Home / ЯНГИЛИКЛАР / ЎЗБЕКИСТОН ТАЖРИБАСИ ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯДА ЮҚОРИ БАҲОЛАНДИ

ЎЗБЕКИСТОН ТАЖРИБАСИ ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯДА ЮҚОРИ БАҲОЛАНДИ

Қоҳирада давом этаётган халқаро анжуманнинг асосий қисмида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Муфтий Нуриддин Холиқназаров Ислом маърифатини тўғри етказиш ва бузғунчи ғояларга қарши туриш борасидаги Ўзбекистон тажрибаси ҳақида нутқ сўзлади.

Хусусан, “Жаҳолатга қарши маърифат” тамойили асосида экстремистик ғоялар таъсиридан халқимизни ҳимоя қилишда соф Ислом ақидасини кенг ёйиш, чиройли панду насиҳат қилиш ва аҳоли илм-маърифатини бойитишга катта эътибор қаратилаётгани алоҳида қайд этилди. 

Айниқса, Қуръони каримни ўрганишга бўлган эҳтиёжни таъминлаш учун Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида тажвид курслари ташкил этилгани иштирокчиларга манзур келди.  

Муфтий кечиримлилик сиёсати туфайли мамлакатда экстремистик гуруҳларга алоқадор деб ҳисобланган фуқаролар, ўз қилмишидан пушаймонлиги ва тўғри йўлга кирганлигини ҳисобга олиниб, махсус ҳисобдан чиқарилгани ҳамда тузалиш йўлига ўтган минглаб шахслар жазодан озод этилгани ҳақида маълумот берди.  

Мазкур тоифадаги инсонлар ўзларини давлат ҳимояси ва ғамхўрлиги остида экани, тўлақонли фуқаро сифатида ҳис қилиши учун барча шарт-шароитлар ҳозирланган.  

Шунингдек, маърузада ёшларни адашишликка олиб борувчи омилларга қарши қаратилган ишларга катта эътибор берилаётгани, уламолар, имом-хатиблар ва диний соҳа ходимлари доимий равишда аҳолига имон-эътиқод, дину диёнат ва илму маърифат ҳақида маърифий суҳбатлар ўтказилаётгани тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтилди.  

Шу билан бир қаторда халқимиз эътиқоди софлигини муҳофаза қилиш ишлари нафақат мамлакат ичкарисида, балки ташқарисида ҳам фаол амалга оширилаётгани айтиб ўтилди. 

Айниқса, Яқин Шарқ ва Афғонистон ҳудудларидан Ўзбекистон фуқароларини олиб чиқишга қаратилган «Меҳр» операциялари, олиб келинганларнинг жамиятга мослашуви учун қилинаётган ишлар кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлди.  

Янги Ўзбекистонда мазкур йўналишдаги тажрибалар, амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар Миср Араб Республикаси муфтийси, профессор Шавқий Иброҳим Аллом, давлат ва дин арбоблари томонидан юқори баҳоланди.  

Манба: ЎзА

Check Also

Семинар мунозаралар майдонига айланди

Бугун, 2 май куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Самарқанд давлат …