Home / МАҚОЛАЛАР / АБДУРАУФ ФИТРАТНИНГ ЭКОЛОГИК МАДАНИЯТ ВА БИЛИМЛАРГА ОИД ҚАРАШЛАРИ

АБДУРАУФ ФИТРАТНИНГ ЭКОЛОГИК МАДАНИЯТ ВА БИЛИМЛАРГА ОИД ҚАРАШЛАРИ

Жадидлик ҳаракати намояндаси Абдурауф Фитратнинг ижод йўли жуда ранг-баранг. У Туркистондаги сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётдаги муаммолардан ташқари, ўлкадаги табиат, атроф-муҳит ва экологик муаммоларга тааллуқли қимматли фикрларни ҳам илгари сурган.

Фитрат: “Ақл – Аллоҳ томонидан берилган, инсонларни икки дунё саодатига етакловчи энг буюк неъмат”, деб таърифлайди. Одамзод табиат, унинг ҳодисалари ва жонзотлар олдида анча ожиз бўлганини, даставвал йиртқич ҳайвонлар ҳужумидан, иқлим ўзгаришларидан, очлик ва сувсизликдан, табиий офатлардан ҳамиша қўрқиб оғир ҳаёт кечирганини, кейинчалик бу қийинчиликларни Аллоҳ берган ақл билан бирин-кетин енгиб борганини айтади [1:82]. Инсонда табиат ҳодисаларига муносабат ва табиатни англаш, асраб-авайлаш туфайли экологик маданият ва билимлар шаклланиб борганини таъкидлайди.

Фитрат табиат, атроф-муҳит, бир сўз билан айтганда, экологик маданият ва билимларни ҳам мукаммал эгаллаган адибдир. У жуғрофия – бу ер юзи ва ундаги аҳолини ўрганиш илми эканини, ислом уламолари уни юнонлардан ўрганганини қайд этади [2:100]. Фитрат ислом мутафаккирлари жуғрофия илми ривожи учун саёҳатга чиқиб, маълумот тўплагани ва бу фанни нодир асарлар билан бойитганини айтади.

Фитрат жуғрофия фани ривожига ҳисса қўшган қатор алломаларнинг ҳаёт йўли ва асарлари ҳақида қимматли маълумотлар келтирган. У Абу Исҳоқ Истахрий 340 йили дунё кезиб, “Китобул ақолим” (“Иқлимлар ҳақида китоб”), Ибн Ҳавқал Масъулий 28 йил давомида саёҳат қилиб, 350 йили “Ал-масолик вал мамолик” (“Йўллар ва мамлакатлар”), Идрисий (493-576) “Нусҳатул муштоқ фи ахборил офоқ” китобларини ёзганини билдиради [3:101].

Фитрат география фанининг аҳамиятига тўхталар экан, “Энди жуғрофия фани бизга керакми-йўқми?” деган саволни ўртага ташлайди [4:101]. Унинг фикрича, одамлар тижоратни ривожлантириш ёки бошқа халқлар тарихини ўрганиш учун саёҳатга чиқади. Жуғрофия илмини билмай туриб, бу саёҳатларни амалга ошириш қийин. Шу боис одамларга география фани ва географик билимлар керак.

Фитрат ақлий билимлар ҳақида тўхталиб, уларни бир неча қисмга ажратади: 1.Табиий илм. 2 Риёзий илм. 3. Фалсафий илм. Сўнг табиий илмни ҳам гуруҳларга бўлиб, табобат, ҳикмат, наботот, маҳлуқот ва маъданлар илмига ажратади [5:102].

Фитрат табобат илми инсон аъзоларининг касалликлари ва уларни даволаш йўлларини ўрганишга хизмат қилишини айтиб, бу соҳада кўплаб олимлар изланишлар олиб боргани ва келажак авлодга қимматли асарлар ёзиб қолдирганини айтади. Буюк мутафаккир Ибн Сино ҳақида фикр билдириб, “Унинг номи билан қиёматгача фахрлансак арзийди” [6:104], дейди ва унинг ижоди, тиббиёт соҳасида эришган ютуқларини баён этади.

Фитрат табиат илми – коинотдаги жисмларнинг мавжудлик сабаблари, наботот илми – ўсимликларнинг турли навлари, хусусиятлари, уларни етиштириш йўллари, махлуқот илми – турли хил ҳайвонлар ва уларнинг табиати, маъданлар илми – ерости бойликларининг келиб чиқиши, турлари ва хусусиятлари ҳақида эканини таъкидлайди [7:106].

