Home / МАҚОЛАЛАР / “Саҳиҳул Бухорий” ва “Сунани Термизий” ўртасидаги фарқлар

“Саҳиҳул Бухорий” ва “Сунани Термизий” ўртасидаги фарқлар

IX аср ҳадис илми ривожида олтин давр ҳисобланади. Бу даврда Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Доримий, Имом Абу Довуд, Аҳмад ибн Ҳанбал ва Абд ибн Ҳумайд Кеший каби муҳаддис алломалар фаолият юритган. Улар бошлаб берган хайрли ишларни Имом Термизий ҳам чуқур масъулият ва катта иштиёқ билан давом эттирган.

Ҳадис илмини эгаллаш ва такомиллаштиришда Имом Термизий ўз даврининг кўпгина машҳур муҳаддисларидан таҳсил олди. Унинг устозлари қаторида Имом Бухорий, Имом Муслим, Абу Довуд, Қутайба ибн Саид, Исҳоқ ибн Мусо, Маҳмуд ибн Ғийлон, Саид ибн Абдурраҳмон, Муҳаммад ибн Башшор, Али ибн Ҳажар Марвазий, Аҳмад ибн Мунийъ, Муҳаммад ибн Мусанно, Суфён ибн Вақиъ ва яна бир қатор таниқли муҳаддисларни кўрсатиш мумкин[1].

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ Мухтор, Имом Термизийнинг устоз-шайхларининг сони 221 га етганини айтади. Буларнинг 9 нафаридан “Сиҳоҳи ситта” (“Олти энг ишончли ҳадислар тўплами”)нинг муаллифлари ҳадис ривоят қилган. Имом Термизий 19 устоз-шайхдан ҳадис ривоят қилиб, бу борада Имом Бухорий ва Имом Муслимга шерик бўлган. 28 устоз-шайхдан ҳадис ривоят қилиб, Имом Бухорийга, 41 нафар устоз-шайхдан ҳадис ривоят қилиб, Имом Муслимга шериклик қилган. 42 нафар устоз-шайхдан ҳадис ривоят қилиш билан қолган бешта энг ишончли ҳадис тўплами муаллифидан ажралиб турган[2].

Имом Термизий хорижий мамлакатларга сафари чоғида ҳадислар тўплаш билан бирга, китоб ёзишга ҳам киришган. Сафардан қайтгач, олимлар билан илмий мунозараларда қатнашган, хусусан, машҳур муҳаддис аллома Имом Бухорий билан бирга кўплаб илмий баҳсларга борган ва ундан кўп илмни ўрганган.

IХ асрда Нишопур мусулмон оламидаги энг йирик илмий марказлардан бири бўлиб, у ерда илм-фан, айниқса, ҳадис илми юқори даражада ривожланган. Бу шаҳарда кўплаб машҳур олимлар тўпланиб, ўзаро илмий мунозаралар ва баҳслар ўтказган. Булар қаторидан Имом Бухорий, Имом Муслим ибн Ҳажжож, Имом Термизий ва бошқа муҳаддислар ҳам ўрин олган.

863-868 (250-255) йиллар оралиғида Нишопурда Имом Бухорий ва Имом Термизий ўртасида кўпдан-кўп илмий мунозаралар ва самимий дўстона учрашувлар бўлиб ўган[3]. Имом Бухорий машҳур бўлган пайтда, ёши қирқдан ошган ва турли мамлакатлар олимларидан таълим олган Имом Термизий ҳам етук олим даражасида танилган бўлган. Шу сабабли ҳам Имом Бухорий билан турли масалаларда илмий баҳслар олиб борган эди.

Имом Термизий кучли хотираси билан ўз даврининг олимларидан ажралиб турган. Ўткир зеҳни ва қувваи-ҳофизаси билан устози Имом Бухорийдан қолишмаган. Ҳифзда (ёдлашда) у ҳақида масаллар келтирилган[4]. Имом Термизий ҳадис илмида иқтидо қилинадиган буюк олимлардан биридир[5].

Имом Бухорий ҳам шогирди Абу Исо Термизийга юқори баҳо бериб: “Сен мендан фойдаланганингдан кўра мен сендан кўпроқ фойдаландим”[6], деб таъкидлаган. Имом Термизийга бундай юксак баҳо бериши унинг қанчалик даражада илмга эга эканини кўрсатади.

Имом Термизий устозидан фақат ҳадис илмидан сабоқ олмаган, балки фиқҳни ҳам ўзлаштирган. Бу ҳақда Шамсиддин Заҳабий (1274–1348) “Тазкират ҳуффоз” асарида: “Ҳадисда Бухорийдан фиқҳ ўрганган”, деган.

Имом Термизий устози ва сафдоши Имом Бухорийни бутун умри давомида ҳурматлаб, унга самимий садоқатда бўлган.

Ҳофиз Умар ибн Аллак бундай ёзади: “(Имом) Бухорий вафот этар экан, ўзидан кейин Хуросонда илм, хотира, тақво ва зоҳидлик борасида Абу Исога ўхшаган бирор кишини қолдирмади. У (Бухорийнинг вафотидан қайғуга ботиб,) шу даражада қаттиқ йиғладики, ҳатто кўзлари кўр бўлиб қолиб, бир неча йил шу ҳолида яшади”[7].

Ҳадислар исломнинг иккинчи асосий манбасидир. Бу борада кўп тадқиқотлар олиб борилган ва китоблар ёзилган. Бу китоблар орасида ишончли ҳадислар манбаси сифатида “Кутуби ситта” ҳадис тўплами келтирилади.

Барча ҳадис китобларидаги ҳадислар саҳиҳлик жиҳатидан бир-биридан ажралиб туради. “Саҳиҳул Бухорий” ва “Сунани Термизий”даги ҳамма ҳадислар саҳиҳлик жиҳатидан бир-бирига тенг бўлмаганидек, бир-биридан фарқ ҳам қилади.

Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Термизийнинг асарлари барча мавзуларга оид ҳадисларни қамраб олгани сабабли “Жомеъ” туркумига кирса, Абу Довуд, Имом Насоий ва Ибн Можанинг асарлари, асосан, фиқҳий мавзуларга оид аҳком ҳадисларни қамраб олгани сабабли “Сунан” туркумидаги китоблар қаторига киради.

“Сунани Термизий”, “Китабул илал”даги ҳадисларни ҳисобга олмаганда 3956 та ҳадисни ташкил қилади. “Сунани Термизий” таркибий жиҳатдан бобларга бўлинган бўлиб, боблар сарлавҳа тарзида бўлинган. Бобга доир ҳадислар бўлим мазмунини тўла-тўкис ифодалаган. Бу бобга доир масалада муаллиф бир қанча ҳадис ва ундан кейин ровийлар номларини келтирган, сўнг бу масала юзасидан бошқа уламо ва фақиҳларнинг фиқҳ масалаларига оид фикр ва фарқларини тартиб билан ёзган. Ривоят қилинган ҳадиснинг саҳиҳ, ҳасан ёки заифлик даражасига ўз муносабатини билдириб, ҳадис ровийлари, санадлар ва санадни қамраб олган иллатлар хусусида ўз фикрини билдириб ўтган.

“Саҳиҳул Бухорий” асари такрор ҳадислар билан бирга 97 китоб, 7375 ҳадисдан иборат. Такрорланмаган ҳадислар сони 4000 га етади. “Сунани Термизий” асари, Аҳмад Муҳаммад Шокир таҳқиқига кўра, 46 та бўлим (боб) 2496 та боб, 3956 та ҳадисдан иборат.

Имом Бухорий (ваф. 256/870) боб номларида биринчи навбатда оятларга, сўнгра марфу ҳадисларга жой ажратса[8], Термизий асосан боб номларида шу бобда келган ҳадислардаги мавзуни англатган калит сўзларни ишлатишни маъқул кўрган.

