Home / ЯНГИЛИКЛАР / МОТУРИДИЯ ТАЪЛИМОТИ ДАВОМЧИСИ

МОТУРИДИЯ ТАЪЛИМОТИ ДАВОМЧИСИ

Кўҳна тарихнинг ҳали очилмаган қанчадан-қанча сиру синоатлари бор. Истиқлол шарофати билан дунё тамаддунига тамал тоши қўйган бобокалонларимиз номи яна қайта тикланяпти. Уларнинг бир вақтлар эътибордан четда қолган, қаровсиз аҳволга тушган муқаддас қадамжолари, табаррук масканлари обод манзилларга айланмоқда. Буюк алломаларимиз мангу қўним топган зиёратгоҳлар таъмирланиб, бой маънавий-маърифий мероси тадқиқ этилмоқда.

Мотуридия мактабининг энг йирик намояндаларидан бири Абу Муин Насафий ана шундай улуғ алломалардан эди. У ўзининг маънавий устози, буюк мутакаллим имом Абу Мансур Мотуридий таълимотини янада ривожлантириб, бу таълимот бутун Шарқ мамлакатларига кенг тарқалишида беқиёс хизмат кўрсатган.

Абу Муин Насафий бошланғич билимни оилада отаси ва бобосидан олган, сўнгра Самарқанд, Бухоро шаҳарларида замонасининг пешқадам имомлари сабоғида бўлган. Кейинчалик муайян вақт ушбу шаҳарларда яшаб, мадрасаларда дарс берган.

Ақида масалалари ҳар қандай даврда ҳам, ҳар қандай жамиятда ҳам алоҳида аҳамият касб этган. Шу боис, бу муҳим масала ҳар доим илм аҳлининг диққат-эътиборида бўлиб келади.

Абу Муин Насафий шу йўналишда бир нечта асарлар яратган. Унинг “Табсират ул-адилла” асари имом Абу Мансур Мотуридий асос солган Мотуридия таълимотининг дунё бўйлаб ёйилишига катта хизмат қилди. Аллома бу асарида ўша даврдаги бузғунчи тоифаларга кескин раддиялар билдирган.

Имом Мотуридийнинг “Китоб ат-тавҳид” ҳамда Абу Муин Насафийнинг “Табсират ул-адилла” китобини ўзаро қиёсий таҳлил этган олимлар фикрича, у “Китоб ат-тавҳид”дан кейинги нуфузли китоб саналади. “Қасийдал-қавоид фи илм ал-ақоид” асарида ҳам ботиний тоифага мансуб кишиларнинг хато қарашларига раддиялар беради. Шу жиҳатдан Абу Муин Насафийнинг бу асарлари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Араб тилини ўрганиш бўйича Фран­цуз илмий институти тадқиқотчилари ҳажми 1000 саҳифадан ортиқ бўлган “Табсират ул-адилла” китобини 1990 ва 1993 йилларда Дамашқ шаҳрида икки жилд ҳолида нашр эттиргани ҳам бу асарнинг улкан маънавий қийматидан далолат беради. Ушбу нашрни тайёрлашда асарнинг 1269 йили Бухорода Муҳаммад ибн Ҳасан ибн ал-Ҳусайин исмли хаттот томонидан кўчирилган ва Мисрнинг Искандария шаҳри, шунингдек, Қоҳирадаги “Дор ул-кутуб ал-Мисриййа” ва машҳур ал-Азҳар университети кутубхоналарида сақланаётган мўътабар қўлёзмаларига таянилган. Унинг илм аҳлига яхши таниш бўлган яна бир китоби “Баҳр ал-Калом фи илм ал-Калом” ҳам алоҳида аҳамиятга эгадир. Ҳозирги кунда ушбу асарнинг қўлёзма нусхалари Дубай, Дамашқ, Бағдод, Қоҳира ва Искандария шаҳарларидаги кутубхоналарда сақланмоқда.

Афсуски, Абу Муин Насафийнинг ҳаёти ва асарлари собиқ тузум даврида умуман ўрганилмаган. Истиқлол шарофати билан кўплаб алломаларимиз қаторида унинг ҳаёти ва асарларини илмий асосда ўрганиш ишлари йўлга қўйилди. Алломанинг руҳи мангу қўним топган манзил обод гўшага айлантирилди.

Аллома қадамжоси обод бўлди

Давлатимиз раҳбари 2017 йилнинг 24-25 февраль кунлари Қашқадарёга ташрифи чоғида Абу Муин Насафийнинг Қарши туманидаги Қовчин қишлоғида жойлашган қадамжосини обод зиёратгоҳга айлантириш, зиёратга келувчиларга зарур шароитлар яратиш, ушбу масканда кутубхона ташкил этиш ҳамда аллома асарларини таржима қилиб, халқимизга етказиш бўйича тавсиялар берган эди. Шундан сўнг бу муқаддас масканга катта эътибор қаратилди. Дастлаб аллома қабри устидаги мақбара таъмирланиб, янада чиройли кўринишга келтирилди. Атрофи ободонлаштирилиб, қадимий ёзувлар мавжуд бўлган, кейинги пайтда анча эътибордан четда қолган қабр тошлари тартиб билан териб чиқилди. Мақбара ёнидан жой олган эски масжид ҳам қайта таъмирланиб, нақшинкор безаклар солинди.

— Бу ерда кичикроқ масжид бўлиб, таъмирталаб аҳволга келиб қолганди, — дейди мазкур зиёратгоҳ ходими Шавкат Каримов. — Адашмасам, бу масжид анча йиллар илгари бунёд этилган. Шу боис, маскандаги бунёдкорлик ишлари даврида унга ҳам эътибор қаратилди. Жойи аллома мақбарасига жуда яқин бўлиб қолгани учун бироз наридан янги, 320 ўринли замонавий, ёруғ ва ши­нам масжид қурилди.

Минг ёшли тут

Зиёратгоҳ ҳовлисидаги кекса тут дарахтининг ёши минг йилдан ошган. Мозийнинг қанчадан-қанча яхши-ёмон кунларига гувоҳ бу дарахт кўринишидан минг йил аввал экилганга ўхшамайди. Бунга эса маҳаллий аҳоли чиройли изоҳ беради: қайси манзилга одам эътибори тушиб, ободонлаштирилса, атроф гўзаллашиб, табиат ҳам ёшариб бораверади. Шундан бўлса керак, бир пайтлар бу жойлар эътибордан четда қолганда, дарахтлар қуриб, шохлари синиб, гўё ўсишдан тўхтаган. Бугун эса минг йиллик дарахт яна ёшариб бораётир. Одамларнинг гапи ростлигига зиёратгоҳга борсан-гиз ўзингиз гувоҳ бўласиз. Кекса тут-нинг ёнида яна бир нечта дарахт бор. Уларнинг ҳам ёши тўрт юз, тўрт юз эллик йил. Барча дарахтлар алоҳида муҳофазага олинган.

— Бир пайтлар ўз илми билан довруқ таратган, кишилар қалбига эзгулик улашган бобомиз мероси бугун кенг кўламда ўрганилаётгани бизни қувонтиради, — дейди Қарши тумани Қовчин қишлоғида яшовчи ижодкор Нуриддин Эгамов. — Шундай улуғ аллома билан фахрланамиз. Унинг китобларини ўқиб, ўрганиб бормоқдамиз. Бир пайтлар мутафаккир бобомиз қадамжосига эътибор умуман йўқ эди. Бугун эса азиз ва мўътабар масканга, гўзал жойга айланди. Қишлоғимиз ҳам обод бўлиб, ўзгача чирой очди.

XI асрда қазилган қудуқ

Муқаддас қадамжо ҳовлиси ўрта-сидаги қудуқ олдига бир муддат тўхтаркансиз, унинг тубига термилганча хаёлга берилишингиз табиий. Тарихи XI асрга бориб тақаладиган бу қудуқ не-не алломалару қанчадан-қанча аҳли донишлар, подшоҳу гадоларнинг чанқоғини қондирган. Ундан бир қултум сув ичганингизда бехосдан қулоғингизга олис мозийдан карвон қўнғироғи жаранги, Буюк ипак йўли орқали Бухоро томон кетаётган туяларнинг бу табаррук маскан томон бурилгани, зиёрат истагида шошилаётган одамларга кўзингиз тушгандек бўлади. Кўз олдингиздан ўтаётган хаёлий тасвирлар бу ерда неча бор амалда такрорланган бўлса ажабмас.

