Home / МАҚОЛАЛАР / ШАРЪИЙ МАСАЛАЛАРДА БАҲС-МУНОЗАРА ЮРИТИШ ШАРТЛАРИ

ШАРЪИЙ МАСАЛАЛАРДА БАҲС-МУНОЗАРА ЮРИТИШ ШАРТЛАРИ

Баҳс ва мунозара, ижтиҳод ва ижмоъ – бу ишларда Аллоҳ Таолонинг буюк ҳикмати, бандаларига раҳмати ва жамият аъзолари дуч келган масалаларнинг шаръий далилларга асосланган ечимлари бордир. Бу ҳикмат орқали ислом умматининг диний ва шаръий ишларида кенглик ва қулайликлар яратилади. Ҳаётдаги динга боғлиқ турли тушунмовчиликлар ойдинлашиб, ихтилофли масалалар ечими барҳам топади.

“Баҳс, мунозара” – сўзларининг истилоҳий маъноси – ўртада ихтилофли бўлган бирор масала устида икки шахс, ёки икки жамоанинг тортишиб, ҳақиқатни юзага чиқармоғидир. Баҳс-мунозара икки хил услубда амалга ошади:

  1. Ёзма шаклда. Бунда икки томон ўзининг мавзуга доир илмий далилларини хатга тушириб бир-бирларига жўнатади. Мунозара олиб борувчи хатни қўлига олиши билан илмий далилларни текшириб кўради. Келтирилган ҳужжатлардан қайси бири кучли бўлса, ўшани қабул қилади.
  2. Юзма-юз туриб олиб бориладиган мунозара. Бунда иккала томон ўзаро ҳурмат асосида одоб доирасида баҳс олиб боради. Бундай илмий мунозаралар олимлар ўртасида доимий равишда бўлиб турган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳақ бўла туриб тортишувни тарк қилса, Аллоҳ таоло унинг учун жаннатнинг ўртасидан бир уй бино қилади”, дедилар. Аллоҳ таоло барчамизга раҳматини ёғдириб, рушду ҳидоятга муваффақ қилсин. Дарҳақиқат, талашиб-тортишмаслик, ҳақдан бошқа ўринда илми билан ўзини ғолиб ҳисобламаслик Аллоҳ таоло динда фақиҳ қилган, илм билан нафлантирган оқил олимнинг сифатларидандир. Шунингдек, олиму оқил бўлган чин мўмин киши динида бирор масала юзасидан талашиб-тортишишдан эҳтиёт бўлади. Оқил олимнинг сифатларидан яна бири ҳаво-ю нафсга эргашганлар билан ўтирмаслик ва улар билан тортишмаслик ҳисобланса-да, ақоид, фиқҳ ва бошқа ҳукмий масалаларда баъзан баҳсга зарурат туғилади. Ҳақни ботилдан ҳимоя қилиш учун тўғри йўлдан адашганларнинг бири билан баҳс-мунозара қилиш зарурий ҳолат, чунки олим кишининг ақидадан адашганлар устидан ғалабаси мусулмонлар учун манфаат ва баракадир. Алоҳида эътибор билан қараладиган яна бир нарса – бу оқил олимнинг мунозараси ихтиёрий эмас, балки мажбурий эканидир. Шундай бўлсада, баҳс-мунозара зарур бўладиган ўринларда унинг ўзига хос шартлари мавжуд. Биз қуйида айнан ана шундай баҳс ва мунозаралар ва уларнинг шартлари тўғрисида сўз юритмоқчимиз.

  • Аввало, баҳсга киришувчи томонларнинг нияти холис бўлмоғи керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ихтилоф қилманг! Сизлардан аввалгилар бир-бирлари билан ихтилоф қилганлари сабабли ҳалок бўлдилар”[1], деганлар. Албатта, ҳар қандай баҳс, мунозара ихтилоф туфайли содир бўлади. Демак, баҳс-мунозарадан асосий мақсад фақат мана шу ихтилофни бартараф этиш, яъни ихтилофли масаланинг ечимини тўғри топиш билан у масаладаги шубҳа ва гумонлар бартараф этиш, яъни ҳақиқатни юзага чиқаришдан иборат бўлмоғи лозим бўлмоғи лозим. Шунинг учун, Ислом дини нуқтаи назаридан “баҳс-мунозара” сўзлари “талашиб-тортишиш”, “ўзаро ихтилоф” маъносида эмас, балки “ҳақиқатни юзага чиқармоқ учун уни ҳимоя қилиш” ва “ботилни йўқ қилиш учун курашиш”, деган маъноларда тушунилади. Ихтилофли масаланинг ечимини тўғри топиш билангина ундаги шубҳа ва гумонлар бартараф бўлади.

Айрим баҳсларда мунозара қилаётганлар бири иккинчисига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан ҳужжат келтиради ва иккинчиси эса уни муқобилига далил келтирмасдан рад қилади. Мана шуларнинг ҳар бири ўзларини далили – ҳужжатини синишидан қўрқади, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг собит суннатини: “Бу ботил нарса, мен бундай демайман”, деб айтишгача боради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатини ўзининг ноқис фикри билан рад қилади.

Баҳс-мунозарага киришганлардан яна айримлари бир масалада саҳобийнинг сўзини ҳужжат қилиб келтиради, унинг рақиби эса уни ҳужжат-далилига қарамай уни рад қилади. Уларнинг барчаси ўз фикрини қувватлашни ўйлайди. Суннатни ва асар[2]ларни рад қилаётганига парво ҳам қилмайди.

Алоҳида таъкидлаш керакки, бундай баҳс-мунозарага киришганларнинг ҳар бири оғир гуноҳ оттиради.

Муҳаммад ибн Ҳусайн баҳс-мунозарадан икки томонни ҳам ниятини холис қилишга ундаб бундай дейди: “Баҳсдан мақсади талашиб-тортишиш ва ғолиб келиш бўлган кишига бундай дейилади: “Менга айтчи, агар мен ҳижозлик, сен эса ироқлик бўлсанг-у ўртамиздаги бир масалада мен мазҳабимга биноан “у ҳалол”, десам, сен ҳам ўз мазҳабингга кўра “у ҳаром”, десангу мендан масаланинг ечимини ҳар биримиз ўз фойдамизга ҳал бўлишини истаб баҳс юритишни сўрасанг, демак баҳсдан мақсадинг сўзингдан қайтиш эмасдир. Сендаги бор-йўқ ниятинг шуки, менинг ўз сўзим-фикрим бўла туриб, сеникини тўғри деб маъқуллашим керак. Менинг мақсадим сенинг фикрингни, сўзингни рад қилиш эмас, сенинг мақсадинг эса менинг фикримни рад қилишдир. Бундай ҳолатда бизни баҳс юритишимизга ҳеч қандай йўл ҳам, бундан динимизга манфаат ҳам йўқ. Агар сен ўзинг ботил йўлда бўлиб, мени ҳақдан хато қилмоғимни ва тўғри йўлга мувофиқ келмаслигимни хоҳласанг, сўнг шу билан хурсанд бўлсанг, унда менинг ҳам мақсадим сен ҳақингда шундай бўлади”, деб жавоб берилади. (“Уламоларнинг хулқлари”, Абу Бакр Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Абдуллоҳ Ожуррий).

Агар баҳс-мунозара юритишдан мақсад шундай бўлса, уммат тўғри йўл топа олмайдиган ёмон қавмга айланади. Бу ҳолатда илм фақат олимларнинг зарарига ҳужжат бўлади ва бундай мақсад билан баҳс юритувчи олимдан кўра жоҳил киши мағфиратга лойиқроқдир. Зеро, шаръий масалаларда етарли илмга эга бўлмасдан, жоҳил ҳолатда фатво берадиган кишидан жоҳил киши яхшироқ эканлиги асарларда келган.

Қосимдан[3] ривоят қилинади: “Кишини Аллоҳ таоло унга ҳақ йўлни билдиргандан сўнг жоҳил бўлиб яшамоғи билмайдиган масалаларда бирор сўзни айтмоғидан кўра яхшироқдир”.[4] Бу ҳолатда энг яхши йўл, ҳар икки томон ҳам сукут сақламоғидир. Бундай йўл тутиш уммат уламолари хоҳлаётган ҳақиқатга яқинроқ ва тинчроқдир.

Талашиб-тортишиш ва баҳсда ғолиб келишга интилиш нияти нохолис, исломнинг моҳиятидан жоҳил бўлган кимсанинг сифатларидандир. Аллоҳ таолодан шундай мақсадли кишилар билан баҳсга киришишдан паноҳ сўраймиз! Баҳсу мунозарага киришаётган киши аввало ниятини холис қилиши, яъни мағлуб этишни эмас, балки ҳақиқатни юзага чиқаришни мақсад этиб белгиламоғи лозим.

Масаланинг ечимини ахтариб, баҳс-мунозара юритаётганлар бир-бирларига шаръий масалаларда баҳс юритишдан мақсад бирор кишини баҳсда ғолиб бўлиши эмас, балки фақат ҳақиқатни ойдинлаштириш эканлигини эслатиб туриши лозим. Шунингдек, уларнинг ҳар бири баҳсдаги ҳамсуҳбати бу мунозарада ҳақ-тўғри бўлиб чиқишини яхши кўриши ва ўзига раво кўрмаганини баҳсдаги ҳамсуҳбатига ҳам раво кўрмаслиги вожибдир.

Агар томонлардан кимдир рақиби сўзлаётганда ҳақдан хато қилиши ва ўзини сўзи тўғри бўлишини истаб турса, бу баҳс ҳаромдир. Чунки, бундай нохолис баҳсга Аллоҳ таоло рози бўлмайди, бундай ниятли баҳсдан тийилиб, тавба қилмоқ вожиб бўлади.

Муҳаммад ибн Ҳусайн айтади: “Агар: “Қандай баҳслашамиз”, дейилса, ҳамсуҳбатга: “Бир-биримизга насиҳат қилиб”, деб жавоб берилади. Агар: “Бир-биримизга қандай насиҳат қиламиз?” дейилса, унга: “Орамиздаги бирор масалада мен уни ҳалол десам, сен эса уни ҳаром десанг, баҳсимизда бизни тўғри йўлга етаклайдиган сўзларни айтмоғимиз бизга вожиб бўлади. Менинг мақсадим сенинг тилинг билан Қуръон, суннат ва ижмога мувофиқ келадиган ҳақиқатни кашф қилиш, сенинг ҳам мақсадинг менинг тилим билан ўзингга шундай ҳақиқатни кашф қилиш бўлиши лозим. Агар бу баҳсда бизнинг мақсадимиз шундай бўлса, бу баҳснинг оқибати мақтовга сазовор бўлишини, тўғри йўлга мувофиқ бўлишимизни ва биз етган нарсада шайтонга насиба бўлмаслигини умид қиламан”, деб жавоб берилади. (“Уламоларнинг хулқлари”, Абу Бакр Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Абдуллоҳ Ожуррий).

  • Баҳс-мунозарага сабаб бўлган масалада етук илмга эга бўлиш. Баҳс-мунозара юритиш учун аввало ҳар иккала томоннинг ҳам мунозара юрилаётган масала соҳасида етук билимга эга бўлиши талаб этилади. Мисол учун, кўрилаётган масала шариатга оид бўлиб, фиқҳ ёки калом илмига тааллуқли бўлса, ушбу соҳага оид далил (оят ва ҳадис)ларни, бу далилларнинг тафсири ва таҳлилини яхши ўзлаштирган бўлмоғи лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким илмсиз ҳолида фатво берса уни еру осмонлардаги фаришталар лаънатлайди”, дедилар.[5]

Абу Алий Зарирдан ривоят қилинади: “Мен Аҳмад ибн Ҳанбалга: “Кишига фатво бериши учун қанча ҳадис етарли, юз минг ҳадис етадими?” дедим. У: “Йўқ”, деди. Мен: “Икки юз мингчи?” дедим. У: “Йўқ”, деди. Мен: “Уч юз мингчи?”, дедим. У: “Йўқ”, деди. Мен: “Тўрт юз мингчи?” дедим. У яна: “Йўқ”, деди. Шунда мен: “Беш юз минг бўлсачи?” деган эдим, у: “Умид қиламан”, деб айтди”.

Демак, шаръий масалада фатво берувчи шахс аввало тафсир, ҳадис, фиқҳ ва ақида илмларини пухта эгалламоғи, мунозарада кўрилаётган масала шариатнинг қайси йўналишига оид бўлса, ўшанга оид билимларни пухта эгаллаган бўлмоғи керак.

  • Баҳс-мунозара натижаси фитнага сабаб бўлмаслиги керак. Аслида мунозарадан асосий мақсад ҳам фитнанинг олдини олиш ҳисобланади. Агар мунозара сабабли фитна қўзғаладиган бўлса, ундай мунозара давралари куч ишлатиш йўли билан бўлса ҳам тўхтатилиши керак.
  • Ундан сўралмаса баҳс-мунозарага киришмаслик.

Баҳс-мунозаранинг шартларидан яна бири шуки, агар мақсад масаланинг ечимини топиб мусулмонларни оғирини енгил қилиш эмас, балки талашиб-тортишиб ўз фикрини ўтказиш бўлса, бундай баҳсга қўшилмаслик лозим. Чунки бу баҳсдан мақсад фақат бир томон иккинчи томоннинг сўзини қайтариб ташлаб, ўзининг тутган йўлини қувватлашдан бошқа эмас. Бундай мақсадли кишига рад этиб бўлмайдиган далиллар келтирилса ҳам қабул қилмайди ва ўз сўзини қувватлаб мутаассибона тураверади. Кимнинг баҳсдан мақсади шу бўлса, унинг фитнасидан бошқаларнинг тинчи бузилади ва оқибати ҳам хунук ишларга олиб келади.

Кўриб турганингиздек, шаръий масалада баҳс-мунозара юритиш ҳар иккала тарафнинг зиммасига улкан масъулиятларни юклайди. Юқорида улардан айримлари келтириб ўтилди холос. Агар шаръий масалада баҳсга киришувчи томонлар мунозарадан фақатгина ҳақиқатни қарор топтиришни мақсад қилса, уммат учун бундай баҳснинг фойдаси жуда ҳам катта бўлади.

Давоми бор…

Нодир Қобилов
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

_____________________________________________________________________________
[1] Абдуроҳман ибн Абу Бакр Суюутий. “Ал-Фатҳул кабир”. “Дарул фикр” нашриёти. Байрут 2003. 3-жилд. –Б304.
[2] Асар – муҳаддис ва фақиҳлар истилоҳида саҳоба ва тобеъинларнинг шаръий масалага оид ижтиҳод қилиб айтган сўзлари.
[3] Қосим ибн Муҳамммад ибн Абу Бакр – мадиналик тобеъинларнинг олий табақасидан, фақиҳ.
[4] Абдуллоҳ ибн абдуроҳман Доримий. “Сунани Доримий”. “Дарул китаб” нашриёти. 1-жуз. –Б 60. 111-ҳадис.
[5] Жалолиддин Абдуроҳман ибн Абу Бакр Суюутий. Ал-Фатҳул кабир. “Дорул фикр” нашриёти. Байрут 2003. 3-жилд. –Б 158.

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …