Home / МАҚОЛАЛАР / ШАРҚИЙ ОСИЁДА ИСЛОМ ДИНИНИНГ ТАРҚАЛИШИГА ОИД ТАДҚИҚОТЛАР ТАҲЛИЛИ

ШАРҚИЙ ОСИЁДА ИСЛОМ ДИНИНИНГ ТАРҚАЛИШИГА ОИД ТАДҚИҚОТЛАР ТАҲЛИЛИ

Бугунги кунда юзага келаётган глобал ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш зарурати ислом динининг тарқалиши ва турли халқларнинг уни қабул қилиши тенденциясини ўрганишни муҳим вазифа қилиб қўймоқда.

Ислом дини ва у кириб келган минтақада қарор топган умуминсоний қадриятлар ва анъаналардаги ўхшаш жиҳатлар, бу ҳудуддаги этник гуруҳларнинг ўзаро бағрикенглик ва келишув асосида тинч-тотув яшашига хизмат қилади.

Шарқий Осиёда ислом динининг тарқалиши тўғрисидаги маълумотлар, Ўрта асрларда яшаб ўтган мусулмон алломаларининг тарих, география, астрономияга оид асарларида ва Хитой, Корея, Япониянинг архивларида сақланаётган кўплаб тарихий солнома ва сафарномаларда мавжуд. Бу манбалар тарихий, ижтимоий-сиёсий, маданий муҳит ҳақидаги маълумотлари билан ажралиб туради.

Минтақада мусулмонлар камчиликни ташкил қилиши, баъзи мутаассиб гуруҳларнинг таъсирида исломофобиянинг юзага келиш сабаблари диний қарама-қаршилик билан боғланаётгани бу борада изланишлар олиб боришни тақозо этмоқда.

VII асрда денгиз йўли орқали Хитой билан Арабистон ўртасидаги савдо алоқаларининг кучайиши Шарқий Осиёда ислом динининг ёйилишига сабаб бўлди. Ваҳоланки, бу алоқаларнинг ибтидоси ислом дини Шарқий Осиёга кириб келишидан муқаддам бошланган эди. Масалан, мусулмон-араб тарихчиси Масъудий таълиф этган “Китаб ал-танбиҳ вал-ишраф” асаридаги маълумотларга кўра, V-VI асрларда Хитой кемалари Фурот дарёси қуйилувчи Сираф ва Форс кўрфазидаги бандаргоҳларга сузиб келган [6:57]. Динаварийнинг “Китаб ал-акбар ал-тивал” асарида ҳам Араб-Хитой савдо алоқаларининг тарихи 636 (ҳижрий 14) йилдан аввалги даврга тўғри келиши тўғрисида маълумот бор. Масъудийнинг “Муруж ал-заҳаб” номли асарида хитойлик савдогарлар ўз тижорат моллари билан Шарқий Арабистон, Басра ва Ўманнинг бир неча бандаргоҳларига сузиб келгани қайд қилинган [14:308]. Шунингдек, Ибн ал-Калбий Ўман бозорларида хитойликлар савдо фаолиятини олиб боргани ҳақида ҳам маълумот берган [23:313].

Европа ва осиёлик тадқиқотчилардан Дэвид Г. Атвил, Илдико Бэллер-Ханн, Зви Бен-Дор Бэните, Гарднер Бовингдон, Маршалл Брумхалл, Вэн-Джанг Чу, Майкл Диллон, Марис Бойд Гиллетте, Рафаэл Исроили, Карл В.Лускерт ва Ли Шужианг, Борис И.Маршак, Абдул Ваҳид Радҳу, Жустин Жон Рудэлсон, Ҳенри Г.Шварц, Фрэдерик Старр, Суийи Вэй ва Лускерт Карл [12:254] ўз илмий фаолиятлари давомида танланган мавзу йўналишида изланишлар олиб борган. Улар тадқиқотларида нафақат ислом динининг Шарқий Осиёда тарқалиши, балки турли тарихий вазият ва ижтимоий жараёнларда мусулмон аҳолининг маҳаллий турмуш тарзи ва маданиятга мослашуви бўйича таҳлилий хулосаларни ҳам келтиради.

Исломшуносларни ислом динининг дунё бўйлаб тарқалиши ва унинг Шарқий Осиёдаги тарихи, таълимоти ва замонавий дунё шароитларига мослашув жараёнида мусулмонлар эришган ютуқлар қизиқтириб келган. Шу сабабдан исломшунослар ва диншунослар бу борада кўплаб тадқиқотларни амалга оширган. Бу тадқиқотларни ўрганиш шуни кўрсатдики, биринчидан, уларда ислом динининг хронологик ва географик жиҳатдан тарқалиши, унинг турли минтақаларда ўзига хос шаклда ёйилиши ва мослашуви натижасида “Марказий Осиё исломи” [25], “Шарқий Осиё исломи” [6:57-74] каби тушунчалар шаклланган. Иккинчидан, мавзу бўйича ўрганилган илмий манбаларда Шарқий Осиё давлатлари, хусусан, Хитой, Корея ва Японияга доир тадқиқотлар қамрови сон ва ҳажм жиҳатидан фарқланади. Масалан, “Хитойда ислом” мавзуи тадқиқотчилар томонидан нисбатан кенг ва атрофлича ўрганилган соҳалардан бири бўлиб, бу ҳолат манба ва адабиётларнинг салмоғида ҳам кўзга ташланади. Бу адабиётларнинг бир гуруҳида исломнинг Хитойга кириб келиши, мусулмон жамоаларининг шаклланиши, маҳаллий маданият билан муайян исломий анъаналарнинг мослашуви объектив равишда ёритилган бўлса [4:75] [8:205] [9:102], бошқа бир гуруҳида эса ислом динининг Хитойдаги илк тарихидан тортиб, то ҳозиргача бўлган давр оралиғида мусулмонлар дуч келган муаммолар таҳлил қилинган [1:231].

Ислом динининг Корея яримороли ва Япониядаги тарихини ўрганиш эса, асосан, кўҳна солномалар, сайёҳлар ва зиёлиларнинг сафарномалари ва турли даражадаги халқаро илмий анжуманлар ва журналлар доирасида қамраб олинган. Мисол учун, Корё сулоласи (936-1392) солномаси “Корёса”да корейс ва мусулмонлар ўртасида кечган илк алоқалар акс этган бўлса [10:15], сафарномаларда японларнинг ислом ҳақидаги қарашлари тасвирланган [13:85-109]. Шунингдек, Ҳе Су Ли (Hee-Soo Lee)нинг “Денгиз йўли орқали ислом динининг Кореяга тарқалиши ва ривожланиши” [16:174], “Европа мустамлакачилигидан аввалги даврда ислом маданиятининг Шарқий Осиёда тарқалиши” [6:64], Лэнни Й.Наканонинг “Никоҳ Японияда аёлларни исломга бошламоқда” [11:26], Майкл Пеннинг “Японияда ислом” [14:76] каби мақола ва тезисларида мавзу бўйича таҳлилий маълумотлар келтирилган.

Ўзбекистон ўз мустақиллигининг дастлабки йилларида ташқи дунё билан иқтисодий алоқаларни Шарқий Осиё давлатларининг ҳамкорлигида бошлаган. Ҳозирда ишончли ва муҳим шерикчилик муносабатларига эга икки минтақа давлатларининг ўзаро муносабатлари узоқ ўтмишга, яъни Буюк ипак йўли даврига бориб тақалади. Икки минтақа халқларининг ўртасида кўп томонлама дўстона ва ҳурматга асосланган муносабатларга гувоҳлик берувчи эътиборга молик воқеа ва маълумотлар тарихий манбаларда сақланиб қолган. Қадимий Ипак йўлини қайта тиклаш ва ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқилган “Бир камар — бир йўл” минтақавий иқтисодий ҳамкорликка интилишлар ҳам турли цивилизациялар ўртасидаги муносабатларга хизмат қилувчи илмий тадқиқотларни амалга оширишни талаб этади. “Тарихий ва маданий меросимиз, олдимизда турган мақсад ва вазифаларнинг ўхшашлиги ва интилишларимизнинг муштараклиги келажакка катта ишонч билан қарашга имкон беради” [21]. Буюк ипак йўлининг амалий аҳамияти ошгани сари у бўйлаб тарқалган диний эътиқодларни, хусусан, ислом динининг минтақалараро маданий алоқаларнинг ривожланишидаги ролини ёритиш бугунги куннинг долзарб масаласи ҳисобланади.

Мустақиллик йиллари Ўзбекистонда ҳам бу мавзу доирасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, Шарқий Осиё, хусусан, қадимги Хитой, Корея ва Япониянинг тарихи, диний эътиқоди ва маданиятига [19:135], Шарқий Осиё ва Марказий Осиё халқлари ва икки минтақанинг қадимги давлатлари ўртасидаги алоқаларга [22:145] [23:201], Марказий Осиё ва Корея халқларининг ўзаро тарихий ва замонавий муносабатларининг [17:148] мазмун-моҳиятига оид тадқиқотлар бажарилди.

Шарқий Осиёда ислом динининг тарқалиши юзасидан олиб борилган тадқиқотларда қуйидаги жиҳатларга эътибор қаратилган:

  • Шарқий Осиёга ислом динининг кириши арафасидаги тарихий, ижтимоий, маданий ва диний муҳит;
  • Хитойда ислом динининг ёйилиши ва унинг маҳаллий муҳитга мослашуви жараёни;
  • Хитойдаги мусулмонларнинг маҳаллий маданиятга уйғунлашуви шароитида таълим-тарбия масалалари;
  • корейс ва мусулмон халқлари ўртасидаги илк алоқаларнинг тарихи ва босқичлари;
  • Кореяда исломий жамоаларнинг шаклланиши ва уларнинг ўлка маданиятига ассимиляцияси;
  • Японияда ислом динининг тарқалиши ва унинг ўзига хос хусусиятлари;
  • Японияда ислом ҳақидаги билимларнинг ривожланишида синкретик қарашларнинг таъсири.

Шарқий Осиёда ислом динининг тарқалиши ва унинг минтақавий хусусиятлари бўйича олиб борилган илмий изланишлар натижасида қуйидаги хулосалар тақдим этилган:

  1. Шарқий Осиё тарихан ўзаро боғлиқ ва дунёқараш жиҳатдан ўзига хос давлатлар гуруҳини акс эттирувчи минтақа бўлиб, унда бу ҳудуд цивилизациясининг асоси сифатида хитой, корейс ва япон халқларининг диний эътиқоди, тарихи ва маданияти алоҳида ажралиб туради. Минтақа давлатлари ўзаро яқин қўшничилик муносабатларига киришган даврларда байналмилал руҳият устувор аҳамият касб этган ва уларда маданий жиҳатдан уйғунлашув содир бўлган. Шунингдек, минтақа давлатлари ўз мамлакатлари ҳудудидаги сиёсий барқарорликни таъминлаш ва ташқи савдода хорижликларнинг монополиясига йўл қўймаслик мақсадида маҳаллий диний эътиқодларнинг бирлаштирувчи кучидан ва тафаккур тарзидан фойдаланишга эътибор қаратган.
  2. Хитойнинг турли ҳудудларида Тан, Сун, Юан ва Мин сулолаларининг ҳукмронлиги даврида мусулмон жамоалари пайдо бўлган. Бу даврда мамлакатдаги мусулмон жамоаларининг шаклланишида қуруқликда Буюк ипак йўли ва тарихда “зиравор йўли” деб таърифланган денгиз йўлининг аҳамияти катта бўлган. IX-XVI асрларда Хитойда мусулмонлар иқтисодий, сиёсий, ҳарбий, архитектура ва ҳунармандчилик соҳасидаги қизғин фаолияти натижасида жамиятда ўз ўрнини топган. Уларга маҳаллий аҳоли ишончининг ортиши ва ўзаро никоҳ муносабатларига киришиши эса Чин юртида ислом динига эътиқод қилувчиларнинг сонини кўпайишига ва янги этник гуруҳ – “дунган” (“ҳуэй”)нинг шаклланишига олиб келган.
  3. Тан, Сун, Юан ва Мин империяси даврида уларнинг бир-биридан фарқ қилувчи мустақил юритган сиёсатига мусулмонларнинг мослашуви ва уларнинг кундалик ҳаётини тартибга келтириш билан боғлиқ янги ҳуқуқий тушунчалар ислом ва конфуцийликнинг муштарак жиҳатларини мужассамлаштирган китоблар мажмуи “хан китоб”нинг юзага келишига асос бўлган.
  4. Кореяда ислом динининг тарқалиши уч босқичда кечган. IX-XVI асрларда яшаган мусулмон олимлари тарих ва географияга оид библиографик асарларида мусулмонларнинг Корея яримороли билан бўлган илк алоқаларини қайд этган. Ўрта асрлардаги мусулмон алломаларининг манбаларидан ва корейс солномаларидан ислом динининг Корея яриморолига кириб келиши ва дастлабки мусулмон тураргоҳлари, жамият ҳаётидаги иштироки ҳақида маълумотлар олиш мумкин.
  5. Мусулмонлар Бирлашган Силла ва Корё сулолаларининг ҳукмронлиги даврида Кореяда юқори ижтимоий ва иқтисодий мавқега эга бўлган. Улар Чосон империясининг ассимиляция сиёсати таъсирида миллий кийимлар, урф-одатлар ва маросимларидан воз кечишга мажбур бўлган. Жамиятда ҳукмрон мавқега эришган нео-конфуцийлик мусулмонларнинг маданий ассимиляция сиёсатига тортилишида катта таъсир кўрсатган. Ўрта асрларда Кореяда мусулмонларнинг жамиятга аккультурацияси икки фарқли маданиятни ягона ракурсда қабул қилишга мажбурлаш эвазига содир бўлган. Бу минтақадаги исломий маданият белгилари ва маҳаллий анъаналарни бойишига ёрдам берган.
  6. Японияда ислом динининг тарқалиши тарихи даврий жиҳатдан тўрт босқичда биринчи жаҳон урушигача, икки жаҳон уруши оралиғи, Иккинчи жаҳон урушидан кейинги “нефть инқирози” ва “2001 йил 11 сентябрь воқеалари”дан кейинги даврга бўлиб тадқиқ қилинган. Икки жаҳон уруши оралиғидаги давр япон-мусулмон алоқаларида аҳамиятли воқеликларга бой. Бу даврда япон империал ҳукумати мусулмон дунёси билан мавжуд муносабатларни расмий шаклда мустаҳкамлаган. Ўз навбатида мусулмонлар, айниқса, турклар япон зиёлиларининг ислом дунёсига ташрифларини кенг ёритган.
  7. Японияликларнинг ислом дини тўғрисидаги билимининг ошиши ва уни қабул қилишида синтоийлик ҳам бевосита таъсир кўрсатган. Япониялик зиёлилар учун хитойлик мусулмонларнинг ҳаётида кечган “конфуцийлик тушунчалари орқали исломни англаш” – “каи-жу” ёки “хуэй-ру” таъсирида ўзларининг таълимотлари билан фарқли ва ўхшаш томонларини қиёслаш орқали исломни ўрганиш табиий ҳолатга айланган.

Умумий хулоса сифатида айтганда, бугунги кунда Шарқий Осиё минтақасида мусулмонлар камчиликни ташкил қилиб, баъзи протестант гуруҳларнинг таъсирида исломофобия вужудга келди. Бу диний қарама-қаршилик ёки маданий идентификациялар ўртасидаги турфа хиллик билан боғлиқ эмас. Бунга сабаб минтақада турли даврларда ҳукмрон бўлган империяларнинг маданий изоляция ёки ассимиляция сиёсати оқибатида Шарқий Осиё ва мусулмон халқларининг ўртасидаги алоқалардан бехабарликдир. Мусулмон дунёсининг Шарқий Осиё давлатлари билан муносабатларининг истиқболи фақат иқтисодий манфаатларга боғлиқ эмас. Бу муносабатлар ислом ва маҳаллий диний эътиқодларнинг ўзагидаги бағрикенглик руҳиятидан келиб чиқиб, янада ишончли ва мустаҳкам кўриниш олиши мумкин.

 ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Atwill, David G. The Chinese Sultanate: Islam, Ethnicity, and the Panthay Rebellion in Southwest China, 1856-1873. Stanford: Stanford University Press, 2005.
  2. Benite, Zvi Ben-Dor. The Dao of Muhammad: A Cultural History of Muslims in Late Imperial China. Cambridge: Harvard University Press, 2005.
  3. Benson, Linda. The Ili Rebellion: The Moslem Challenge to Chinese Authority in Xinjiang 1944-1949. New York: ME Sharpe, 1990.
  4. Dillon, Michael. Chinaʼs Muslim Hui Community: Migration, Settlement and Sects. Surrey: Curzon Press, 1999.
  5. Gillette, Maris Boyd. Between Mecca and Beijing: Modernizations and Consumption Among Urban Chinese Muslims. Stanford: Stanford University Press, 2000.
  6. Hee-Soo Lee. The spread of Islamic culture to East Asia before the era of modern European hegemony. Islam aristirmalari dergisi. Sayi 7, 2002. – 57.
  7. Ippei Tanaka, The Travel Account of a White Cloud, Seinan: Rekika Shoin, 1925. This book was recently reprinted with an editorial note. See Ippei Tanaka (Takahiko Tsubouchi ed.), The Pilgrim of Islam: The Travel Account of a White Cloud, Tokyo: Ronsф-sha, 2005 (in Japanese).
  8. Islam in China / Written by Mi Shoujiang and You Jia; Translated by Min Chang. – China Intercontinental Press, 2004.
  9. Israeli, Raphael. Islam in China: Religion, Ethnicity, Culture, and Politics. Lanham: Lexington Books, 2002.
  10. Koryosa Vo1.5, ʼSe-gaʼ Vol. l5, 15th reign of King Hyun-jong.
  11. Japan Times Newspaper (November 19, 1992),«Marriages lead women into Islam in Japan». Japan Times. Retrieved27 December 2008.
  12. Luckert, Karl W. and Shujiang Li. Mythology and Folklore of the Hui, A Chinese Muslim People. State University of New York Press, New York, 1994.
  13. Nobuo Misawa. The First Japanese Muslim, Noda (1868–1904) // Annals of Japan Association of Middle East Studies, 23-1 (2007.
  14. Penn, Michael.«Islam in Japan».Harvard Asia Quarterly. Archived from the original on 2 February 2007. Retrieved 28 December 2008.
  15. Абул Ҳасан ибн Али ал-Масъудий. Муруж аз-заҳаб ва маъодин ал-жавҳар. – Байрут: Ал-мактабат ал-асрият, 2005.
  16. “Ипак йўлининг денгиз йўналишида ислом маданиятининг ривожланиши” мавзусидаги халқаро илмий анжуман материаллари тўплами, Цюаньчжоу, Хитой, 21-21 февраль, 1994 йил.
  17. Н.Каримова. Корея и Централная Азия в глубинах истории (на кор. языке). – Сеул, 2013; Н.Каримова. Узбекистан и Корея: исторические связи. – Т., 2011.
  18. Н.Каримова. Взаимоотношения народов Центральной Азии и Китая в XIV-XVII вв. (по материалам китайских источников) // Автореферат диссертации на соискание ученой степени доктора исторических наук. – Т.: Тошкент давлат шарқшунослик институти, 2005.
  19. Н.Низомиддинов. Шарқий Осиё диний-фалсафий таълимотлари ва ислом. – Т.: Фан ва технологиялар, 2006.
  20. Н.Низомиддинов. Қадимги Хитой тарихи, диний эътиқоди ва маданияти. – Т.: Фан ва технологиялар, 2014.
  21. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 23-27 апрель кунлари Хитойда ўтказилган “Бир макон, бир йўл” иккинчи халқаро форумдаги нутқи. https://president.uz/uz/lists/view/2533.
  22. А.Хўжаев. Буюк ипак йўли: Муносабатлар ва тақдирлар. – Т.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2007.
  23. А.Хўжаев. Фарғона тарихига оид маълумотлар: Қадимги ва илк ўрта аср Хитой манбаларидан таржималар ва уларга шарҳлар. – Фарғона: Фарғона, 2013.
  24. Яъқубий. Тарих. (comp. M.Th.Houstma). – Leiden: 1883.

 

Одилжон ЭРНАЗАРОВ,
ЎзХИА Диншунослик ва жаҳон динларини қиёсий ўрганиш UNESCO
кафедраси катта ўқитувчиси
тарих фанлари бўйича PhD

Check Also

БУЖАЙРИЙ НИСБАЛИ РОВИЙЛАР СИЛСИЛАСИ

IX-XII асрлар ислом оламида илм-фан ривожининг олтин даври сифатида эътироф этилган. Кўплаб манбаларда айни ўша …