Home / МАҚОЛАЛАР / “АЛ-АСЪИЛА ВА-Л-АЖВИБА”НИНГ ИЛМИЙ ТАНҚИДИЙ МАТНИНИ ТУЗИШ ТАМОЙИЛЛАРИ

“АЛ-АСЪИЛА ВА-Л-АЖВИБА”НИНГ ИЛМИЙ ТАНҚИДИЙ МАТНИНИ ТУЗИШ ТАМОЙИЛЛАРИ

Жиззахлик фақиҳ Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Ҳусайн ибн Аҳмад Маждуддин Уструшаний XII аср охири – XIII асрнинг биринчи ярмида Уструшана минтақасида (ҳозирги Жиззах вилояти) яшаб ижод қилган, юксак илмий салоҳияти билан фиқҳ илми ривожига муносиб ҳисса қўшган алломалардан биридир. Маждуддин Уструшанийнинг илмий-маънавий меросини «Китобул фусул», «Жомеъ аҳкомис сиғор», «Курратул айнайн фи ислоҳид дорайн», «Ал-Фатово», «Ал-Куруд вад дуйун» ва «Ал-Асъила вал ажвиба» каби фиқҳий асарлари ташкил этади.

Фақиҳнинг «ал-Асъила ва-л-ажвиба» («Саволлар ва жавоблар») деб номланган асарида, XII асрнинг иккинчи ярми ва XIII асрнинг бошида Мовароуннаҳрдаги ижтимоий ва иқтисодий ҳаёт, халқларнинг урф-одатига оид қимматли маълумотлар учрайди. Мусанниф бу асарида XIII асргача ижод қилиб ўтган ҳанафий уламо ва фақиҳларнинг турли мавзулардаги фиқҳий саволларга берган жавобларини араб баъзан форс тилида нақл қилади. Бу асар сўралган масалалар таҳорат, намоз, закот, рўза, ҳаж каби ибодатга доир ҳамда никоҳ, талоқ, қасам, жиноят ва жазо, тижорат, ҳалол ва ҳаром каби ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий мавзулардаги саволларга ҳанафий мазҳаби нуқтаи назаридан берилган фатволар мажмуидир. Улар ислом оламида шуҳрат топган юздан ортиқ фақиҳ ва мужтаҳидларнинг берган фатволаридан иборат. Фатволар етмишдан ортиқ энг машҳур фиқҳий асарлардан саралаб олиниб, нақл қилинган.

«Ал-Асъила ва-л-ажвиба» асари 637/1240 йил 28 майда ёзиб тамомланган [1:213-214]. Фиқҳга оид мазкур асарда XII асрнинг иккинчи ярми ва XIII асрнинг биринчи ярмида Мовароуннаҳрдаги ижтимоий ва иқтисодий ҳаёт, халқларнинг урф-одатига оид қимматли маълумотларни учратиш мумкин. Фуруъ ал-фиқҳга оид савол-жавоб тариқасида тузилган бу асарнинг 65% ни араб тилидаги ва 35% ни форс тилидаги фатволар ташкил қилади.

«Ал-Асъила ва-л-ажвиба» асарига ўхшаш «савол-жавоб» тариқасида тузилган асарлар ҳанафий мазҳаби тарихида маълум. Улардан баъзиларини қуйида кўрсатиб ўтамиз:

Муҳаммад ибн Саммоа ибн Абдуллоҳ ибн Ҳилол Тамимий (102/720-192/808 й.), Ҳишом ибн Убайдуллоҳ Мозил (ваф. 201/817 й.), Иброҳим ибн Рустам Абу Бакр Марвазий (ваф. 211/827 й.), Бишр ибн Валид Киндий (ваф. 238/862 й.)нинг «ан-Наводир» асарлари;

Абу-л-Ҳасан Али ибн Саид Рустуғфаний (ваф. 345/957 й.)нинг «аз-Завоид Ала-л-фавоид фи анвои-л-Улум ва-л-фатово» асари;

Абу-л-Лайс Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Иброҳим Самарқандий (301/913-375/985 й.)нинг «ан-Навозил» асари;

Абу-л-Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Умар Нотифий 446/1055 (ваф. 446/1055 й.)нинг «Хизонат ал-воқиъот» асари;

Ҳусайн ибн Али Абу-л-Қосим Имодуддин Ломиший )ваф. 522/1128 й.)нинг «ал-Воқиъот» асари;

Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Ануш Ҳусайри Бухори (ваф. 500/1106 й.)нинг «ал-Ҳови фи-л-фатово» асари;

Бурҳонуддин Маҳмуд ибн Тожиддин Аҳмад ибн Абдулазиз ибн Умар ибн Моза Бухорий (551/1156-616/1220 й.)нинг «Захират ал-фатово» асари;

Аҳмад ибн Мусо ибн исо ибн Маъмун Аҳмад ибн Мусо Каший (ваф. 550/1155 й.)нинг «Мажмуъ ан-навозил ва-л-ҳаводиǒ ва-л-воқиъот» асари;

Имодуддин Абу-л-Ҳасан Маҳмуд ибн Аҳмад Фaробий (ваф. 609/1212 й.)нинг «ал-Асъила ал-ломиъа ва-л-ажвиба ал-жомиъа» асари.

 «Ал-Асъила ва-л-ажвиба» асарининг ЎзР ФА ШИда сақланаётган учта қўлёзма нусхаси мавжуд.

1) 3109/I рақам остида [2]. Қўлёзманинг умумий ҳажми 222 варақ бўлиб, шарқона услубда муқоваланган, картон муқова устига жигарранг қоғоз ёпиштирилган. Қоғоз ўлчами 26х16 см. Матн ўлчами 21х11. Ҳар варақда 25 сатр бор. Қоғози сариқ ранг, қалин шарқ қоғози. Ёзуви насх. Варақлар шарқона услубда рақамланган. Пойгирлар мавжуд. Нусха Фарид ибн Маҳмуд ибн Муҳаммадшоҳ ибн Ҳасан Жарзувони томонидан 785/1383 йилда кўчирилган. Қўлёзма вақф қилинган. Қўлёзманинг ҳар бир варағига қўйилган муҳр бундан далолат беради.

Мазкур йиғма қўлёзма китобда икки асар жамланган:

а) Муҳаммад ибн Маҳмуд Уструшанийнинг «ал-Асъила ва-л-ажвиба» асари. Асар 1б-70а варақларда жойлашган.

б) Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Аби Бакрнинг «Хизонат ал-фатово» асари. Асар 71б-221б варақларда жойлашган.

2) 6341/III рақам остида. Йиғма қўлёзмада учта асар жамланган бўлиб, умумий ҳажми 296 варақ. Қўлёзма шарқона услубда муқоваланган бўлиб, картон муқова устига яшил қоғоз ёпиштирилган. Муқовада шамс ва лола медальонлари бор. Қоғоз ўлчами 29х15 см. Матн ўлчами 22х11см. Ҳар бир варақ 27 сатрдан иборат. Қоғози сариқ рангли, қалин шарқ қоғози. Хати – насх. Варақлар шарқона услубда рақамланган. Пойгирлар мавжуд. Кўчирувчиси номаълум. Қўлёзма 1211/1796 йилда Муҳаммад Азиз ибн Худaёр томонидан вақф қилинган. Қўлёзманинг ҳар тўрт варағига битта қўйилган муҳр бундан далолат беради.

Мазкур йиғма қўлёзма таркибида қуйидаги асарлар мавжуд:

а) Абу-л-Лайǒ Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Иброҳим Самарқанди (301/913 – 375/985 й.)нинг «Бустон ал-орифин» асари. Асар 1б-77а варақларда жойлашган.

б) Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абу Бакрнинг «Хизонат ал-фатово» асари. Асар 80а-229б варақларда жойлашган.

в) Муҳаммад ибн Маҳмуд Уструшанийнинг «ал-Асъила ва-л-ажвиба» асари. Асар 230а-296б варақларда жойлашган. Нуқсонли нусха: охири йўқ.

3) 2533/III рақам остида. Мазкур йиғма қўлёзмада бешта асар жамланган. Қўлёзманинг умумий ҳажми 258 варақ. Қўлёзма шарқона услубда муқоваланган, картон муқова устига тўқ яшил ранг қоғоз ёпиштирилган. Муқовада ромб шаклидаги битта катта ва иккита кичкина медальонлар бор. Қоғози оқ ранг, қалин Хитой қоғози. Қоғоз ўлчами 20х12 см. матн ўлчами 15,3х7,3 см. Ҳар бир варақда 19 сатр бор. Қўлёзма Жалолуддин номли шахс томонидан вақф қилинган. Бу ҳақда қўлёзмадаги ҳар бир асар бошида қўйилган муҳр далолат беради. Қўлёзма 1230/1815 йил 27 сентябрда Абдуллоҳ Балхий номли хаттот томонидан кўчириб тугатилган.

Мазкур йиғма қўлёзма таркибида қуйидаги асарлар мавжуд:

а) Муҳаммад Чалабий Баракий Румийнинг «Рисолат аркон ассалот» асари. Асар 1а-19б варақларда жойлашган.

б) Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг «Маноқиб хожа Юсуф ал-Ҳамадоний» асари. Асар 20а-36б варақларда жойлашган.

в) Муҳаммад ибн Маҳмуд Уструшанийнинг «ал-Асъила ва-л-ажвиба» асари. Асар 38б-158б варақларда жойлашган. Бу қисм маълум кодикологик хусусиятларга эга: Сиёҳи қора, «сўради», «жавоб берди», «деди» ва баъзи бир сўзлар устига қизил чизиқ тортилган. Масалалар номи ҳам қизил сиёҳ билан ёзилган.

г) «Мунтахаб катоиб аълом ал-ахёр мин фуқаҳои мазҳаб ан-Нуъмон ал-мухтор» асари. Бу асар Маҳмуд ибн Сулаймон Кафави (ваф. 990/1582-83 й.)нинг «Катоиб аълом ал-ахёр мин фуқаҳои мазҳаб ан-Нуъмон ал-мухтор» асаридан олиниб, (мунтахаб) сайланма асарга айлантирилган. «Мунтахаб катоиб аълом ал-ахёр мин фуқаҳои мазҳаб ан-Нуъмон ал-мухтор» асарининг муаллифи кўчирувчи бўлиши эҳтимол. Асар 160а-199а варақларда жойлашган.

д) «Мунтахаб табақот ал-ҳанафия» асари. Бу асар Абдулқодир ибн Аби-л-Вафо ал-Қураший (ваф. 775/1373 й.)нинг «Табақaт ал-ҳанафия» асаридан (мунтахаб) олиниб, сайланма асарга айлантирилган. «Мунтахаб табақот ал-ҳанафия» асарининг муаллифи номаълум. Асар 201а-258б варақларда жойлашган.

«Ал-Асъила ва-л-ажвиба» асарининг илмий-танқидий матнини тузиш учун ЎзР ФА ШИ.да № 3109/I, 6341/III ва 2533/III рақамлари остида сақланаётган нусхаларидан фойдаланилди. Фойдаланилган нусхалар матнда шартли равишда қуйидагича белгиланди:

  1. Қўлёзма – 3109/I, Фарид ибн Маҳмуд ибн Муҳаммадшоҳ ибн Ҳасан ал-Жарзувоний кўчирган – (ا).
  2. Қўлёзма – 6341/III, Кўчирувчиси номаълум – (ب).
  3. Қўлёзма – 2533/III, Абдуллоҳ Балхий кўчирган – (ج) .

Илмий-танқидий матн тузишда қуйидаги тамойилларга амал қилинди.

– Илмий-танқидий матнни тузишда бизга Фарид ибн Маҳмуд ибн Муҳаммадшоҳ ибн Ҳасан Жарзувони томонидан (785/1383) кўчирилган (ا) нусха асосий таянч бўлди. Танқидий матнда бу қўлёзманинг ҳамма хусусияти сақланди. Матндаги ҳар бир фатво бошқа икки қўлёзма билан солиштирилди, маънога оид фарқлар илмий аппаратда қайд этилди.

– Матнни тайёрлашда классик араб ва форс тиллари имло қоидаларига тўлиқ риоя қилинди.

– Бирор нусхада фатвонинг боши бўлиб, охири бўлмаса, иқтибосда

…جاءت هذه الفقرة فى (…) محذوفة القسم الاخير وهو: жумласидан сўнг тушиб қолган қисми тўлиқ берилди.

– Нусхаларда жумла орасида тушиб қолган жойлар матнда тикланиб, иқтибосда لم توجد فى …  жумласидан сўнг ноқис нусханинг шартли белгиси қўйилди.

– Бирор нусхада муайян фатво тўлалигича тушиб қолган бўлса, иқтибосда  لم توجد هذه الفقرة فى …  жумласидан сўнг ноқис нусханинг шартли белгиси қўйилди.

– Нусхаларда турлича синоним сўзлар қўлланган бўлса, улар ичидан энг мақбули матнга киритилиб, қолганлари эса иқтибосда кўрсатилди.

– Нусхаларда бир жумладаги сўз турлича келган бўлса, улар орасидан жумла маъносига тўла мос келадигани олиниб, хато деб топилгани иқтибосга туширилди.

– Маждуддин Уструшаний мурожаат қилган фақиҳнинг исмини матнда қорайтириб, иқтибосда у ҳақида тўлиқ маълумот берилди.

– Маждуддин ал-Уструшаний баъзан фақиҳларнинг нисбаларига мурожаат қилган, уларни матнда қорайтириб, иқтибосда нисба соҳибининг тўлиқ исми шарифи берилди.

– Маждуддин Уструшаний баъзи жойларда фақиҳларнинг лақаблари билан мурожаат қилган. Берилган ушбу лақаб соҳибини аниқлаб матнда қорайтириб, иқтибосда эса лақаб соҳиби ҳақида тўлиқ маълумот берилди.

– Маждуддин Уструшаний баъзи бир жойларда фақиҳга мурожаат қилаётганда «китоб соҳиби» деб мурожаат қилади. Матнда «китоб соҳиби» жумласини қорайтириб, иқтибосда эса фақиҳнинг исми шарифи ҳақида тўлиқ маълумот берилди.

– Маждуддин ал-Уструшаний баъзи бир жойларида фақиҳнинг куняси билан мурожаат қилади. Матнда фақиҳ кунясини қорайтириб, иқтибосда у ҳақида тўлиқ маълумотлар берилди.

– Маждуддин Уструшаний мурожаат қилган баъзи бир фақиҳлар бизда мавжуд бўлган биографик манбаларда топилмади. Матнда фақиҳ номи қорайтирилиб, иқтибосда لم نعثر على ترجمته فى المصادر التى تحت أيدينا  (Тасарруфимиздаги манбаларда унинг таржимаи ҳоли учрамади) жумласи билан изоҳланди.

– Маждуддин Уструшаний Абу Ҳанифага араб тилидаги жумласида мурожаат қилганда أبو حنيفة  деб, баъзи бир форс тилидаги жумлаларда امام اعظم  деб мурожаат қилади. Бу икки ҳолатда ҳам матнда иборани қорайтириб, иқтибосда аллома ҳақида тўлиқ маълумот берилди.

– Маждуддин Уструшаний Бурҳонуддин Марғинонийга мурожаат қилганда унга شيخ الإسلام برهان الدين  ёки شيخ الإسلام  ёки شيخ الإسلام هذا  деб мурожаат қилади. Матнда шу иборалар қорайтирилиб, иқтибосда фақиҳ ҳақида тўлиқ маълумот берилди.

– Маждуддин Уструшаний отасининг фикрларига мурожаат қилганда والدى  ёки والدى جلال الدين  иборасини ишлатади. Матнда мазкур иборалар қорайтирилиб, иқтибосда отаси ҳақида тўлиқ маълумотлар берилди.

– Маждуддин Уструшаний баъзи бир фақиҳларнинг ўз замонасида машҳур бўлган номи билан мурожаат қилади. Матнда фақиҳнинг машҳур бўлган номи қорайтирилиб, иқтибосда унинг асл исм шарифи тўлиқ берилди.

– Маждуддин Уструшаний мурожаат қилган манбалар матнда қорайтирилиб, иқтибосда эса асар муаллифи ва китоб ҳақида қисқача маълумот берилди.

– Маждуддин Уструшаний мурожаат қилган Қуръон оятлари матнда қавс ичида ёзилиб, қорайтирилиб, иқтибосда эса қайси сурага тааллуқли экани берилди.

– Маждуддин Уструшаний мурожаат қилган ҳадислар матнда қўштирноқ ичига олиниб, иқтибосда улар олинган ҳадис манбалари кўрсатилди.

– Маждуддин Уструшаний мурожаат қилган баъзи бир ҳадислар тасарруфимиздаги ҳадис манбаларида учрамади. Ҳадисни матнда қорайтириб, қўштирноқ ичида берилди.

Иқтибосда эса: لم نعثر على هذا الحديث فى المصادر التى تحت أيدينا.  (тасарруфимиздаги манбаларда бу ҳадисни учратмадик) жумласи билан изоҳланди.

– Асарда тушунилиши қийин бўлган арабларнинг қадимий сўзларига иқтибосда манбалар асосида изоҳлар берилди.

– Асарда қадимий форс тилидаги сўзларга илмий адабиётлардан фойдаланиб изоҳлар берилди.

– Асарда шундай фатволар ҳам учрадики, нусхалардаги жавоблар бир-бирига зид. Масалан:(ب)  ва (ج) нусхаларидаبنوشم  деса, (ا) нусхасида эсаننوشم  тарзида берилган. Ёки,(ج)  нусхасидаيصح тарзида ёзилган бўлса(ا)  ва (ب) нусхаларидаلا يصح тарзида берилган. Ёки,(ج) нусхасида موته тарзида ёзилган бўлса,(ا)  ва(ب)  нусхаларидаحيوته тарзида берилган. Шундай ҳолатларда асосий матнга икки нусхадаги жавоб олиниб, қолганлари иқтибосга туширилди.

– Бирор нусхадаги қоғоз тешилиши оқибатида йўқ бўлиб кетган жумлалар ёрдамчи нусхалар асосида матнда тикланди. Иқтибосда жумлалар тўлиқ берилиб, …هذا الموضع من المخطوطة ساقط بسبب اندراسه واختراقه فى  жумласидан сўнг ноқис нусханинг шартли белгиси қўйилди.

– Масалалар матнда катта шрифтда ёзилиб, қорайтирилиб, иқтибосда эса ушбу масаланинг луғавий, истилоҳий ва фиқҳий маънолари илмий адабиётлардан фойдаланган ҳолда берилди.

– Ҳар бир фатво бошидагиسئل  ёкиقال وكتبت  ёкиأجوبة  ёкиقلت وذكر каби сўзлар қорайтирилиб, янги қатордан хат боши қилиб ёзилди.

– Матн тузишда жумла тузиш имловий қоидалариги тўлиқ амал қилинди. Яъни матнда ундов, сўроқ, икки нуқта, вергул ва нуқта кабилар қўйилди.

Шунингдек, илмий-танқидий матн бошида Маждуддин Муҳаммад ибн Маҳмуд Уструшаний ва унинг илмий мероси, фаолияти, матн тузиш тамойиллари ва асарнинг қўлёзма нусхалари ҳақида тўлиқ маълумот берилди. Асосий матн тугаганидан сўнг, ўрта аср араб манбалари асосида аллома туғилган Уструшана минтақасининг тарихий-географик жойлашуви, унинг шаҳар ва қишлоқлари ва у ердан етишиб чиққан олимлар ҳақида маълумотлар берилди. Бундан ташқари беш хил фиҳрист тузилди. Тадқиқот доирасида мазкур асарнинг илмий-танқидий матни чоп қилинди [3:370].

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. СВР. Ж. IV.
  2. ЎзР ФА ШИ.да Уструшанийнинг № 3109/I. рақам остида сақланаётган «ал-Асъила ва-л-ажвиба» номли асарини СВР. IV жилд 213-214-бетларида Уструшанийнинг ислом ҳуқуқшунослигига доир «Мажмуъу-л-фатово» асари деб, шунингдек, ЎзР ФА ШИ каталогининг картотекасида эса «Китоб ал-фусул» деб нотўғри тавсифланган.
  3. Уструшаний Абу-л-Фатҳ Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Ҳусайн. Ал-Асъила ва-л-ажвиба. Муҳаққиқ Муслим Ризқи Ато. – Т.: Мовароуннаҳр нашриёти, 2017.
Муслим АТАЕВ
тарих фанлар номзоди,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси доктаранти

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …