арберри, М.Cмит, Л.Горде, Г.М. Керимов, О.Ф.Акумушкинлар шулар жумласидандир. Таниқли шарқшунос олим О.Ф.Акумушкиннинг фикрича, 219дан ортиқ араб манбасида, 255дан ортиқ Европа халқларининг тилидаги асарларда 325дан ортиқ тариқат йўллари тилга олинган. Жумладан, тариқатнинг бир қисми бўлган футувват таълимоти борасида юқорида қайд этилган М.Гаврилов, А.К.Боровков, А.Б.Гордлевискийнинг асарларини келтириш мумкин. Шу мавзуда тожикистонлик З.Вазиров ўз асари (“Социально-политические и нрастенио-религиезиье учения и феласофский система футуввата”)да, сўфизмда ёритилган ҳаққа етишишдаги тўрт босқич,  яъни шариат – мурод йўлига кириш, тариқат – ботиний илм, маърифат ва ҳақиқатдан иборат бўлган босқичлар футувватда битта тариқат йўли тушунчаси орқали ифодаланган деб баҳолайди.

Ҳар бир даврнинг ўзига хос маънавий томонлари мавжуд ва шу даврда ёзилган асарлар биз учун қимматли манба ҳисобланади. Манбаларни ўрганиш манбашунослик ва шу давр фалсафасини ёритишда асосий қуролдир.

ХV асрда яшаган атоқли олим ва адиб Ҳусайн Воиз Кошифий  “Футувватномаи султоний” асарида (форсчадан Н.Комилов таржимаси) футувват тариқатига оид қуйидаги манбаларни қайд этади: Булар Абдураҳмон Жомийнинг “Рисолаи сайр”, Заруа Исфаҳонийнинг “Зодул охира” асарларидир. Ҳозирги кунда Самарқанд давлат университетининг шарқ қўлёзмалари бўлимида Фаридиддин Аттор замонасида сулс хати билан кўчирилган “Тазкират ул-авлиё” асари сақланган бўлиб, унда футувват уламоларининг дунёқараши ифодаланган.

Тошкентда Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланаётган қўлёзмаларнинг орасидаги Али Шахоб Ҳамадонийнинг “Футувват ҳақидаги рисола” асари ҳам шу мавзу борасида муҳим маълумотлар беради. Жумладан, қўлёзмада муаллиф “ахи” атамасига алоҳида тўхталиб, футувватга оид йигирма тўртта сўзнинг маъноси ва моҳиятини ёритиб беради.

Ҳозирги кунда нақшбандия тариқатининг давомчиси, қирқинчи силсила вакили туркиялик Маҳмуд Асад Жушон ҳазратларининг 400дан ортиқ тасаввуф ва тариқатга оид асарлари нашр этилган.

Турли миллатларнинг, жамиятларнинг тараққиёти тарих саҳифасини тўлдириб унга турлича мазмун киритади. Кечаги кун талаблари бугунги куннинг эҳтиёжларига мос келмайди. Алоҳида шахсдан тортиб бутун бир давлатгача – ҳар бир аъзо ўзига зарур бўлган саноқсиз эҳтиёжларни қондиришга ҳаракат қилади. Бу билан бахтиёр маданият омиллари яратилади: Моддий маданият, маънавий маданият. Моддий маданият жамиятнинг ижтимоий талаби ва маънавиятининг қиёфасини соғломлаштиришга қаратилиши лозим.

Футувват таълимоти ва ундаги фалсафий қарашларни таҳлилий ўрганиш, ўзлаштириш жамиятимизнинг маънавий қиёфасини соғломлаштиришга ҳаракат қилинаётган бир шароитда замондошларимизга дастуруламал бўлади.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Франс Тешнер (Franz Taeshner). Zunfte und Bruderschaftten in islam. –Munchen., 1979.
  2. Нажмиддин Комилов. Тасаввуф. –Т., 1996.
  3. Аннамари Шиммел (Annemaeie Schimmel). Mustische Dimensionen des Islam. –Munchen., 1995
  4. Улсулмоний Кайкавус. Қобуснома. –T.,
  5. Фариддун Аттор. “Тазкиратул авлиё” . –Бурса., 1984.
  6. Ҳусайин Фоиз Кошифий. “Футувватномаи сулоний”. –Т., 1994.
  7. Азамат Зиё. Ўзбек давлатчилиги тарихи. –Т., 2000.
Феруза РАББИМОВА,
СамИСИ академик лицейи тарих фани ўқитувчиси

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …