Home / МАҚОЛАЛАР / “АДАБУЛ ИМЛО ВАЛ ИСТИМЛО” АСАРИ – ҲАДИС ИЛМИДАГИ МУҲИМ МАНБА

“АДАБУЛ ИМЛО ВАЛ ИСТИМЛО” АСАРИ – ҲАДИС ИЛМИДАГИ МУҲИМ МАНБА

Абдулкарим Самъонийнинг “Адабул имло вал истимло” асари ҳадис илмидаги таълим жараёнига бағишланган муҳим манба ҳисобланади.

Хорижлик ва маҳаллий тадқиқотчиларнинг Абдулкарим Самъоний ҳаёти ва ижоди борасида қилган изланишларига қаралганда, олимнинг тарихга оид “Ал-ансоб” номли шоҳ асарига кўпроқ эътибор қаратилгани гувоҳи бўлинади. Шу эътибордан олимнинг тарихчи ва насабшунос жиҳати ўрганилган. “Адабул имло вал истимло” асари ўрганиб чиқилгандан сўнг, олимнинг машҳур муҳаддис эканлиги, ҳадис илмларида моҳир ва мўътабар бўлгани намоён бўлди. Замонасининг Ибн Асокир, Абул Фатҳ Боқиллоний каби имомлари ундан ҳадис ривоят қилгани, имом Заҳабий, Ибн Халликон, Тожиддин Субкий, Ибн Касирдек алломаларнинг олим ҳақидаги мақтовлари ва эътирофлари Самъонийнинг илмий даражаси нақадар юксак бўлганини кўрсатади.

“Адабул имло вал истимло” асари ҳадис илми таълим методологиясида юксак аҳамиятга эга асар ҳисобланади. У муҳаддисларнинг илм талаб қилиш йўлларини батафсил изоҳлаб беради. Қуйида асарнинг таркибий тузилиши, унинг аҳамияти, таълим методологиясида тутган ўрни бўйича маълумотлар баён қилинади.

Аввал асар номини Имом Заҳабий, Субкий, Хожи Халифа, Исмоил Пошо Бағдодий “Ал-имло вал истимло” деб атайди. Имом Заркаший, Саховий ва Имом Суютий эса “Адабул имло” дейди.

Асар “Адабул имло вал истимло” деб номланиб, бу сўзма-сўз таржима қилинганда, “ҳадис айтиш ва ёзиб олиш одоби” деган маънони англатади. Муҳаддислар истилоҳида ҳадис ривоят қилиш жараёни “имло”, ёзиб олиш жараёни “истимло” деб аталган. Таърифдан келиб чиқиб, ҳадис ривоят қилаётган шайхга “мумлий”, ёзиб олаётган талабага “мустамлий” деб айтилган. Ушбу таърифдан келиб чиқиб, аллома асарни “Адабул имло вал истимло” деб номлаган. Яъни, ҳадис ривояти билан шуғулланувчи устоз-шогирд одоблари, деган маънони англатади.

Умуман олганда, “имло вал истимло” мавзусида ёзилган китоблар “Мусталаҳул ҳадис” (“Ҳадис илми истилоҳлари”) соҳасининг тармоқларидан бири ҳисобланади.

“Адабул имло вал истимло”нинг ёзилиш тарихини муаллифнинг асарга ёзган муқаддимаси ифодалаб беради: “Биродарим, Аллоҳ сени ҳифзи ҳимоясида сақласин, мендан ривоят қилиш ва эшитиш одоблари, ривоят қилувчи ва эшитувчи учун зарур бўлган юксак ахлоқлар билан хулқланиш ва набавий суннатга эргашиш масалалари ҳақида бирор асар таълиф қилишимни сўрадингиз. Шу билан бирга, асар мухтасар бўлишини истадингиз. Зеро, ҳимматлар озайган, сиз сўраган маълумотлар ҳадис илмлари ичида келтирилган. Уларни топиб ўқишга бўлган қизиқиш эса сўнгандир. Сиз сўраган маълумотларни ўзида жамлаган асар ёзиш учун Аллоҳга истихора қилиб, уни тўплашга киришдим. Асарда муҳаддис ва талаба учун зарур бўлган одоблар, ўқитиш ва ўрганиш услубларига тегишли маълумотларни келтирдим”.

Муқаддимага назар солинса, “мухтасар асар” деган сўзга гувоҳ бўлинади.

Дастлаб Имом Самъоний бу мавзудаги китобга эҳтиёж борлигини кўриб, “Тирозуз заҳаб фи адабит талаб” асарини ёзди. Аммо унинг ҳажми катта бўлган ва талабалар учун уни ўқиш ва ёдлаш қийин бўлган.  Сўнг баъзи талабалар ундан талаба ва муаллимнинг одоб-ахлоқига доир осон ва қисқароқ бир китоб ёзиб беришни илтимос қилди. Шунда Самъоний ушбу китобини тасниф этди[1].  Шунинг учун аллома мухтасар асар ёзишга қарор қилиб, ушбу асарни таълиф қилди.

“Адабул имло вал истимло” асарида асосан устоз-шогирдга тегишли одоблар, таълим бериш ва олиш услублари ҳақида маълумотлар берилган. Келтирилган ҳар бир маълумот оят, ҳадис, ривоят ёки бирор атоқли олимнинг гапи билан тасдиқлаб борилган. Қуйида  асардан баъзи намуналар келтирамиз:

  1. Ҳадис толиби барча ишларда ажралиб туриши лозим.

Иброҳим Ҳарбий айтади:

“Киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одоблари ҳақида бирор нарсани эшитиб қолса, уни маҳкам тутиши лозим”.

  1. Имло мажлисида ухламаслик.

Абу Сулаймон Дороний айтади:

“Агар ҳадис мажлисида ухлаётган кишини кўрсам, уни (эшитишни) хоҳламаяпти деб биламан. Агар хоҳлаганида, уйқуси ўчиб кетган бўларди”.

  1. Имло мажлисида уйқу ғолиб келса, жойини ўзгартириш.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар сизлардан бирингиз масжидда мудраса, жойини бошқасига ўзгартирсин”, дедилар”.

  1. Имло вақтида эҳтиром билан эшитиш ва диққат қилиш.

Муҳаммад ибн Назр Ҳорисий айтади:

“Илмнинг аввали жим туриш, сўнг унга қулоқ солиш, сўнг унга амал қилиш, сўнг уни сақлаш, сўнгра уни тарқатишдир”.

  1. Шайхига пешвоз чиқиш.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума куни минбарга кўтарилар эдилар. Шунда биз пешвоз чиқиб, у зотни кутиб олар эдик”.

  1. Имло қилувчи шайхга тавозели бўлиш.

Абдуллоҳ ибн Мўътазир айтади:

“Илм талабида мутавозеъ бўлиш – паст бўлган ерларни сув босгани каби илмни кўпайтиради”.

Ёзиш ва ёзиш предметларига доир одоблар:

  1. Толиб аввало ҳадисни қоралаб ёзиб олиши, сўнг уни махсус сиёҳ билан кўчириши лозим.

Аҳмад ибн Маҳдий айтади:

“Абу Убайднинг “Амвол” китобини кўчиришни хоҳладим ва тилла суви сотиб олиш учун чиқдим. Йўлда Абу Убайдни учратиб қолиб: “Эй Абу Убайд! Аллоҳ сенга раҳм қилсин. Тилла суви билан “Амвол” китобини кўчирмоқчиман”, дедим. Шунда у: “Уни сиёҳ билан кўчир. Албатта, у жуда мустаҳкам ва чидамлидир”, деди”.

Ибн Муборак айтади:

“Кийимлардаги сиёҳ уламоларнинг хушбўй атирларидир”.

  1. Кийимни сиёҳдан ва қора доғдан сақлаш яхшидир.

Абу Олия айтади:

“Китоб, Қуръон ва аҳлим менга етказган нарсаларни ўргандим ва ҳеч қачон либосимда бирорта сиёҳ кўринмаган”.

  1. Сиёҳдон ҳақида.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёматда, ҳадис соҳиблари Аллоҳ азза ва жалланинг ҳузурига келади. Уларда нурдан бўлган сиёҳдонлар бўлади. Шунда Аллоҳ азза ва жалла уларга: “Сизлар ҳадис соҳибисизлар, Набийингизга жуда кўп салавот айтардингиз. Энди жаннат ва раҳматимга киринглар”, дейди”, дедилар”.

  1. Имло мажлисида сиёҳдонсиз ҳозир бўлмаслик.

Зуҳрийдан ривоят қилинади:

“Ким уйидан сиёҳдонсиз чиқса, фақат садақани ният қилибди”.

Шофеъий айтади:

“Ким илм мажлисида сиёҳдонсиз ҳозир бўлса, гўёки тегирмонга буғдойсиз келибди”.

  1. Имло мажлисида ҳозир бўлиб, сиёҳдони бўлмаса, бошқанинг сиёҳдонидан фойдаланса бўлади. Чунки салафи солиҳлар шундай қилган.

Закариё ибн Адийдан ривоят қилинади:

“Бир кемада Ибн Муборак билан бирга эдим. У рухсат сўрамай ёстиғимга ўтирди ва рухсат сўрамай сиёҳдонимни олди. Кейин менга илтифот кўрсатиб: “Аллоҳ таоло: “дўстингизнинг уйидан (изн сўрамасдан) таомланишингизда сизларга (гуноҳ йўқдир)[2], деб айтади”, деди”.

  1. Қалам ҳақида;

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим. У зот бундай дедилар: Албатта, Аллоҳ биринчи бўлиб яратган нарса қаламдир. Сўнг Нун – У сиёҳдондир – ни яратди. Бу ҳақда Аллоҳ азза ва жалланинг “Нун. Қалам ва (у билан) ёзадиган нарсалар (битиклар) билан қасамёд этаман”[3], деган сўзи бор.  Бас, унга: “Ёз!”, деди. У: “Эй Роббим, нимани ёзай?”, деди. У зот таборака ва таоло: “Қиёматгача бўладиган ҳар бир нарсанинг тақдирини ёз”, деди”.

Қатодадан ривоят қилинади:

“Қалам Аллоҳ азза ва жалланинг улуғ неъматидир. Агар қалам бўлмаса, дин ўз ўрнида турмайди ва ҳаёт ҳам тўғри бўлмайди”.

Абу Сарҳ Ҳамдоний айтди:

“Абу Далфнинг “Қалам икки тилнинг (яъни, инсон ва қалам тилининг) биридир”, деганини эшитдим”.

  1. Кўпчилик қаламни қиличдан афзал кўради:

Муҳаммад ибн Жаъфар Диноварий айтади:

“Баъзи юнон подшоҳлари: “Дунё ва дин ишлари икки нарса остидадир. Ўша икки нарсанинг бири иккинчисининг остидадир. Улар қилич ва қалам бўлиб, қилич қаламнинг остидадир”, деган”.

Асар бошидан охирига қадар ўрганиб чиқилганда, қуйидаги хулосага келинди:
– Абдулкарим Самъоний машҳур муҳаддис, ҳадис илми мутахассиси бўлган;
– асарда келтирилган ҳар-бир маълумот санад билан келтирилган;
– асар ҳадис илми мутахассислари учун муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилади;
– асар ҳадис илми таълим методологиясига оид муҳим манбадир;
  • асарни нафақат ҳадис илмларини ўрганиш ва ўргатишда, балки таълимнинг барча соҳаларида кенг қўллаш мумкин. Зеро, таълим-тарбиядан кўзланган мақсад жамиятда комил инсонни шакллантириш, таълим самарадорлигини ошириш, устоз ва шогирд ўртасидаги алоқани мустаҳкамлаш, устознинг таълим бериш маҳоратини ошириш ҳамда шогирднинг таълим олиш савиясини юксалтиришдир.
[1] Абдулкарим Самъоний. Адабул имло вал истимло. Аҳмад Муҳаммад Абдураҳмон Муҳаммад Маҳмуд тадқиқи. 1-жуз. – Жидда: “Матбаатул Маҳмудийя”, 1993 йил. – Б.49.
[2] Нур сураси, 61-оят.
[3] Қалам сураси, 1-оят.
Равшан ЭЛМУРОДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

Тарозидан уриб қолувчиларга вайл бўлсин

(Абу Ҳафс Насафийнинг “Ат-Тайсир фит тафсир” асари асосида) Ижтимоий ҳаётда одамлар бир-бири билан олди-сотди қилиб, …