Маълумотларга кўра, бу қудуқ бир пайтлар оғзига катта тош бостирилиб, ёпиб ташланган. Унинг устига супа қилиниб, Иккинчи жаҳон уруши йилларида одамлар пахта даласида ишлаб, шу ерда дам олган. 1950-йилларга келиб қишлоқ кексаларидан бири супа тагида қудуқ борлигини айтиб қолади. Қишлоқ аҳли супани бузиб, тагидан катта тош билан ёпиб қўйилган қудуқни топади. Шундан сўнг қудуқ атрофи тозаланиб, туяларга қовға боғлаб, чарх ёрдамида бир неча кун сув тозаланади. Аҳоли эса бу қудуқдан фойдалана бошлайди.

Кейинги пайтда зиёратгоҳдаги кенг кўламли бунёдкорлик ишлари натижасида янги замонавий типдаги 320 ўринли масжид қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, масканда янги кутубхона ҳам бор. Бу ерга ташриф буюрувчилар кутубхона фондида сақланаётган икки мингга яқин бадиий адабиёт, илмий ва маърифий китобни ўқиб, Насафийнинг ноёб асарларидан баҳраманд бўлиши мумкин. Яқин атрофдаги маҳаллаларнинг болалари учун кутубхона эшиклари доим очиқ.

Зиёратгоҳда ташкил этилган музейда қадимги Самарқанд қоғозига битилган Қуръони каримнинг асл нусхаси, матога тўқиб ёзилган муқаддас оятлар, Абу Муин Насафий қаламига мансуб қўлёзмалар, тарихчи олимларнинг китоблари сақланмоқда. Алломанинг ҳаёти ва асарлари мультимедиа воситалари орқали акс эттирилган.

Ақида илми мактаби

Ҳар бир даврда бўлгани каби бугун ҳам жаҳолатга асир кучлар, разолат ботқоғига ботган оқимлар ўз мақсадларига эришиш йўлида муқаддас ислом таълимотини тескари талқин этиб, ундан қурол сифатида фойдаланишга интилмоқда. Бу оқимлар ўзларича тўғри деб илгари сураётган ёлғон ақидалар, асоссиз даъволарга қарши курашиш кучли исботланган илмий хулоса, раддиялар битилган манбаларни талаб этади. Бундай раддияларни Абу Муин Насафий каби алломаларимиз илмий меросидан топамиз.

Ақида илмининг буюк намояндаларидан бири, ислом дини софлигини сақлашга қаратилган кўплаб илмий асарлар муаллифи Абу Муин Насафий илмий-маънавий меросини тадқиқ этиш, асарларидаги бугунги кун учун энг долзарб ҳикматларни ёш авлодга етказиш муҳим аҳамиятга эга.

— Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан, 2017 йил ноябрь ойидан Ўзбекистон мусулмонлар идораси Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги биносида ақида илми мактаби иш бошлади, — дейди вакил ўринбосари Муҳаммади Қораев. — Дастлаб 11 ўқувчи қабул қилинган бу мактабда буюк мутафаккирларимиз Имоми Аъзамнинг “Фиқҳ ул-акбар”, Сўфи Оллоёрнинг “Сабот ул-ожизин”, Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя”, Имом Нажмиддин Умар ан-Насафийнинг “Ақоиди Насафий”, Имоми Таҳовийнинг “Ақидат ут-таҳовий” ҳамда Абу Муин Насафийнинг “Ат-тамҳид ли қоваъидит тавҳид фи илм ил-калом”, “Табсират ул-адилла”, “Баҳр ул-калом фи илм ил-калом” китоблари ўқитилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, ёшларимизни турли диний-сиёсий оқимларнинг бузғунчи ғояларидан асраш, уларда мафкуравий иммунитетни шакллантиришда Абу Муин Насафий илмий-маънавий мероси муҳим аҳамият касб этади.

Акбар РАҲМОНОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2022 йил 26 июль, 150(672) сон

Check Also

Тасаввуф – йирик ижтимоий воқелик сифатида

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон …