Home / МАҚОЛАЛАР / ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙНИНГ “АЛ-АМСОЛ МИНАЛ КИТОБ ВАС СУННА” АСАРИНИНГ ҚЎЛЁЗМА ВА ЗАМОНАВИЙ НАШРЛАРИ

ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙНИНГ “АЛ-АМСОЛ МИНАЛ КИТОБ ВАС СУННА” АСАРИНИНГ ҚЎЛЁЗМА ВА ЗАМОНАВИЙ НАШРЛАРИ

Дунёнинг турли фондларида Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али Ҳаким Термизий қаламига мансуб “Ал-амсол минал китоб вас сунна” китобининг турли асрларда кўчирилган кам сонли қўлёзма ва фотонусхалари сақланади. Бу ҳақда яқин давргача кўпчилик тадқиқотчиларда батафсил маълумот йўқ эди. Асарда Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардаги икки юздан ортиқ масал ва уларнинг мазмун-моҳияти содда ва равон услубда баён этилган. 1975 йилга қадар уни ўрганиш ва илмий муомалага киритишга араб ёки ажамдан бирор тадқиқотчи қўл урмаган. Мисрлик олим Маҳмуд ибн Шариф[1] бундай ёзади: “Камина бу китоб бўйича изланишлар олиб бориб, уни нашрга тайёрладим ва китобхонларга тақдим этмоқдаман. Афсуски, менинг билишимча, бугунга қадар унут бўлган бу китобни одамларга тақдим этишга ҳеч ким қўл урмаган”.

У ҳақда деярли ҳеч кимда маълумот йўқ. Фақат “амсол” жанрида асар ёзган баъзи муаллифлар Ҳаким Термизий шу мавзуда асар қолдиргани ҳақида қисқача қайдлар билан кифояланган. Жумладан, Маҳмуд ибн Шариф “Ал-амсол фил Қуръон” китобида бу асарни бироз бошқача ном – “Расоилул Ҳакимит Термизий” шаклида зикр қилган [1:120]. Буюк муфассир Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад Ансорий Қуртубий “Ал-жомиъ ли аҳкомил Қуръон” асарида бу китобга мурожаат қилиб, ундан иқтибос келтирган. Лекин уни “Наводирул усул” деб, Ҳаким Термизий қаламига мансуб бошқа асарнинг номи билан алмаштириб тилга олган [2: 7, 322]. Аслида “Амсол” китоби Ҳаким Термизийнинг буткул бошқа асари эканини қуйида келтирилган манбадан билиб олиш мумкин [3:3]. Дарҳақиқат, бу икки асар турли мавзуларга оид алоҳида икки китобидир.

“Ал-амсол минал китоб вас сунна” исломий фанлар сирасига кирувчи тафсир, тасаввуф ва ҳадислар шарҳига оид бўлгани учун, таълифнинг исломий одобига кўра, басмала ва Аллоҳ таолодан кўмак ўтинчидаги дуо, Унга ҳамду сано ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат билан бошланган. Ҳаким Термизий, таомилга мувофиқ, унинг ёзилиш сабабини муқаддимада қуйидаги сатрлар билан баён қилган: “أما بعد فإنك سألتني عن شأن الأمثال وضربها للناس…” Маъноси: “Аммо баъд. Сиз мендан масал-ўхшатишлар ва одамларга зарбулмасал қилиш ҳақида сўраган эдингиз…”. Демак, асар ўша даврдаги илм ихлосмандларининг илтимосларига жавобан ёзилган. Бу жумладан сўнг муаллиф масал-ўхшатиш жанрининг Қуръони каримда ҳам келтирилгани, унинг мазмун-моҳияти одамларга тушунарсиз ва номаълум нарса ва ҳодисаю ҳолатларни уларга маълум бўлган, кўрган-билган, англаган нарсаларига ўхшатиш орқали тушунтиришнинг энг самарали усули эканини айтиб ўтган [3:1].

Асарда колофон мазмунидаги хотима қисм мавжуд бўлиб, “А” ва “Б” нусхаларнинг охирги саҳифасида қуйидаги бир хил иборалар, яъни “Аллоҳга ҳамд бўлсинки, бу китоб Унинг кўмаги ва фазли карами билан ниҳоясига етди. Аллоҳнинг Набийси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, унинг аёллари, зурриёт ва саҳобаларига Аллоҳнинг саловоти – раҳмату мағфирати бўлсин. Бизни ҳам Ўз фазли карами билан улар қаторида қилсин”, деган дуо бор. Сўнг хаттот ўзи ҳақида қуйидагиларни ёзган: “Бу китобни кўчириш Аллоҳнинг раҳматига муҳтож банда Али ибн Сулаймон ибн Аҳмад ибн Сулаймон Муродий Андалусийнинг қўли билан адоғига етказилди. Аллоҳ унга буни манфаатли қилсин, ундаги илмларни юқтирсин ва Ўз фазли ва раҳмати билан Ўзининг Набийсига эргашувчилардан айласин. Уни ва ота-онасини ҳамда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча умматларини мағфират қилсин!” [3:352]

“Ал-амсол минал китоб вас сунна”нинг мағрибий хатида ёзилган энг мўътабар қўлёзма нусхаси Париж миллий кутубхонасида 5018 рақами остида сақланади. У яхлит китоб ҳолида эмас, бир нечта қўлёзмадан иборат бўлиб, Б21817 рақамли мажмуанинг 141/184 варақларидан ўрин олган. Тахминан ҳижрий V асрга мансуб [4:13].

Настаълиқ хатида катта маҳорат билан кўчирилган бошқа қўлёзма нусхаси Туркиянинг Истанбул [5] шаҳридаги “Aşir Efendi” (Ашир Эфенди) кутубхонасида мавжуд бўлиб, 1479 рақами билан қайд этилган. У ҳам яхлит асар ҳолида эмас, балки бир нечта қўлёзмадан иборат Б21816 рақамли мажмуанинг 42/97 варақларидан ўрин олган. Бу нусха аввалгисидан саҳифасининг ён томонида сарлавҳаси борлиги билан ажралиб туради. Сарлавҳа ён томонга ёзилганидан уни муаллиф эмас, котиб ёзганини хулоса қилиш мумкин.

“Дорул кутубил Мисрия”да асарнинг яна бир қўлёзма нусхаси бор, лекин хатоси кўплиги учун йиғма қиёсий матнни тайёрлашда ундан асосий манба сифатида фойдаланмайди [3:13].

Бошқа нусхаси Ҳиндистоннинг Калькутта шаҳридаги Ал-жамъийятул Асиявийя” кутубхонасида сақланади. У (1)1056 рақамли мажмуанинг 1/81 варақларидан ўрин олган. Китоб номи – “Тибёнул амсол”. Муаллиф номи – Ҳаким Термизий. Кўчирилган вақти – IX ҳижрий аср. Аралаш хатда кўчирилган. Варақлар сони – 81. Бичими – 100х190.

Мулоҳаза учун намуналар:

فـإنك سألتني عن تبيان الأمثال وضربها للناس…

Бундан асар қўлёзма нусхаларда бир хил эмас, балки “Ал-амсол”, “Тибёнул амсол” каби бир-бирига яқин маъноли номлар билан қайд этилганини хулоса қилиш мумкин. Шунингдек, бу нусхада асарнинг қисқача колофони ва қисқача илмий тавсифи – номи, муаллифи, қайси асрга оидлиги, варақлари сони, бичими ва хат тури, қандай ибора билан бошлангани ҳақида тўлиқ маълумот берилганини кўриш мумкин.

Миср пойтахти Қоҳира шаҳридаги “Дорул кутубил Мисрия” манбалар хазинасида, Париж миллий кутубхонасидаги N5018 ва Истанбулнинг “Aşir Efendi” кутубхонасидаги N:1479 қўлёзмаларнинг фотонусхалари мавжуд. Шунингдек, Қоҳира шаҳридаги Арабий қўлёзмалар институтида асарнинг 3142 рақамли фотонусхаси сақланади. У Ҳиндистон қўлёзманинг тасвиридир. Охирида қуйидаги битиклар бор: “Бу нусхани тасвирга олиш ишлари Калькутта шаҳридаги “Ал-жамъийятул Асиявийя” кутубхонасида ҳижрий 1371 йил, ражаб ойининг 27-санасида, душанба куни, мелодий 1952 йилнинг 21 апрелида адоғига етди” [6].

1975 йили мисрлик тадқиқотчи олим Али Муҳаммад Бажовий Қоҳира шаҳридаги “Дорул кутубил Мисрия” манбалар хазинасидаги икки фотонусха асосида асарнинг илк йиғма-қиёсий матнини нашрга тайёрлаб, Қоҳира шаҳридаги “Дорун наҳда” ва “Мактаба дорит турос” нашриётларида чоп эттирган. Керакли ўринларда Б21817 рақамли нусхага “А” ҳарфи, Б21816 рақамли нусхага “Б” ҳарфи билан шартли қисқартма белги қўйган [3:13].

Тадқиқотчи асарнинг йиғма-қиёсий матнидан аввал ўн уч бетдан иборат кириш сўзи ёзиб, Ҳаким Термизийнинг таржимаи ҳоли, илмий фаолияти, уламоларнинг муаллиф ҳақидаги эътирофлари (бу асарнинг таркибий қисми), турли қўлёзма ва фотонусхалар ҳамда тадқиқот хусусиятларини батафсил баён қилган. Нусхаларда учраган фарқли жойларга изоҳлар берган. Шарҳталаб ибораларни шарҳлаб, Ҳаким Термизийнинг чуқур тасаввуфий-ботиний, маъноли тафсирларини ўқувчига тушунтириш учун машҳур тафсир китобларига мурожаат қилган ва улар асосида оятлар тафсирини матн остидаги изоҳларда баён қилган. Аятларнинг қайси сураданлиги ва рақамини ҳаволада келтирган. Оятлар маъноси тугалланмай қолган жойларда уларни охирига етказиб қўйган. Ҳадисларни ҳам “Кутуби ситта”, яъни ислом оламида “Олти саҳиҳ тўплам” деб эътироф этилган манбаларга мурожаат қилиб, қай бирида келтирилганини кўрсатган. Ҳадислардаги баъзи тушуниш қийин бўлган сўзларни шарҳлаган. Шунингдек, Б21816 рақамли нусха асосида асар мавзуларига муносиб сарлавҳаларни матндаги ҳарфлардан фарқли ўлароқ, йўғон, қора ҳарфларда ёзиб чиққан.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ҳаким Термизийнинг ҳаёти ва ижоди бутун дунё миқёсида кенг ўрганилган бўлишига қарамай, алломанинг бу асари бугунги кунга қадар етарли тадқиқ этилмаган. Мазкур икки нашрдан бошқа араб тилида олиб борилган бирорта тадқиқот учрамайди. Ўзбек тилида ҳам етарли тадқиқот олиб борилган эмас. Ўзбекистондаги қўлёзма фондларда асарнинг нусхалари йўқ. Тадқиқотчи Иброҳим Усмонов “Ҳаким Термизий” номли рисоласида бу асарнинг номини айтиб ўтиш билан кифояланган [7:25]. Демак, “Амсол”ни чуқур тадқиқ этиб, унинг мазмун-моҳиятини кенг афкор оммага етказиш, ёш авлодни маданий мерос дурдоналари билан таништириш бугунги куннинг долзарб мавзуси бўлиб қолмоқда.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Ал-амсол фил Қуръон. Маҳмуд ибн Шариф. Дорул ҳилол. –Байрут.
  2. Тафсирул Қуртубий. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад Ансорий Қуртубий. Дорул кутубил илмия. –Байрут.
  3. Ал-амсол минал китоб вас сунна. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али Ҳаким Термизий. Али Муҳаммад Бажовий тадқиқоти – тадқиқотчи муқаддимаси. Мактабату дорит турос. – Қоҳира. 1975 йил.
  4. Фиҳрисул махтутот қўлёзмалар каталоги. Биринчи қисм. –Қоҳира. 1961 йил.
  5. “Истанбул” исми нереден гелийўр” номли мақола. “Ҳурриет” газетаси, 21 март, 2012 йил. –Туркия.
  6. Маъҳадул махтутотил арабия. – Қоҳира. Фотонусха.
  7. Ҳаким Термизий. Иброҳим Усмонов. Тошкент ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси. –Т.: 2014.
Баходиржон АЗАМОВ
Тошкент давлат шарқшунослик
университети мустақил тадқиқотчиси
___________________________________________________________
[1]. Маҳмуд ибн Шариф “Ал-амсол фил-Қуръан” китобини ёзганида докторлик илмий даражаси олмаган эди. Шу сабаб Али Муҳаммад Бажовий ҳам ўз тадқиқотида унинг докторлигини ёзмаган. Ўрганиш давомида у кейинроқ докторлик илмий даражасини олгани ва ундан кейинги барча китобларига Доктор Маҳмуд ибн Шариф деб ёзилгани маълум бўлди. Шунинг учун мақолада унинг илмий даражаси ҳам қўшиб ёзилди. Муаллиф.

Check Also

ШУКРОНАЛИК – ИНСОН КАМОЛОТИНИНГ АСОСИ

Инсоннинг камолга етишида барча ижобий фазилатларнинг ўзига хос ўрни бор. Аммо улар ичида шукроналикнинг ўрни …