Home / МАҚОЛАЛАР / ТАРБИЯ – ЭНГ ОЛИЙ ҚАДРИЯТ

ТАРБИЯ – ЭНГ ОЛИЙ ҚАДРИЯТ

Тарбия ҳақида гап кетганда ўтган асрнинг бошларида халқимизнинг жонкуяр маърифатпарвари Абдулла Авлонийнинг бир гапи беихтиёр ёдга тушади: “Тарбия бизлар учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”[1]. Дарҳақиқат, тарбия сабабли даврлар ва халқларнинг келажаги белгиланади, у ҳар бир жамиятнинг жон томири, олий қадрияти ҳисобланади. Келажак авлод – фарзандларимизнинг биз орзу қилгандек билимли, ҳунарли, эл-юртга фойдаси тегадиган, оқил инсонлар бўлиб етишиши, аввало, тарбияга боғлиқ. Фарзанд Аллоҳ таолонинг инсонга берган олий неъматларидан бири бўлиб, ота-она ҳаётининг давомчилари ҳисобланади. Ҳар неъматнинг ўз шукри бор, фарзанд неъматининг шукри унга чиройли тарбия беришдир. Бу хусусда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота-она ўз фарзандига чиройли хулқдан кўра афзалроқ нарсани беролмайди,” деганлар.

Тарбияни тор доирада тушунмаслик лозим. Ота-она зиммасидаги бурч фарзандга фақат чиройли одоб-ахлоқ ўргатишдан иборат эмас, балки уни турли хил мафкура мафкура ва ғайриинсоний ёт ғоялардан сақлаши керак. Чунки эътиқоди соғлом, мафкураси тўғри бўлган фарзандгина ота-онага меҳрибон, эл-юртга садоқатли фидойи инсон бўлиб вояга етади.

Фарзанд тарбияси билан унинг гўдаклик давриданоқ, ҳатто дунё юзини кўрмасидан аввал шуғулланиш лозим. Халқимиз қадимдан тарбияни кўпнинг иши деб билган. Эзгулик, яхшилик, одоб-ахлоқ каби инсоний фазилатларни муқаддаслаштириб, ҳар бир йигит-қизга ёшликдан шу қоидаларга амал қилишни ўргатиб, назорат этиб борган.

Тарбиянинг энг муҳим талабларидан бири шахсий намуна, оила ибратидир. Ота-она, катталар, қариялар, ака-укалар, қариндош-уруғларнинг оиладаги мавқеи муҳим аҳамиятга эга. Яхши фарзандни, аввало, яхши оила, яхши ота-она тарбиялайди. Халқимизнинг қадриятлари ранг-баранг бўлиб, ҳар бири яхлит бир асардир. Халқимизнинг “Бир болага етти маҳалла ота”, деган ҳикматли сўзларининг замирида олам-олам маъно бор. Бугунги кун юртимизда баркамол авлодни миллий қадриятлар асосида тарбиялаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Миллий қадриятларимиз асосини маънавият ташкил этади, маънавият эса тарбия демакдир. Маънавият билан инсоннинг имони, эътиқоди, ахлоқи, ички дунёси шаклланиб сайқал топади. Инсонни Ватан, халқ, ота-она, қавм-қариндошлар олдидаги бурчларини англаши унинг нақадар юксак маънавият соҳиби эканидан далолат беради.

Миллий қадриятларимиз билан чамбарчас боғланиб кетган муқаддас динимизда ҳам фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор берилади. Уламоларимиз фарзанд тарбиясини тўрт қисмдан иборат эканлигини баён қилган:

1.Эътиқод тарбияси. Фарзанд туғилиб, унинг ақли шакллана бошлаган вақтдан то вояга етиб, мустақил ҳаётга қадам қўйгунча унга имон-эътиқод масалалари, ота-онага ҳурмат, ватанга садоқат туйғулари сингдириб борилади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу тўғрида шундай дейдилар: “Ҳар бир туғиладиган фарзанд Ислом фитратида туғилади, токи тили гапирадиган бўлгунча (шу ҳолда бўлади). Кейин эса ота-онаси уни ё яҳудий, ёки насроний, ёки мажусий этиб вояга етказади”.[2] (Олти саҳиҳ муаллифлари ривоят қилишган).

Ҳар бир фарзанд яхшиликларни қабул қилувчи, оппоқ қоғоз каби соф қалб билан дунёга келади. Ана шу софликни сақлаш, уни шакллантириш ва турли хил ғайриинсоний хулқлардан ҳамда динимизга, эътиқодимизга ёт бўлган турли ғоялардан асраш ота-онанинг энг муҳим вазифасидир.

  1. Жисм тарбияси. Ота-она фарзанднинг жисмонан соғлом бўлиб вояга етишига ҳам масъул бўлиб, бунда боланинг етарли миқдорда тўғри овқатланиши, кийиниши, ётиб-туриши ва жисмоний машғулотларига эътибор қаратиш лозим. Фарзанднинг руҳан ва жисмонан соғлом бўлиб вояга етиши нафақат унинг келажаги, балки бутун миллат келажагини таъминлаш эканини асло ёддан чиқармаслик лозим. Соғлом авлодни тарбиялаш буюк давлат пойдеворини, фаровон ҳаёт асосини қуриш деганидир. Фарзандга чиройли тарбия бериб, ҳунар ўргатиб, руҳан кучли ва эътиқоди соғлом ҳолда вояга етказиш билан бирга уларни жисмонан бақувват қилиб вояга етказиш ота-онанинг энг муҳим бурчларидандир. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам: “Ўғилларингизга сувда сузишни, камонда отишни, қизларингизга эса тикишни ўргатинглар”,[3] деб фарзандларни чаққон, соғлом, бақувват, зийрак ва ҳунарли қилиб тарбиялашга тарғиб қилганлар. Чунки соғлом ва кучли инсон ҳар доим ўз элига, ватанига наф келтиради.
  2. Тафаккур тарбияси – тарбиянинг энг масъулиятли қисмларидан бири. Фарзанднинг комил инсон бўлиб етишиши ва жамиятда ўз ўрнини топишида тарбия билан биргаликда илмнинг ўрни катта. Зеро, чиройли тарбия билан зийнатланган илмли инсон келажакда юрт равнақининг асосий пойдевори бўлади. Инсоннинг камолга етишида илмнинг нечоғли зарурлигини қисқа сатрларда таърифлаб бериш қийин, албатта.

Аллоҳ таоло илмли бандаларининг даражасини баланд қилиб, олимларнинг фазилати ҳақида: “Айтинг: “биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!”[4] дейди. Илмнинг инсон ҳаётида қанчалар катта ўрин тутиши мазкур оятдан яққол аён бўлади, чунки ҳар бир миллатнинг салоҳияти, куч-қудрати ва келажаги унинг олимлари билан белгиланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда: “Бешикдан қабргача илм изланг”, “Илм олиш ҳар бир мўмин-мусулмонга фарздир”,[5] деганлар.

Тарбиянинг бу тури фақат ота-онага боғлиқ эмас, балки устоз-муаллимларга ҳам бевосита боғлиқдир. Ота-она бунда таянч нуқтаси бўлиб, фарзандининг ақлли, тафаккури кенг, жамият учун фойдали илмга эга инсон бўлиб вояга етишида кўмак беришлари лозим. Зеро ҳар бир жамиятнинг келажаги унинг илмли ёшларига боғлиқ. Жамиятимиз равнақи учун зарур бўлган илмларни олиш ҳар бир ёш йигит-қизнинг зиммасидаги бурчларидан биридир. Ҳар томонлама етук билимли, холис ниятли ёшларгина ўзларининг соф имон-эътиқоди билан ўз билимини самарасини тўғри, фойдали нарсаларга йўналтириб, ўзига ва атрофидагиларга, шу жумладан жамиятга фойда келтиради. Бу билан ахлоқий бўшлиқнинг олдини олиб, жамиятнинг порлоқ келажаги учун замин тайёрлайди.

  1. Ахлоқ тарбияси. Ёшлар барча соҳада етакчи бўлишлари учун энг аввало, одоб-ахлоқли бўлиши лозим. Чунки одоб дунё ва охират неъматларига етказувчи асосий воситалардан бири ҳисобланади. Бу барча динларда ўз тасдиғини топган. Қуръони каримда ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида ҳам одоб ахлоқ масаласига алоҳида эътибор берилган. Хусусан, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота-она ўз фарзандига чиройли хулқ (одоб)дан афзалроқ нарсани мерос қилиб қолдира олмайди”,[6] “Фарзандларингизни ҳурмат қилинглар ва одобларини чиройли қилинглар”, [7] деб марҳамат қилганлар.

Киши ўғил-қизини гўдаклигидан тарбиялаб, одоб бермоғи керак, чунки чиройли хулқ фарзандларимизнинг комиллик сари қўйган илк қадами ҳисобланади. Доно халқимизнинг ажойиб бир ҳикматли сўзи бор: “Фарзанд азиз, тарбияси эса ундан-да азиз” (халқ мақоли). Дарҳақиқат, фарзанд одоб-ахлоқи билан азиздир. Халқимизда одоб-ахлоқ ва тарбияга бу қадар эътибор берилиши бежиз эмас, чунки инсон илми билан ета олмаган чўққиларни чиройли одоб-ахлоқи билан забт этади. Ислом динида ибодат даражасигача чиқарилиб, ҳатто унинг арконлари билан тенглаштирилган амаллардан бири ҳам чиройли хулқ ва ҳаёдир. Бу икки фазилат бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлиб, уларни бир-бирисиз, динни эса уларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бу икки фазилат диннинг бир бўлаги бўлиши билан бир қаторда, инсоннинг энг олий, бебаҳо зийнатларидир. Башарият учун бу йўлда юксак намунани тақдим этган зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўлиб, Аллоҳ таоло муборак Каломи шарифида “Албатта сиз улуғ хулқ устидадирсиз”,[8] деб Пайғамбар алайҳиссаломнинг юксак хулқ соҳиби эканлигини таъриф этади. Чиройли хулқ ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат кунида мўминнинг тарозусида чиройли хулқдан-да оғирроқ нарса бўлмайди”[9], деб марҳамат қиладилар. Одоб-ахлоққа доир бу каби ҳадисларни кўплаб келтириш мумкин.

Яхши тарбия – саодатли, ёмон тарбия эса истиқболсиз келажакдир. Киши фарзанди тарбиясига эътиборли бўлиб, уннинг одоб-ахлоқини такомиллаштириб борар экан, келажакда ҳосил берадиган меванинг уруғини ерга қадаётгандек бўлади. Мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлодни замон талабларига мос равишда тарбиялаш учун таҳсинга сазовор ишлар амалга оширилмоқда. Бу тадбирлар ёш авлодни келажакда ҳам маънан, ҳам жисмонан етук инсон бўлиб, фаровон, бахтли ҳаёт кечиришлари учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади.

[1] А. Авлоний. Туркий гулистон ёхуд ахлоқ. “Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти. Т-2004. –Б.7.
[2]  Ал-Кутубу ас-ситта, “Соҳиҳу Муслим”. “Дорус салом” нашриёти, Риёз 2000. Б 1141.
[3] Аҳмад ибн Ҳусайн Байҳақий.  “Шўъбул имон”. Риёз 2003. 11-жилд. –Б.135. 8297-ҳадис.
[4]  Қуръони карим оятларининг таржимаси Шайх Абдулазиз Мансурнинг “Қуръони карим маъноларининг таржима ва изоҳлари” китобидан олинди. Т.: “Тошкент ислом университети”. 2009 й. Зумар сураси. 9- оят.
[5] Ал-Кутубу ас-ситта, “Сунану Ибн Можа”. “Дорус салом” нашриёти, Риёз 2000. Б 2491.
[6] Ал-Кутубу ас-ситта, “Сунану Термизий”. “Дорус салом” нашриёти, Риёз 2000. Б 1848.
[7] Ал-Кутубу ас-ситта, “Сунану Ибн Можа”. “Дорус салом” нашриёти, Риёз 2000. Б 2696.
[8] Қуръони карим оятларининг таржимаси Шайх Абдулазиз Мансурнинг “Қуръони карим маъноларининг таржима ва изоҳлари” китобидан олинди. Т.: “Тошкент ислом университети”. 2009 й. Қалам сураси, 4- оят.
[9] Ал-Кутубу ас-ситта, “Сунану Термизий”. “Дорус салом” нашриёти, Риёз 2000. Б 1852.
Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …