Home / АЛЛОМАЛАР / ИМОМ НАСОИЙ – БУЮК МУҲАДДИС

ИМОМ НАСОИЙ – БУЮК МУҲАДДИС

Тарих саҳифаларидан маълумки, Марказий Осиё ҳудудидан ислом илмлари ривожига улкан ҳисса қўшган кўплаб алломалар етишиб чиққан. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадислари Қуръони карим оятларининг маъно-моҳиятини тўғри англашда, ислом таълимотини тўғри тушуниш борасида асосий манба ҳисобланади. Ҳадис илми борасида олтита машҳур саҳиҳ тўплам мавжуд бўлиб улар илм аҳли орасида машҳур ва катта аҳамиятга эга. Имом Насоий тўплаган ҳадислар ана шу олти саҳиҳ тўпламнинг бири саналади. Уламолар уни учинчи муҳаддис сифатида эътироф этади.

Имом Насоий 215/830 йилда Насо шаҳрида дунёга келган. Тўлиқ исми Абу Абдураҳмон Аҳмад ибн Шуайб ибн Али ибн Синон ибн Баҳр Насоийдир. “Ўз асрининг имоми”, “Қози” ва “Ҳофиз” унвонларига эга бўлган.

Манбаларда Насо шаҳри тарихи ҳақида турли хил маълумотлар мавжуд. У ҳозирги Туркманистоннинг Ашхобод шаҳри яқинида бўлган. Эндиликда Ниса номи билан тарихий обиданинг харобалари сифатида сақланиб қолган жой мавжуд. Ёқут Ҳамавий “Мўъжамул булдон”[1] асарида бу шаҳарнинг ўша даврда Насо деб номланишига бир неча сабабларни кўрсатган. Мусулмонлар Хуросонга юришни мақсад қилганида, бу шаҳар аҳолиси фақат аёллардан иборат эди. Буни кўрган мусулмонлар: “Булар фақат аёллар экан, улар билан то эркаклари қайтмагунича баҳс-мунозарага киришмаймиз. Бу масалани ҳозирча унутиб турамиз, бу ер “Мадинатун насо” (“Унутилган шаҳар”)”, деган. Иккинчи тахмин ҳам эътиборли бўлиб, шаҳар аҳолиси фақат аёллардан иборат бўлгани учун “Мадинатун нисо” (“Аёллар шаҳри”) деб аталган.

Хуросон ҳудудида жойлашган Нисо билан Сарахс оралиғи икки кунлик, Марв билан – беш кунлик, Нишопур билан – етти кунлик масофани ташкил этган. Бу ерда кўплаб машҳур олимлар етишиб чиққан. “Сунан” муаллифи Имоми Насоий ҳам шулар жумласидандир.

Имом Насоий ҳайбатли, қизил юзли, очиқ чеҳрали киши бўлган. Узоқ вақт Мисрнинг китоб ва дафтарлар бозори жойлашган “Зуқоқул қанодил” номи билан машҳур маҳалласида яшаган. Хулқи гўзал, катта-кичикка илтифотли бўлган. Илм ўрганиш мақсадида кўплаб шаҳарларга сафар қилган.

Имом Заҳабий “Сияр аъломин Нубало” асарида Имом Насоийнинг 70 дан ортиқ машҳур устозини санаб ўтган[2]. Муҳаддис дастлабки таҳсилини ўз юртининг уламоларидан олган. Манбаларда келтирилишича, Насоий 230/845 йили Балхда Қутайба ибн Саид Бағлонийдан таълим олаётганда 15 ёш бўлган.

Аллома учун Нишопур сафари ҳам муваффақиятли кечган. У Ибн Роҳавайҳ деб танилган Исҳоқ ибн Иброҳим Ханзалий Абу Ҳусайн ибн Мансур ва Муҳаммад ибн Рофеъ каби олимлар билан учрашиб, улардан ҳадис илмини ўрганган ва кўплаб янги ҳадислар ёзиб олган.

Бағдод шаҳрида адиб, фақиҳ, муҳаддис, муаррих олим Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдулмажид ибн Муслим ибн Қутайба Дайнурий (213/828-276/889)дан кўплаб ҳадислар тинглаган. 235/850 йилда Ибн Қутайба ҳузурида ҳадис илмига оид илмларини бойитган. Сўнг Марвга бориб, Али ибн Ҳажар ва бошқа муҳаддислардан ҳадис ёзиб олган. Сўнг Ироққа бориб, ўз даврининг машҳур муҳаддисларидан Абу Қурайб номи билан машҳур Муҳаммад ибн Аъло ибн Қурайб ёки Карийб Ҳамадоний Куфий (161/778-248/862) билан учрашган. Абу Қурайб сиқа (ишончли) ҳофиз (100 000 дан ортиқ ҳадисни ёддан билган) бўлиб, 9 та саҳиҳ ҳадис тўпламининг машойихларидан биридир. Насоийдан кейин унинг шогирдлари ва айрим муҳаддислар ўз тўпламларида у ривоят қилган ҳадислардан фойдаланган.

Насоийнинг Имом Бухорий билан учрашгани ҳақида тадқиқотчилар турлича фикр юритади. Уларнинг баъзилари: “Имом Насоий Имом Бухорий билан учрашган ва ундан ҳадис тинглаган” деб, “Сунан”даги “Муҳаммад ибн Исмоилдан” деб ривоят қилинган ҳадисларни далил сифатида келтиради. Бошқалар эса “Муҳаммад ибн Исмоил” айнан Имом Бухорий эмас, балки Муҳаммад ибн Исмоил Абу Бакр Табароний каби бу ном билан санадларда учрайдиган бошқа муҳаддис бўлиши мумкинлигини таъкидлайди. Тадқиқотлар жараёнида “Сунан”да “Муҳаммад ибн Исмоил” санади билан бешта ҳадис ривоят қилингани аниқланди. Уларнинг тўрттасида “Муҳаммад ибн Исмоил” номининг ўзи келтирилган (627, 2203, 5029 ва 5671 ҳадислар)[3]. Бу исмлар Имом Бухорийга тегишли эмас, деб бўлмайди. Чунки бешинчисида айнан “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий” номи нисбаси билан аниқ келтирилган. Бу ҳадис 295 бетда 3098 рақам билан ёзилган. Бу далилга асосан Имом Насоий Имом Бухорий билан учрашган, деб хулоса қилиш мумкин[4]. Демак, Имом Насоий Муҳаддислар султонидан ҳадис тинглаб, унинг суҳбатларида иштирок этган. Бу фикрни “Сунан”ни бобларга ажратишда муаллиф айнан Имом Бухорий услубини қўллагани ҳам тасдиқлайди.

Имом Насоий Шом ва Мисрга ҳам сафар қилган. Ҳишом ибн Аммор, Исо ибн Зуғба, Муҳаммад ибн Наср Марвазий, Исҳоқ ибн Мусо Ансорий, Иброҳим ибн Саъд Жавҳарий, Иброҳим ибн Яъқуб Жавзажоний, Аҳмад ибн Баккор, Ҳасан ибн Муҳаммад ибн Заъфароний, Амр ибн Зурора, Абу Язид Журмий, Юнус ибн Абдулаъло, Ҳомид ибн Масъада, Али ибн Ҳишром, Муҳаммад ибн Абдулаъло, Ҳорис ибн Мискин, Ҳаннод ибн Суфий, Муҳаммад ибн Башшор, Муҳаммад ибн Ғийхон, Абу Довуд Сулаймон ибн Ашъас Сижистоний каби алломалардан таълим олган. Шунингдек, Хуросон, Ҳижоз, Ироқ ва Арабистон яриморолининг ҳадис ҳофизларидан ҳам ҳадис тинглаб, уларни саралаб жамлаган, натижада “ийқон илми” (ҳадисларнинг ишончлилигини саралаш илми), “улуввул иснод” (ҳадис ровийлари иснодининг бир-бирига боғланиши, санадлар саломатлигини аниқлаш) каби илмларда машҳур муҳаддис даражасига етган. Имом Насоийдан ҳадис ривоят қилган Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳанбал[5] ва Ибн Ҳалликоннинг таъкидлашича, унинг отаси машҳур фақиҳ бўлган. Аҳмад ибн Ҳанбал ва Ибн Хажар Асқалонийнинг билдиришича, Имом Бухорий ҳам унинг устозларидан ҳисобланади[6].

Ибн Адий: “Фақиҳ Мансур ва Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Саллома Таҳовийнинг: “Абу Абдурраҳмон Имом Насоий мусулмонларнинг машҳур имомларидан биридир” деган таърифини эшитдим”, деган.

Абу Али Найсобурий: “Имом Насоийнинг ҳадис илми борасида имом эканига шубҳа йўқ”, деб айтган. Ундан келтирилган бошқа бир ривоятда бундай дейилган: “Юртимда ва хорижда ҳадис илмининг тўрт буюк имомига гувоҳ бўлганман, улар Нишопурда Муҳаммад ибн Исҳоқ ва Иброҳим ибн Абу Толиб, Мисрда Имом Насоий ва Аҳвазда[7] Абдан исмли муҳаддислардир”.

Имом Ҳоким дейди: “Ҳофиз Али ибн Умар Дороқутнийдан бир эмас, бир неча марта: “Абу Абдурраҳмон ҳадис илми борасида ўз асрининг кўзга кўринган имомларининг энг машҳуридир, у Миср шайхларининг билимдони, ҳадисларнинг саҳиҳ ёки заифларини ажратиш борасида илмлироғи, шунингдек, “Жарҳ ва таъдил”, “Рижол”, яъни ҳадис ровийларининг ишончли ёки ишончсизлиги ҳақидаги илмларда ҳам билимдондир”, деганини эшитдим”. У шу даражага етгандан кейин унга ҳасад қиладиганлар ҳам бўлган. Маъмун Мисрий: “Тарсус[8]га бирга бордик, у ерда машҳур ҳофизлардан Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳанбал, Мураббаъа, Абул Авзон ва бошқалар тўпланган эди. Улар ҳадис илми борасида ўзига кимни шайх қилиб танлаш масаласини баҳс қилаётган эди. Барчаси бир овоздан Имом Насоийни сайлаб олди[9]”, деб ҳикоя қилади.

Ҳофиз Абу Ҳусайн Муҳаммад ибн Музаффар: “Мен Мисрдаги шайхларимиздан Имом Насоийни ҳадис илми борасида пешқадам, омонатдор деб эътироф этиб, уни туну кун ибодатда тиришқоқ, ҳаж ва ижтиҳодда бардавом деб таърифлаганларини эшитдим”, деган.

Тожуддин Субкий эса бундай таъриф берган: “Имом Насоий ҳадис илмида дунё имомларининг бири, унинг исми бу илм соҳасида машҳурдир”.

Ибн Касир: “Имом Насоий ўз асрининг имоми, замонасининг ўзи каби ҳадис илми олимларининг пешқадами ва фозилларидан”, деган.

Ибн Асир: “Имом Насоий ҳофиз, шайхулислом ва машҳур имомларнинг бири”, деган.

Уламоларнинг эътирофлари орасида Тожуддин Субкийнинг қуйидаги сўзлари алоҳида эътиборга сазовор: “Мен шайхимиз Ҳофиз Абу Абдуллоҳ Заҳабийдан сўрадим: “Саҳиҳ” соҳиби Имом Муслим ҳофизроқми ёки Имом Насоийми?” У: “Имом Насоий”, деди. Сўнг шайх Имом Волиддан сўрадим, у ҳам шайхимизнинг фикрини тасдиқлади”[10].

Имом Насоий кўп шогирд тарбиялаган. Улардан 277/890 йилда Мисрда туғилган ўғли Абдукарим, “Ақидаут Таҳовия” ва “Шарҳи маъониял осор” асарлари муаллифи Имом Таҳовий, “Маожим” (“Мўъжамул кабир авсатус сағир”) Табароний, “Асмо вал куна” муаллифи Абу Бишр Дулабий, “Саҳиҳ” тўплами муаллифи Ибн Ҳиббон, Абу Али Найсобурий ва “Амалул явм вал лайла” муаллифи Муҳаммад ибн Сунний каби кўплаб машҳур алломаларни келтириш мумкин.

Насоий тафсир, ҳадис, қироат, илми жадал (баҳс-мунозара илми), мусталаҳул ҳадис (ҳадис илми атамалари), фиқҳ, наҳв, усул, баён, тарих, адабиёт, табобат ва бошқа соҳаларга тегишли беш юздан ортиқ асар ёзган[11]. Айниқса “Сунан” асари билан ҳадис илми ривожига жуда катта ҳисса қўшган. Уламолар “Сунан”да икки буюк муҳаддис Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг йўллари жам қилинганини таъкидлайди. Асарда мавзуларни бобларга ажратиш ва тартиблашда Имом Бухорий, ҳадисларни ривоят қилишда “ҳаддасана” (“бизга айтишларича”), “ҳаддасаний” (“менга айтишларича”), “ахбарана” (“бизга хабар беришларича”), “ахбараний” (“менга хабар беришларича”), “қуриа алайҳи ва ана асмаъ” (“унга ўқилди ва мен эшитдим”) каби лафзларда Имом Муслим услуби қўлланган. Муаллиф ҳадисларнинг санад ёки ровийларида иллат бўлса, уларни кўрсатиб кетган.

Муҳаддис ҳаётида кўп синовларга учради, унинг қаерда вафот этгани ҳақида манбаларда турли хил маълумотлар бор. Шулардан ҳақиқатга яқинроғи бундай: у 303/915 йили 88 ёшида Макка шаҳрида вафот этиб, Сафо ва Марва яқинидаги қабристонга дафн қилинган.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, Имом Насоий ҳадис илми ривожланган даврда яшаб ижод этган шахс сифатида бу илмга катта ҳисса қўшган муҳаддислардан ҳисобланади. Ўша замонларда кўплаб тўқима ҳадислардан саҳиҳларини ажратиб олиш ва тўплам ҳолига келтириш ўта мушкул ва шарафли иш бўлган. Имом Насоий ҳадис йиғиш мақсадида кўплаб юртларга бориб, олти саҳиҳ тўпламдан бирини ёзишга муваффақ бўлган. Ислом оламида машҳур ўнлаб шогирдларни тарбиялаган. Имом Насоий каби буюк алломаларнинг ҳаёт йўли, қолдирган бебаҳо меросини ўрганиш, кун сайин муаммо бўлиб бораётган диний баҳс-мунозараларнинг ижобий ечимида катта аҳамият касб этади.

Фойдаланилган адабиётлар:
1.Имом Насоий. “Сунанун Насоий” муққаддимаси. Муҳаққиқ Шайх Солиҳ ибн Аблулазиз. Ар-Риёд. Дорус салом. 1999.
 2.Жалолиддин Суютий. “Сунанун Насоий” шарҳи. Байрут.Дорул кутубил млмия. 1995.
3.Али ибн Одам Валлавий. “Захиратул уқбо фи шарҳил Мужтабо” (Имом Насоийнинг “Мужтабо”асарига шарҳ). Ж:1. Макка ш. Дор ибн Жавзий. 2015.
4.Ёқут Ҳамавий. “Мўъжамул булдон”. Ж: 5. Байрут. Дорул кутубил илмия.
5.Шамсиддин Муҳаммад Заҳабий. “Сияр аъломун нубало”. Ж:11. Қоҳира. Дорул ҳадис. 2006.
[1]Ёқут Ҳамавий. Мўъжамул булдон. Ж: 5. – Б. 279, 280.
[2] Шамсиддин Муҳаммад Заҳабий. “Сияр аъломин нубало”. Ж:11. Б-79. 2006.
[3]Сунанун Насоий. Б.295. Дорус салом. Ар-Риёд. 1999.
[4]Сунанун Насоий. Дорус салом. Ар-Риёд. 1999.
[5] Сунанун Насоий. Б.672. Дорус салом. Ар-Риёд. 1999.
[6] Сунанун Насоий. Муқаддима. Дорус салом. Ар-Риёд. 1999
[7]Эроннинг жануби-ғарбий қисмларига тўғри келадиган қадимий шаҳар.
[8]“Ҳозирги Туркиянинг жанубида жойлашган қадимий шаҳар.
[9]Сунанун Насоий. Муққаддима. Дорус салом. Ар-Риёд. 1999.
[10] Сунанун Насоий. Муққаддима. Дорус салом. Ар-Риёд. 1999.
[11]Сунанун Насоий. Жалолиддин Суютий шарҳи. – Байрут. 1995.
Маҳаммадсидиқ УСМАНОВ,
Ўзбекистон Халқаро ислом академияси,
Манбалар хазинаси мудири

Check Also

АБУ БАКР АҲАВАЙНИЙ – МОҲИР ЖАРРОҲ ВА ФАЙЛАСУФ

Абу Бакр Аҳавайний – Сомонийлар даврида яшаган файласуф ва тиббиёт олими. Бухорода табиблар оиласида туғилган. …