Home / МАҚОЛАЛАР / САБР – ИЙМОН КАЛИТИ

САБР – ИЙМОН КАЛИТИ

Ҳар бир комил  инсон сабр-тоқатли ва дунё имтиҳонлари олдида матонатли бўлишга интилиб яшайди. Инсониятга шодлик ва қайғу ёнма-ён келишини англаб яшаган ҳар бир шахс, доимо олдида келажак имтиҳонларда тайёр туради.

Қуръони каримнинг Бақара сураси 155-оятида: “Албатта, биз сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкка, жонга ва меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер[1]” – деб  марҳамат қилган. Шу аснода синовларга ғам чекмасдан келажак ютуқларига интилиш  лозимдир.

У зот алайҳиссалом дедилар: “Аллоҳ бирор бандани яхши кўрадиган бўлса, уни чораси йўқ мусибат билан имтиҳон қилади. Агар банда уларга сабр қилса, уни ихтиёр қилади. Агар у рози бўлса, Аллоҳ уни Ўзи танлаб олган бандалардан бири қилиб қўяди”[2].

Боболаримиз ҳикматларида сабр масаласида қуйидаги маълумотлар шоҳиди бўламиз:

“Шошиб қилма ишни, сукут қил-сабр,

Шоша қилган ишлар охири жабр

Жами ишда шошма, босиб тут ўзинг,

Сабрли қўлини қилар бег давр[3]” деб бежиз қайд этилмаган.

Мол-дунё ва мансаб келганида ҳаддидан ошиш мумкин бўлмаганидек, мусийбат етганда ҳам сабрли бўлиш керак.

          Қуръони каримнинг Бақара сураси 45-оятида: “Сабр ва намоз ила ёрдам сўранг. Ва албатта, у нафси синиқлардан бошқаларга жуда катта ишдир[4]”-деб  марҳамат қилган.

Бу билан сабр- қилиш шарт экан деб ҳаракатсиз кутиш эмас, балки машаққатларни енгиш ва ечим излаш ҳам лозимдир.

У зот алайҳиссалом дедилар: “Сабр тўрт хилдир. Фарзларга (яъни, зиммасига фарз қилинган амалларни бажаришликда) сабр қилмоқ, мусибатга сабр қилмоқ, одамларнинг озорларига сабр қилмоқ ва фақирликка сабр қилмоқ. Бас, фарзларга сабр қилмоқ – тавфиқ, мусибатга сабр қилмоқ – савоб, одамларнинг озорларига сабр қилмоқ – муҳаббат ва фақирликка сабр қилмоқ – Аллоҳ таолонинг розилигидир”[5].

          Хуллас, иймони мустаҳкам, ақли расо шахс сабр ила адолат йўлида ўз ҳаракатини давом эттирса ҳар қандай тўсиқларни забт этиши аниқ.

Сухроб Эргашев
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот
маркази  музей илмий ходими
 
[1] “Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси” Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. www.islom.uz  37-бетлар
[2] Олимхон Исахон ўғли “Имом Жалолиддин Суютийнинг Лубобу-л-ҳадис” китоби шарҳи 189-бет
[3] Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билиг” Т-1971 й. 13-бет
[4] “Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси” Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. www.islom.uz  12-бет
[5] Олимхон Исахон ўғли “Имом Жалолиддин Суютийнинг Лубобу-л-ҳадис” китоби шарҳи 191-бет

Check Also

МАЪРИФАТЛИ АЁЛНИНГ ТАЪСИРИ АСРЛАРГА ТАТИЙДИ!

Ҳаётда инсоннинг беғараз ёрдамчилари жуда кўп бўлади. Масалан, жазирама иссиқда дарахтнинг сояси ё зилол чашманинг …