“Сунани Термизий”да тақтиъ[9] жараёни ва такрорлар камлиги уни “Жомеъ ас-Саҳиҳ”дан ажратиб туради. “Саҳиҳул Бухорий”да такрорланган ҳадислар сони “Сунани Термизий”дагига қараганда кўпроқ.

“Саҳиҳул Бухорий” асарида фақат саҳиҳ ҳадислар, “Сунани Термизий”да эса саҳиҳ ҳадислар билан бирга ҳасан ва заиф ҳадислар ҳам келган.

Имом Бухорий такрорланган ҳадисларни турли санадлар билан бериш принципини қабул қилган. Имом Термизий ҳадис матнини келтирганидан кейин туруқлар орасига таҳвил (ح) белгисини қўйган[10]. Бундан ташқари, агар мавзу ҳақида бир хил ёки шунга ўхшаш ривоятлар бўлса, саҳобаларнинг исмларини зикр қилган.

“Сунани Термизий”нинг охирига “Китабул илал” илова қилинган. “Саҳиҳул Бухорий”да бундай ҳолат кузатилмайди. Лекин Имом Термизий “Китабул илал”ни ёзишда Имом Бухорийнинг асарларидан фойдалангани ҳақида бундай ёзади: “Ҳадислар, ровийлар, уларнинг тарихдаги иллатларини ёзишда Имом Бухорийнинг “Китоб ат-тарих” асаридан фойдаландим, яна кўпроғини Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий билан қилган илмий мунозараларим пайтида олганман. Шунингдек, Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон, Абу Зуръадан ҳам фойдаландим-у лекин барибир кўпроғи Муҳаммад Бухорийдан, камроғи эса Абдуллоҳ билан Абу Зуръадандир”[11].

Имом Термизий вафот этгунига қадар илм талабида бўлди. У Имом Бухорий билан учрашгандан сўнг ўзининг энг буюк асарлари – “Ал-жомеъ”, “Ал-илал ал кабир” ва “Аш-шамоил”ни ёзди[12].

Умар ибн Аллак (ваф. ҳиж.325): “На Ироқда, на Хуросонда илал, тарих ва иснод соҳасида Имом Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийдан кўра билимдонроқ бирор олимни кўрмадим», деб таъкидлайди[13].

“Жомеъ ас-Саҳиҳ” асарида асосий бўлимлар (боблар) учун “китаб” (كتاب) атамаси ишлатилса, “Сунани Термизий”да асосий бўлимлар (боблар) учун “китаб” (كتاب) атамаси билан бирга “абваб” (ابواب)[14] атамаси ҳам қўлланган.

Имом Термизий ҳадислардан кейин ровийлар ҳақида маълумот берган ва ҳадисларнинг саҳиҳлик ҳолатини билдирган. Бу масалада фақиҳларнинг қарашлари, уламо ўртасидаги иттифоқ ёки ихтилофларга ишора қилган. Ровийларнинг ҳолатини, агар бўлса илллатини ҳам баён қилган. Имом Бухорий эса ҳадислардан кейин бундай тушунтиришга кўп ўрин бермайди.

Ҳофиз Ҳиравий Ансорий (ваф. 481 ҳ) бундай деган: “Абу Исо Термизийнинг китоби менинг наздимда Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг китобларидан фойдалироқдир. Чунки, Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг китобларидан етук маърифат аҳлидан бўлган кишиларгина фойдалана олади. Ҳадисларига шарҳлар ва тушунчалар бериб ўтилган ушбу китобдаги фойдалардан эса ҳар қандай фақиҳ ва ҳар қандай муҳаддис фойдалана олади”[15].

Имом Бухорий ва Имом Термизийнинг асарлари ҳеч қачон ўз қимматини йўқотмайди. Уларда келтирилган ҳадиси шарифлар катта тарбиявий аҳамиятга эга бўлиб, одамларни ҳалол, адолатли, иймон-эътиқодли, диёнатли, покиза, меҳнатсевар, раҳм-шафқатли, ота-она, аёлларга нисбатан ҳурмат-эътиборли бўлишга чорлайди.

Олим ЖЎРАЕВ
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

[1] Шамсуддин Заҳабий. Сияру аъламин нубала. – Байрут, Муассасатур рисала, 1993. Ж. 13. – Б. 271.
[2] Акрам Зиё Умарий. Турос ат-Термизий ал-илмий. Мактаба ад-дар бил Мадинат ал-мунаввара. – Б. 12.
[3] Ибн Халликон, Вафаёт ал-аъйон, 3-жилд. Байрут: Дорус содр, 1971. – Б. 407.
[4] Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Таҳзийб ат-таҳзийб. Дорул фикр, 1984. Ж. 9. – Б. 389; 5.  Шамсуддин Заҳабий. Сияру аълаамин нубала. – Байрут, Муассасатур рисала, 1993. Ж. 13. – Б.273.
[5] Ибн Халликон, Вафаёт ал-аъйон, 4-жилд. Байрут: Дорус содр, 1971. – Б. 278.
[6] Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Таҳзийб ат-таҳзийб. Дорул фикр, 1984. Ж. 9. – Б. 45; Юсуф ибн Абдураҳмон Миззий. Таҳзибул камол фи асмаир рижал. Байрут: Муассатур рисала, 1980. Ж. 26. – Б. 252.
[7] Шамсуддин Заҳабий. Тазкират ал-ҳуффоз. – Байрут/Ливия. Дор ал-китаб ал-илмиййа. 1998. Ж. 2. – Б. 154; Сияру аълаамин нубала. – Байрут, Муассасатур рисала, 1993. Ж. 13. – Б. 273; Нуриддин Итр. ¬ Ал-Имом ат-Термизий вал мувозанату байна жамиъиҳи ва байнас саҳиҳайн. 1980. – Б. 11.
[8] Муҳаммад ибн Исмоил. Ал-Жомиъ алайҳиссалом-саҳиҳ ал-мухтасар. – Қоҳира: Доруш шаъб, 1987. Ж. 1. – Б. 8, 22, 46…
[9] Бир нечта мавзуда келган ҳадиснинг фақат бир қисмини бир жойда, бошқа қисмини бошқа жойда худди шу санад билан нақл қилиш.
[10] Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Даҳҳак Термизий. Ж.1. – Б.5, 6, 8, 60, 100, 193, 287, 407..
[11] Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Таҳзиб ат-таҳзийб. Дорул фикр, 1984. Ж. 9. – Б.388; Акрам Зиё Умарий. Турос ат-Термизий ал-ъаилмий. Мактаба ад-даар бил Мадийнати ал-мунаввара. – Б.8.
[12] Акрам Зиё Умарий. Турос ат-Термизий ал-ъаилмий. Мактаба ад-даар бил Мадийнати ал-мунаввара. – Б.8.
[13] Шамсуддин Заҳабий. Тазкират ал-ҳуффоз. – Байрут/Ливия. Дор ал-китаб ал-илмиййа. 1998. Ж. 2. – Б.154.
[14] Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Даҳҳак Термизий. Таҳқиқ ва таълиқ: Аҳмад Муҳаммад Шокир (1-2 жуз), Муҳаммад Фуад Абдул Боқи (3 жилд), Иброҳим Атво Авда (4-5 жуз). – Миср: Мустафо ал-баби ал-ҳалби, 1975. Ж.1. – Б.5; 278; Ж.2. – Б.314…
[15] Шамсуддин Заҳабий. Сияру аълаамин нубала. – Байрут, Муассасатур рисала, 1993. Ж. 18. – Б. 513; Акрам Зиё Умарий. Турос ат-Термизий ал-ъаилмий. Мактаба ад-даар бил Мадийнати ал-мунаввара. – Б. 16.

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …