Home / ЯНГИЛИКЛАР / Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

 

Мамлакатимизда эркин иқтисодий зоналар фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик базаси шакллантирилди, маъмурий функцияларни номарказлаштириш ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарининг маъмурий кенгашлари (кейинги ўринларда – маъмурий кенгашлар) ваколатларини кенгайтириш орқали уларнинг фаолиятини бошқариш механизми соддалаштирилди.

Шу билан бирга, эркин иқтисодий зоналарни ташкил этиш ва фаолият кўрсатиш амалиётини ўрганиш уларнинг самарали фаолият юритишига тўсқинлик қилувчи тизимли муаммолар ва камчиликлар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Хусусан, маъмурий кенгашлар ва эркин иқтисодий зоналар дирекциялари фаолиятининг етарлича самарали эмаслиги, шунингдек, транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасининг суст ривожланганлиги инвестиция лойиҳаларини жадал амалга оширишга тўсқинлик қилмоқда ва эркин иқтисодий зоналарнинг салоҳиятли инвесторлар учун жозибадорлигини пасайтирмоқда.

Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштиришда давлат бошқаруви органлари функцияларининг такрорланиши инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал қилишнинг кечикишига олиб келмоқда.

Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқариш тизимини янада соддалаштириш, инвестициялар жалб қилиш учун шароитларни яхшилаш, инвестиция лойиҳаларини жадал амалга оширишни таъминлаш, шу асосда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли даромадларини ошириш мақсадида:

1. Белгилансинки: 

инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ер майдонлари ажратиш, туман (шаҳар) ҳокимининг ер майдонларини ажратиш тўғрисидаги алоҳида қарорисиз, маъмурий кенгашларнинг инвестиция лойиҳаларини танлаш ва амалга ошириш учун эркин иқтисодий зоналар ҳудудида жойлаштириш тўғрисидаги баённомалари билан расмийлаштирилади;

эркин иқтисодий зоналар ҳудудида инвестиция лойиҳаларини жойлаштиришнинг шарти сифатида фаолият бошланганидан кейин иккинчи молиявий йили якунларига кўра икки йил давомида йиллик ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг 25 фоизидан кам бўлмаганкейинги йилларда 50 фоиздан кам бўлмаган миқдорда экспорт қилиш белгиланади. Мазкур шартлар бажарилмаган тақдирда, тадбиркорлик субъектининг эркин иқтисодий зонаси иштирокчиси мақоми ҳамда аввал тақдим этилган имтиёзлар бекор қилинади;

эркин иқтисодий зоналар ҳудудида инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича маъмурий кенгашлар томонидан қарорлар бизнес-режалар ва техник-иқтисодий асосларга Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” (кейинги ўринларда – Марказ) ДУКнинг ижобий хулосаси мавжуд бўлган тақдирда қабул қилинади;

Марказнинг амалга оширилаётган лойиҳалар бизнес-режалари ёки уларнинг техник-иқтисодий асосномалари бўйича хулосалар бериш муддатлари йигирма календарь кунидан ошмаслиги лозим;

маъмурий кенгашлар томонидан ишлаб чиқариш лойиҳаларини эркин иқтисодий зоналар ҳудудида жойлаштириш бўйича инвестиция буюртманомаларини кўриб чиқиш муддати Марказ томонидан хулоса бериш жараёни билан бирга ўттиз календарь кунидан ошмаслиги лозим;

эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари томонидан божхона имтиёзлари қўлланган ҳолда импорт қилинган товарларнинг божхона расмийлаштируви товарлар рўйхатини ҳар томонлама экспертизадан ўтказиш натижалари бўйича Марказнинг ижобий хулосаси мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади;

товарлар рўйхатини ҳар томонлама экспертизадан ўтказиш бўйича Марказнинг хулоса бериш муддати ўн беш календарь кунидан ошмаслиги лозим;

эркин иқтисодий зоналар қатнашчиларига берилган имтиёзлар фақат эркин иқтисодий зоналар ҳудудида ишлаб чиқарилган маҳсулотларга татбиқ этилади;

эркин иқтисодий зоналарнинг бош режалари маъмурий кенгашлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан келишилган ҳолда тасдиқланади;

эркин иқтисодий зоналар дирекцияларининг директорларини тайинлаш ва лавозимидан озод этиш маъмурий кенгашлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда амалга оширилади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳар чоракда дирекция раҳбарларининг маъқулланган инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши бўйича ҳисоботларини эшитади.

2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда “Навоий” эркин иқтисодий зонаси фаолиятини энг яхши жаҳон тажрибасига асосланган ҳолда такомиллаштириш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини киритсин:

“Навоий” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси” ДУКнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклини акциядорлик жамиятига ўзгартириб, унинг балансига “Навоий” эркин иқтисодий зонаси ҳудудидаги муҳандислик-коммуникация тармоқлари объектларини давлат улуши сифатида, шунингдек, “Навоий” эркин иқтисодий зонасининг барча ер майдонларини доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида бериш;

“Навоий” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси томонидан эркин иқтисодий зона иштирокчиларига, шу жумладан, маркетинг, консалтинг, логистика, коммунал-маиший, меҳмонхона, таълим, суғурта ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа турдаги хизматлар кўрсатиш;

“Навоий” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида соддалаштирилган виза режими ва ходимларни, шу жумладан, чет эл фуқароларини ишга ёллаш тартибини жорий қилиш;

эркин иқтисодий зона қатнашчилари учун лицензия ва рухсатнома олишнинг соддалаштирилган тартибини жорий қилиш. Бунда “Навоий”
эркин иқтисодий зонаси дирекциясига қатнашчини кузатиш ва талабгорнинг малака талабларига мувофиқлигини тасдиқлаш ваколати берилади;

“Навоий” эркин иқтисодий зонаси иштирокчиси лойиҳаларни жойлаштириш шартларини бажармаган тақдирда у билан тузилган шартномани фақатгина суд тартибида бекор қилиш тартибини ўрнатиш;

“Навоий” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида чет эл фуқаролари учун қулай яшаш ва меҳнат шароитларини яратиш.

3. Қуйидагилар:

а) Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасига:

инвестицияларни, шу жумладан, хорижий инвестицияларни эркин иқтисодий зоналар ҳудудига жалб қилиш;

эркин иқтисодий зоналар ҳудудида инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга ошириш;

эркин иқтисодий зоналар ҳудудида инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида ишга туширишга тўсқинлик қилаётган сабабларни аниқлаб, юзага келаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича амалий ёрдам кўрсатиш чораларини кўрган ҳолда, лойиҳаларнинг бажарилиши ва иштирокчилар фаолияти самарадорлиги устидан доимий мониторинг олиб бориш;

б) Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигига:

инвесторларни жалб қилиш мақсадида эркин иқтисодий зоналар ҳудудида зарур шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан, муҳандислик-транспорт инфратузилмаси, ижтимоий-маиший ва маданий-жамоатчилик объектлар билан таъминланганлик даражасини яхшилаш;

эркин иқтисодий зоналарнинг ихтисослашуви ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги ролини белгилаш ва шу асосда лойиҳаларни танлаб олишнинг аниқ мезонларини, берилаётган имтиёзлар ҳамда давлат кўмагининг бошқа шаклларини белгилаш;

в) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:

маъмурий кенгашлар ва эркин иқтисодий зоналар дирекциялари фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш;

эркин иқтисодий зоналар ҳудудида лойиҳаларни амалга оширувчи инвесторлар учун янада қулай шарт-шароитларни яратиш, улар ишлаб чиқараётган маҳсулотни экспортга етказиб беришни кўпайтириш мақсадида қонунчиликни янада такомиллаштириш юзасидан белгиланган тартибда таклифлар киритиш;

эркин иқтисодий зоналар дирекциялари фаолияти устидан таъсирчан назорат ўрнатиш, вазирликлар, идоралар, хўжалик бошқаруви органларига ҳамда эркин иқтисодий зоналар дирекциялари зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларнинг бажарилишини таъминламаган раҳбарларга нисбатан жавобгарлик чораларини кўриш тўғрисида таклифлар киритиш;

эркин иқтисодий зоналарнинг иштирокчиси мақомини тўхтатиш ёки бекор қилиш, маъмурий кенгашлар, эркин иқтисодий зоналар дирекциялари ёки бошқа органлар ва ташкилотларнинг инвесторлар томонидан ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажармагани тўғрисидаги тақдимномалари асосида маъмурий кенгашларнинг хўжалик юритувчи субъектларни эркин иқтисодий зоналар ҳудудида жойлаштириш бўйича қарорларини бекор қилиш;

г) Иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси бўлинмаларига:

эркин иқтисодий зоналарнинг ривожланиши ва фаолият кўрсатиши, уларнинг ҳудудларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш юзасидан вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалий ёрдам кўрсатиш борасидаги фаолиятни мувофиқлаштиришни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли бўлинмалари раҳбарларининг, шунингдек, Иқтисодиёт вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари биринчи раҳбарларининг мазкур Фармонда белгиланган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан ҳисоботларини ҳар чоракда эшитиш бўйича жавобгарлик юклансин.

4. Эркин иқтисодий зоналар дирекцияларига ўз ҳудудларининг бош режалари ва архитектура-режалаштириш ишларини ишлаб чиқишда буюртмачи сифатида иштирок этиш ҳуқуқи берилсин.

5. Қуйидагилар:

2019 йилда эркин иқтисодий зоналарнинг автомобиль йўллари, сув таъминоти ва канализация тармоқларини қуриш ва таъмирлаш бўйича “Йўл харитаси” (кейинги ўринларда – “Йўл харитаси”) 1-иловага мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашларининг янгиланган намунавий таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

6. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси:

а) Иқтисодиёт вазирлиги билан бирга 2019 йилнинг 1 апрелига қадар қуйидагиларни назарда тутувчи Эркин иқтисодий зоналарни ривожлантириш концепцияси (кейинги ўринларда – Концепция) лойиҳасини ишлаб чиқсин ва киритсин:

эркин иқтисодий зоналарнинг ихтисослашуви, инвестиция лойиҳаларини танлаб олишнинг аниқ мезонлари, берилаётган имтиёзлар
ва давлат кўмагининг бошқа шаклларини белгилаш;

инвесторларни жалб қилиш мақсадида эркин иқтисодий зоналар ҳудудида зарур шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан, муҳандислик-транспорт инфратузилмаси, ижтимоий-маиший ва маданий-жамоатчилик объектлар билан таъминланганлик даражасини яхшилаш;

эркин иқтисодий зоналарнинг бошқариш тизимини, шу жумладан, дирекциялар фаолиятини ташкил этишда ягона стандартларни белгилаш, кўрсатилаётган хизматларнинг рўйхатини кенгайтириш, шунингдек, эркин иқтисодий зоналар дирекцияларини тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, хорижий компанияларга ишончли бошқарувга бериш йўли билан такомиллаштириш;

б) Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига Маъмурий кенгашлар ва эркин иқтисодий зоналарнинг дирекциялари фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини киритсин, унда эркин иқтисодий зоналарнинг вазирлик, идоралар, ташкилотлар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро ҳамкорлиги тартибини назарда тутсин;

в) маъмурий кенгашлар ва эркин иқтисодий зоналарнинг дирекциялари билан биргаликда икки ой муддатда:

самарасиз фойдаланилаётган ер участкаларини қайтарган ҳолда, эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари билан ердан фойдаланиш шартномаларини қайта кўриб чиқиш ёки қўшимча лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига ердан оқилона фойдаланиш бўйича “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш;

эркин иқтисодий зоналарнинг белгиланган муддатларда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни бошламаган иштирокчилари билан келишувларни бекор қилиш;

қисқа муддатларда ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни ҳисобга олиб, қолоқ лойиҳалар бўйича тармоқ жадвалларини тузишни таъминласин;

г) Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда:

буюртмачилар томонидан бирламчи маълумотларни Интернет тармоғи орқали рақамли имзодан фойдаланган ҳолда киритиш, шунингдек, лойиҳаларни муайян мезонлар асосида қатъий белгиланган аниқ автоматик алгоритм бўйича баҳолаш имконини берадиган, эркин иқтисодий зоналар ҳудудида лойиҳаларни амалга ошириш учун аризаларни маъмурий кенгашлар томонидан кўриб чиқишнинг электрон тизимини;

эркин иқтисодий зоналар иштирокчиларининг ишлаб чиқариш қувватларини ўз вақтида ишга тушириши, маҳсулотларни экспорт қилиши, янги иш ўринлари яратиши ҳамда инвестициявий мажбуриятларни бажариши устидан тезкор назорат олиб бориш имконини берувчи эркин иқтисодий зоналар ҳудудида инвестиция лойиҳаларини мониторинг қилишнинг автоматлаштирилган тизимини;

мазкур Фармон талаблари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 октябрдаги “Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари фаолияти самарадорлигини ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3356-сон қарори 12-банди талабларини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси эркин иқтисодий зоналари ягона порталининг янгиланган версиясини ишлаб чиқсин ва жорий этсин;

д) Иқтисодиёт вазирлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда 2019 йилнинг 1 мартига қадар эркин иқтисодий зоналар бўйича қабул қилинган қонунчилик базасини хатловдан ўтказсин ва тўғридан-тўғри амал қиладиган “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунилойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин ва унда ушбу Фармон қоидалари ҳамда кейинчалик ўз кучини йўқотадиган Ўзбекистон Республикасининг “Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Қонуни нормаларини назарда тутсин;

е) Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурини шакллантиришда “Йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирларни молиялаштиришни назарда тутсин;

7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда:

бир ой муддатда эркин иқтисодий зоналар учун инфратузилмаларни барпо этиш бўйича ҳукумат қарорларининг амалий ижросини таҳлил қилсин, зарур ҳолларда, молиялаштириш кўрсаткичлари ва манбаларини қайта кўриб чиқсин ҳамда ҳар бир эркин иқтисодий зона кесимида Инфратузилмани жадал ривожлантириш дастурини тасдиқласин;

икки ой муддатда ҳар бир эркин иқтисодий зона бўйича муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини босқичма-босқич қуриш тармоқ графикларини тасдиқласин, уларнинг ишлаб чиқариш объектларини қуриш ва ишга тушириш муддатлари билан боғланишини таъминласин.

8. Қуйидагилар зиммасига:

Иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Г.К.Саидовага – вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эркин иқтисодий зоналарнинг ривожланиши ва ишлаши, шунингдек, уларнинг ҳудудида инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга ошириш билан боғлиқ фаолиятини мувофиқлаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Д.Р.Лига – Марказ томонидан эркин иқтисодий зоналар ҳудудида амалга ошириладиган лойиҳаларнинг бизнес-режалари ёки техник-иқтисодий асослари бўйича хулосалар ўз вақтида берилиши;

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раҳбарлари С.Р.Холмурадов, С.Х.Бекенов, Л.Ш.Қудратовга – маъмурий кенгашлар томонидан эркин иқтисодий зоналар ҳудудида ишлаб чиқаришни жойлаштириш учун инвестиция буюртмаларининг ўз вақтида кўриб чиқилиши ва инвестиция лойиҳаларини эркин иқтисодий зоналар ҳудудида жойлаштириш бўйича қарорлар ўз вақтида қабул қилиниши;

Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири М.Х.Салиевга, “Ўзбекэнерго” АЖ бошқаруви раиси У.М.Мустафоев, “Ўзтрансгаз” АЖ бошқаруви раиси Б.Б.Эшмурадов, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бош менежери-муҳандиси Х.Н.Хасилов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг раиси, вилоятлар ҳокимларига – ташқи инфратузилмаларни қуриш ва уларга эркин иқтисодий зоналар иштирокчиларининг уланиши ҳамда ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун электр энергияси, табиий газ, сув ҳамда ташқи канализация тармоқлари билан узлуксиз таъминланиши юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.

9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатлари 3-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

10. Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси бир ой муддатда мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар юзасидан таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

11. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосарлари Б.М.Мавлонов ва Г.К.Саидова зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                  Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Манба: uza.uz

Check Also

Марказ олими – йирик анжуманда

Бугун, 24 апрел куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Ислом дини асл манбаларини талқин …