Фитрат табиий илмлар ҳақида маълумот бериб: “Эмди кўрайлик-чи, табиий илмларни ўрганиш бизга лозимми ё йўқ?” деган саволни ўртага ташлайди. Бу саволга жавобан муқаддас китобларда келтирилган ҳолатлардан мисоллар келтиради. Шунингдек, табиий илмлар ёрдамида бошқа миллатлар тараққиётга эришганини айтиб: “Бас, бизга ҳам табиий илмларнинг таҳсили лозим ва зарур” [8:106] деб, халқни табиий фанларни пухта ўрганишга чорлайди.

Фитрат покизалик инсон саломатлиги ва умрининг узайишига хизмат қиладиган асосий омил эканини айтади. Туркистон ўлкасида мавжуд касалликларнинг асосий сабаби ифлосликдир, деб куйинади. У ривожланган давлатлар аҳолиси тозаликни ҳаётининг гарови қилиб олганини, фарзандларини тозаликка ўргатишини айтади. Фитрат ислом дини одамларни покизаликка буюрганини, бадан ва либосини покиза сақлаш иймондан эканини таъкидлайди ва одамларни тозаликка риоя этишга, атроф-муҳитни обод сақлашга чорлайди.

Фитрат саломатлик ҳақида тўхталар экан, ўз ҳузурини муҳофаза қилолмаган миллат охир-оқибат ҳалокатга дучор бўлишини айтади. Ривожланган мамлакатларда халқ саломатлигини сақлаш йўлида кўплаб ишлар амалга оширилаётганини таъкидлайди. Одамларни манзарали боғлар яратиш, ҳашарлар орқали кўчаларни тозалаб, экологик соф масканларни кўпайтиришга ундайди.

Фитрат дунёда хасталик тури жуда кўп экани, бугунги олимларнинг тадқиқотларига кўра, безгак, сил, ришта, қизамиқ, сувчечак, чубушак ва бошқа касалликлар турли йўллар билан одамларга юқишини, олимлар бу ҳолатни келтириб чиқарувчи асосий сабаб деб микробларни кўрсатаётганини айтиб ўтади.

Фитрат: “Микроб нима?” деб, у ҳақда бундай ёзади: “Коинотда биз кўра оладиган махлуқотдан ташқари, кўз кўра олмайдиган махлуқлар ҳам бор. Лекин асримиз ҳакимлари энг кичик зарраларни кўрувчи мукаммал асбоблари билан бу кўзга кўринмас махлуқларни кўриб, уларни бир-биридан фарқлайди” [9:167]. Олимлар микробларни икки гуруҳга ажратганини таъкидлаб: “Биринчиси – фойдали микроблар, улар жонзотларнинг мавжудлиги ва саломатлигини таъминлаб туради, иккинчиси – турли касалликлар тарқатиб юради”, дейди.

Фитрат микроблар асосан сувда яшашини таъкидлайди. Шаҳар ташқарисидаги булоқ ва ариқлар атрофи турли чиқиндилардан холи бўлгани сабабли сувида микроблар йўқлигини, лекин шаҳардаги ариқлар халажойлар тагидан ўтганини, қудуқ ва ҳовузлар очиқ туришини, кўл сувлари назорат қилинмаслигини, бундай жойлар микроблар макони эканини таъкидлайди.

Фитрат Бухорода ёз ойларида хуруж қиладиган безгак касаллиги тўғрисида: “Истанбулдаги докторлар билан суҳбатлашганимда, улар ҳали Бухорони кўрмай туриб, “Бухоро атрофида кўллар бор экан-да”, деди”, деб таъкидлайди [10:167]. Бухорода безгак тарқалишига асосий сабаб унинг суви эканини, зарарли микроблар сувдан одамга бир неча йўллар билан ўтишини ёзади. “Биз, туркистонликлар кўпчилигимиз халажойларнинг ёнидан ўтган сувни ҳовузларда тўплаб, бир тарафида юз, қўл, оёқ ювиб, иккинчи тарафидан эса завқ билан чанқоғимизни қондирамиз! Ваҳоланки, бу сувда тўпланган микроблар ичган сувимиз орқали ҳалқумдан ёки тиш милкларидан қонга сўрилиб, жигарга, юракка ёки бошқа аъзога бориб ўрнашади, у ерда кўпайиб турли касалликларни келтириб чиқаради” [11:167] деб, одамларнинг тозаликка ёндашувини кўрсатиб беради.

Фитрат қудуқ тоза жойдан қазилган ва усти доимо ёпиқ ҳолатда бўлса, сув тоза сақланиб, уни бехавотир ичиш мумкинлигини айтади. Шаҳарда бундай қудуқларни қазиш мушкул эканини, чунки қабристон ва нотоза ҳудудларга яқин жойларда қазилишини, ифлосланган оқимлар қудуқ сувига аралашиб кетишини, ундан ичилганда, микроблар тўғридан-тўғри инсон организмига ўтишини, бу эса саломатликка жиддий хавф туғдиришини айтиб, одамларни сувдек покиза неъматни турли чиқиндилардан асрашга даъват этади.

Фитрат одамларга ҳашаротлар орқали ҳам микроб юқишини таъкидлайди. Чивин ва пашша микробли сувларга қўниб, уларни таом ва идишларга кўчиради, чақиш орқали танага, ундан қонга зарарли бактерияларни ўтказади, деб айтади.

Фитрат тоза ичимлик суви ҳақида: “Табиблар ҳар бир халқнинг саломатлиги ичаётган сувининг тозалигига боғлиқ. Мамлакат суви ифлос бўлса, аҳоли саломатлиги ҳам яхши бўлмайди” [12:168], деб айтади.

Фитрат Франция олимлари ва табибларининг тоза ичимлик суви олиш борасида амалга оширган ишлари тўғрисида сўзлаб, улар одамлар микробсиз сув ичиши учун бир қанча ҳайратланарли даражадаги машиналар ишлаб чиқарганини, бироқ бу замонавий техника ҳам тўлиқ фойда бермаганини таъкидлайди. У энг яхши ва фойдали чора сифатида сувни яхшилаб қайнатиб, тоза идишга солиб қўйиб ичиш яхши бўлишини айтади [13:168]. Аҳолининг экологик ва тиббий маданиятини шакллантиришга эътибор қаратиб, одамларни имкон борича ҳовуз, қудуқ ва ариқлар сувини тоза сақлашга, ифлослантирмасликка чорлайди ва динда ҳам сувни тоза сақлаш буюрилганини эслатиб ўтади.

Фитрат тупроқни ҳам микроблар шаклланадиган жой сифатида кўрсатиб, барча чиқиндилар тупроққа аралашганидан сўнг вақт ўтиши билан ҳаво ҳарорати ва шамол кучига қараб, атрофга зарарли бактериялар тарқалишини таъкидлайди. Микроблар тупроқдан инсон организмига ҳашаротлар, сув ва ҳаво орқали ўтишини айтади.

Фитрат бу муаммоларнинг олдини олиш ва бартараф этиш чоралари шаҳар кўчаларини покиза ва ҳавосини тоза сақлашдан иборатлигини таъкидлайди. Франция ва Россиядаги кенг ва озода кўчаларни мисол келтириб, бу кўзбўямачилик учун қилинмаганини, у ерларда атроф-муҳитни тоза сақлаш учун тўғри ва зарур қонунлар қабул қилинганини таъкидлайди. “Бахтга қарши бизнинг кўчаларимиз ифлослиги шундай нафрат уйғотадики, таърифлашга ожизмиз” [14:169] деб, шаҳарларнинг экологик жиҳатдан тоза ва озода бўлиши ҳар бир миллатнинг ҳаёти учун муҳим эканини, ислом дини ҳам кўчаларни тоза тутишга амр этганини эслатиб, одамларни экологик муаммолардан холи яшаётган хорижликлардан ибрат олишга чорлайди.

Фитрат ерости бойликларидан оқилона фойдаланиш орқали фаровон ҳаёт кечираётган халқлар ва тараққий этган давлатлар тўғрисида қимматли маълумотларни келтиради. Англия, Франция каби давлатлар ерости бойликлари, жумладан, тошкўмир, темир ва нефть орқасидан тараққиётга эришган бир вақтда, Туркистон ўлкасида амирлар ва хонлар ўлкада яшириниб ётган нефть, темир ва тошкўмир каби маъданларни топиб ишлатиш тўғрисида ўйламаётганини қаттиқ қоралайди. “Улар иттифоқ бўлиб, маъданларни топиб, улардан фойдаланмас экан, бугун ё эрта дунёнинг бир тарафидан бегоналар келиб, маъданларни қазиб дунё-дунё фойда топади, бойларимиз эса ҳасрат бармоқларини тишлаб қолаверади. Лекин у вақтда ҳасратнинг фойдаси бўлмайди” [15:176], деб куйинади.

Туркистон ўлкасининг Россия империяси томонидан босиб олиниши минтақадаги ерусти ва ерости бойликларининг аёвсиз талон-тарож қилинишига ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланмаслик оқибатида экологик мувозанат бузилишига олиб келди. Бу Фитратнинг юқоридаги қарашлари ўта муҳим чақириқ эканининг исботидир. Бу фикрлар унинг узоқни кўра олган миллат фидойиси бўлганини, ерости бойликлари қандай қийматга эгалигини ўз замонида эътироф этган тараққийпарвар эканини кўрсатади.

Фитрат ҳаёт учун энг, аввало, тоза ҳаво зарурлигини, қанчадир вақт овқатланмай ўтириш мумкин, лекин ҳавосиз бир дақиқа ҳам яшаб бўлмаслигини айтади [16:194]. Тоза ҳаво ва кўкаламзорлашган масканлар инсонлар учун фойдали эканини, ҳамма ерда ҳаво мусаффо, турли заҳарли газлардан холи бўлиши зарурлигини, Франция ва Россияда ҳукумат болалар учун боғлар, баҳаво масканлар барпо этганини, хушҳаво ва обод масканда ўсган ёшлар ҳар томонлама соғлом бўлишини алоҳида таъкидлайди.

Фитрат кўкаламзорлашган жойлар ва обод маҳаллаларда тозаликни сақлаш зарурлигини, у саломатликнинг муҳим шарти эканини айтади. Тозалик катталар учун қай даражада шарт бўлса, ёш авлод учун ундан ҳам зарурроқ эканини, чунки улар катталарга қараганда касалга тез чалинувчан бўлишини, боланинг тозалигига чақалоқлигидан эътибор бериш лозимлигини, уни ифлосликдан ҳазар қилишга ўргатиш кераклигини таъкидлайди.

Фитрат тозалик ва гигиенага эътибор қаратиб, ота-она ва ўқитувчиларга қуйидаги чақириқ билан мурожаат қилади: “Бас, ота-оналар, муаллимлар болаларнинг юз-қўлини доим совунлаб ювиб, ҳар таҳоратда тишларини мисвок қилдириб, кийимларини тез-тез алмаштириб туриши лозим, улар мумкин қадар чивин ва пашшасиз уйларда яшаши керак” [17:195].

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, жадидлик ҳаракати намояндаси Абдурауф Фитрат чин маънода миллат фидойиси, экологик маданият ва билимларнинг фаол тарғиботчисидир. Фитрат, биринчидан, аҳолини табиатни асраб-авайлашга, ресурслардан оқилона фойдаланишга чорлаган бўлса, иккинчидан, хонадонлар, кўчалар, қишлоқ ва шаҳарларни озода сақлашга, боғлар ва обод масканлар барпо этишга ундаган, учинчидан, одамларда табиий ва экологик билимлар шаклланишига хизмат қилган, тўртинчидан, ҳар бир оилада тозаликка қатъий риоя қилиш орқали сиҳат-саломатликни таъминлашга замин яратган. 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР: 
  1. Абдурауф Фитрат. Танланган асарлар. 5-жилд. Илмий рисолалар. – Т.: Маънавият, 2010.
  2. Абдурауф Фитрат. Танланган асарлар. 4-жилд. Дарслик ва ўқув қўлланмалар, илмий мақола ва тадқиқотлар. – Т.: Маънавият, 2006.
  3. А.Алиев. Абдурауф Абдураҳим ўғли Фитрат. – Т., 1991.
  4. Д.Алимова. Жадидлик ҳаракатининг ижтимоий-сиёсий моҳияти ва жадидлар тафаккури // Жадидлик. Даврий тўплам. №1. – Т.: Университет. 1999.
  5. Ҳ.Болтабоев. Фитрат ва жадидлик. – Т., 2007.

 

Равшан ТУРСУНОВ,
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети
Тарих фанлари номзоди, доцент

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …