Home / МАҚОЛАЛАР / ЦИВИЛИЗАЦИЯЛАРАРО МУЛОҚОТНИНГ ФАЛСАФИЙ-СИНЕРГЕТИК МОҲИЯТИ

ЦИВИЛИЗАЦИЯЛАРАРО МУЛОҚОТНИНГ ФАЛСАФИЙ-СИНЕРГЕТИК МОҲИЯТИ

Биз глобаллашув жараёнлари шиддат билан ривожланиб бораётган XXI асрда, цивилизациялар, маданиятлар, қадриятлар бир-бирига яқинлашаётган, бир-бирини англаётган, бир-бири билан мусобақалашаётган бир даврда яшамоқдамиз.

Масаланинг асл моҳиятини ўз манфаатлари доирасида тушунувчи айрим сиёсатчилар “цивилизациялар тўқнашуви” рўй бермоқда, деб ваҳима солишга уринмоқда. Аслида дунё цивилизациялари энди-энди бири-бирини тушуна бошламоқда. Бу жараёнга қаршилик кўрсатаётган ҳукмдор кучлар манфаат талашиб, дунё устидан ҳукмронлик қилиш илинжи билан яшамоқда. Бу кураш оқибатида бегуноҳ инсонлар жабр кўрмоқда, бошпанасидан, яқинларидан, ватанидан жудо бўлмоқда. Бундай кучлар туфайли инсон ҳуқуқлари, адолат ва ҳақиқат поймол бўлмоқда. Зўравонлик, муштумзўрлик, одамларни саросимага солиш, ўзгаларнинг мустақиллигига, эркинлигига таҳдид қилиш авж олмоқда. Бундай тоифадаги кишилар инсоф ва диёнат деган инсоний туйғулардан, андиша ва шарму-ҳаёдан бегона кимсалардир.

Цивилизациялараро мулоқотни кучайтириш, маданиятлар ва урф-одатларни бир-бирига яқинлаштириш, уйғунлаштириш инсоният келажаги учун муҳим аҳамиятга эгадир. Чунки, тарихдан маълумки, кўпгина можароларнинг илдизида бир-бирини яхши англай олмаслик ётади. Бу борада цивилизациялараро тўғри мулоқотни шакллантириш зарур бўлади.

Инсоният турли цивилизациялар тўпламидан ташкил топган. Уларни мазмунан, макон ва замон жиҳатидан ҳар хил гуруҳларга ажратиш мумкин. Замонавий цивилизациялар, антик цивилизациялар, ўрта асрлар ва янги давр цивилизациялари бир-биридан – вақт бўйича фарқ қилса, шарқ ва ғарб, шимол ва жануб халқлари цивилизациялари жуғрофий жойлашиши билан ажралиб туради. Мазмунан эса улар миллий ва диний цивилизацияларга бўлинади. Диний конфессияларга ва турли хил миллат, элат ва халқларга мансуб инсонларнинг ўзига хослигини ифодаловчи цивилизациялар вакиллари ҳам турличадир. Масалан, туркий цивилизация халқлари буддизмга, исломга, христианликка, шомонизмга ва ҳатто яҳудоликка ҳам эътиқод қилган.

Европа қитъасида яшовчи халқларнинг кўпчилиги насронийдир. Осиё қитъасида асосан мусулмон цивилизацияси, ҳиндуизм, конфуцийлик, синтоизм цивилизациялари вакиллари истиқомат қилади. Яҳудийликка мансуб инсонлар барча қитъаларда бор.

Христиан цивилизацияси католиклар, православлар ва протестантларга ажралади. Шунингдек, арман-апостол черкови ва грузин-антиохия черкови вакиллари христиан цивилизацияси таркибига киради. Аммо улар ўзига хос миллий хусусиятга эгадир. Арман-апостол черкови вакиллари ҳам бутун ер юзаси бўйлаб тарқалган.

Дунёда буддистлар, шомонга эътиқод қилувчилар ҳам ибтидоий тотемизм, уруғчилик, анимизм ва бошқа турли-туман диний конфессиялар вакиллари ҳам ҳаёт кечирмоқда. Улар бир-бирини англаши учун, аввало, бир-бирини ҳурмат қилиши ва бир-бирини тушунишга интилиши лозим бўлади. Қадимда уларнинг ўзаро муносабатларида бир-бирини камситиш, бир-бирини ҳақоратлаш устуворлик қилган бўлса, эндиликда цивилизациялар аста-секин бир-бирини англашга, эътиқодини ҳурмат қилишга ва бир-бирини тушунишга интила бошлади.

Юқорида цивилизациялараро муносабатлар ниҳоятда чигал ва мураккаб эканини таъкидлаган эдик. Улар бир-бири билан тарихий келиб чиқиши, буюк шахслари ва моддий бойликлари билан мусобақалашган, шу асосда бир-бирини камситган ва ўзларини олий мартабали халқ деб бир-бирига мақтанган. Кейинги асрларда ҳарбий қудрати билан бир-бирига пўписа қилиш одати ҳам вужудга келди. Бу муносабат айниқса ҳозирги замон геосиёсий жараёнларига хос хусусиятга айланган.

Биз бу мақолада ҳозирги мураккаб дунё ва ундаги алоқадорликларни фалсафий-синергетик ёндашув орқали англаб олиш ва тизимга солиш мумкинлигини асослашга ҳаракат қиламиз.

Геосиёсий жараёнлардаги цивилизациялараро мулоқотларнинг мураккаб жиҳатларини фақат ночизиқли – синергетик тафаккур билангина англаб етиш, уларнинг оқибат ё истиқболи ҳақида тўғри хулосалар чиқариш мумкин.

Ночизиқли тафаккур – чизиқли тафаккурнинг қурби етмайдиган мураккаб жараён, ҳодиса ва объектларни янада чуқурроқ, аниқроқ кўриш имконини беради[1]. Дунё мураккаб ва ночизиқли жараёнлар билан лиммо-лимдир. Бу дунёни тўлароқ англаш учун синергетик ёндашувга таяниш зарур бўлади. Бундай ёндашув кескин, катастрофик ҳодисаларни, кутилмаган портлаш жараёнларини, тасодифий фулуктуацион ўзгаришлар сабабларини ҳам таҳлил этиш имконини беради.

Бугунги дунё ҳам, унда рўй бераётган кескин, катастрофик ўзгаришлар ҳам унинг ниҳоятда мураккаблигидан, ночизиқли табиатга эгалигидан, кўп тармоқли, чигал алоқадорликлар билан боғланганидан далолат беради. Бундай реалликнинг асл моҳиятини синергетик методология воситасига таяниб очиш мумкин.

Цивилизациялараро мулоқотнинг фалсафий-синергетик моҳияти нимада? Бу, энг аввало, шу даврда параллел мавжуд бўлган цивилизациялар ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг ниҳоятда мураккаблигида, бир-бири билан қаватма-қават бирлашиб кетганлигида. Диний конфессиялар, миллий ва сиёсий гуруҳлар ўртасидаги гегемонлик учун кураш ҳамон давом этмоқда. Уларнинг лидерлари бир-бирини англашга, тушунишга интилмайди. Айрим ҳолларда эса бир конфессия ичида ҳам бўлиниш, тармоқланиш вужудга келиши, улар ўртасида ечилмас зиддиятлар вужудга келиши мумкин. Масалан, исломда сохта салафийлик вакиллари ўзидан бошқа мусулмонларни кофирликда, мусулмонлик қоидаларини адо этмасликда айблайди. Улар:

– Қуръони карим ва суннатдаги қоидаларни сўзма-сўз тушуниб, кўр-кўрона амал қилиш орқали бошқа манбаларни ботилга чиқаради;
“такфир” (куфрда айблаш) ва “ҳижрат” (ватанни тарк этиш) масаласини илгари суради;
фиқҳий мазҳабларни инкор қилиб, мазҳабсизликни тарғиб қилади;
тасаввуф, урф-одат ва миллий қадриятларни инкор этади;
ғайридинларга ўта тоқатсиз муносабатда бўлиб, диний бағрикенгликни ёқламайди;
ҳар қандай янгиликни “бидъат” ҳисоблаб, уни рад этади[2].

Уларнинг асосий мақсади – диний эътиқод тартибини салафлар яшаган даврдаги ҳолатга кўчиришдан иборатдир. Бундай мусулмонларга ҳукмронлик қилувчи, йўл-йўриқ кўрсатувчи кучлар исломнинг консервативлашиши, парчаланиб, бир-бирига қарама-қарши кучларга бўлиниб кетишидан манфаатдордир.

Христианларнинг уч оқимга ажралиб кетиши замирида ҳам ҳокимиятда мавқе талашиш сабаб бўлган. Православлар билан католиклар, католиклар билан протестантлар ҳозиргача пинҳона жанг олиб боради. Исломдаги ҳанафийлар ва шиалар ўртасидаги зиддият сиёсий ҳокимият талашиш оқибатида юзага келган. Шайх Муҳаммад Юсуфнинг ёзишича: «“Шийъа” сўзи луғатда, «тарафкаш» маъносини англатади. Ислом оламида, ҳазрати Али (р.а.)га тарафкашлик оқибатида кўпчилик мусулмонлардан ажралиб, алоҳида йўл тутган тоифага шийъа деб айтилади. Аслида, шийъа мазҳабининг келиб чиқишига сиёсий ихтилофлар сабаб бўлган. Учинчи халифа ҳазрати Усмон (р.а.)нинг вафотидан сўнг келиб чиққан қарама-қаршиликларнинг бир томонида ҳазрати Али ибн Аби Толиб (карамуллоҳу важҳаҳу) бўлди. Унинг тарафдорлари кейинчалик шийъа мазҳабини келтириб чиқарди. Ҳазрати Али (р.а.)нинг ўзи бу гаплардан бехабар ўтган. Хулоса шуки, шийъалик аввалдан ўйлаб, режалаштириб тузилган ҳаракат ёки мазҳаб эмас, балки сиёсий тарафкашлик оқибатида мухолиф томонга зид ўлароқ, аста-секин шаклланган бир мазҳабдир»[3].

Бу мисоллар цивилизациялараро мулоқотнинг ўта нозиклигидан, серқирралигидан, кўп йўналишга, тармоқланишга эгалигидан далолат беради. Бу реаллик синергетика объектидир. Синергетик таҳлил асосида ислом ва христианлик, ислом ва буддизм, христианлик ва яҳудолик, буддизм ва конфуцийлик, ҳиндуизм ва синтоизм ўртасидаги зиддиятлар моҳиятини, уларни бир-бири билан келиштириш йўлларини ҳам топиш мумкин.

Ҳозирги замон конфликтологияси вакиллари[4] синергетик тамойилларга таянган ҳолда булар қаторига қуйидаги усулларни киритади:

– бағрикенглик (толерантлик)ка таяниш;
– умумий манфаатларини бирлаштириш;
– бир мақсадга йўналтириш;
– бир бирини англаб етиш;
– халал берувчи тўсиқларни йўқотиш;
– сиёсийлашувни бартараф қилиш;
– бир-бирининг ички ишларига аралашмаслик;
– оқилона нейтралитет ва бошқалар.

Ҳозирги пайтда айрим давлатлар гегемонлик даъвоси билан бутун дунёни мажбуран ўз таъсир доирасига киритишга интилмоқда. Бу борада бўйсунмайдиган давлатлар “жазоланяпти”, уларнинг ҳудудида қуролли можаролар юзага келяпти. Бундай кучлар халқаро ҳуқуқ нормаларини писанд қилмайди, керак бўлса, ноқонуний, жиноий йўллар билан дунёга таҳдид солишдан қайтмайди.[5] Бу ҳолат, яъни халқаро этикет нормаларига беписандлик, эндигина тараққиёт йўли сари қадам ташлаган мамлакатларни менсимаслик бундай халқларнинг айнан цивилизацион тараққиёт даражаси ҳали ўта пастлигидан, дунёқарашининг примитивлигидан далолат беради.

Цивилизациялараро муносабатлар, хоҳ сиёсий йўналишда, хоҳ диний-конфессионал йўналишда бўлсин, охир-оқибатда бир-бирини англашга, бир-бирининг ҳақ-ҳуқуқ ва қадриятларини ҳурмат қилишга олиб бориши лозим. Бунга эришиш учун ўзаро мулоқотлар интенсивлашиши ва оқилона тамойилларга таяниши, маданий савия кўтарилиши, бағрикенглик ғояларига риоя қилиниши лозим бўлади.

Инсоният тараққиётининг “инсон бир-бирига бўри” деган тамойилга таяниш даври ўтган асрларда тугади. Пулнинг, олтиннинг ҳукмронлиги ўз ўрнини ахборот (информация) ҳукмронлигига бўшатиб берди. Инсоният цивилизацияси тараққиётининг ҳозирги босқичида на жисмоний, на ҳарбий куч билан дунёни эгаллаб бўлади. Ҳозирги пайтда ахборот, ахборот технологияларининг ўрни ниҳоятда ошиб кетди. Ким бу билан яхши қуролланган бўлса, уни инсон манфаати, мамлакат фаровонлиги учун моҳирона йўналтира олса – ўша кучлидир, деган тамойил амал қилмоқда. Информацион технология фақат ақл-идрок, интеллект билан бошқарилади. Бу интеллект гуманистик мақсадга йўналтирилиши, инсон манфаатлари ва жамият фаровонлиги учун хизмат қилиши лозим.

Интеллектнинг моҳиятида икки хил дилемма мавжуд: бунёдкорлик ва вайронкорлик.

Агар ақл-идрок, интеллект олий, гуманистик, инсонпарварликка йўналтирилмаса, вайронкорликка, бузғунчилик, зўравонлик мақсадларига хизмат қилиши мумкин. Шу сабабли синергетик тамойил бўйича бугунги куннинг олий мақсади интеллектуал кучларни инсоният фаровонлиги учун ер юзини гуллатиб-яшнатиш сари йўналтиришдан иборатдир. Бу ақл-идрокни гуманистик йўлга бошлаш йўлидир. Бу маънавият йўлидир. Қачонки ақл-идрок, интеллектни маънавият етакласа, ақл бунёдкор кучга айланади. Шундагина қонунлар оёқости бўлмайди, адолат топталмайди, қадриятлар ҳақорат қилинмайди, заифлар эзилмайди, зўравонлар ҳаддидан ошмайди!

[1] Қаранг: Тураев Б.О. Синергетика: асосий тушунчалар ва қонуниятлари // Синергетика-2: назария ва амалиёт.Тошкент: FAN ZIYOSI, 2022. Б.8-36.
[2] Каримов Ж. “Салафийлар” ёхуд Ислом ниқоби остидаги динбузарлар // https://religions.uz/news/detail?id=1203
[3] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Шия – шийъа ҳақида // https://savollar.islom.uz/s/1798
[4] Қаранг: Дарендорф Р. Элементы теории социального конфликта (рус.) // Социологические исследования. — 1994. — № 5. — С. 142—147; Козер Л. Функции социального конфликта. — М.: Идея-Пресс, Дом интеллектуальной книги, 2000. — С. 62. — 208 с.; Шарков Ф.И., Сперанский В.И. Общая конфликтология / Под общей редакцией Ф.И. Шаркова. — М.: Издательско-торговая корпорация «Дашков и Ко», 2016. — С. 26. — 240 с. — ISBN 978-5-394-02402-3.
[5] Исаев Б. А. Геополитика. — Питер, 2005.; Отамуродов С. Глобаллашув ва миллий маънавий хавфсизлик.- Тошкент: Ўзбекистон, 2013.454б.
Проф.Тураев Б.О.
фалсафа фанлари доктори, профессор,
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
 Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори
 Бош маслаҳатчиси

Check Also

ШУКРОНАЛИК – ИНСОН КАМОЛОТИНИНГ АСОСИ

Инсоннинг камолга етишида барча ижобий фазилатларнинг ўзига хос ўрни бор. Аммо улар ичида шукроналикнинг ўрни …